Асосий мавзулар
13 сентябр 2021

Яқинлари қамалган қашқадарёлик аёл Туркманистондан бошпана сўрамоқда

Эри, қайнатаси ва қайноғаси қотилликда гумонланиб тергов қилинаётган, Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг Чандир қишлоғида яшовчи Муножат Эгамова бунга уларнинг туркман миллатига мансублигини сабаб қилиб кўрсатмоқда ва ўз яқинлари билан биргаликда ижтимоий тармоқ орқали туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовдан бошпана сўрамоқда.

Айни пайтда Чандир қишлоғидаги туркман миллатига мансуб аҳоли вакиллари Эгамованинг миллий камситилишига оид иддаолари ҳақиқатдан йироқлигини айтишмоқда.

«Улар туркман бўлгани учун эмас, балки қотилликда гумон қилингани учун тергов қилинмоқда, аёл эса чиқишларида аламидан, жаҳл устида мурожаат қилган. Жиноят иши бўйича тергов кетаётган экан. Лекин қишлоғимизда ҳеч қандай ўзбек, туркман ёки бошқа миллатларга нисбатан ёмон муносабатни сезмаганмиз. Татар, тожик ва бошқа миллатлар ҳам яшайди ўзбеклар билан бир қаторда. Ҳамма миллатлар тенг ҳуқуқли…», дейди Чандир қишлоғи шифохонаси бош врачи Сайфулло Шаропов.

Телеграмдаги “Помуқ 24” каналига фикр билдирган 73 ёшли Муҳаммад Тўймуродов ҳам айни ҳудудда туркман ва ўзбеклар аҳил яшашларини билдирган.

«Яқинда эшитиб қолдим. Қишлоқдошимиз Туркманистон президентига мурожаат қилган экан. Биз асли Қашқадарё вилояти Чандир қишлоғида яшаймиз, миллатимиз туркман. Ўзбеклар билан баб-баравар ҳуқуққа эгамиз. Ўртада қуда-андачилик алоқалари бор», дейди Эгамованинг ҳамқишлоғи Тўймуродов.  

Жорий йилнинг 8 майида Жонқул Наврўзов, унинг ўғли Алимардон Алламуродов ва Панжи Наврўзов шу қишлоқда яшовчи чолу кампирни ўлдирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Қотиллик 2020 йилнинг 4 октябрь куни рўй берган. Шундан сўнг гумонланувчилар ҳибсга олинган. Уларнинг яқинларига кўра, 23 кун давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилган. 

Муножат Эгамованинг айтишича, эри ва қайнотаси айбни бўйнига олмаган, қайноғаси эса қийноқларга дош бера олмай қилмаган жиноятига иқрор бўлган. 

Шундан кейин гумонланувчилар қўйиб юборилган. Аммо 6 ой ўтиб, Бош прокуратура терговчиси қарори билан қамоққа олинган.

Муножат Эгамова ва унинг яқинлари халқаро ташкилотларга видеомурожаат йўллаб, бу ноҳақликларга барҳам бериш ва Туркманистондан бошпана олишга ёрдам сўрашган.

Шунингдек, улар видеомурожаатларида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ва Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевнинг истеъфосини ҳам талаб қилишган.

Эгамованинг иддаосига кўра, унинг эри ва қариндошларини далил-исботсиз қамашган. Қўшнилари қотиллик содир бўлган вақтда унинг эри ва қайноғаси воқеа жойида бўлмаганини айтишмоқда. Бироқ тергов бу далилларга эътибор бермаяпти.

Муножат Эгамова ҳомиладор экани, эри ва қайнатасининг қамалиши ортидан учта боласи билан оғир аҳволда қолганини ҳам айтмоқда.

Эгамованинг эри ва яқинларига тергов пайтида қийноқлар қўлланилганининг расмий тасдиғи «Элтуз»да йўқ.

Бироқ бошқа муаммо бор – Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий амалдорлар, ички ишлар, суд ва прокуратура ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига оид хабарлар жуда кўп. 

Хусусан, ўтган август ойида эса “Агробанк”нинг Қашқадарё вилояти бўлими юристи судларда адолат қолмаганидан шикоят қилган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 декабр 2015
Россиянинг Краснодар шаҳрида баланд қаватли уй қурилишида ишлаётган 30 яшар ўзбек йигит 18 қаватдан йиқилиб ўлди. Eltuz.com
20 январ 2017
Фарғона вилоятида халқ таълими ва бошқа бюджет ташкилотлари хизматчилари буғдой экилган далаларга маҳаллий ўғит – гўнг сочишга чиқарилди. «Туман ...
24 май 2018
Муҳаммад Бекжоннинг укаси Рашид Бекжон ҳам деярли Тошкентдаги 1999 йил 16 феврал портлаши содир бўлган куни қамалган акаси Комил ...
26 март 2023
Тошкентда Рауф Парфининг илк ҳайкали очилади. 27 март соат 11 да Тадбир Амир Темур проспектидаги давлат санъат музейида бўлади. ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...