Асосий мавзулар
21 сентябр 2021

Ўзбекистонда мажбурий руҳий даволаш: совет замонидан қолган амалиёт ҳамон мавжуд

Ўзбекистонда мажбурий руҳий даволаш: совет замонидан қолган амалиёт ҳамон мавжуд

Ўзбекистон инсон  ҳуқуқлари форуми (ЎИҲФ) мамлакатда фаоллар овозини ўчириш мақсадида мажбурий руҳий даволаш амалиётига оид ҳисоботини эълон қилди. Унда совет замонидан қолган бу амалиёт ҳамон қўлланилаётгани баён этилган. 

Ҳисоботда ёзилишича, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланган сўнг мамлакатнинг инсон ҳуқуқларига оид ташвишли имижи ўзгаришига умид пайдо бўлган. Аммо бу умид оқланмаган. 

“Афсуски, Мирзиёевнинг янги маъмурияти даврида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан қатор суиистеъмолликлар кузатилди. Ҳуқуқ фаолларини руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тиқишга оид бир неча хабарлар чиқди”, дейилади ҳисоботда. 

Унда келтирилишича, агар ҳуқуқ ҳимоячилари руҳий носоғлом деб топилса, улар суд томонидан таъқиб қилинишга қарши ўзлари курашиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу имкониятдан маҳрум этиш эса қатағонларнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. 

Ҳисоботда ЎИҲФ томонидан ҳужжатлаштирилган бар қатор ҳолатлар баён этилган, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари бузилишининг бу каби кўринишларни бартараф этишга қаратилган қатор тавсиялар берилган.

ЎИҲФ инсон ҳуқуқлари фаолларидан фаолияти учун қасд олиш мақсадида уларни руҳий носоғломлик баҳонасида мажбурий равишда озодликдан маҳрум этиш яққол кўриниб турган етти ҳолатни аниқлаган. 

Ҳисоботда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, хусусий мулкдорларга нисбатан ҳолатлар келтириб ўтилган. 

Масалан, ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева нафақат Ўзбкистонда, балки бутун дунёда таниқли фаоллардан ҳисобланади. Ўзининг 20 йилликдан ортиқ фаолияти давомида, аниқроғи, 2001 йилдан 2017 йилгача у камида 18 марта банди этилган. 

Ўзининг эслашича, у илк бор 2001 йилда ҳукумат сиёсатига қарши тинч чиқиш қилиши ортидан кўчада номаълум шахслар томонидан ушланган ва ўша йили 6 апрель-30 июнь кунлари мажбурий равишда Тошкентдаги 1-руҳий касалликлар шифохонасида даволанган. Уни мажбурий даволашга оид на суд қарори, на врачлар комиссиясининг хулосаси бор. 

Елена Урлаева 2002 йилда яна руҳий касалликлар шифохонасига тиқилди ва унга мажбурий равишда турли психотропик дорилар берилди. 2003 йилда ўтказилган мустақил психиатрик экспертиза унда на руҳий, на психиатрик бузилишлар борлигини кўрсатди. 

Ушбу хулоса Елена Урлаевани кейинги шундай таъқиблардан қутқаришига умид қилинганди. Лекин  2005 йилда у яна руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Гарчи у ердан қочишга муваффақ бўлса-да, кейин туман прокурори ёрдамчисининг аризаси асосида ҳуқуқларга эгалик қилишдан маҳрум этилди ва муомалага лаёқатсиз деб топилди. 

Шундан сўнг Елена Урлаева 2016-2017 йилларда ҳам шифохонага мажбурий даволаниш учун ётқизилди. Халқаро ташкилотлар норозилик билдириши ортидан ҳукумат уни озод этишга мажбур бўлди. 

Ҳисоботда номи келтирилган фаоллардан бири Нафосат Оллошукуровадир. У Шабнам Оллошукурова тахаллуси билан фейсбукда ўз блогини юритган, Ўзбекистон ҳукуматини очиқчасига танқид қилган. 

Нафосат 2019 йил январда президент Мирзиёев билан учрашиш талаби билан беш нафар аёлнинг Тошкентда Сенат биноси олдида тинч норозилик намойиши уюштирганини тасвирга тушираётганига ҳибсга олинган ва безориликда айбланиб, беш кунлик маъмурий қамоққа ҳукм этилган. 

Ўша йилнинг 23 сентябрида Нафосат шоир Маҳмуд Ражабовнинг норозилик чиқишини ёритаётганида яна ҳибс этилган ва ҳибсдалик чоғида жисмоний қийноқларга солингани айтилади. 10 кунлик маъмурий қамоқ муддати тугаши ортидан прокурорнинг талаби билан у психиатрик шифохонага ётқизилган. 

Нафосатнинг озодликка чиқариш тўғрисидаги аризаси 2019 йил 28 ноябрда Хоразм вилояти фуқаролик ишлари суди томонидан тиббий комиссия хулосасига асосланилган ҳолда рад этилди. Суд қарорига кўра, психиатр Оллошукуровада “руҳий бузилиш”, “психопатик синдром белгилари”, “параноидал синдром” борлигини таъкидлаган.

Ниҳоят, Нафосат 2019 йил 20 декабрда озод этилди. 2020 йил январда эса у яна руҳий касалликлар шифохонасига тиқилишдан хавфсираб Ўзбекистондан қочиб кетишга муваффақ бўлди. 

Ҳисоботда келтирилган энг машҳур исмлардан бир, шубҳасиз, журналист, айни пайтда собиқ президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримовдир. У қарийб 11 йил давомида Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида сақланган. Унгача амалдаги ҳукумат танқид қилинган материаллари турли мустақил нашрларда чоп эттириб келган.

2006 йилда мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига тиқилган Жамшид Каримов 2011 йил ноябрда қисқа муддатга озодликка чиқарилди, аммо икки ой ўтар-ўтмас бирор суд қарорисиз яна шу шифохонага жойлаштирилди. 

Қизларининг айтишича, у биринчи марта озодликка чиқанидан сўнг журналистлар билан гаплашгани учун такроран жиннихонага тиқилган. 

Ҳисоботда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Дилмурод Саидов ва Худоёр Матёқубов, хусусий мулкдор Давид Баграмян, фермер Алиқул Саримсоқовнинг ҳам мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилишига оид маълумотлар келтирилган. 

Ҳисоботда таъкидланишича, бундай амалиёт Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги бир неча шартномалар бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларининг бузилишидир. Жумладан, мамлакат фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактни, Қийноқларга қарши конвенцияни, шунингдек, ўзи имзолаган, лекин ҳали ратификация қилмаган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни бузган. 

Ушбу халқаро ҳужжатларда кўрсатилган мажбуриятлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган ҳисоботда Ўзбекистонга бир қатор тавсиялар ҳам берилган. 

Ушбу тавсиялардан бирига кўра, қийноқлар тушунчасини тўлиқ аниқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Қийноқлар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ равишда ўз жиноий қонунчилигига ўзгартиришлар киритиши керак. 

Хусусан, руҳий касалликлар шифохоналари ёки жиноий судлов тизими ташқарисидаги бошқа муассасаларда жисмоний ва руҳий босимни қийноқ сифатида малакалаш имконини бермайдиган “туйнук”ларни бартараф этиш зарур.

Яна бир тавсияда Ўзбекистон ҳисоботда келтирилган ҳолатларни дарҳол текшириши, суиитеъмолчиликларга йўл қўйган айбдорларни жазолаши ва жабрланувчиларга компенсация тўлаши талаби илгари сурилади. 

“Ўзбекистон мажбурий даволаш амалиётини барча учун, жумладан, руҳий бузилишларга эга шахсларга нисбатан ҳам тўхтатиши керак. Ўзбекистон ратификация қилишни ваъда берган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция шуни талаб қилади”, дейилади ҳисоботда. 

ЎИҲФнинг таъкидлашича, мажбурий даволаш бекор қилингунга қадар Ўзбекистон беморлар ҳолатини баҳолайдиган судлар ва шифокорлар мустақиллигини мустаҳкамлаши шарт. Зеро, Психиатрик ёрдам тўғрисидаги қонун судлар ва шифокорлар томонидан тегишлича қўлланилмаяпти.

ЎИҲФнинг навбатдаги тавсияси БМТнинг махсус маърузачиларига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишларини текширишга рухсат беришга оид. Гарчи Ўзбекистон 2017 ва 2019 йилларда БМТнинг турли махсус маърузачиларини таклиф этган бўлса-да, уларнинг қийноқлар, фикр эркинлиги ва қуллик масалаларига оид сўровларига ҳамон жавоб қайтарилмаган. 

Яна бир тавсияда Ўзбекистон мустақил мониторингни қўллаб-қувватлаши, бунинг учун ҳукумат ҳар бир руҳий касалликлар шифохонасида қайд этилган қўпол муомалаларни текширадиган мустақил омбудсманга эга бўлиши, ноҳукумат ташкилотларни рўйхатда олишда мавжуд де-юре ва де-факто кўплаб тўсиқларни бартараф этиши шартлиги айтилади. Ҳисоботда хулоса қилинишича, юқорида келтирилган ҳолатлар Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар ва қўрқитишлар ҳамон учраб турибди. Мажбурий руҳий даволаш инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл очувчи “туйнук” вазифасини ўтамоқда.

 

Тағин ўқинг
15 январ 2018
Президент Мирзиёев 10 январь куни ўзбек элчилари билан ўтказган йиғилишида элчихона ходимлари ортидан пойлаб юрадиган «мурда»ларни қайтариб олишини айтди. ...
5 август 2018
Рассом Elsevar Ўзбекистоннинг йўловчи-мижозларга хирапашшадай ёпишувчи таксичиларини ҳажв қилади. Рассом Элсевар 6 январь 2016 йил Eltuz.com
5 июл 2024
РТ: Мана азизлар бир ойлик ўтпускадан қайтиб яна сиз билан суҳбатдаман.  МС: Оғо ничиксиз. Нерлара бордингиз. Қидиришмо зўр бўлдими? ...
8 май 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...