Асосий мавзулар
13 август 2021

РТдан ваъз: Агар Германия Ўзбекистонга айланса…

Азизлар, мана, ҳафта айланиб сиз билан яна бетма-бет, юзма-юзман. Менинг гапларимга тоқат қилаётганингиз шоён таҳсинга лойиқ. Тоқатсиз жамият улар назарида “хато” китобни ёқади. Кейин китобни ёзган ëзувчи ëқилади. 

Сўнгра бу китобни ўқиган ўқувчини ëқишади. Шу боис, тоқатли бўлайлик. Балконда севишаётганлар, ўз завжаи ҳалолининг авратини беркитаётганларга ҳам. Шу билан бирга, мени Каримов давридан мерос сукунат чарчатади…   

Мен сенинг номингни айтиб чақирдим. 

Менга жавоб қилди кенг бир сукунат, 

(Фароғат Камолова) 

Бу сукунат мансублари мамлакатдан кетсам дея орзу қилишади. Хўш, барча ўзбеклар Германияга, немислар эса Ўзбекистонга кўчса нима бўлади? Германия Ўзбекистонга, Ўзбекистон эса Германияга айланади.

Хабарлар 

Халқаро математика мусобақасида ўзбекистонлик талабалар 15 та медаль олди. Улардан 5 таси олтин. Аммо уларга қимматбаҳо совғалар берилмади. Бизда фақат қафас ичида муштлашадиганларни шунақа қадрлашадими? 

Ҳабибнинг сассиқ футболкасини 100 минг долларга сотиб олса, унга олтин ҳайкал қилинса. 

+++

Хориждаги ўзбекистонликлар учун 49 та давлатда стационар ва кўчма сайлов пунктлари ташкил этилади. Бу ҳақда 11 август куни Марказий сайлов комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинди. Айни пайтда “Эрк” партияси президент сайловини бойкот қилишга чақирмоқда. 

+++

Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа тумани прокурори Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ноқонуний равишда ўз уйида ишлатгани тўғрисидаги хабар тарқалди. Айтилишича, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари иш вақтида прокурорнинг ҳовлисида “ўз ихтиёри” билан ишлаган, уларга ажратилган иш ҳақи давлат корхонаси ҳисобидан тўланган. 

Жаноб прокурор мард бўлиб ўзгалар меҳнатидан фойдаланибди, иш ҳақини ҳам бюджетдан эмас, ўз ҳисобидан тўласин-да эди. 

Кўпчилик коррупция деганда порахўрлик, ноқонуний пул олди-бердисини тушунади. Лекин бу иллат шохдор бўлиб, мансабини суиистеъмол қилишнинг ҳар қандай тури коррупцияга мисол бўла олади. 

Қўрғонтепадаги ҳолат ҳам коррупциянинг ўзгинасидир. Мазкур вазиятда коррупцион ҳолатга “ҳашар” ниқоби кийгизилиб, икки карра жиноятга қўл урилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ижтимоий тармоқлар орқали гўёки “норасмий баёнот” бериб, ички ишлар ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилган мақтул фуқароларни оғзаки равишда таҳқирлагани – ҳақоратлагани расмию норасмий матбуотда, шунингдек, ўзаро муҳокамаларда кескин қоралашларга ҳамда қаттиқ норозиликларга сабаб бўлди.

Мазкур муносабат билан “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга нисбатан чора кўрилди”. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди. Вазир ўринбосарига кўра, матбуот котиби номақбул сўзлари учун шахсан ИИВ раҳбари Пўлат Бобожоновдан дакки эшитган. 

+++

Тошкентда ўқитувчи икки дўсти билан 15 ёшли ўқувчисини зўрлаган. 8-синф ўқувчисига нисбатан жисмоний тарбия ўқитувчиси, 30 ёшли Анвар Х., кейинчалик унинг икки таниши – Мансуржон М. ва Боймуҳаммедов Г. томонидан жинсий тажовуз қилинган. 

Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, ўқитувчига нисбатан ЖКнинг 128-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этганлик айби қўйилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Унинг икки шериги аввал терговдан яширинган, кейинчалик ушбу шахслар ҳам қўлга олиниб, жиноят ишига жалб қилинган. 

+++

Хабар беришларича, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг учта жияни 20 июль куни кечқурун онаси Қурбонби Раҳмонованинг вафотидан сўнг юқори мартабали шифокорлар, жумладан, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирини ўласи қилиб тепкилашган. Зўравонлик оқибатида вазир Жамолиддин Абдуллозода ва президент ижро этувчи аппарати ҳузуридаги тиббий марказ директори Холмуҳаммад Раҳимзода “оғир жароҳат олишди”. Вазирнинг бурни синган. 

Расмийлар ушбу воқеа тўғрисида расмий изоҳ беришмаётир, аммо Ички ишлар вазирлигидаги манбалар бу хабарни аноним равишда тасдиқлашди. Шунақа, президент яқинларининг жони қимматлироқ бўлади. Ўлса ўлдиришади… 

Сенинг жонинг ширин-у, халқнинг жони ширин эмасми, дейдиган бирорта мард йўқ.

+++

Маршал Абдурашид Дўстум “Толибон” билан жанг қилиш учун Кобулдан Балхга учиб келди.

Толиблар кейинги уч кунда Шимолий Афғонистондаги учта йирик шаҳарни – Шибирғон, Қундуз ва Сарипулни қўлга киритган. Маршал Дўстумнинг истеҳкоми ва туғилган шаҳри бўлган Шибирғоннинг қўлдан кетиши, таъбир жоиз бўлса, худди Сталинграднинг қулагани кабидир. 

Кеча тунда ва бугун тонгдан толиблар шимолдаги энг йирик шаҳар – Мозори Шарифга ҳужумга тайёргарлик кўра бошлаганлар. Уларнинг ўзига ишончи шунчаликки, шаҳарга бўладиган ҳужумни олдиндан анонс қилишмоқда. Ҳукумат қўшинлари фақат чекинмоқда, толиблар уларнинг қайта жамланишига ва позицион ҳимояни ташкил этишига йўл бераётгани йўқ. 

Рассом Тузга мактуб 

Ака, давлатимиздаги тез ёрдам масаласини кўтаришингизни илтимос қиламан.  Чунки ҳозир тез ёрдам Call-марказлари ҳар битта вилоятга битта бўлиб қолган.  Бундан халқ жуда катта азият чекяпти. Вилоятнинг бир чеккасидаги қишлоқ фуқароси касал бўлиб ёрдам чақирса, қўнғироқ вилоятга тушади, оператор у қишлоқнинг қаердалигиниям билмайди, камида 10 минут маълумот сўрайди.  

Хуллас бемор – вилоятга, вилоят – туман марказига, туман маркази – қишлоқ ҚВПсига телефон қилади. Кейин маълумот тўғри келмай қолади, чунки қишлоқ одами барибир манзил беришда чалғийди-да…  Оқибатта энг камида 1 соатда келади ёки умуман келмайди. 

Энг қисқа эртак

Қадим замонда бир султон ўз мамлакати бойлигини фақат ўз оиласи учун олтин чиқадиган “қайнар хумча” қилиб олди. Халқнинг ризқини эса “очил дастурхон” қилди. Норози ва тили узунларни уришни “ур тўқмоқ”қа топширди. Бу формула асосида камида 30 йил еб-ичиб, мурод-мақсадига етибди. 

Эртак ҳам аслида адабиётниннг ибтидоий тури.

Адабиëт надир?

(Рассом Тузнинг адабиëт ҳақидаги тушунчаси) 

Эсимни таниганимда, адабиëт мактабдаги дарс эди. Бу дарсни ўриндошлик асосида дўконда қоровул бўлиб ишлайдиган адабиëт муаллими ўқитарди. У киши адабиëтдан кўра яқинда болалаган итининг кўзи очилмаган кучуклари ҳақида таъсирлироқ гапирарди. 

Мен дарсдан қочган пайтимда папкамни омонат қилиб қолдирганим мактаб қоровули эса Орифжонов босмахонасида тошбосма усулда 1913 йилда босилган “Афанди латифалари” ва “Жангномаий Або Муслим”ни ўқирди. 

Ўзбек жамияти мадраса ва унинг ичидаги икки асосий предметдан бири бўлган адабиëтга яқин турган доимо. Бу тўплим (афкор омма) кўрилувчи санъат (ҳайкал, картина, графика, перформанс, инсталяция, пантомимо, балет,¸кино) тилини тушунмайди. Эшитилувчи санъат (симфоник оркестр, опера, пианино, скрипка, виолончель)ни ҳис қилмайди. 

Сиз айтишингиз мумкин, куй, қўшиқни яхши кўради, деб. Аслида бу жамият мусиқа деб айтадиган нарса ҳам адабиëт. Шеърларнинг мусиқа фонида бадиий ўқилиши, холос. Бу ерда, асосан, адабиëт доминант. Кино ва театрда ҳам шу. Асосан адабиëт (унинг заиф ва нотавон адабиëтлиги эса бошқа мавзу). 

19-асрдаги Хивада 100 та мадраса бўлса, 100 тасида ҳам фақат дин ва адабиëт ўқитилган.

Бу адабиëт, асосан, диний догмаларнинг бадиий иллюстрацияси ва импровизациясидан иборат. Дидактикага асосланган сўз ўйини. Совет давридаги адабиëт эса мутлақо совет мафкураси тарғиботчиси эди. Мустақилликдан кейин “Адабиëт ўлди”. 

Аммо бир трактор тепаликка чиқиб, мотори ўчиб қолса, инерция билан пастга қараб ўчган мотор билан ҳам юрганидек, бу “ўлик адабиëт” ҳам “юришда” давом этди. Яхшиям ғилдираги бор. 

Бу кириш сўзини ëзганим боиси, биз адабиëт деб ўйлаганимиз воқеликни мен қандай кўришимни билишингиз учундир. 

Ғарбда бу соҳанинг номи лотинча literatura — ҳарфлар билан ëзилган деган мазмунда. lit сўзи ҳарф дегани. Бизда эса бу “адаб” деган сўзга асосланган. Яъни “одобнома” десак бўлади. 

Бу тарздаги адабиëтнинг классик намунаси “Қобуснома”дир. 1082 йилда ëзилган. Бу “адабиëт” Кайкобус тарафидан миллат ëки халққа атаб эмас, Ғилоншоҳдай ҳукмдорга атаб ëзилган. 

“Эй фарзанд, қул сотиб олсанг, унинг тишларини текшириб ол”, “Эй фарзанд, хотин билан через день секс қилғил” форматидаги панд-насиҳатлар тўплами. Шу маънода орадан 1000 йил ўтиб ҳам бу адабиëт деярли ўзгармай турибди. 

Асосий гапга ўтсам. Адабиëт надир? 

1. Адабиëт – бу санъатдир. 

2. Адабиëт – бу кўзқарашдир (жамиятдаги энг етишкин, илғор, ойдин ва закий ватандошнинг айни жамиятни танқидий элаштиришидир). 

3 Адабиëт – бу кўзгудир (ёзувчи ирония, танқидий тафаккур, фалсафий таҳлил¸ муҳимни номуҳимдан ажратиб, асл муаммони бўрттириб кўрсатиш, сарказм, ҳажв воситаларидан фойдаланиб жамият юзига кўзгу тутади). 

4. Адабиëт – бу жамият савияси ҳақидаги сигналдир, тарбиячидир (ёзувчи ўзи кўтарилган савия чўққисидан туриб ëзади, жамият эса бу фикрий чўққига тенглашиш учун тиришиш асносида “тарбияланиб қолади”). 

5. Адабиëт – бу жамиятга билги берувчи қомусдир (масалан, “Уруш ва тинчлик” романи орқали биз Биринчи жаҳон уруши ҳақида батафсил билги оламиз)ю Бу хусусиятларни мен Хемингуэй, Сартр, Золя, Булгаков, Кафка, Толстой, Жек Лондон, Ахматова, Сергей Довлатов ва Орхон Помуқ асарларида топганман (рўйхат сал узунроқ аслида). 

Бу умуман адабиëт ҳақидаги тушунчам. Ўзбек совет адабиëти деб аталмиш воқелик бор (1991 йилдан кейин ўша ўзбек совет адабиëти, юқорида айтганим, инерция билан пастга қараб қулаб боргани учун мустақиллик даври адабиëти дейишга тилим бормайди). 

Ўзбек совет адабиëти Фитрат ва Қодирий мисолида мен айтган адабиëт воситаларининг дадил тажрибасини бошлади. Аммо 1937 йили бу тажрибага нуқта қўйилди. Қаҳҳор эса шу эстетик тажрибадан совет жамиятини улуғлаш учун профессионал савияда фойдаланди. 

Кейин эса узун бир бўшлиқни худди бугунги каби саводсиз графоманлар “ëзмишлари” тўлдирди. Сталинизмни қоралаган ХХ қурултойдан кейин советлар бирлигидаги ëзувчиларда “адабиëт яратишга истак” туғилди. 

Асқад Мухтор, Одил Ëқубов, Пиримқул Қодиров ўша музлар эриши деганимиз замон маҳсули (ижобий маънода). Кейин яна саводсиз, савиясиз графоманлар тўдаси бир муддат бой берилган майдонни тўлдирди. 

Дунëнинг олтидан бирини эгаллаган СССР деган давлат ороми остида ëзувчи бўлишдан кўра бўлмаслик эҳтимоли катта эди. 

Аммо физикларнинг айтишича, қаттиқ босим остида қум зарраси ҳам бриллиантга айланади. Етмишларга келиб ўша давр мафкураси босимига исëн қилган кичик гуруҳ пайдо бўлди. Бу гуруҳдагилар Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар. 

Бу гуруҳ лидери, шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳ эди. Бу ëзганларимда, асосан, насрга эътибор беряпман. Шу боис, ўша йилларда Неъмат Аминов ва Мурод Муҳаммад Дўст асарларида шу пайтгача ноëб бўлиб қолаëтган истеҳзо борлигини “миннатдор ўқувчи” ўлароқ эслайман. 

Хулоса 

Қодирий ëзишга чоғланди, аммо ўлдирдилар. “Ўткан кунлар” илк машқ ўлароқ қолди.

Неъмат Аминов ëзишга чоғланди. “Елвизак” асари машқлигича қолди. 

Одил Ëқубов ëзди. Яхши ëзди, аммо буюклик зинасининг пастки поғонасида қолди.

Мурод Муҳаммад Дўст ëзди ва яна ëзишга чоғланди. Аммо лавозим деган пашшатутар сирачга ëпишиб қолди. 

Шу билан даврнинг адабиëтга ажратган лимити тугади. “Кичкина Шаҳзода”ни таржима қилиб кўзимни очган Хайриддин Султон энди каламуш каби безбет мулозимга айланишга маҳкум эди. 

Иддао 

Бугун адабиëт йўқ. Кечмиш адабиëт тарихи бор. Келажакда “ўзбек адабиëти” деган ҳодиса юз беришига илмий далилларим йўқ. Мирза Анвар ака устозимиз “Танқидчиларнинг ўзи ҳукуматга келса, вазиятни қандай ўнгларди”, деган савол қўйди. Хўп, сиз велосипед ясайдиган дўконга раҳбар бўлдингиз. Нима қилган бўлардингиз? Албатта, велосипед ясардингиз. 

Барча велосипедлар деярли бир хил. Икки ғилдирак, кўчар, эгар, занжир, ром, рул.

Ўзбекистоннинг ўзига хос велосипеди бўлиши мумкин эмас. Велосипед Лондонда қандай бўлса, Арнасойда ҳам шундай бўлиши керак. 

Халқдан (бўлиб ҳам ўзбек халқидан) велосипед қандай бўлсин, деб сўралмайди. Дунëдаги энг зўр велосипеднинг чизмаси олиниб, штамповка қилинаверади. 

Бу мавҳум киришдан кейин конкретика: 

1. Давлат бошқаруви минимумга қисқаради (бор-йўғи 7 вазирлик етади). 

2. Бюджетга канадай ëпишган Ëш Ит ва бошқа ташкилотлар тарқатилиб, мол- мулки сотворилади. 

3. Барча партиялар тарқатиб юборилади. 

4. Халқдан ҳеч нарса сўрамасдан қоидалар жорий қилинади. Худди руҳий хастахонадаги каби мажбур қилинади ўзгаришга. 

Барча собиқ мулозимларга ID рақам ва махсус қора паспорт берилади. Шу асосда уларнинг ҳуқуқлари мутлақо чекланади.

Тўйлар мавсуми

Шу кунларда яна тўйлар мавсуми бошланди. Тўйларни тартибга соламан деб Каримов икки марта уринган эди, Шавкат Мирзиёев ҳам ҳужумга ўтди. Менда таклиф бор, ким тўрт ойлик реал ойликдан кўпроқ суммада тўй қилса, олдин бориб 1000 ойлик реал иш ҳақи миқдорида ҳашамат солиғи тўлаб келсин. 

Дейлик, Тошкентда буғалтер ëки бошқа ходимни ишга олсангиз, камида 300 доллар ойлик берасиз. Устамалар билан 500 гача боради. Демак, тўйнинг лимити 2000 доллар бўлади. Тўрт ой ишлаганига битта тўй қилса, чидаймиз. Энди шу суммадан оширмоқчи бўлса, 50 минг доллар ҳашамат солиғи тўласин. 

Масалан, дейлик, Шавкат Мирзиёев айтмоқчи, “пул топиб, ақл топмаган” Салим ўғрига ўхшаган бириси дабадабали тўй ўтказишдан олдин 50 минг долларни ҳашамат солиғи сифатида тўлаб, тўйхона кираверишига осиб қўяди. Энди агар буни тўламасдан билдирмай қилса, 100 минг доллар жаримага тортилади. 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак! 

Тағин ўқинг
24 октябр 2017
Фарғона вилоятидан сафарбар этилган 15 мингга яқин аҳоли бугунги кунда Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида пахта тераётганига қарамай, ...
17 апрел 2018
Cинов тариқасида тақдим этилаётган, 15 апрелда суратлари пайдо бўлган мактаб формаси ижтимоий тармоқда баҳсларни келтириб чиқармоқда. «Шарқ либослари» дизайнерлик ...
3 март 2023
Мана ўлмаган қул кўкламга ҳам етдик. Қиш тўқсони ортда қолди. Аномал совуқда ўлмасдан бугунга етиб келдик. Бу кунларга етганлар ...
3 май 2020
Ҳеч қачон рус халқига кин ва нафрат туймадим. Аксинча, ёшлигимда Русия билан боғлиқ ишларимда (адабиётда каби сиёсатда ҳам) жуда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...