Асосий мавзулар
6 сентябр 2021

Йогуртга айланган қатиқ байрами

Кўраëтганингиз бу шодон одамлар қатиқ байрамини қутламоқда. Қатиқ шарафига алëрлар айтишмоқда. Ўзбекистон «Яшасин мустақиллик», дея шивирлаётган пайтда Туркиянинг Силиври шаҳри турғунлари «Яшасин қатиқ», дея ҳайқирмоқда. Силиври 29-30 август кунлари қатиқ, яъни йогурт фестивалини тўйлади.

Аслида йогурт атамасини дуну луғатига киритган шаҳар ҳам айни Силиври ҳисобланади. Бу шаҳарда ҳар йили ўтказиладиган 59-фестивалдир.

«Элтуз» жамоаси Туркияда сафар қилар экан, юзлаб турклар ўз ота-боболарининг ҳозирги Туркманистон ва Хоразм вилояти ҳудудидан кўчиб келганини айтишди. Уларнинг ота-боболари ўғуз туркчасини Византияда давлат тилига айлантиришди. Хўш, бир вақтлар грек ва серблар яшаган Византияга ҳозирги Марказий Осиë  ҳудудларидан борган аскарлар яна  нима келтиришди? Бу саволга Силиври шаҳрида яшовчи рассом Умар Форуқ йогурт, яъни қатиқ келтиришди, деб жавоб берди. Суҳбатдошга кўра, 1453 йили Истанбул фатҳ қилинганидан бери Силиври шаҳри бутун дунëга қатиқ етказиб бериш марказига айланган ва бу шаҳарда ҳар йили бир марта қатиқ фестивали ўтказилади.

“Қадим замонларда Ўрта Осиëдан ҳозирги Туркияга келган аскарлар сутни от, туя ëки эшакка юкланган мешларда ташиб келган. Маҳсулотга ҳаводан ва жундан бактериялар киргани натижасида ферментация иссиқда содир бўлди ва доимий чайқалиш ишни якунлаб, сутни узоқ вақт бузилмайдиган ва бир вақтнинг ўзида барча фойдали моддаларни сақлаб қолган қалин нордон ичимликка айлантирди. Ўрта Осиëдаги ота юрт ватандошлари қатиқ деб айтадиган бу ичимлик Туркияда йогурт дея номланиб машҳур бўлди”, дейди Умар Форуқ.

Биз туркистонликлар қатиқ дея ичадиган таом Туркияга  келиб сифат ўзгаришига дуч келганини ўзимиз кўрдик. Камида 50 хил йогурт борлигидан ҳабар топдик. «Элтуз» жамоаси шу йогуртлардан беш хилини татиб ҳам кўрди.

Азиз Несин қаҳрамонларидан бири мактабда ватан ҳақида айтиши керак бўлган шеърни унутиб, унинг ўрнига қатиқ ҳақида ғазал айтади:

Оч қоринни тўқ тутган, эй ғарибнинг емиши, арзон қатиқ.

Оч юракка сени ейман¸ кабоб есам, чўнтагим ларзон қатиқ.

Қатиқ байрами доирасида ўз асарларини намойиш қилган мусаввир аёл иддаосига кўра, Истанбулнинг Силиври шаҳрида ҳозирланган қатиқни Француз қироли Людовик 11 Европада тарғиб қилган:

“Европада қатиқ қирол Людовик 11нинг  ошқозон касаллиги тузқалгани  туфайли маълум шуҳрат қозонди. Ичбуруққа чалинган қирол ҳеч соғайиб кета олмади ва унга Истанбулдан келган бир шифокор ёрдам берди. У бир кўза Силвирли  йогуртини олиб келди. Буни ичган қирол тезда тузалди. Француз қироли миннатдорлик билдирган ҳолда ўзининг ҳаётини сақлаб қолган таом ҳақида хабар тарқатди. Шу тариқа сизлар қатиқ, биз эса йогурт дейдиганимиз ичимлик дунë таомномасидан ўрин олди”.

Биз сўзлашган маҳаллий шоир йогуртга атаб шеърлар ëзганини айтса, Силиври марказида луқум сотадиган соҳибжамол қиз йогуртни юзига ниқоб ўлароқ суртишини айтади. Унга кўра, қатиқ сурилган юз сутдай тиниқ бўлар экан.

Ҳали Ўзбекистонга соч шампуни кириб келмаган пайтда одамлар сочини қатиққа ювган. Шу боис, сочлар мустаҳкам бўлган. Қатиқ шампун ўрнида ишлатиладиган Силиврида кал одамлар озлигини кўрдик.

Ўзбекистондаги дўконларда йогурт ва қатиқ икки айри маҳсулот сифатида сотилади. Аслида улар битта маҳсулот. 

Йогурт эски туркчада қатиқ маъносини беради

Йогурт – таркибида қуруқ модда юқори бўлган ачитилган сут маҳсулоти, унинг таркиби термофил стрептококк соф унсурли протосимбиётик аралашмаси билан ферментацияланади. 

Қатиқ таркибида A, D1, D2, U2, В2, С каби 12 дан ортиқ витаминва каротин етарли миқдорда сақланади. Таркибида оқсил, минерал туз ва бир қанча витаминлар мавжуд бу сут маҳсулоти профилактик даволаниш жараёнида организмда осон ҳазм бўлади.

Ёш болаларда кўп учрайдиган дисбактериоз ва диареяни даволашда ҳам қатиқдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, у танамизни бир қанча касалликлардан ҳимоялайди. Антибиотик билан даволаниш жараёнида қатиқ ичиш ичак микрофлорасини яхшилаб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичаклардаги фойдали бактерияларни тиклашда ёрдам беради. Шунингдек, организмнинг зaрарли микроб ва бактерияларга қарши кучини оширади.

Шу боис, Силиври шаҳри мансублари йилда бир марта қатиқ шарафига мушаклар отиб байрам қилишади.

eltuz.com

Тағин ўқинг
2 август 2021
Таниқли ўзбек рассоми Раҳим Аҳмедов тирик бўлганида 100 ёшга кирган бўлар эди. Раҳим ака нафақат ижоди балки турли қарашдаги ...
23 август 2023
Шарипов Баҳром Қурбонович Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди. Охирги пайтларда Баҳром Шарипов ишдан бўшатилишидан бирмунча ...
12 апрел 2021
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 134-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев ўқувчига 2 баҳо қўйгани учун шогирдининг қариндошлари томонидан калтакланди. ...
18 сентябр 2019
Шу кунларда ЎзА журналисти Анора Содиқова ўзбек тилининг Ўзбекистонда ривожланишини қўллаб чиқишлар қилди. Таниқли ўзбек шоири Мирзо Кенжабек эса ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...