Асосий мавзулар
30 октябр 2020

РТдан ваъз: Мен севаман, сен севасанму?

Ҳафта ичи сен севасанми, мен севаманми, сен ëмон кўрасанми, мен ëмон кўраманми, деган гаплар билан тўла бўлди.

Ҳар ким узар ёқтирган гулдан,

Сув ичади кўнгил кўнгилдан,

Юргин вафо кўрсатган йўлдан,

Юрагимни ҳеч сезасанми, —

Мен севаман, сен севасанми?

Жума ваъзини тайёрлаш асносида бир пайтлар Мирза айтган латифани эсладим. Эрталаб домнинг олдида ош бериляпти. Сўрида ҳофиз акалар ашула айтиб ўтиришибди: “Лакаааалум, лакалууууум. Сенгаааа маълум, менга номаълуууум”. Бир пайт 7-қаватда яшайдиган ўрис Маруся хола деразадан бошини чиқариб, бақира бошлади: “Хватить с утра лакалум, лакалум”. Тўй эгалари ўша бақироқ кампирга ош олиб чиқиб беришса, тинчиииииб қолибди. Тўқсонинчи йилларда айтилган бу латифа менга бугунги кунни эслатди.

КГБнинг сотувга қўйилган биноси

Сешанба куни президент Мирзиёев тарихий бир фармонни имзолади.

“Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга кўра, бундан буён давлат объектлари оммавий савдога чиқарилади.

Фармон иловасида хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари ҳам тасдиқланган.

Улар орасида совет ва кейинчалик Каримов даври қатағонларини эсга солиб турувчи, Ўзбекистондаги энг қўрқинчли ва манфур бино ҳам бор.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкентнинг қоқ марказидаги собиқ марказий биноси.

Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бу бино икки гектардан кўпроқ майдонга эга.

Шу тариқа президент нафақат МХХнинг эски раҳбарияти, балки МХХнинг эски биносидан ҳам қутулмоқда. 

Аммо ўртада очиқ  қолаётган бир савол бор: МХХ биносини сотиб олишга ким журъат қиларкин?

Журналист Сардор Салим:  Boy bo’lganimda, DXXning sotilayotgan sobiq qarorgohini olmas edim. Kechasi qo’lidagi kishanlarni taqillatib yurgan arvohlarni ko’rib qolsam, yuragim bardosh bermaydi deb qo’rqaman.

Муқаддас уруш

27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бошланди. Озарбайжон 30 йил аввал арманлар босиб олган Тоғли Қорабоғни куч билан қайтариб олишга аҳд қилди. Сўнгги 30 йил ичида урушда минглаб ёш йигитлар ҳалок бўлди.

Яқинда “Қайнона” фильмидаги бош роль ижрочисига қуйиб қўйгандек ўхшайдиган озарий хола билан гаплашдим. Бу хоним асли Қорабоғдан. Бадавлат аëл. Европанинг катта шаҳарларида “пиширилган товуқ” сотадиган кафечалар тармоғининг эгаси.

“Иккита жияним ВАТАН учун урушда ўлди. Розиман”, деди.

Бу хола бир вақтлар фаластинликлар учун эшикма-эшик юриб ëрдам пули тўплаганидан афсусда.

“Фаластин, Саудия, Эрон бизнинг оëғимиздан чалди. Ўрислар Эрон орқали арманиларга қурол етказмоқда. Бу урушда бизга Исроил ëрдам берди. Озарбайжондаги бир миллион яҳудий бу урушга моддий ëрдам ажратди. Ким дўст, ким душман экани бошга иш тушганда билинади. Бугун мен туғилиб ўсган, киндик қоним тўкилган Лочин озод бўлди. Ватан соғ ўлсун”, деди бу хола.

Хола яна кўп гапирмоқчи эди, аммо шошиб турганим учун хайр-хўш қилдим. Дарвоқе, Озарбайжон мактабларида Ватан туйғуси фани ўқитилмас экан.

Мен севаман, сен севасанми?

Мени йўқлаб боғ кезасанми?

Сўзларимдан ё безасанми?

Юрагимни ҳеч сезасанми, —

Мен севаман, сен севасанми?

Мафтунликда ўзим бўлиб кўр,

Жамолингни кўзим бўлиб кўр,

Дилимдаги сўзим бўлиб кўр,

Юрагимни ҳеч сезасанми, —

Мен севаман, сен севасанми?

Бойкот

16 октябрь куни Францияда ёш бир чечен йигит ўқувчиларига Муҳаммад пайғамбарнинг карикатурасини кўрсатган ўқитувчининг калласини олди. Бу юзадан бутун дунё бўйлаб кескин баҳслар бошланиб кетди. Ўқитувчининг ўлдирилиши ва француз молларига бойкотни ёқловчи кўплаб ўзбеклар борлиги маълум бўлди.  

Ўзбеклар Парижни жуда севади. Мен билган ўзбек зоти қайси сабаб билан Европанинг қайси бурчагига келса ҳам вақт топиб албатта Парижга бориб келади.

Вена, Прага, Берлин, Франкфурт ëки Варшавага келган ўзбекларни бир кунга мошинада Парижга олиб бориб келадиган укаларнинг иши доим авжида.

Ўзбек амаки ва холалар машинада Парижга боришади. Эйфель минораси фонида расмга тушади. Эйфель минораси шаклидаги магнитка ва эсдаликлардан бир талайини сотиб олиб, Луврга боради. Мона Лизанинг олдида селфи тушиб, дарров меҳмонхонага қайтиб, еб-ичиб ухлайди.

Эртаси куни тонг саҳарда уни машинада қайтариб Франкфурт ëки Прагага олиб келиб қўйишади. Албатта, бу амаки ўзи ва бир неча хотинию ўйнашлари учун француз атирларидан олади.

Париждаги Диснейленд боғига атайин болаларини ўйнатиш учун олиб келган ўнлаб ўзбекларни биламан.

Франция. Париж. Севги ва назокат ошиëни. Севги ўткинчи ҳиссиëт, дейишади кўпинча. Аммо ўзбекларнинг Парижни севиши – бу ҳақиқий чин севги. Абадий севги. Орадан юз йил ўтсаям ўзбек барибир Парижга ошиқ бўлиб, бу шаҳар жамолига интилаверади.

Париж шаҳарлар шаҳри. Шаҳарлар подишоҳи. Эҳ, дунëга келмабсиз, Парижни кўрмабсиз! Мен билган ўзбек шоирлари бу шаҳарни Бальзак, Гюго, Мопассан ва Пол Элуар каби ëзувчи-шоирлар асарлари орқали билади.

Ўзбек рассомлари учун бу шаҳар илҳом манбаи. Импрессионизм ватани бу Париж. Дарвоқе, Франция ҳукумати камида икки ўзбек рассомини ўз ҳисобидан ўқитиб берган. Булардан бири улуғ рассом Бобур Исмоиловдир.

Эҳ, Париж, нозли бир ëрсан. Ким бор сени севмаган, сенга ошиқ бўлмаган. Лабингдан бўса олмаган. Ëзувчи Илья Эрнбург “Парижни кўргандан кейин ўлсаям бўлаверади”, деган эди.

Ўзбек ëзувчиларининг устози бўлган ëзувчи Эрнест Хемингуэй айтганидек, “Париж сен учун доимий байрам шаҳридир”.

Дунё секуляризми маркази

Cекуляризм сўзи эски французчадан олинган бўлиб, “дунёвий, диний аҳкомларга таалуқли бўлмаган”, деган маънони англатади. Ўзбеклар уни жўнгина қилиб ДУНЁВИЙЛИК дейишади.

Аввал Париж шаҳрига, сўнгра секуляризмга бекорга ўтмадим. Ўтган ҳафта  ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида энг кўп баҳс қилинган мавзу дин ва секуляризм бўлди.

Айнан шу мавзу Макрон ва Эрдўғон ўртасида тобора кескин тус олиб бораётган даҳанаки жанжал марказида турибди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон француз ҳамкасбининг руҳий жиҳатдан соғломлигини савол остига олди. Эрдўғон мамлакати халқи ва дунё мусулмонларини Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди.

Унинг чақириғи ортидан Кувайт, Иордания ва Ғазо бўлгасида дўконлар расталаридан Францияда ишлаб чиқилган маҳсулотлар олиб ташланди.

Интернетда “француз маҳсулотларини бойкот қил” ҳештеги трендга чиқди. Мусулмон дунёсининг қатор давлатлари, жумладан, Бангладеш, Ливия ва Ғазо бўлгасида Францияга қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Бу амалларга жавобан, Франция президенти Эммануэл Макрон “бундай босимларга мамлакат таслим бўлмайди”, деб твит қилди.

“Бизни ҳеч  нарса  тўхтатиб қололмайди. Ҳеч  қачон. Биз тинчлик руҳидаги ҳар қандай тафовутни ҳурмат қиламиз. Биз нафратга беланган чиқишларни қабул қилмаймиз ва рационал баҳсни ёқлаймиз”, деб ёзди Макрон.

Аммо Макрон ва Эрдўғон ўртасидаги келишмовчилик рационал баҳс ўзанидан аллақачон чиқиб бўлгани сир эмас. Икки раҳбар – бири секулярист ва иккинчиси исломчи – ўртасидаги келишмовчилик куни кеча пайдо бўлгани йўқ.

Сўнгги бир йил ичида улар Ливиядаги фуқаролар урушидан тортиб Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можарога қадар масалаларда бир-бирининг ёқасидан олишмоқда.

Аммо икки лидернинг сўнгги даҳанаки жангги энг кескин эскалацияни англатса эҳтимол.

Бу эскалация алалоқибат ифода эркинлиги чегараси қаергача бўлишини белгилаб бериши мумкин.

Жонон, сенга фақат зорим бор,

Зорим бору қўлда торим бор.

Вафо деган дил қарорим бор,

Юрагимни ҳеч сезасанми, —

Мен севаман, сен севасанми?

Кўнглинг бўлса тутмагил пинҳон,

Майли этгил минг бор имтиҳон,

Ўйлаб кўргин, ўйлаб кўр, жонон,

Юрагимни ҳеч сезасанми, —

Мен севаман, сен севасанми?

Ифода эркинлиги

Эрдўғон чақириғидан илҳомланган наманганлик бир тоға Франция президенти расмини мошинаси тагига коврик қилиб солволибди. Ҳар кун эрмакка тепкиларкан.

Камига тоғанинг хатти-ҳаракатидан руҳланган ҳамшаҳри Наманган марказидаги меҳмонхона ўнгида ҳилпираб турган Франция байроғини юлиб ташлабди.

Франция президенти Макрон суратини оёқости қилаётганларга қарши фикр…

“Мусулмон аёлга “рўмолингни ечиб, оғзингга тиқиб қўяман”, деган Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг суратини нега оёқости қилмайсизлар?” дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

“Элтуз”нинг АҚШдаги таҳлилчиси Баҳодир Файз янада илгарироқ боради: “Нега Шарқий Туркистонда уч миллион уйғурни тарбиялаш лагерларига  юбораётган Хитойга қарши чиқмайсизлар?

Уйғурлар ишғол остидаги ўз она юртида миллий ўзлиги, тарихи ва меъморий қадриятларидан маҳрум этилмоқда ҳамда уларнинг масжидлари йўқ қилинмоқда. Миллионлаб уйғурлар концлагерларда мажбурий меҳнат қилмоқда.

Уларнинг аëллари бичилмоқда. Ҳомиладор уйғур аëллар мажбурий аборт қилдириш каби даҳшат билан юзма-юз қолмоқда.

Қисқаси, бугун дунëда ҳеч бир миллат уйғурлар каби геноцид қилинмаяпти. Коммунистик Хитой қилмоқда бу геноцидни. Кечган йилда БМТга аъзо 39 ўлка имзолаган очиқ мактубда “Хитой ҳукумати Шарқий Туркистон уйғурларини озод қилсин!” деган талаб ëзилган эди.

Бу мактубда Шарқий Туркистонда халқаро инсон ҳуқуқлари ҳайъати тўлиқ фаолият юритиши лозимлиги таъкидланган эди. Аммо бу мактубга имзо чеккан 39 давлат орасида Туркия йўқ. Умуман, ўзини мусулмон давлати деб биладиган бирорта ўлка бу мактубга имзо чекмаган!

Эрдўғон гаплари эртага яхши бўлади, деган мессежни беради”.

Эртага яхши бўлади!

Шу ўринда бир неча йил муқаддам Анталиядаги “Олтин пўртахол” фестивалида бўлган воқеа эсимга  тушди. Фестивалга бир мўғул киночиси мультфильм олиб келди. Аксига олиб, бу мўғул на туркчани ва на инглизчани билади. Ташкилотчилар қийин аҳволда қолди. Русча гаплашиб кўр-чи, деб мендан илтимос қилишди. Гаплашсам, озроқ тушунар экан.

Мультфильмнинг номи “Амьдрал” (яъни ҳаëт) экан. Киночи ўз мультфильмини залда тақдим қилиши керак эди. Мен унга қараб, сен мўғулча гапиравер, мен ўзимча таржима қиламан, дедим. Содда мўғул кўнди. У “сонгино” (мўғул тилида пиëз шундай аталади) дея гап бошлаб, тўрт жумлани ғўлдиради.

Мен эса “таржима” қилдим. “Азиз дўстлар, мен туширган фильм ҳаëт ҳақида. Биз севган, ардоқлаган ҳаëт ҳақида”, дея ўзимча ақлли гап қилдим (мўғулча билмайман).

Ҳамма чапак чалди. Кейин парда кўтарилиб, чироқ ўчди. Мультфильм намойиши бошланди. Мультфильм пиëз ҳақида эди. Кадрда пиëз кўринади. Кейин унинг пўстлоқлари сўйилиб бораверади. Худди варақлари юлинаëтган китоб каби. Охирги пўстлоқ юлинганидан кейин кадрда қоп- қора бўшлик қолади.

Зал қарсаклардан ларзага келди. Бош қахрамони пиëз бўлган бу мультфильм ҳақиқатдан ҳам ҳаëт ҳақида эди. Кунларимиз пиëз пўсти каби юлиниб бораверади. Биз эртага яхши бўлади, деймиз. Финалда эса бизни бўшлиқ кутади.

Фильм берган мессежни залга келганлар тушунди. Кеча ўтди. Эрта келмади. Бугун ва ҳозир бор. Ҳаëтнинг барча куни пиëзнинг пўсти каби бир хил.

Бўшлиқ келмасдан бу ҳаëтни бугун яша.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 июн 2018
Беш йил халқ таълими вазири бўлган Улуғбек Иноятов 20 июнь куни ишдан олинди. Ўрнига Инновацион ривожланиш вазирлиги мулозими Шерзод ...
13 октябр 2024
Салом қадрли мухлислар, ниҳоят Элтуз порталига ёғилаётган хатларни ўқиш навбати етиб келди. Бугунги мурожаатлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан ...
16 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Адабий ҳаётим баъзан зид қутбларда жараён этди. Хусусан, 1977-1979 йилларда Москвада бошдан кечирганларим ўзимни, инсонларни ...
17 август 2021
The Economist нашри 15 август куни «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабаси ва ҳукуматнинг тезда таслим бўлиши таҳлилига бағишланган мақола чоп этди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...