Асосий мавзулар
4 ноябр 2020

Эгасиз ҳайвонлар учун махсус бошпана талаби

​Фарғонада бир гуруҳ кўнгиллилар дайди ит-мушуклар учун махсус жойлар ташкил этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлиш лозим ва ҳар қандай тирик жонзот яшашга ҳақли. 

“Фарғона шаҳри ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳар куни кўчадаги қаровсиз ит ва мушукларни тутиб, уларга шафқатсиз муносабатда бўлишади. Баъзи ҳайвонларни қийнаб ўлдиришгача боришади, – деди ўзини ҳайвонлар ҳимоячилари ташкилоти аъзоси деб таништирган аёл. 

Ҳайвонлар ҳимоячиси, маҳаллий ҳукумат диққатини ўзига тортмаслик учун ўз исмини очиқлашни истамади.

– Мен доимо кўчада қаровсиз қолган кучуклар ва мушукларни ўз уйимга олиб келаман. Ҳозир уйимда 40 дан ортиқ ҳайвон бор. Уларни парваришлаш, озиқлантиришда менга ҳайвонларни ҳимоя қилишга бел боғлаган бир гуруҳ кўнгиллилар ёрдам бермоқда. 

Аммо мен бундай кўп ҳайвонни ҳар доим ҳам ўз уйимда боқа олмайман. Сабаби, улар ҳам тирик жон бўлгани учун вақтида овқатлантириш, ювинтириш, парваришлаш зарур. Бунга менинг маблағим ҳам, кучим ҳам етмайди. 

Аммо бу ҳайвонларни кўчага ҳам ташлаб кетолмайман. Агар уйимда шунча ҳайвон боқаётганимни билиб қолишса, Фарғона шаҳри ободонлаштириш бошқармаси уларни мендан тортиб олади. 

Улар эса бу ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлмайди. Чунки ободонлаштириш ходимларининг итларни сим билан бўғиб ўлдиришаётганини ўзим кўрганман. 

Шунинг учун биз Фарғона вилоятидаги мутасадди ташкилотлардан ҳайвонлар учун махсус жойлар ташкил этилишини сўрамоқдамиз”. 

Исми сир қолишини истаган масъуллардан бирининг айтишича, вилоят ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги дайди ҳайвонларни тутиш бўлими ходимлари ҳайвонларни даҳшатли шароитда сақлайди. 

“Улар касал ит ва мушукларни уриб ўлдиради, соғлом ҳайвонларни эса корейс ошхоналарига гўштга топширади. Жамоатчилик талаби билан Экология қўмитаси, Давлат санитария-эпидимология осойишталик маркази бу масалага эътиборини қаратди. Аммо ҳали амалий ишлар қилингани йўқ”, дейди масъул. 

Унинг фикрича, маҳаллий ҳокимликлар бу муаммога эътибор қаратиши, жойлардаги экокўнгиллилар билан бирга ҳар бир ҳудуддаги уйсиз жониворлар учун бошпаналар ташкил этишга ёрдам бериши керак. Ветеринария хизматлари (стериллаш, эмлаш) учун маблағ ажратиш лозим. Шунингдек, тутиб келинган дайди жониворларни парваришлаш учун кўнгиллилар жалб қилиниши керак. 

Фарғоналик журналистлардан бири “Элтуз”га мана шу масалада бир неча марта вилоят ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилгани, дайди ҳайвонлар тақдири билан қизиққани, аммо унга дайди ҳайвонлар сақланаётган жойга киришга рухсат беришмаганини билдирди. 

Фейсбук ижтимоий тармоғида “Фарғона водийси зооҳимоячилари” гуруҳи фаолият юритмоқда. Гуруҳ аъзолари бутун дунёда ва Ўзбекистонда ҳайвонларга бўлаётган муносабатлар ҳақида маълумот алмашиб туришади. 

Гуруҳнинг фаол аъзоси Саломат Валитова ўз уйида парваришлаётган ҳайвонлар ҳақида ҳикоя қилишдан эринмайди.

– Мен ҳар куни икки бекат наридаги дўкондан кучук ва мушукларим учун товуқ оёқларини олиб келаман. Уларни гуруч оқшоғи қўшиб қайнатиб бераман. Ўзимга 40 дан ортиқ ҳайвонни боқиш жуда қийин. Бу ишда менга фарғоналик кўнгиллилар ёрдам бермоқда,  – дейди у. 

Саломат Валитова ҳам уйсиз ва бошпанасиз ҳайвонларга давлат ҳам эътибор қаратишини истамоқда. Чунки қиш яқинлашгани сари унинг уйида ҳайвонлар кўпаймоқда. 

Агар давлат томонидан махсус бошпаналар очилса, ҳайвонларни ўша ерга топширади ҳамда ўша ерда кўнгилли равишда бемалол бориб уларни парвариш қилаверади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 апрел 2017
18 апрел куни Қирғизистон президенти Алмаз Атамбаевнинг 20 яшар кенжа қизи Алия Шагиевага тегишли «Фейсбук» ва «Инстаграм» ижтимоий тармоқларидаги ...
19 июл 2018
Ўзбекистоннинг «Севимли» телеканалида 15 июль кечки пайт кўриниб кетган секс саҳнаси ҳақидаги маломатлар ижтимоий тармоқда ҳали ҳам тингани йўқ. ...
4 сентябр 2017
Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ Интерпол қидирув рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Элтуз мухбирига айтиб берди. Солиҳга ...
27 июн 2019
Юлдуз Усмонова 27 июнь куни ютуб каналига қўйган янги видеомурожаатида «Гулнора Каримовани соғиндик» дея ижтимоий тармоқда акция бошлаган санъаткорларни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...