Асосий мавзулар
4 декабр 2020

РТда ваъз: Бу кунлар ўтар кетар…

Ҳар жума яқинлашгани сари ичимда бир орзиқиш ҳис қиламан. Узоқ сафардан уйга қайтган одам ўз яқинларига сафар таассуротларини айтиб бериш асносидаги орзиқиш.

Сафардан келган одамга еган-ичганинг ўзингники, кўрган- кечирганингдан гапир, дейишади. Ҳафта давомида кўргану эшитганларим қисқа сатрларда.

Хотинига памперс едирган самарқандлик эркак 6 йилга қамалди. Ижтимоий фикр ғалаба қозонди.

Шаҳрисабзда битмаган уй деворига дераза расмини осиб катталарни алдашди.

Икки болали ногирон аёлга аталган уй сенаторнинг собиқ ҳайдовчисига расмийлаштирилди.

Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқарди.

Фарғонадаги футбол беллашувидаги оммавий муштлашувда иштирок этган 6 киши қамалди.

Диндор ëшларни Сурияга жўнатиб келаётган самарқандлик шахс қўлга олинди.

Шунақа хабарлар.

Илгари момоларимиз ҳар нарсадан эзгулик излашган. Нима гапирса яхшиликка йўйишади. Илон кўрса – бойлик, чаëн кўрса – келин. Ҳар нарсадан яхшилик қидирардик олдин. Позитив фикрлаш дейди буни. Аммо ҳозир ҳамма нарсадан ëмонлик қидирадиган, йўлда тошга қоқилсак, туман ҳокимини сўкадиган бўлдик.

Тўғри, туман ҳокими йўл қуриш учун аталган бюджет пулига «Малибу» олиб минди. Тўғри, йўл қуришга кетадиган асфальтни сотиб, участка қурди.

Аммо у таъмагир нафс бандасини ҳар бир тошга қоқилган йўловчи ëки ғилдираги чуқурга тушган ҳайдовчи сўкаверса, бечорани қарғиш уриб уйи ëниб кетмайдими? Боласи наркоман, отаси ўсал бўлмайдими?

Келинглар, ëмонни ëмон, демайлик. Сўксак юзи қотиб, урсак эти қотиб баттар бўлмасин. Ростан ҳам осмонимиз мусаффо. Бу мусаффоликни айтиш ҳам сўз эркинлигига киради.

Лаганбардорнинг ўлими

Эрталаб уйғондим. Ҳовлига чиқиб, осмонга қарасам кўм-кўк. Бепоён осмон. Битта ғубор ҳам йўқ. Шартта расмга олиб тармоққа қўйдим-у, битта жумла ëздим. Биттагина жумла.

«Мусаппо осмон». Шуни ëзишим билан минглаб шиппаклар мен томон учиб кела бошлади. Ўрис ва инглизча сўкишлар билан сийландим.

Онам ўқиб, «Оқ қилдим сени. Эмизган сутимга рози эмасман», деди. Отам келиб ҳассаси билан уриб бошимни ëрди. «Хуй бераман сенга пенсиямни», деди.

Хотин болаларини олиб онасиникига кетворди. Қўшни чиқди хўмрайиб. Чўнтагини кавлаб пул олди. «Сиздан қарзим бор эди. Манг, обқўйинг!»

«Майли, раҳмат, еб кетсангиз бўлаверарди, деган маънода ғўлдирадим. Қарзни қайтарган қўшни энди кўзимга тик қараб. «Ўла, пахтакор!» деб юзимга тупуриб чиқиб кетди.

Тоғам эски мошинасини менга падарка қилувди, шуни бугун нотариусда расмийлаштирмоқчи эдик. Телефон қилиб «атмен» қилди.

«Ҳўкиматга пахта қўйиб лаган қоқадиган сендақа қўрқоқларга берганимдан кўра, товуқ бақаман ичида бу мошинди», деди.

Индамадим. Маҳаллақўм келди. «Сен тварга раҳмим келиб, бача пули чиқариб бергандим, кўрнамак. Бугундан бошлаб хуй оласан уни. Бола пули  кесилди, билат».

Эшик қоқилиб, учаскавой милиса келди. Чўнтагидан писталет чиқариб, менга қаратди.

«Шу ипплас давлат, шу ипплас раҳбарларни мақтаган сени отиб ўлдириб ташлардим-у, замон кўтармайди. Уч ойдан бери ойлик бермайди менга сен мақтаган дўлат. Ҳе онасини палон қилдим мусаппойингни», деб осмонга қараб ўқ узувди, қарғалар қағиллаб дув этиб кўкка кўтарилди.

Бу кўргуликлардан шакарим тушиб кетди. Давлениям ошди. Докторга телефон қилсам, «сени даволамаймиз, бор ўша мақтаганинг мўйлов Арипов сени даволасин», дейишди. Ҳозир ўлим билан олишиб, битта ўзим ëтибман.

Бошимни силашга бир меҳрибон қўл йўқ. Бир пиёла сув беришга ҳам одам йўқ. Кўчадаги болалар «патхалим тролл», деб кесак бўрон қилиб, дераза айнагини синдиришди. Бир жумла ëздим. Биргина жумла. Сўз эркинлиги йўқ бу мамлакатда.

Нега ҳамма президентни сўкиши керак. «Ахир у яхши-ку.» Бу гапни шивирлабгина  айтдим. Сразу телефон чалинди. ДХХдан экан. «Эй, ипплос лаганбардор. Яна ашнақа гап айтсанг, апкирб қўямиз».

Жиим бўлдим. Деразадан қарасам, осмонда булутлар пайдо бўлибди. Севинганимдан юрагим қаттиқ-қаттиқ ура бошлади. Ва бирдан урмай қўйди. Мен ўлдим. Обориб кўмаëтиб, «эй ҳалойиқ, бу қандай одам эди», деб сўрашди. «Лаганбардор, падхалим эди», хитоб қилди жумбул жамоат бир овоздан.

Эҳ элим, элим! Бир муштдан урсанг ўлдирасан, бир қошиқдан берсанг тўйдирасан. Илгари телевизор ва интернет бўлмаган замонларда бахшилар воқеаларни достон қилиб элга айтган.

Самарқандлик бахши укамиз ҳам шу қадим йўналишни давом эттириб келади.  Хоинларча чақув қурбони бўлган олим Андрей Кубатинга атаб достон ëзибди бахши укамиз.

(Видео)

Ваъзда одатда эртак бўлади. Эртаксиз ваъз – муҳаббатсиз ҳаëт. Тузсиз ош. Шакарсиз ҳолва, сувсиз аквариум каби абсурдлик касб қилади. Олдинги ваъзларда эртак  бўлмагани учун бугун бирданига икки эртак айтсам. Эртаклар яхшилик ва инсоф ҳақида.

ERTE (fairy tale)

Бир куни ер кавлаëтиб битта олтин танга топволдим. Аммо у танга меники эмас-ку. Мен тангани олган жойимга қайта кўмдим. Кўмган жойимдан анор ниҳоли ўсиб чиқиб кузда иккита мева тугди. Кеча шу икки анорни олиб кесиб кўрсам, ичида анчагина олтин шариклар бор экан.

Заргарга оборсам, битта анордан чиққан олтинга 12 минг доллар санаб берди. «Теги бўса, яна обкелавер, бjлам», деди заргар.

Нариги анорнинг ичидаги олтинларни участкамга экиб чиқдим. Янаги йил ҳосил оламан. Шу «Форбс»даги миллиардерлар рўйхатига тушаман. Мана, кўрасиз. Участка Ўризорда. Келиб, девор ошиб, бировнинг олтинини кавлаб олиб кетиш йўқ лекин.

 (кулги ва аччиқланишни акс эттирувчи жингл)

Ўхшамади бу эртак. Эртак дегани ҳаëтий бўлсин, дейишди. Ҳаëтий ва ибратли ҳикоя айтсам.

Ээски «Нексия»мга бензин қуяётганимда пластик картадан тўлаб  10 литр бензин қуйилди, манимча. Озгина юргач, қарасам, бензин кўрсатгичи 10 литрдан ошиқ. Камида 15 литр. Ие???  Ҳайрон қолдим. Доимо уриб қолишарди, бугун эса акси.

Ëнимдаги шеригим эса “ока, мазза қимийсми, қайтанга сурдуу”, деди. Мен осмонга қараб, “У кўриб турипти”, дедим. Шеригим эса “Ким у, Иноятовми” деди. Мен унга “Иноятов, давно кетиб ўрнига Абсалом ака кеганла”, дедим. Шеригим “окa, ўзиз билас, эттим қўйдимде”, деди.

Қайтиб келдим. Бензин қуяётган болага:

– Боя сал нотўғри бензин қуйибсиз, – дегандим, кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Уни тушундим. Шунинг учун дарров:

– Укам, нотўғри тушундингиз. 10 литр ўрнига 15 литр қуйибсиз. Мана чек. Сиз эса 15 литрга бензин қуйибсиз, зарар-ку сизга, – дедим. Тўғриси, заправкачи бола аввал тушунмади, кейин эса: – Раҳмат сизга. Тарихда бунақа бўлмаган, ока. Барака топинг, – деди ва кассага бориб, пластигимдан яна 5 литрга пул ечиб олди. Кейин менга қараб «ока, битта расмга тушулик», деди.

Тушду расмлага. Муқимийдаги запрапка. Кейин кетду. Қўйлиққа етганимизда, орқадан иккита ГАИ мошин қувиб келиб бизани тўхтатди.

«Бизани орқамиздан юринг», дейишди. Олмазор кўчасидаги круттой бинонинг олдига оборишди. Қулағига биннима таққан қора кўзойнак қора кастюм шимли барзанги одамнинг олдига ментлар бориб честь бериб, «опкелду, ока», дейишди. 

Барзанги ментлани чўнтагига биннима солувди бечоралар карисча таъзим қиворишди. Ëнимдаги шеригимнинг ранги қув ўчган. Менам деярли сийворай деб турибман.  Барзанги келиб эшикни очувди, шеригим бақирворди: «Ока беноватбиза, бошқа қимиймиз, қўйворинг». Барзанги «ноль» эътибор билан тушинглар, деди.  Тушду.

Орқамдан юринг, деди. Юрду. Бинони ичига кирду. Круттой бино. «Тўхтанг», деди барзанги. Тўхтаду. Мундоқ қарасам, Абсалом ака Азизовнинг ўзлари турибдила.

Оқ сочи, мўйлови ва дўппайган қорнидан срази танидим.  Ëнида эса яна бир оқсоч амаки турибди. Азизов билан оқсоч одам ҳам билла юриб олдимизга келди.

Барзанги ижтимоий масофа сақлаш учун ортга чекинди. Абсалом Абдумавлонович қорнимга бир туртиб, «менинг кўриб турганимни қаттан билдинг», дедила ва кулиб ëнидаги одамга қараб, «Вагит Юсуфович, это он», деди.

У одам бўлса, елкамга қоқиб «Вабше маладес», деганга ўхшаш ва яна анча гап айди. Ўриччани жаа унақа тушунавермайман. Билганим бу – «Лукойл»нинг коттаси Вагит Алекперов экан.

У қўлидаги телефонда менинг «Лукойл» запрапкаси ëнида турган расмимни кўрсатиб, яна «молодец» деди ва бир имо қилувди, битта қути обкелишди. Абсалом ака менга қараб, мана сенга падарка, гап 5 литр бензинда эмас, манитда юрагинг борлигида», деб кўкрагимга яна бир мушт солди.

«Сен анави драндалет нексияни шеригинга бер ва манавини мин», деб «Малибу»нинг калитини қўлимга тутқазди. Мен эса калитни шеригимга бердим. «Бу Вагит Юсуповичдан падарка».

Кейин қўлимдан ушаб ëнига турғазди-да, барзангига қараб «бизани битта расмга ол», деди.

«Бу расм сенга мандан падарка. Любой идорада кўрсатиб, Абсалом ака менинг окахоним бўлади, десанг ишинг битади».

Кейин иккаласи елкамга қоқиб, кетворишди. Барзанги келиб, «ока расмни ватсапдан ташаб бераман», деб мени етаклади. Қутилганимга шукур, деб эски «Нексия» тарафга қараб юрувдим, барзанги тўхтатиб, «ока, мана бу сизди енги тачка», деди.

Қарасам тўўқ кўўўк рангдаги «Малибу». Уч эгизак туғиб, исмини Шўкат қўйганларга бериладигандан ҳам икки позиция юқори. Ичи кожа, билат.

Барзанги ëнимдаги шеригимга қараб, «сен анави аравини мин», деди. Шу пайт ичкаридан яна бир телех чиқиб, барзангига бир конверт узатди. Барзанги конвертни очиб ичидан карта олди.

«Манави картанинг коди 1234. Любой пайт любой запрапкага бориб, полний бак бензин қуйиб кетаверасан. Раҳматти Вагит Юсуповичга айтасан».

Хуллас салидол ҳиди кеп турган кожа чехолда салапани билан турган «Малибу»ни миниб жилдим. Бир пасдан кейин шеригим тилпўн қилиб, «ока, «Нексия»ни уйизга обориб қўйийми», деди. Йўқ ука, бу хайрли мошин сенга падарка, дедим.

Чилонзордаги бетон дўмимнинг олдига бориб бибиплатдим. Ўрис хотинлар сўкиб берди. «Тихо, сволочь, ребенок спит», деб.

Мен парвоям қилмадим. Ватсапимда ДХХ раиси билан брудершафт тушган расм. Бир соат олдин ҳеч ким эдим. Энди кимдир бўлдим.

Қиссадан ҳисса – сизга ўзбек заправкачи пул тўлаганингиздан кўра кўпроқ бензин қуйса, албатта, ҳақини беринг. Сизга қайтади албатта. Мана, мен ўзим мисолман.

ФИКР-СИКР

Озарбайжонларда «Фикр сикр», деган мақол бор. Бунинг маъноси муаммо ечими борасида узоқ ва кераксиз фикр юритиш зарарли, дегани.

Масалан, уйга ўт кетди. Сиз бўлса, ақллилик қилиб қанча литр сув қанча майдондаги ëнғинни ўчириши ҳақида вайсаб ўтирибсиз. Бундай пайтда тез амалий иш қилиш керак.

«Тошкентга сафар» спектаклидаги саҳнани эслар кимдир. Хўш, бу жамият олдига 1991 йили танлов қўйилди.  «Ислоҳот қилсак, шок терапия бўлади, халқ қийналади, яхшиси ўзимизга мос ва хос йўлни танлайлик, дейилди. Жамият буни айнан қабул қилди.

Қозоғистонда Назарбооев, Росссияда Гайдар амалга оширди «шок терапиясини». Ўшанда қозоқлар келиб, Тошкентдан нон олиб кетишгани «Ахборот»да кўрсатиларди. «Улар оч, биз тўқмиз» деб.

Чимкент ва Қоплонбекда зим-зиë, электрсиз ўтирганларни кўрсатиб, бизда электру газ мўл-кўл, деб керилдик. Назарбоев суғурта тиббиëти жорий қилганида Каримов кўти билан кулди.

Мана, элак сувдан кўтарилди. Бир вақтлар Марказий Осиëдаги биринчи туя бўлган Ўзбекистон охирги туяга айланди. Ун ҳам, сариëғ ҳам қозоқдан келади. Чироқ йўқ газ ҳам. Аммо фикр кўп. Мабодо ҳақимизни талаб қилсак, уруш бошланиб кетса, агаротга эккан картишкамнинг устига бўмба тушса нима бўлади, деб ўтиришибди. Фикр сикр.

Корона ҳимоясига

Туз оға, корона ҳақида гапирмай қўйдингиз, дейишди. Гапириб чарчадим. Яхшиси, мен учун журналист Александр Невзоров гапира қолсин:

«Мен икки оғиз коронавирус ҳимоясига сўз айтмоқчиман. Бугун унинг юбилейи экани бу гапим учун маврид. Умуман, ҳаммаси тўғри ва тоза. Чунки вирусологлардан кўра футболчиларга 100 марта кўп ҳақ тўлайдиган одамларнинг ўлиги сасиб, касалхона ертўласини тўлдириши керак эди ҳар ҳолда. Айнан шундай бўлиши керак эди.

Болалар миясини  анатомия, физиология, тиббиёт, табиат ҳақидаги билимлар ўрнига диний чўпчак ва бошқа паранормал шоу билан тўлдираëтганлар ҳам ўлиб, моргда ëриб кўрилишини кутиб ëтишга ҳақлидир.

Хаммаси виждон ва мантиққа кўра тўғри ҳал бўлмоқда. Қандайдир диний туйғулар ҳақида гапираëтиб, жаҳолат ва ўрта аср ëввойилигини тарғиб қилаëтган одамлар коронавирус каби оддий кассалликни ҳам енга олмайдилар».

Бу Невзоровнинг гапи. Кесак отсангизлар, ўша кишининг полизига отаверинглар. Японияда фалокат содир бўлган жойга соҳа масъули бўлган вазир ва амалдорлар хотини билан бирга кўчиб боради.

Муаммо ҳал бўмагунча ўша фалокат шароитида яшайди.  Шу маънода газни Хитойга сотиб, миллатни абадий совуққа мубтало қилган амалдорларни ҳам совуқ баракларга хотин бола-бақраси билан жойлаштириш керак. То муаммони ҳал қилмагунча ўтирсин эл қатори тезак ëқиб.

Совуқ мавзусида мушоира бошлагандим. Қани, кетдик. Мен бир жумла ëзаман, сиз давом эттиринг, десам одамлар ҳам кутиб тургандай дардини достон қила кетди.

Бу кунлар ўтар кетар

Бошингга совуқ етар!

Аҳвол бўлар бешбаттар!

Бу кунлар ўтар кетар,

Ўтган кунлар изидан

Менда шу расм қолар.

Бу кунлар ўтар кетар,

Тўймадингми, иркитлар

Эшшак теридан бетлар.

Бу кунлар ўтар кетар,

Ким пул – ким ахлат титар

Умр поёнга етар.

Бу кунлар ўтар кетар

Хотинжон бутди кўтар

Газимиз Хитойга етар.

Бу кунлар ўтар кетар.

Келмас ҳеч ғамига

Кириб кетсин шамига.

Бу кунлар ўтар кетар

Буюк келажак етар.

Ўнгламаса аҳволлар,

Бўлар бу кундан баттар.

Бу кунлар ўтар кетар

Ҳаракатни қилмаса,

Бундан баттари бўлар,

Бу кунлар ўтар кетар.

Ҳақ бўлсанг, калланг кетар.

Таппимиз тутаса етар.

Бу кунлар ўтар кетар,

Қилмишлар қайга кетар,

Бу юртдан кетни кўтар.

Бу кунлар ўтар кетар

Қурувчилар бойиб кетар,

Мендан кетар, эгасига етар.

Бу кунлар ўтар кетар

Таппилар қатор-қатор

Ҳамма ёқ таппи бозор.

Бу кунлар ўтар кетар.

Қачон кун исийди деб,

Жижилар қараб ëтар.

Бу кунлар ўтар кетар

Таппи ёпгин ўхшатиб,

Деворларни қақшатиб.

Бу кунлар ўтар кетар,

Лекин кейин ёз қайтар…

Ўлмаган қулга етар.

Бир кунлар ӯтар кетар

Газни бер, бўлди, етар!

Кўзимиз сувлар сепар…

Бу кунлар ўтар кетар

Келажак бизни кутар ,

Қаҳратон жондан ўтар…

Бу кунлар ўтар кетар ,

Десам дейди,

-Бас, етар!

Бу кунлар ўтар кетар,

Кимни дунё маҳв этар,

Ким муродига етар.

Бу кунлар ўтар кетар.

Бой юрса ҳам ялло дер,

Топганим минг тилло дер.

Бу кунлар ўтар кетар.

Халқ бюджет деб елажак,

Буюк бўлар келажак,

Бу кунлар ўтар кетар

Келажак бундан баттар.

Бу ҳашар достонни халқнинг саси десак ҳам бўлади. Достонга ҳисса қўшган барча муаллифларни олқишлаймиз.

Ассалому, Ўзбекистон, жума муборак.

Abduhamid Pardayev

Ҳасан Тоштемиров

Atabek Usmanov

Muqannaman Zardusht

Мирза Анвар

Раҳимжон Раҳмат

Шарифа Мурод

Sundar Qoraboyev

Xabi Usmonova

Дониёр Аҳмедов

Маҳбуба Хўжамқулова

Sanjar Khodjaniyazov

Мирвосил Нигматов

Одилбек Абдухолиқов

Olimjon Suyarov

Мавжуда Мирзаева

Ихтиёр Эсонов

Гулчеғра Алмасова

Umidjon Erkin

Quldek xalqim chidaydi…

Oybek Yusupov

Шуҳрат Абдулла

Alim Bek

Doniyor Bek

Санобар Қулмирзаева

Ibrat Safo

Алиева Марғуба

Нодира Қодирова

Исмигул Шайхуддинова

Беҳрўз Худоёров

Gofurjon Safarov

Qurbonali Nizomiddinov

Tohir Mirzyaev

Iskandar Muxtarov

Йигитали Нур

ZBegim Bukhari

Shirin Yunusova

Дилуш Амирхонова

Muxlis Uz

Холида Солихоновна

Достон Раҳимов

Jumagul Teshavoyeva

Рассом Туз

Тағин ўқинг
3 декабр 2019
Стокгольмнинг чекка ҳудудида жойлашган темир тўсиқ ортидаги кўримсиз уйда Швецияга келиб қурилишларда ишлаётган 11 нафар меҳнат мигранти яшайди. Уларнинг ...
31 октябр 2015
Шуҳрат Бобожон Eltuz.com Шоҳ Бобур ўз она ватани ҳақида ëзар экан “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши ...
4 март 2022
Баҳор келса, ўртоқлар, уйғонади ўтлоқлар. Мана ўлмаган қул баҳорга ҳам етдик. Оғзимиз кўкка тегадиган бўлди. Кўк барак, кўк сомса. ...
29 май 2020
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун. Улуғ демократ шоир Рудакийнинг бу мисрлари кимгадир сийқа туюлар, аммо зинҳор ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...