Асосий мавзулар
4 октябр 2021

Гувоҳлар қотилликда гумон қилинаётган қашқадарёликларнинг айбсизлигини айтишмоқда

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида 4 октябрь куни уч шахс – Миришкор тумани Чандир қишлоғида яшовчи Жонқул Наврўзов, унинг ўғли Алимардон Алламуродов ва жияни Панжи Наврўзов устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судланувчиларга қарши Жиноят кодексининг 97-моддасида кўрсатилган “қасддан одам ўлдириш” айблови илгари сурилмоқда. Улар шу қишлоқда яшовчи қариндошлари 62 ёшли Асқар Ҳазратов ва хотини Ўғилхон Айматовани ўлдирганликда гумон қилиниб, жорий йилнинг 8 майида ҳибсга олинган эди. Қотиллик бир йил бурун, 2020 йилнинг 4 октябрида содир бўлган.

«Элтуз»нинг судда иштирок этаётган манбасига кўра, дастлабки суд мажлиси суриштирувларида даъвогар ва айбланувчилар, кейин эса жабрланувчи томон гувоҳларининг иддаолари тингланган.

Асосий даъвогар, марҳумнинг кичик ўғли Иброҳим Пайғамбарқулов ота-онасини ўлдирганликда куёви Панжи Наврўзовни айбламоқда.

Пайғамбарқуловнинг 4 октябрь куни гувоҳлик берган хотини Шалола Жўраева қотиллик содир бўлган куни юзига рўмол ўраган Панжи Наврўзов унинг икки яшар ўғлини ерга босиб ураётганини кўргани, кейин эса уни ҳам уриб ҳушидан кетказганини иддао қилган.

Айбланувчи томоннинг яқинлари ва гувоҳлар эса бу иддаоларни инкор қилишмоқда. Суд танаффус эълон қилган пайтда «Элтуз» бир қанча гувоҳлар билан телефонда боғланишга муваффақ бўлди.

“Марҳумнинг келини иддаолари нотўғри. Чунки шу куни менинг қайним (Панжи Наврўзов) буғдой ўримида, қайнотам (Жонқул Наврўзов) эса қўшнимизникида меҳмонда бўлишган. Эрим (Алимардон Алламуродов) умуман қишлоқда бўлмаган, машинасини олиб келгани Денов шаҳрига кетган эди”, деди Муножот Эгамова «Элтуз»га.

Эгамова, шунингдек, эри, қайнотаси ва қайноғасига нисбатан бўйнига айб қўйиш учун қийноқлар қўлланганини иддао қилмоқда. Унинг «Элтуз»га билдиришича, қайноғаси аввалига қийноқларга дош бера олмай қилмаган жиноятига иқрор бўлган. 

Шундан сўнг Муножат Эгамова ва унинг яқинлари халқаро ташкилотларга видеомурожаат йўллаб, бу ноҳақликларга барҳам бериш ва Туркманистондан бошпана олишга ёрдам сўрашга мажбур бўлган эди. Эгамованинг эри ва яқинларига тергов пайтида қийноқлар қўлланилганининг расмий тасдиғи йўқ.

«Элтуз» суҳбатлашган, шу куни асосий гумонланувчи билан бирга бўлганини айтаётган фермер Замон Ҳакимов воқеа юзасидан ўзининг кичик бир суриштирувини ўтказганини айтади.

“Мен учун Панжи яқин дўстим ё бир қариндошим эмас, шунчаки қўл остимда 6-7 йил ишлаган меҳнаткаш бола. Ноҳақлик бўлаётгани учун ўз ихтиёрим билан гувоҳлик бергани даладаги ишларимни ташлаб судга келиб ўтирибман”, дейди Ҳакимов «Элтуз»га.

Ҳакимовнинг сўзларига кўра, шу куни у кечки 5 яримгача асосий гумондор Панжи билан бирга бўлган, у билан ғалла ҳосилини топшириш учун шийпонга боришган.

Уйига қайтган Панжи хўроз сўйиб, овқат қилган, соат 6.30 ларда қайнотаси (шу куни ўлдирилган Асқар Ҳазратов) билан ўн минутча телефонда гаплашган.

Кейин кечқурун 7.30 ларда овқат пишган. Уни соат 8 ларгача ейишган хотини билан. Кейин қолганини тугиб, қўшниси Баҳодир деган йигитникига унинг касал ўғлини кўришга боришган. Соат 10 ларгача улар ўша қўшниларнинг уйида бўлишган.

Буни судга Панжининг гувоҳлик бериш учун беш кундан бери судга қатнаётган қўшниси Баҳодирнинг ўзи ҳам тасдиқламоқда.

Ҳакимовнинг айтишича, Панжининг ва унинг яқинлари айбсизлигини тасдиқловчи ўнлаб гувоҳлар бор, лекин ўтган ҳафта бошланган суд бу гувоҳларнинг далилларини ҳануз тингламаяпти.

Унинг фикрларини қашқадарёлик маҳаллий ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти вакили Шукурулло Парпиев ҳам қисман тасдиқлади.

“Бугунги суд мажлисининг яна бир ноҳақлиги журналистлардан суд ҳукми чиққунига қадар унинг тафсилотларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритмаслик талаби бўлди. Шундан сўнг маҳкама ишини кузатаётган “Эффект.ўз” журналистлари зални тарк этишди”, деди «Элтуз» билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли Шукрулло Парпиев.

4 октябрь куни эрталаб бошланган суд кечки 6.00 гача давом этди. «Элтуз» Чандир қишлоғида содир бўлган қотиллик суриштирувига оид суд жараёнини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 август 2018
Кўзимни очсам, БМТ анжуманида ўтирибман. Олдимда Ўзбекистон байроғи. Бўйнимга осилган бейджикни айлантириб қарасам Ўзбекистон вакили эмишман. Аммо ўтмиш билан ...
19 июн 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги мактубларни ўқиймиз. Бу сафар уларни ўқишда ва танлашда сунъий интеллект мансублари бўлган Уйғун Эгамберди ва ...
2 август 2021
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, «Қумтор» иши бўйича тергов қидирувида бўлган Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев 2 ...
15 сентябр 2022
Бугун маҳаллаларда темир-терсак йиғиб юрганлар шу йўл билан тирикчилик ўтказаётганлар эмас, балки металлолом топшириш мажбурияти ҳали зимасидан соқит бўлмаган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...