Асосий мавзулар
18 декабр 2020

РТдан ваъз: Шод қулларга ишонманг

Бундан роппа-роса 100 йил олдин большевиклар қўмондони Михаил Фрунзе аввал Бухорони, кейин унинг шотирлари Хивани тўплардан ўққа тутиб, икки шаҳардаги меъморий обидаларни вайронага айлантирган эди.

Юзлаб бухороликлар бинолар остида қолиб ҳалок бўлган, яна ўн минглаб одам бошпанасиз қолганди. Рус большевиклари Хива ва Бухородан ўнлаб тонна олтин, юз минглаб чорвани талаб кетди.

Хонлик қулагандан кейин жадидлар тузган Хоразм республикаси большевиклар Россиясининг иқтисодий босими остида йўқ бўлган эди. 

Орадан роппа-роса бир аср ўтиб тарих такрорланди – 2020 йилнинг 8 декабрь куни Россиянинг “Сургут нефть строй” корхонаси Хивадаги Тошҳовли меъморий обидасининг деворини бузиб ташлади. Ваҳшийлик Ўзбекистон Конституцияси куни амалга оширилди. 

Кремлнинг Тошкент юзига урган навбатдаги тарсакиси каби эди бу. 

Ўз дардингдан улғай, ўз дардингдан ўс,

Ўзгалар дардидан хино қўймагил.

Сенга бошқа бино қўйса, не чора,

Сен ўзинг ўзингга бино қўймагил.

Ўзингни ҳамроҳ қил йўлга чиққанда,

Нуқсон, фазилатни олмагин қарзга.

Гар ўзингдан кетсанг, барча манзиллар

Бир кун айланажак борса келмасга.

Ина лангур-лунгур

Ўзбекнинг раҳбарлари кўндаланг қўйган Конституцияга ўрислар ҳам ўзиникини қўйиб қўйишди, хуллас, худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртади.

“Сургут нефть строй” корхонаси ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган Тошҳовлининг шарқий деворини “шес секунд”да йиқиб ташлаган. 

Энағарлар худди Фрунзенинг тўплари каби тез ишлашган. 

Лекин Фрунзе ва “Сургут нефть строй” ваҳшийлиги ўртасида бир фарқ бор.

Фрунзе ўзбек обидаларини бузиш буйруғини Москвадан, Лениндан олганди. “Сургут нефть строй” эса Оллоқулихоннинг ҳовлисини бузиш топшириғини ўзимизнинг ўзбеклардан, Ичанқалъа давлат музейи раҳбариятидан олган. 

Музейдаги оғалар шу деворни бузиб меҳмонхонами, соққа келтирадиган бир нарса қуришни режалаштиришган.

Фикримни хоразм шевасида давом эттирсам: 

Хоразмлик оғалара “Олатов” ороқини ичиб, изиннан ижжон закуска атмака, кейин “оно лангур-лунгир” диян гўт ўйин гўриб, запет атмака пул гарак бўлиб қолғон. Бу қоринбойло оношуннин кейп учун анасини ҳам сотадила охир.

Хоразмни қазсангиз агар,

Ер остидан дарёлар чиқар.

Хоразмни қазсангиз агар,

Ер остидан дунёлар чиқар.. 

(Матназар Абдулҳаким)

Ўрис ширкатида ишлайдиган ўзбек шотирлар меъморий обидани бузаётганда Хоразмнинг ҳокими, прокурори, ДХХ раҳбари кимнинг тагида ё устида бўлган? Билганимиз шуки, улар Ўзбекистон президенти келади дея хўжакўрсин иссиқхона қуриш билан банд бўлган. 

Хоразм вилояти ҳокими, президент Мирзиёвнинг севимли курсдоши Фарҳод Эрмонов Хоразм учун жон куйдирмайдиган, ҳатто Хоразмга ёт бир кимса эканини аллақачон кўрсатиб бўлган. Лекин вилоят прокурори билан ДХХ раҳбари кимнинг путини пойлаб ўтирган экан шу пайт?

Менимча, тарихий обида деворини бузиб, унинг ёнида бир меҳмонхона қуриш ғояси мана шу уч жолотойдан чиққан бўлса керак. Акс ҳолда Ичанқалъа давлат музейи раҳбарияти ўзидан ўзи шу ишга қўл урармиди, шу ваҳшийликка духи етармиди? 

Дарвоқе, бу вандализмдан Ўзбекистон Маданият вазирлигиниг хабари бўлмаган. Қоидага кўра, Маданият вазирлиги рухсатисиз Хивадаги қадимий обиданинг битта ғиштига ҳам тегиб бўлмайди.

Бундан олдин Хивадаги қадимий Нуруллабой саройини Тошкентдан келган шабашниклар бригадаси ялтиллатамиз деб қадимий устунлардаги нақшларни ўчиришган, мармарлардаги қадимий ëзувларни силлиқлайман деб тароватдан мосуво қилишган. 

2019 йилда уйлари бузилиб, чодирда яшашга мубтало қилинган урганчликларнинг кўчага чиққани, вилоят ҳокими Фарҳод Эрмоновни қувлаганини ҳисобга олмаса, Хоразм сиёсий ахталанган вилоят бўлиб қолмоқда. 

Менинг эътиборимни хоразмликларнинг ижтимоий тармоқларда ҳам жим экани тортиб келади. Наҳотки, фейсбукда норозилик билдиришни истамаса бу вилоят аҳолиси?

Ёки Хоразмда ҳамма нарса окейми? 

Шу савол билан таниш хоразмликка мурожаат қилсам: “Бизарда ҳам газ ва свет йўқ. Лекин ўтирибмиз индамин. Кўчага чиқадўн, фейсбукда гаплаб, ДХХни қора рўйхатина тушадон жиллимизми ё? Ўзбекистонни бошқа ерлари чиқаварсин, ёзаварсин! Биза уйда ётиб, пул саниймиз, брат!” деди. 

Газини кесасанми, чироғини ўчирасанми, Хивадаги обидаларини бузасанми, хоразмликларга фарқи йўқ! Ҳеч бўлмаса фейсбукда ҳам чиқмайди кишвари Хоразм. Ҳеч бўлмаса йўталиб қўймайди. 

Ишонмангиз дабдабаларга,

Шоирларга ишонмангизлар.

Диёрларга кўз олайтирган

Диёрларга ишонмангизлар.

Ўз бурнидан нарини кўрмас

Аймоқларга ишонмангизлар.

Талончилар тилидан томган

Қаймоқларга ишонмангизлар.

Минг хил ғараз билан берилган

Баҳоларга ишонмангизлар.

Эл қонига байроқ бўялган

Даҳоларга ишонмангизлар.

Душманларга бошин силатган

Шод қулларга ишонмангизлар.

Эътиқодин ақчага сотган

Сотқинларга ишонмангизлар.

Ишонмангиз жазаваларга,

Асло хуружларга ишонманг.

Ватан деган — тақдир инъоми,

Инъомфурушларга ишонманг.

Ҳаммасида айниши мумкин

Адлу инсоф, вафо, диёнат.

Ҳеч гап эмас содир бўлиши

Улардан энг жирканч хиёнат.

Сергак бўлинг. Ёлғонга учманг.

Мухолифат – ичкарида, ваъдалар – онасининг астарида!

Хоразмликлар “Лангур лунгир” ўйини билан машғул бўлаётган шу совуқ кунларда қашқадарёлик Хидирназар Аллақулов янги тузаётган партиясини рўйхатга олиш учун Мирзиёевнинг ҳукумати билан олишиб келмоқда. 

“Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг Юнусободдаги ҳовлилардан бирида ўтказилиши режалаштирилган мажлиси ҳукумат томонидан барбод қилинди.

Мирзиёев ҳукуматининг баҳонасига қаранг: ДХХнинг ўша маҳалладаги қулоғини туққан аёлнинг турсигида ҳайзи қолиб кетиб, вирусга айланган эмиш. Шу элга тарқаладиган бўлса, ёмон бўлармиш!

Лекин янги тузилаётган партия раҳбари Хидирназар Аллақулов бу гаплар ҳукуматнинг найранги эканини шу куннинг ўзидаёқ қўрқмасдан айтди.

“Навбатдаги йиғилишимиз ташқи кучлар томонидан барбод қилинди, уйда ўтказилган дастлабки йиғилишимизнинг барбод этилгани, ҳовлига белгиланган иккинчи йиғилишимизнинг ҳам барбод қилингани учун мен сизлардан узр сўрайман”, деди Аллақулов.  

Бундан икки йил олдин президент Шавкат Мирзиёев “Мухолифат мамлакат ичкарисидан чиқиши керак”, деган эди. Мана, мухолифат айнан Ўзбекистоннинг ўзидан чиқди. Энди эса Мирзиёев ҳукумати турли баҳоналар билан шу мухолифатнинг таъсис йиғилишига тўқсинлик қилмоқда. 

Хуллас, мухолифат – ичкарида, ваъдалар – онасининг астарида!

Эртаклар бизни қайга етаклар

Бой амалдорнинг ўғли машинасида 2 кишини уриб юборибди. Бири машинанинг олд ойнасига урилибди. Иккинчиси эса йўл четидаги ариқ ичига тушиб кетибди.

Суд иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилаётганмиш:

“Биринчи пиёда машинанинг олд ойнасини синдиргани учун 2 йилга, иккинчи пиёда воқеа жойидан яширингани учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилсин!

Қозичалар бош қозига қарши бош кўтаришди

Ўтган ҳафтада Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов ижтимоий тармоқда шов-шувли чиқиш қилди. Ўз видеомурожаатида прокурор бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги жиноятлар, жумладан, унинг “Mega Bukhara” йирик тижорат комплекси қурилишига алоқадорлиги тўғрисида гапирди. 

Жасур Фозиловнинг айтишича, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Бухоро шаҳридаги тижорат комплексини қураётганларнинг жиноятларини ёпишга уриняпти, ҳатто уларга кредит олишга ёрдамлашган.

“Пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи фирмаларга нисбатан жиноят иши тергов қилиниши даврида мен терговчим Санжар Ўриновга: “10 млрд сўм солиқни яширган ҳолати бор. Шу бўйича ким муносабат қилган бўлса, миллиард сўмдан кўп “оборот” қилганларнинг ҳаммасини чақирасан. Кимлар нақдлаштириб олган бўлса, ҳаммасининг жавобгарлик масаласини ҳал қиласан ва бу фирманинг ҳақиқий эгасини топ”, деганман. Шу чақирилганлар орасида “Ёпиқ бозор”ни қураётганлар бор”, дейди Фозилов.

Бу ҳафтада эса Ниғматилла Йўлдошевга қарши яна бир прокурор баёнот берди. Баъзилар прокурорларнинг даҳанаки жангини ҳукуматда илдиз отган инқироз ва ички курашнинг очиқча тус олиши дея баҳолашса, баъзилар ҳукумат халқ эътиборини газ ва чироқ муаммосидан бошқа муаммога қаратмоқчи, деган фикрда.  

“Ўрис яхши эди”

Бир миллатни қулликда ушлаб туриш учун аксарият нодон ва ақаллият хоин бўлиши керак!

Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Овроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишининг эҳтимолий оқибатларига тўхталган эдим. Путинни телевизордан кўрса, шодликдан сийворадиган айрим ўзбеклар менга тош ота бошлашди.

Отабек  Мўъминов деган бири ўрис бизни боқяпти, дейишгача борди: “Eltuz, бугун бутун ўзбекни шу рус боқяпти, сизга ёқмаса, қолганлар ҳам ёқтирмасинми? Кўрдик ўзимизнинг қаҳрамонларни, юртнинг энасини асига тиқиб бўлди. Ҳозир бизга битта Сталин керак бу ҳаромхўрликни тўхтатадиган».

Бунақа фикрлар охирги пайтларда тармоқда урчиганидан урчиган. Бундай ўзбеклар учун ўрис – инсоф, Иосиф Сталин – ҳалоллик, Владимир Путин – адолат, Рамзан Қодиров – шаҳомат, ОRT телеканали – ҳақиқат, Алишер Усмонов – саховат тимсоли.

Москва кўчаларини супураётган ўзбек гастербайтирини чурка деб чақиришса ҳам майлига. 2020 йилнинг ўзида Россиядан Ўзбекистонга 200 тадан зиёд ўзбек ватандошининг жасади келган бўлсаям ҳеч  гап эмас.

Рус авбошларига улуш беришдан бош тортгани учун андижонлик ошпазнинг бармоқларини чопиб ташлашса ҳам ҳеч қиси йўқ. Чунки бу  ўзбеклар Сталинни соғинишган, Қизил майдондаги мавзолейга бориб Ленинга сажда қилишни қўмсашган.

Буни сиёсатшуносликда колониал ўтмишни бошдан кечирган миллатларга хос хасталик дейишади: ўзга ишончнинг йўқлиги. Бу хасталикни енгиш учун камида яна бир авлод ўзгариши керак. 

Сариқ чақа

Адабиёт надир? Бу эски саволга менинг жавобим шудир:  Адабиёт бу орамиздаги энг ҳиссий етишкин одамнинг жамият ҳақидаги мустақил таҳлилидир. Чехов, Зошенко, Азиз Несин ва Довлатов ҳикоялари, Эмил Золя, Толстой, Бунин ва Ўрхон Помуқ романлари.

Бу романларни ëзган ëзарларнинг авомдан фарқли айтар сўзи бор. Улар ҳақиқатда ақл закоси билан авомдан фарқланади. Шу маънода ўзбек ëзғучи-шоирларининг айтадиган оригинал гапи йўқ.

Умуман олганда, кўпи илмсиз жоҳил одамлар. Жаҳон тамаддуни, тасвирий санъат, балет, театр, мусиқа ва мода дунëсидаги трендлардан бехабар. Бир ë икки истисно бор, холос.

Айтадиган гапи авом алжирашидан ҳам тубан. Масалан, юқорида тилган олганим Махамат Йусуп деган шиғирчи «Сўкаверманглар Сталинни сиз. Уни ҳам она туққан», деб ëзишгача боради.

Ўзбек шеърий эстетикасини тубанлаштирган бу йиғлоқи калхоз шоири минглаб ўзбек ойдинларини ўлдириш машинасини Сталин ижод қилганини билишга ақли етмайди. Авом қатори бу қатл машинаси мурватларини айбламоқчи бўлади. Ичи бўш ноғорадан яхши сас чиқади, аммо ичи бўш ëзувчининг ëзгани сариқ чақа.

Манқурт оломон!

Бу ўзбек одам бўлмайдиган тоифадан чиқди.

Горбачёв ва Ельцин инъом этган мустақилликни эплай олмади. Ўттиз йилдан ошдики, ўзбек ҳуқуқий ва адолатли бир давлат қуролмаяпти. Чунки ўзбек ўзининг тепасига ўзидаги энг муттаҳам, энг ўғри ва энг каззоб кимсаларни чиқариб қўйган. 

Нега шундай? 

Чунки ўзбекнинг ичида ўғриси, каззоби ва муттаҳами кўп. Қозонга 90 дона чириган ва атиги 10 дона чиримаган, соғлом картошка солсангиз, овқатингиз пишганида чўмичга чирик картошка илиниши эҳтимоли 90 фоиз бўлади.

Сайлов ҳам худди шундай – халқда қандай одам кўп бўлса, шундай одам сайланади. Ўғри кўп бўлса – ўғри, тўғри кўп бўлса – тўғри сайланади.

Шундай экан, қаҳратон қишда кетлари совуқдан музлаган ўзбеклар! Газ ва чироқсиз ўтаётган қисматингизда кўпроқ ўзингизни айбланг, ўзингиз сайлаган Мирзиёевни эмас. Сизлар шу раҳбарга лойиқсизлар. 

“Каримов ҳам, Мирзиёев ҳам ўзларини ўзлари сайлашди. Биз уларни сайламадик”, деманглар. Шундай сайлагансизларки! 

Яхши халқ ёмонга ўзини ўзи сайлашига имкон бермайди. Кетига тепиб қувади ундай раҳбарни. Ҳозирча эса ўша ёмонлар сизларнинг кетингизга тепишмоқда. Тўғри қилишмоқда. Чунки сизлар шундай муомалага лойиқсизлар!

Эй, манқурт оломон, эй, чиркин башар!

Золимни бошингга ўзинг кўтардинг.

Ирфоннинг қўлларин, қанотин кесдинг,

Ожизни остингда, эздинг бағрингда.

(Рауф Пaрфи)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

eltuz.com

Тағин ўқинг
27 июл 2018
2003 йилнинг июли. Зона бошлиқларига дунёнинг ҳамма жойидан Муҳаммад Бекжон номига хатлар келаётгани ёқмайди. Улар вазиятга қараб иш кўришга ...
6 ноябр 2017
Андижон шаҳридаги 3-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Илвира Пидаевна пахта йиғим-терими вақтида нафас қисишидан вафот этди. Ҳамкасбларининг айтишича, Илвира мазкур ...
13 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 26-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” ...
10 август 2018
Бугун Eltuz.com нашри Ўзбекистондаги коррупцион бошқарув тизимини акс эттирган рассом Элсеварнинг янги ҳажвий суратини ақдим этади. Бу клептократик иншоотдан ...
Блоглар
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш ...