Асосий мавзулар
19 феврал 2021

РТдан ваъз: Қарғиш олманг, олқиш олинг, Шавкат Миромонович!

Бу мушук миёвлашни билмайди

Чунки миёвлашни

унга ҳеч ким ўргатмаган.

У ҳурриллайди, холос.

Бу мушук ҳар тонг

Балкондан туриб

Ўтаётган инсонларнинг

Устига

Тупуришни

Суюкли машғулоти билган

Эгасининг

Қўйнида сокин ухлашни

Одат қилган.

Яна

Томма-том кезишни

Ва кундузи доҳийси шарафига

Шеър ўқиб

Тунда бўкириб йиғлаган

Шоирнинг

Бўкиб ичишин

Яна

боласини эмизиш учун

Танасини сотаётган фоҳишанинг

Тасбеҳ ўгиришин

Ва масжид ўнгида

Намозхонлар ҳужжатин текшираётган

Миршабнинг йиғлашин

Кузатишни

Одат қилган.

Чунки

Кўзни ўйиш

Бошланган

Ғар замонларда

Бу мушукнинг

кўзлари юмуқ эди…

(Сирожиддин Ислом шеъри)

Ваъзимни журналист дўстим Сирожиддин Исломнинг миёвлашни билмаган мушук ҳақидаги шеъри билан бекор бошламадим. Негалигини ваъз сўнггида тушуниб оласиз.

Аввалига қисқа хабарларга ўтсам:

1998 йили Каримов фармони билан мармар ва ғиштдан Имом Бухорий зиëратгоҳи ташкил қилинган эди. Энди бу кошона  давлат пулига бузиб қайтадан қурилар экан. Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш бўйича янги лойиҳасига кўра, мақбара яқинида 8 минг ўринли масжид бунёд этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мажмуа атрофида тўртта улкан минора, ички ҳамда ташқи айвонлар барпо этилади.

“Mendirman”нинг пачағи чиқди

“Мақтанчоқ қиз ўз тўйида ўсирибди”, деб бекорга айтмайди доно халқимиз.

Ўтган йилдан бери ўзбек амалдорлари мақтаб келаётган “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалининг премьера куниёқ пачағи чиқди.

Бир неча эпизодларда мўғил аскарларининг ёнида жинсидан тикилган калта иштонларда, кроссовкаларда юрган тасвирчилар кўриниб қолди.

Ўзбекистоннинг фаровонлиги, мусаффо осмони ва узун лағмонини кўролмайдиган ватанфуруш, ватангадолар дарров танқид қилишга тушишди.

Фильм ҳомийларигина фильм ҳимоясига чиқди. Қолганлар томошабинликка ўтиб олишди. Бизникиларга катта фильмларга йўл бўлсин! Юраверишсин хонтахта фильмларни олиб.

Aлламжонов алломаларга ташланди

Бузуқ соат ҳам кунда икки марта вақтни тўғри кўрсатади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-фувватлаш фонди раҳбарларидан бири Комил Алламжонов: “Алломаларимиз билан керилиб, шеър тўқиб юраверсак, биримиз икки бўлмайди”, деди.

Бу гапи билан псевдоинтеллектуал Навоий ва Бобур хотирасига шеърхонлик қилган ватандошларимиз устидан кулди.

Унинг айтишича, бундай шеърхонлик кечалари ўрнига зудлик билан илм-фанни ривожлантириш керак.

“Шунга эришиш керакки, биздан олдингилар биздан рози, кейингилар эса фахрланишсин”, деди К.Алламжонов.

Ўзбекистоннинг энг порахўр кишиларидан бири Ботир Парпиев ва унинг жаллод қудаси Рустам Иноятовнинг норасмий чўнтаги, охирги 10 йилликдаги мамлакатнинг илғор монополистларидан бири Комил Алламжонов тўғри гапирди.

Фақат баъзи аммо-лекинлар бор!

Биздан олдингилар Алламжоновнинг қайси ишидан рози бўларди?

“Автотест” деган монополист курслар очиб, барча давлат идоралари ҳайдовчиларини шу ерда ўқишга мажбурлаганига Навоий рози бўлардими ёки Бобур?

Ёки ўзининг “Солиқ Инфо” деган газетасига бутун Ўзбекистон солиқчилари, тадбиркорлари ва фермерларини шантаж йўли билан обуна қилиб, бойигани учун Алламжоновдан имом Бухорий рози бўлармиди?

Шунисини аниқки, фарзандларига катта мерос қолдиргани учун Алламжоновдан унинг фарзандлари рози бўлишади ва фахрланишади, холос. Агар мерос учун урпичоқ бўлишмаса, албатта!

Зулфиячи – киллер

Зулфиячи қизлар Ўзбекистоннинг бошига битган бало бўлди. Улардан киллер чиқиши кимнинг ҳаёлига келибди, дейсиз.

Аввалига бир зулфиячи Ўзбекистон телевидениесида ўрнашиб қолиш учун каттароқ бир одамга иккинчи хотин сифатида тегиб олгани элга ошкор бўлган эди.

Лекин орзулари ушалмади полапоннинг: Бой ота набираси тенги зулфиячининг телевизорда чиқишига қаршилик билдириб, уйига қамаб қўйган.

Кейин Хоразмдан чиққан бир зулфиячи “Биз билгандик, биз кутгандик” деб, бу мукофот совриндорларининг аксарияти маддоҳлар эканини кўрсатиб берган эди.

Сўнгра хоразмлик ўша тўтиқуш Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг пинжига кириш учун сўконғич безорига: “Мени қиз қилиб олинг!” деган эди.

Эл-юрт: “Зулфиячилар тинчиб кетишди, Худога шукр”, деб турувди ҳамки, ўтган ҳафтада ёш ва тили бурро “момо”лар ичидан қотил ҳам чиқди.

2020 йил май ойида зулфиячи Севара Абдулҳакимова икки эркак таниши билан тил бириктириб, 31 яшар бир тадбиркорни Юнусободда бўлаклаб, Қўйлиқдаги бир ҳовлига кўмган экан.

Тадбиркор – гўрда, зулфиячи – қамоқда!

Ҳалиманинг ҳалимлиги

Тошкентдаги “Мовий гумбазлар” ресторани ҳамда унинг атрофидаги боғ ҳимоячилари ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги дуэлдан кейин Жоҳа Акфамен сўконғич қизиқчи Ҳалимани ёрдамга чақирди.

Ҳокимни ҳимоя қилиб чиққан Ҳалимахон қарши тарафни ҳалимликка чақириб:

“Дарахтларни кесиб турмаса, мошиналарнинг устига йиқилиб, пачағ қилади. Шаҳар ҳокимини ҳам тўғри тушунишга ҳаракат қилайлик”, деди.

Жоҳа братнинг вкусига беш кетмадим, ома-лекин.

Ёрдамга, пиарга муҳтож экансан, бир ҳурматлироғини, зиёлироғини, бор ана, кетворганини чақирмайсанми?!

Ҳоким ҳимоясига чиқарган видеосида Ҳалима қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган фариштасифат бир жонзотдек кўринишга ҳаракат қилгани билан орадан бир неча кун ўтиб, аслига қайтгандай бўлди.

Биринчи дуэлда Ҳалимахон Жоҳа Акфаменни ҳимоя қилган бўлса, иккинчи дуэлда ўз шаънини ҳимоя қилди.

130 килолик собиқ машҳур валютафуруш 63 килолик Аҳад Қаюмга атака қилиб, сохта шоирни калтаклашга ҳаракат қилди.

Иккинчи дуэлда Ҳалиманинг оғзидан чиққан сўкинишларни эшитиб, энг сўконғич вазиру ҳокимлар ҳам габаритли хонимга ҳавас қилган бўлса ажаб эмас.

Ана шу дуэлда Аҳад Қаюм умрида урушиб кўрмаган йигитнинг гули экани ҳам ойдинлашди.

Устига бостириб келаётган қизиқчига шоир бир икки-марта силтаб қўйди, холос.

Сурнай кимники, Алишербой?

Ўтган ҳафтада “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартиришлар киритиб, тинч намойишлар, пикетлар ва митингларга чақирганлик учун жиноий жазо белгилашни таклиф қилди.

Унинг фикрича, бундай чақириқлар оммавий тартибсизликларга олиб келиши мумкин.

Ўзбек амалдорлари ичида: “Ўзбек халқи демократияга тайёр эмас”, дейдиганлар ҳали ҳам кўп.

Ваҳоланки, халқимиз демократияга тайёрлигини 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошидаёқ исботлаб бўлган.

Ўша пайтдаги митинглар бирон-бир жанжалсиз, урушсиз ва можаросиз ўтган. Бунга тарих гувоҳ.

Аслида “Ўзбеклар демократияга тайёр эмас”, деган амалдорларнинг ўзлари демократияга тайёр эмас.

Шундайлардан бири “Миллий ҳезалаклаштириш” партияси раҳбари Алишер Қодировдир. Бу жаноб конституцияда белгилаб қўйилган митинглар ўтказиш эркинлигини бўғишни, тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Ўзбек қутурган ит эмаски, митингга чиқиб тартибсизлик қилса?!

Қўлингдаги сурнайни ўзинг эмас, бошқа чалаётганини ҳамма билиб турибди. Партиянинг номини ўзгартир. «Миллий тикланиш» деган сўз сенга шолпиллаб қолди. Миллий импотенция десак ярашади.

РТдан ваъз: Қарғиш олманг, олқиш олинг Шавкат Миромонович!

Бугун диванда шифтга қараб ётиб, хаёлан президент Мирзиёевга мурожаат тайёрладим.

Кейин қоғозга туширдим. Мактубни йўллаш ниятим йўқ. Чунки бепул маслаҳат берувчилар кўп Шўкат аканинг атрофида. Аммо мурожаатни сизга ўқиб эшиттираман.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Тошкентдан келаётган хабарларга қараганда, ўрисқулларнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришга шошилмаётган экансиз.

Шу сабаб Кремлнинг катта босими остида қолаётган экансиз.

Агар шу гаплар рост бўлса, биз Сиз тарафдамиз, жаноб президент!

Асло иккиланманг, Кремлдагилардан асло қўрқманг, Ўзбекистонни бу иттифоққа олиб кирманг!

Шу йўлда биз, ўзбеклар уйингизни ҳам, иш жойингизни ҳам, оилангизни ҳам етти эмас, етмиш ҳалқа бўлиб, туну кунлик навбатлар билан ҳимоя қилишга ваъда берамиз.

Туркия халқи Ражаб Тойиб Эрдўғонни қуролли ФЕТОчилардан қандай ҳимоя қилган эди?

Ўзбекистон мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида сиз халқ учун бир қадам отсангиз, биз сиз учун уч қадам отамиз. Сизни асло яккалатиб қўймаймиз!

Аммо Ўзбекистонни бу иттифоққа олиб кирсангиз, бугунги ва кейинги авлодлар нафақат сизни, балки авлод-аждодларингизни ҳам лаънатлаб ўтади.

Чунки бу иттифоқ Россия иқтисодидан бошқа барча миллий иқтисодларни емиришга мўлжаллангандир.

Унга кирсак, маҳсулотларимизни “Мейд ин Узбекистан” деган тамға билан эмас, “Мейд ин ЕвраЗес” деган тамға билан экспорт қилишимизга, миллийлигимиздан маҳрум бўлишимизга тўғри келади.

Агар экспорт қила олсак.

Чунки бу иттифоқ шартномаси фақат рус маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжаллангандир.

Чунки иттифоққа киргач, Қирғизистонда кичик ва ўрта бизнес ўлди, йирик компаниялар эса Россия ширкатларининг ихтиёрига ўтди.

Чунки бу иттифоққа киргач, Қозоғистондаги ғаллачилик, чорвачилик, ҳарбий, озиқ-овқат саноатлари, нефтгаз каби энг даромадли соҳалар рус олигархларининг қўлига ўтиб кетди.

Мамлакатда импорт улуши экспорт улушидан икки баравар ошди.

Бундан ташқари, Россия ўз иттифоқдоши Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларига даъво қила бошлади.

Бу иттифоққа киргач, Беларус бошқа давлатлардан, ҳаттоки иттифоқдош Қозоғистондан нефть сотиб ололмай қолди.

Чунки Кремль қозоқ нефтини Беларусга ўтказмаяпти.

Ўзбекистон иқтисоди ҳам шу аҳволга тушишини истайсизми? Эшитишимизча, истамайсиз.

Лекин эшитишимизча, бу борада ҳукуматингизда бўлинишлар бор.

Шавкат Мирмонович!

Ўзингизни қўлга олинг!

Ҳатто кичкинагина Тожикистоннинг ташқи ишлар вазири ҳам куни кеча: “Тожикистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмайди!” деб очиқ айтди. Сиз бошқараётган ўзбек ҳукуматининг жасорати Имомали Раҳмон бошқараётган Тожикистон ҳукуматининг жасоратичалик йўқми? 

Нега тожикнинг тиззасини қалтирата олмаётган Кремль ўзбекнинг юрагига ғулғула солиши керак?

Бу масалада ҳукуматингиз сизни дастаклашдан қўрқаётган бўлса, халқимизга таянинг!

Унга суянинг!

Мустақиллик йўлида халқимиз, айниқса, унинг зиёли ва ёш қисми сизни иккиланмай қўллайди ва ҳимоя ҳам қилади.

Қарғиш олманг, олқиш олинг, Шавкат Миромонович! 

Диалог

– Рассом Туз санмисан

– Ҳа

– Нега мен ëзган коментни ўчириб ташадинг. Ëқмадими?

– Ментларнинг асоссиз тарафи олинган коммент бўганига ўчирдим.

– Органда ишлайдиганни ҳаммаси ҳам мент эмас. Масалан, мен оддий следакман, лекин ўлигимни ташамайман системани устига. Ўзимнинг мошинамда юраман. Бензинни ҳам ўзим қуяман. Ойлигим оз деб левий профилдан «Элтуз»га ëзмайман. Ўзимга тўқман. Лекин ҳеч кимни қақшатиб пулини тортиб омаганман. Бензинни ҳам укамнинг колонкасида қуйволаман.

– Милисанинг ойлиги билан Ўрикзорда учаска қуриб, «Малибу» олдизми?

– Ойликка олмадим. Буни тан оламан. Мана қара, ука. Менинг ҳудудимда жиноят содир бўлди. Ўша кругдаги гумонланувчилар вақтинча ҳибсга олинади, 72 соатга. Жиноятчи эса битта. Яқинлари келиб қўйворинг, деб турволишади. Мен 10 та асосий гумонланувчини ҳибсда қолдириб, қолганини уйига қўйвораман. Тилхат эҳтиëт чораси билан. Ўшаларнинг бақувват она*отаси келиб, «ока, рози қилуйлик», дейишади. Мен бензоколонкаси бор укамнинг визиткасини бераман. Бориб ўзлиги гаплашиб атаганини бериб кетади. Все. Мен ҳеч кимнинг пешанасига пистолет тираб уйингни сот, мошинангни сот, деб турволмайман. Битта камбағал почкамни сотиб бўлса ҳам боламни терговдан қутқариб оламан деса, мен бунга рози эмасман. Одамман мен. Мусор эмасман. Ўша сани қариндошинг Бобожонов бизга ëт. Прокуратурадан кеган у. Органдаги кадровий костяк уни тан омийди. Бобожонов оддий милисани қадрламийди. Ичини билмийди. Зокир акамгила ҳаммани танирди. Бола- чақасигача. Майлин укам. Мени чақиришвотти. Разводга бормасам ёмон қилишади. Кейин яна гаплашамиз.

– Қисқа гудоклар. Тут . Тут.

Эллочканинг луғати

Ўзбекистон аҳолиси умумий базавий саводи йўқ ва умуман саводи йўқларга бўлинади. Умумий базавий савод дегани 10гача санаш¸ алифбони ва баъзи физика қоидаларини билиш демакдир.

Бугун ютубга юклаган видеомизга «Бир соатлик халифа» деб ном қўйдик. Бир беш юзтача ўзбек фуқаро «ислом халифасига тил теккизма, гандон, ебан», деб ëзибди.

Демак, бугунги дарсимиз «Бир соатлик халифа» (Калиф на час) деган фразеология ҳақида. Бу сўз тасодифан ва ўта қисқа муддатга раҳбарлик лавозимига ўтирган шахс учун ишлатилади. Қанотли ибора бу. Мақол десаям бўлади, лекин аския эмас.

Бу ибора аслида қадимий ривоятга асосланган. Хорун ар-Рашид ўз ўрнини вақтинча бошқасига бўшатиб бергани ҳақидаги эртак. Ëши катта ва ўқиган авлод «Бир соатлик халифа» деган китобни ўқиган ë шундай китоб борлигидан ҳабардор.

Бугунги Ўзбекистондаги миллионларнинг мияси чўпчак ва нафрат билан тўла. Аммо у ерда асло илм¸ фаҳм ва фаросат йўқ. Олдин айтганимдек, Илья Ильф ва Евгений Петровнинг «12 стул» романи қаҳрамони Эллочка-одамхўрнинг луғати 30 сўздан иборат бўлса,  оддий чўпчакхўр ўзбек луғати 15 сўзга ҳам бормайди.

Бу сўзларнинг ярмини ўзиям тушунмайди. Масалан, ўша мўмин ë мўмина энг кўп ишлатадиган «зайбал» сўзининг маъносиниям тушунмайди. Бу биомасса эртага бугундан ҳам баттар саводсиз бўлади ва охирида икки кўзли, оғзи бор, аммо тили йўқ, еб-ичиб туалетга борадиғон махлуққа айланади.

Баъзилари айланиб ҳам бўлди. Изоҳ қолдиришдан олдин мактабда 8 йил ўқиб, эга нима, кесим нима, эргашган қўшма гап нималигини билиб олинг.

Ом қонуни ва пуанкаре гипотезасини билмасангиз, кечираман.

ДXX ҳақида афсона

Ваъзимда доимо афсона бўлади. Бу гал воқеликка яқин, аммо унчалигам ҳақиқат бўлмаган, бир оз уйдирма, аммо замири ҳақиқат, афсонанамо ҳажвия ёздим.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига топширишини 28 январь куни видеоселекторда эълон қилди.

Бунинг ортидан ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси зобитлари хўроз уриштираëтганларни ушлашга сафарбар қилингани тармоқда ҳажв қилинди.

Демак, ана шундай ҳажвлардан бири камина қаламига оид:

Кўринмас қаҳрамон

Самарқандлик ДХХ зобити эрта билан ўрнидан туриб, ҳарбий кийимларини кийди. Қуролни кобурага солиб, ухлаб ëтган ўғлининг пешанасидан ўпди.

Кўзида ёш айланди, йиғлаб юбормаслик учун ютунди. Хотини нон олиб чиқиб тишлатди. Онаси бўлса, йиғисини зўрға ушлаб: “Ой бориб омон кел, болам. Шаҳид бўлсанг, шу ватан учун розиман,” деди

ДХХ зобити.

У 21-асрдаги энг даҳшатли жиноятни фош қилиш учун сафарбар қилинган ўнлаб ДХХ ходимларидан бири, балки энг жасоратлиси эди.

Уларга қўшилиб, Самарқанд шаҳри ИИБ ходимлари, Самарқанд вилояти ИИБ тезкор отряди ва Каттақўрғон шаҳри ИИБ ходимлари ҳам ўлимга тик боқиб, киприк қоқмай, ватанимизга таҳдид солаëтган жиноятчиларни зарарсизлантириш ва имкони бўлса, ушлаш операциясига шаҳдам қадамлар билан кетишди. Оналар дуо қилди. Келинлар рўмолчасига лабини принт қилиб беришди.

Ўлсанг ватан учун шаҳид, ўлдирсанг ғозий бўладиган мужодала. Душман эса маккор. Лекин ўзбек зобитлари қалбида президентга содоқат ва одалатга ишонч бор.

Тадбирни осмондан туриб дронлар ҳам кузатди. Оғир кечган тадбир сўнггида душман қўлга олинди. Хавфли жиноятчилар энди Каттақўрғонга таҳдид сола олмайди. Тинч ухла, Ватан. Содиқ ўғлонларинг сенинг осойишталигингни қўрийди.

Энди жиноятчилар ҳақида айтсам: уч самарқандлик хўроз уриштириш каби мудҳиш жиноятга қўл урган эди. Аммо ўзаро тил бириктирган жиноятчилар ўзларининг ғаразли ва манфур мақсадларини амалга ошира олмадилар.

Жиноятчилар қамағда. Хўрозлар эса катакда. ДХХ ходими пистолетини кобурага солиб, чуқур, аммо хотиржам нафас олди.

Бошлиққа честь бериб, уйига йўл олди. Уйида ўғилчаси ухлаб ëтарди. Уни кутиб ўтирган хотини бағрига отилди. Лаблар лабларга туташди. “Қаҳрамонимсиз”, деди аёли. “Ватан учун жоним фидо,” деди зобит. Овози хириллаб чиқди. Кўзига ёш келди.

Радиодан “Серқуëш, ҳур ўлкам” деган қўшиқ янграрди чунки.

Қўлини кўксига қўйди. Хотини ҳам. Узоқларда итларнинг вовуллаши эшитилиб турарди. Хонаси тўрида марҳум президентнинг портрети осиғлиқ турарди. Зобит портретни рўмолчаси билан артди. “Қалбимдасиз, Юртбошим”, деди. Чалқанча ой деразадан уялиб термуларди.

Йигитни яна бир оғир кун кутаётганди.

Жахонгир Ортиқхўжаевнинг рус тилига муносабатини патриотлар олқишлашди. Шошманг. Путин ва Кремль сиëсати ëмон. Уларни устига тош ëғсин. Аммо тил – бу муомала воситаси. Рус тили ҳам бойлик. Рус тили фақат Россия ва ўрисларнинг тили деб қараш унчалик тўғри эмас. Рус тили Ўзбекистоннинг ҳам бойлиги.

Жазоирлик романист ëзувчи Катеб Ясин (Муҳаммад Хеллутий) бу борада чиройли фикр айтган. «Француз тили бизнинг ҳарбий трофей, яъни ўлжамиз», деган. Шу фикрни мен ҳам айтаман.

Агар устимизга душман бостириб келса ва биз уни қувиб солганимизда тўп ва замбаракларини қолдириб қочишса, бу тўп, замбараклар ҳарбий ўлжа бўлади. Бу ўлжа қуролларни бемалол миллатимиз мудофааси учун ишлатаверамиз. Тил ҳам шундай. Биз бу тил ëрдамида ўрисларга қараб «ты кто такой, давай, до свидания», деймиз.

Сўзимни ëқимли яратиқ – мушук ҳақидаги шеър билан бошловдим.  Энди эса ҳашарот ҳақидаги шеър билан якунласам.

ЧУМОЛИ ҲАҚИДА НУТҚ

«Меҳнаткаш» деб олганинг унвон,

Шоирларнинг ғариб хаёли.

Менинг эса, азалдан аён,

Нафратим бор сенга, чумоли.

Ғивирлайсан. Терга ботасан.

Тирикчилик солар не кўйга.

Нима кўрсанг, уйга тортасан –

Уйга… Уйга… Қоронғу уйга.

Бошинг узра баҳор қуёши,

Таратади бир ипак зиё.

Ҳашаротлар ичра сен – тоши

Баҳорга ҳам боқмайсан қиё.

Уйга… Уйга! Тинмайсан бирпас,

Югурасан… Сенингча, юҳо,

Оғиз қалбни айтиш учунмас,

Овқат учун яралган гўё.

Уйга… Уйга! Жавдирар кўзинг,

Уйингда-ку чириб ётар дон.

Хаёлингда ўзинг, бир ўзинг,

Ютмоқчисан дунёни тамом.

«А» дедингми, токи «Ҳ»гача,

Очиқ айтмоқ замони етди.

Биз ҳаммани таниб бўлгунча,

Чумолилар кўпайиб кетди.

Чорсуни-ку қўйинг (у – бозор,

Ўйнар савдо ашуласига).

Чумолилар бормоқда қатор,

Идоралар машинасида.

Оғринишар – «чумоли» деманг.

(Ҳатто шоир бўлсанг ҳам жим тур!)

Ғазаб билан улар солса чанг,

«Қарс» синади ҳақиқат қурғур.

Пештахтага бири ёнбошлаб,

Бошчасини қувноқ қашийди.

Бири эса гул каби яшнаб,

Фарзандига диплом ташийди.

Бири бизнинг ишхонамизда,

Ерга жами оёғин тираб

Мансабини тортгани-тортган,

Зўриққандан шўрлик қалтираб.

Бири эса: «Пахтакор халқим,

Тасанно» деб тўлдирар шеърин.

Унга халқи керакмас, балки

Бир орденми, мукофот беринг.

Ўраб олди махлуқлар чиндан,

Бузиб орнинг чегарасини.

Ҳатто она Ҳуррият қилган,

Васиятлар тегарасини.

Ҳаммасини топиб келиб, энг

Олий жазо бермоқ хаёлим…

Ўйлаб қолдим – шеър ўлдирар кенг,

Мана, ёздим: «Сизлар – чумоли!…»

Тугаяпти шеърим. Кетаман.

Узр, жоним бўғзимга етди.

Чумолини ўйлаб туринг. Мен

Ниначини кўргани кетдим.

Усмон Азим

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
17 май 2023
Банкдаги пулни ўмарган, 9 миллиард 208 миллион 862 минг сўмни  ВонXBet ўйинига тикиб юбориб ютқазган Нукусдаги банк ходими 8 йилга ...
2 октябр 2018
Таниқли ўзбек шоираси 59 ёшли Зулфия Мўминова республика ТВси орқали ўқиб берган янги шеърида болани «дунёлардан бехабар оқ каптар»га, ...
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб ...
15 май 2019
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси «Элтуз»да чоп этилган “Тинтув қилинган Маҳмуд Ражабнинг уйидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...