Асосий мавзулар
29 январ 2021

РТдан ваъз: Россияга яқинлашсак, қўшмозор бўламиз

Мана, яна сиз билан бетма-бет, юзма-юзман. Қаршингизда гапириб ўтирибман. Раҳматли катта бобом Латиф қори одамлар тўғри сўздан қўрқадиган замонда яшаган. Одамлар у кишининг айтган гапини эшитмаслик учун қулоқларини ëпишган.

Ўшанда Латиф қори тоғ тепасига чиқиб, ҳақиқатни баралла айтганда акс-садодан қоялар қулаб, битта қишлоқ аҳолиси кўчки тагида қолган экан. Рост гапни эшитишни истамаган қавм энг камида кўчки тагида қолади, дерди катта бобом.

Қисқа хабарлардан кейин узун таҳлилга ўтамиз:

Қисқа хабарлар

«Йўқолсин коррупция! Навальнийга озодлик!» деган плакат билан Тошкентда бир кишилик намойиш қилган Амир Шарифуллин милисага чақиртирилиб, савол-сўроқ қилинди.

Рус мухолифатчисини қўллаб чиққан Амир уйларнинг ноқонуний бузилишига қарши фаол курашувчи Фарида Шарифуллинанинг ўғлидир. Жонажон милициямиз унинг плакатида Ўзбекистон конституцион тузумига қарши чақириқ топишибди. Тўппа-тўғри топишибди!

Чунки бу «конституцион тузум» фақат коррупция туфайли яшаб келмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистонда кимдир «Йўқолсин коррупция!» деса, «Йўқолсин конституцион тузум!» деб тушунилади.

Рус мухолифатчисига озодлик талаб қилган ўзбек ватандошининг ўзбек милисахонасига чақиртирилиши Ўзбекистон ҳукуматининг аллақачон Кремлга хизмат қила бошлаганини билдиради.

Пўлат Бобожонович! Раҳбарингиз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевми ёки Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевми?

Жавобини майда ҳарфлар билан мактуб шаклида ëзворинг, Пўлат Раззоқович.

IV Ренессанс юртбошиси

Аввалроқ президентликка номзодини қўйиш истагини билдирган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 26 январь куни ўз сафдошлари ҳамроҳлигида “Халқ манфаатлари” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлиги биносига борди.

Вазирлик унга 20 минг имзо тўпласанг, яшил чироқ, деб айтди. Отажонов деган исмни эслаб қолинг. Балки тўртинчи ренессанс юртбошиси бўлар бу киши.

Ўзбекистонда президент сайлови кутилганидек декабрь ойида эмас, октябрь ойида бўлади. Декабрда қаттиқ совуқ бўлиши ва газсиз қолган аҳоли сайловда президентга қарши овоз бериши эҳтимоли кўзда тутилди.

Кутилаëтган рақам – 91 фоиз сайловчи жорий юртбошига овоз беради. Қолган 9 фоиз кетмоновлар орасида тақсимланади. 5 йили ўтди, яна 25 йил чидасангиз, Азроил шарофати билан эгангиз ўзгаради.

***

Маҳалла раиси ўқиш-ëзиш ва камида ўнгача санашни билиши шарт. Саводсиз мулозимлар раҳбарият жонига ҳам теккан шекилли. Ўзбекистон президенти Давлат бошқаруви академияси зиммасига маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш, бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Ҳарф танишса, котибага ҳам зарурат қолмасди.

***

Хонанда Севинч Мўминова тезликни оширгани ва машинасини ноқонуний равишда «тонировка» қилдиргани учун жаримага тортилди. Беш миллион тўлайди қиз бояқиш.

Шаҳар кутаётган одам

Тошга ëмғир кор қилурми муттасил ëққан билан, дейишади. Кор қилади, албатта. Ҳар қандай физик бу нарсани тасдиқлаб бера олади. Шеъру қўшиқ, мақол ва матал дегани абсолют ҳақиқат дегани эмас. Тўғри гап туққанингга ëқмайди, деган мақол бор. Нотўғри мақол. Менинг туғишган қариндошларим, ëру биродарларимга айтганларим ëқади.

Агар ëқмаса, ютуб, тик-ток, инстаграм ва фейсбукда шунча одам менинг гапимни тингламас эди. Ëлғонлардан чарчаган шаҳар рост гап айтадиган одамни кутмоқда.

Мана, Навальний рост гапни айтганди, ҳатто ўрис ўрмони ҳам иссиқ печка устидан ўрмалаб тушиб, совуқ кўчага чиқишига сабаб бўлди. Энг танбал ўрис ҳам ўз ҳақини ҳимоя қилиш учун этигини кийиб кўчага чиқди.

Тармоқда «Навальнийнинг ўзи ëмон, у ўзбек мигрантлари тарафини олмайди», деб ëзишди. Тўғри гап. Навальний Россия сиëсатчиси ва унинг Ўзбекистон меҳнаткашлари фаровонлиги ҳақда бош қотириш мажбурияти йўқ. Ўзбек меҳнаткашлари ҳақида Ўзбекистон ҳукумати ëки «ўзбек навальнийси» бош қотириши керак.

Ўзбек ҳукумати ҳар куни самолёт-самолёт олтинни Дубайга ташмалаб, ўзи учун «буюк келажак» ясаш билан овора. Буни фош қиладурғон «ўзбек навальнийси» эса йўқ.

Олдин айтганимдек, ўзбеклар коммунизмнинг икки варианти ҳақида ўйлашмоқда, холос. Яшил ва қизил варианти. Икки чўпчак. Боз устига, ватандошларимизнинг аксарият қисми Россия телевидениесининг бир ёқлама тарғиботи таъсирига яққол тушиб қолганини ҳис қиламиз.

Мана бу гапни тармоқ фаоли Нодир Фахритдинов ëзибди:

«Ғарб ноғорасига ўйнашяпти. Ҳали Путинни яхши билишмас экан, ҳали у ўзининг ўрнига шундай кадрни қўйиб кетадики, Ғарб кўтини чангаллаб қолади. Путин чекист, ақлли инсон. Ғарбни тавбасига таянтиради ҳали. Навальный сотқин».

Бу каби фуқаролар гапига ватандошимиз Отабек Тошев эътироз билдирди:

«Ҳақиқатан ҳам, Россия ТВси воқеаларни бузиб кўрсатиш ва тарғибот қилишда устаси фарангдир. Хориж тилларидан фақат рус тилини биладиган собиқ иттифоқ аҳолисининг маълум бир қисми мана шу пропаганда туфайли путинпарастга айланган.

Бундай ҳаракатлар аниқ мақсадларни кўзлаб қилинади. Сир эмас, Путин ўзининг ички ва ташқи сиёсати, қолаверса, ташқи ҳарбий тажовузларини мана шу пайтгача шу оломонга тасдиқлатиб келди. Александ Иванович Герцен «Всю Россию охватил сифилис патриотизма!» деганида қанчалик ҳақ эди. Ўша замонлардан бери Россия давлатчилиги ҳали ҳам ўзгаргани йўқ!

Қолаверса, ҳозирги кунда ҳам – ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак –  кўплаб ўзбекистонликларнинг Путин ғоясига мафтункорлиги орқасида, афсуски, бир бурда нон топиш иштиёқи туради.

Ватандошлар, воқеаларга реал қарайлик. Россиянинг ҳозирги ҳолати оғир, Путиннинг куни битяпти! Ўлим талвасаси бу! Рус халқи билан КГБдан чиққан айғоқчи Путиннинг фарқи жуда катта.

Путин Россияни ислоҳ қилишга қодир эмас (аслида бирон-бир коммунистдан ислоҳатчи чиқмаган). Шу туфайли оғирлашаётган ички муаммоларини у бошқа мамлакатлар ҳисобидан ечмоқчи.

Бугунги Россия – ўлаётган империя, унинг жойи тарих ахлатхонасида. Бир эмас, юзта Путин ҳам тарих ғилдирагини орқага қайтаришга қодир эмас».

«Marsha dogiiyla shu

Ҳукуматда армия, қурол, қамоқ ва миршаблар бор. Халқда эса кўчаларни тўсиш ва майдонга чиқиш имкони.

1991 йили халқ майдонларга чиққан пайтда ўша даврдаги юртбоши мухолифат етакчиларини авраб, халқни кўчадан уйга қайтаринг, деди. Етакчилар ҳам халққа қараб, «уйга қайтинг», деди.

Етакчилар ҳурматини қилган халқ уйига кириши билан устидан эшик ëпилди. Улар шу эшик ортида 30 йил ҳақсиз-ҳуқуқсиз қолиб кетишди.

Юртбоши бўлса, етакчиларнинг кўтига бир тепиб, мамлакатдан ҳайдаб юборди. Лохларга муносабат барча даврларда шундай бўлган.

30 йил олдин одамлар чироқ ëки газ деб эмас, эркинлик сўраб кўчага чиққанди. Эркин жамиятда миллат газини иккита одам бемалол сотиб юбора олмайди. Эркин жамиятда энерготизим реконстукцияси учун олинган маблағни икки одам еб юта олмайди.

Эркинлик доимо фаровонликка эшдир. Бугун кўчага чиқсангиз, электр ëки газ эмас, эркинлик сўранг. Нохча (яъни чечен) бошқа бир нохчанинг уйига кирар экан, «марша догиийла шу», дейди. Бунинг маъноси – «эркинлик сизни тарк қилмасин».

1984

Бизга адолат ҳақида уқтирган прокурор оддий ўғри ва порахўр сифатида қамоқда ўтирибди. Сен ватан хоинисан деб одам қамаган МХХ подполковниги Нодир Тўрақулов оддий қонхўр жаллод ва қароқчи сифатида жазо ўтамоқда.

«Саховатпешаман» деган Гулнора Каримова Ўзбекистон бойлигининг ярмисини ўмариб, тараққиëтини 50 йилга кечиктирган аблаҳ бўлиб чиқди. Кейинги 30 йил ичида ва ундан олдин ҳам кимки раҳбар бўлса, ўғри, толончи ва камида миллат душмани эди.

Бугун улуғланаëтган Рашидов Ўзбекистонда пахта қўшиб ëзиш ва коррупциянинг чўқинтирган отаси эди. Боз устига, у Ўзбекистонни руслаштириш учун тиришган жалатой ҳам эди.

Усмон Юсупов бўлса, Сталин қатағонларини амалга ошириб, қодирийларни ўлдиришда бевосита қатнашган жаллод ва оддийгина тройка аъзоси эди.

Ëзувчилар эса совет даврида Сталин ва Ленинни, мустақиллик даврида эса Каримовни нуқул мақтайдиган тарғибот машинаси мурватлари эдилар.

Буларни тушуниб етган янги авлод бугунги раҳбарларга қарата ўрта бармоғини кўрсатиб, «ишонмайман», «начальник дегани бу козёл деганидир», деб турибди.

Оташин ғоялар ҳақида гапирганларга қарата тошкентлик тик-токчи бола «адейни ами», деб реп айтди. Самолётга олтинларни тўлдириб Дубайдаги Зироат банкка қўйиб, ўзидан «буюк ислоҳотчи» ясаб халқни қашшоқ қилаëтган раҳбарларга нега ишониш керак?

Бу скепсис адабиëтшунос Рахмон Қўчқорга ëқмабди. «1984» асари муаллифининг тушига ҳам кирмаган фейк тадбир, яъни ҳали кўти горшокдан айрилмаган 15 нафар бола ëзган «китоб» (аслида бу китобларни катталар ëзиб берган) тақдимотида гапирган бу қўчқор янги авлодни нигилизмда айблади. Ëлғон тақдимотда қатнашиб туриб уялмаган бу «…шунос» ëлғонга ишонмаган авлодга ақл ўргатмоқчи.

Кемага тушганнинг жони бир, дейишади. Яна аравасига тушсанг, ашуласини ҳам айтасан, дейишади. Кўпчилик Кремль лойиҳаси бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирсак, олам гулистон бўлади, деган хомхаëл билан юрибди.

Бундай хомхаëллар доимо бўлган ва ақлли юртдошлар бунинг хатарини олдиндан айтиб келишган. Масалан, Ўзбекистоннинг марҳум вице президенти Шукрулло Мирсаидов бундан 25 йил олдин «арслон» деб ўйлаб ҳамроғ бўлганимиз 6 секундда сичқонга айланиб қолиши мумкинлигини башорат қилган эди.

Мирсаидов каби ақлли одамлар бугун ҳам бор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдуҳолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ фикрини тингласак.

ЕОИИа қўшилсак нима бўлади?

«Қўшилиб қўшмозор бўламиз! Санкциялар гирдобида тўлғанаётган босқинчи империянинг бешинчи колониясига – молбозорига айланамиз.

Туркияга ёки бошқа давлатга бир той пахта, бир қути гилос жўнатишга розиликнома олиш учун аввалгидек катта оғаларга пора ташиймиз.

Темирйўл, ҳаво йўллари, аэропортлар, конларимиз, стратегик аҳамиятга молик заводларимиз ва энергия ишлаб чиқарувчи ресурсларимизни енг учида коррупционер олигархларга пуллашни муваффақиятли равишда поёнига етказамиз.

Ўзимиз эмас, улар истаган хорижлик инвесторлар билан шартнома тузишга мажбур бўламиз.

Ташқи сиёсатимиз Захарова хонимнинг заҳарланган дирижёрлик таёқчаси билан бошқариладиган бўлади. Яна айтаверсам: русийзабонлар партияси тузилиб, рус тили расмий равишда иккинчи давлат тили мақомини олишга йўл очилади».

Абдухолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Юқоридагиларга яна қўшимча равишда:

Агар ЕОИИга кирилса, бу иттифоққа кирмаган давлатдан бирор нарсани импорт қилиш учун сертификат зарур бўлади. Сертификат бериладиган жойлар эса Россияда жойлашган.

Тадбиркор бирор дастгоҳни Туркия ёки Хитойдан олиб келмоқчи бўлса, ўша Россиядаги сертификат берадиган жойнинг мутахассисини ўз ҳисобидан олиб келиб ва Хитойга олиб бориб келиши керак бўлади.

У мутахассис дастгоҳни кўриб, агар шунақа дастгоҳ иттифоққа кирган бошқа давлатларда ишлаб чиқарилмаса, тадбиркорга сертификат беради. Бу яна қўшимча харажат дегани. Бу таннархнинг ошишига олиб келади. Ҳаммага маълумки, ҳозир дастгоҳларнинг кўпчилигини Хитой ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, иттифоққа кирмаган давлатлар билан олди-сотдига қўйилган божхона тўловларидан тушган маблағларнинг тахминан 80% ини Россияга топшириш керак бўлади. Яъни Ўзбекистон божхонаси йиққан бюджетга тушиши керак бўлган пулнинг катта қисми Россия бюджетига тушади.

Ана шунақа иттифоқ бўлади.

Қўлига гитара олган Навоий

Келаси ҳафта улуғ шоир Навоийнинг туғилган куни. Ўзбек рок кўшиқчилари ўз мусиқа фестивалига Навоийни тимсол қилибди. Навоийнинг қўлига гитара бериб қўйишди.

Аксарият тоқатсизлар Навоийнинг қўлига гитара берилганидан ўзларини ҳақоратланган ҳис қилишибди. Қўшимчасига опера ва балетни ҳам кўмиб, устига сийиб ташлашди.

Биринчидан, гитара Европа мусиқий асбоби эмас. Шарқ мусиқий асбоби. Мисрдаги қадимий деворий суратларда ҳам акс этган. Иккинчидан, Навоий ҳозирги муллалар «ҳаром» дейдиган рассомлик ва мусиқа санъатини қўллаб-қувватлаган ҳомий бўлган.

Ўзи ҳам расм чизган. Навоий ўз даврида торли мусиқа асбоби ясайдиган усталарга ҳомийлик қилган. Шарқ мусиқа асбоби бўлган гитара ушлаш ҳақоратми?

Нима ушлатсак бўлади Навоийга? Танбур, доира, скрипка, саксофон ёки пианино чалсинми? Умуман, Навоий образини рассом Кайдалов чизган. Ул замонда фото, кино, видео бўлмагани боис бу расм айнан у кишиники деб айта олмаймиз.

Навойни эслаган пайтда унинг шеъри ўқилади. Кўпчилик тушунмаса ҳам сонига шаппатлаб оҳ-воҳ дейди.

Яхшиси ëшлигида коммунист деб лақаб орттирган азиз дўстим Азиз Саид шеърини ўқисак.

Навоийни ҳар кун ўқиймиз, бир кун Азиз Саидни ҳам ўқийлик. Ҳар ҳолда шеърда каминанинг номи ҳам зикр бўлган. Шеър Навоийдан кейинги отам замонлар ҳақида.

ДАРСДАН СЎНГ

Йўқлик тикиб берган китоб халталардан

Остона ва айвонларга

Замонлар тўкилар шалдираб.

Сўнг ўқий бошлайди ўзбек тилини

Рим гладиаторлари

Кўзларда қиличу қалқонлар ялтираб.

Пётр I эса Саҳройи Кабирда сарсон

Ўрганар

Сут эмизувчилар оиласини.

Нур йиғиб қавариқ ойнага

Рейхстагга ўт қўяр Чингизхон.

Барча қонунларин фаромуш қилиб

Кўкан батрак билан ҳасратлашади

Колхозга аъзо бўлган Исаак Ньютон.

Биз эса

Ҳаётнинг темир деворли

Қуршовин ёриб чиққан партизанлардай

Пайдо бўламиз

Давомли давомсиз темир йўлларда.

Бир қўлда

Бўм-бўш китоб халталарга сиғмаган орзу.

Бир қўлда

Муҳтожликнинг учи қайрилган симлари.

Юракда дукуллар сулҳ ҳамда ҳужум

Қабоқда титрайди милтиқ ниллари.

Гар рози бўлишса

Тарвуз юклаймиз вагонларга,

Картошка туширамиз вагонлардан,

Чиллакдай билаклар толиққунича,

Чиллакдай оёқлар толиққунича.

Мабодо вагонга йўлатмасалар,

Ғазабга айланиб тарқаймиз

Халоскор шаҳримиз кўчаларига,

Ва ҳужум бошлаймиз қароқчилардай

Лиқ тўла картошка карвонларига.

Чанг-тупроқ ҳарсиллар биз билан,

Йўллар буралади ҳарна мадад деб.

Қайрилган симларни санчамиз аччиқ,

Бўлмаса қоламиз ҳаммамиз панд еб.

Ҳар бир машинадан битта картошка,

Тўлиб бораверар китоб халталар.

Йўқ, бу шўхлик эмас, ўйин эмас, бу

Муҳтожликнинг сўнгсиз жанги аталар.

Бир куни ҳадик оёғидан чалди Додонни,

Сакролмай шимидан илиниб қолди.

Шаҳар четигача мошин судраган

Дўстимиз қонидан кўчалар ёнди.

У биз берган биринчи қурбон

Эмасди тенгсизлик кўчаларида.

Ўзимиз сайд эдик, ўзимиз сайёд

Болаликнинг эртаксиз кечаларида.

Қабоқдай юмилгач Додоннинг қабри

Қасос симларини йўлларга тортдик.

Мошинлар карвонин тошбўрон қилиб

Йиғладик, бир бурда тасалли топдик.

Улар ёвузлашди, биз ҳам басма-бас,

Гулханлар ёндирдик тор кўчаларда.

Биз мудҳиш рақсни ўрганар эдик,

Ҳақсизлик қарс уриб, куйлар чаларди…

Дастгоҳини ёйиб ҳабаш мусаввир

Юлдузлар суратин солган чоқ,

Уйларга қайтамиз ғолиб ё мағлуб,

Соядай эргашар мудраган чарчоқ.

Ота-онамиз-ла кутиб ўлтирар

Таҳдиду пўписа эшик ёнида.

Тавба-тазарруга ўраниб қат-қат

Ухлаймиз тонггача илинж қорнида.

Биламиз, келтирдик уйда йўқ нарсани,

Биламиз, хурсанддир ота-онамиз,

Биламиз, эртага яна борамиз.

Додонни сўраяпсизми?

Бу унинг лақаби эди.

Йўқ эди лақабсиз боланинг ўзи ҳам,

Бирови «Маймун», бирови «Шалғам»,

Бирови «Антенна», бири эса «Туз»,

Энг даҳшатлиси меники эди –

«Коммунист»…

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак

Рассом Туз

Тағин ўқинг
5 сентябр 2016
Каримов ўлими ундан касал ва заиф бир жамият ва уни шу аҳволга солган режим яшашда давом этаётганини намойиш қилди. ...
28 май 2019
Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти хоразмлик шоир ва журналист 56 яшар Маҳмуд Ражабга нисбатан диний экстремизмни тарғиб қилувчи материаллар ...
26 январ 2017
Ўзбекистонда Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда табиий газ ва электр энергияси таъминоти абгор аҳволда экани шу вақтгача ҳаммага маълум ...
16 октябр 2023
Россия қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон орқали санкцияларни четлаб ўтаётгани, Украинага қарши ишлатилётган қурол аслаҳаларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган деталлар топилгани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...