РТдан ваъз: Гиламларни силкитиш даври
Дунёга тарқатиб олтинларимиз,
Анча енгил тортди ботинларимиз.
Тезакни тутатиб палов пиширар –
Нақадар бахтлидир хотинларимиз…
(ҲАМРОҚУЛ АСҚАР)
Кеч куз рамзи – ноябрнинг илк ҳафтасида сиз билан кўришаётганимдан ичимга сиғмай, севиниб ўтирибман. Бормисиз меҳри уқёнус, матонатли, сабрли ва заҳматкаш оғам-иним, синглим, опам, онам? Сиз борсизки, мен борман! Сиз тарафдан салом дея янграётган ўн минглаб овозларни ҳис қиляпман! Бугун сиз билан ҳижрат ҳақида эмас, қайтиш ҳақида гаплашамиз.
Ҳозир эса хабарлар:
Ўзбекистонлик попстар, ҳожи она Юлдуз Усмонова муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун 185 млн сўм тўлайдиган бўлди. Бор-йўғи иккита тўй нархи опойга.
+++
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Чумчуқли маҳалласида яшовчи аёл ва унинг вояга етмаган икки фарзанди 30 октябрь куни ис газидан ўлди. Фалокатдан оиланинг бир вакили омон қолди, холос. Биз яқинда ўзимиз фойдаланган, ўзимизда қазиб олинган газни тобора унутиб, қорамолнинг орқасига тобора кўпроқ тикиладиган бўлиб боряпмиз. Совқотган одамнинг хаёлида исинишдан ўзга нарса бўлмайди. Боласи совқотган одам эса нафрат билан яшайди.
+++
Тошкентда 25 ёшли қиз «Нексия»ни олиб қочди. Машинани кечанинг ўзидаёқ тиним билмас изқуварларимиз топишибди. Машина эгасида, Шумахернинг синглиси қамоқда.
+++
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик икки қизалоқ ташлаб кетилди. Болаларнинг отаси Питерда ялло қилиб юрибди. Болалар ҳостелда. Боласевар миллатмиз.
+++
3 ноябрь куни Қашқадарё вилояти суди ҳукми билан «Эффект.ўз» нашрининг собиқ мухбири Элёр Тожибоев уч йилга қамалди. Сайтнинг амалдаги мухбирларидан икки нафарининг озодлиги чекланди. Учала журналист Термиз тумани суди раиси қабулига киришга урингани учун тергов ишига аралашиш, ҳақорат, туҳмат, ваколатли шахсларга қаршилик кўрсатиш каби бир қанча жиноятларда айбланган.
+++
Ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаганликда айбланаётган «Ўзкомназорат» раҳбари Ғолибшер Зиёев ишдан олинди. Президент матбуот хизмати бу юзадан тергов олиб борилаётгани ҳақида хабар берди. Бундан олдин Ўзбекистонда Telegram, YouTube, Instagram, тик-ток ҳамда Facebook тармоқлари чеклангани ҳақида хабарлар чиққан эди. “Ўзкомназорат” раҳбарининг ишдан олиниши тасодифми – йўқ, зарурат!
+++
Тошкентда таниқли журналист ва рассом Шуҳрат Бобожоннинг кўргазмаси очилди. Рассом Ўзбекистонга йигирма йил деганда шахсан президент таклифи билан қайтди. Ғанимлар айюҳаннос солмоқда, дўстлар эса шоду масрур. Бу ҳақда яна батафсил тўхталаман.
+++
Пул йиғиб, «Малибу» оламан-да, ойим билан дадамни ҳажга юбораман. Ўтган ҳафта мана бу видео трендга айланди.
Xаста бўлган ҳожи она
Ўтган ой шоир Йўлчи Рўзиев фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига хонандага нисбатан “Хаста бўлма” қўшиғининг шеър муаллифи сифатида муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилганди.
29 октябрь куни иш судда кўрилиб, қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Юлдуз Усмоновадан даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига 50 млн сўм маънавий зарар учун компенсация ва муаллифлик ҳуқуқини бузгани оқибатида етказилган зарар учун жами 185 млн сўм миқдорида товон пули ундириш қарори олинди. Яшасин бизнинг одил суд!
Судда тарафлардан низони ўзаро келишиб ҳал қилиш учун муддат берилган. Аммо суд якунига қадар келишувга эришилмаган.
Хуллас, Юлдуз опа хаста бўлибди «Хаста бўлма» қўшиғидан.
Ютубу инстадан ўчирдим, деяпти бу қўшиқни. ТВ ва радиодаям айтмайман, дебди ҳожи она.
Опанинг ўзи айтди саҳифасида ўтирволиб. «Хаста бўлма» қўшиғи Йўлчи Рўзиев шеъри билан энди умуман айтилмайди. Айтмасангиз айтманг, опа.
Умуман олганда, ўзбеклар Юлдуз опанинг хурмача қиликларига кўп йиллардан буён ўрганиб қолган. Ҳожи она ҳам трендда бўлишни севади. Ўрганган кўнгил – ўртанса қўймас.
Жорий йил май ойида хонанданинг Исроил-Фаластин можароси юзасидан билдирган фикрлари АҚШ ва Исроилдаги Бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб ва хавотир билан қаршиланган эди.
Жамоа вакиллари Усмонова “антисемит оҳангидаги чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши керак»лигини таъкидлашган бўлса, улардан айримлари Юлдуз Усмоновани “халқ артисти унвонидан маҳрум қилиш”га чақирганди.
Ўтган йили Усмонованинг Instagram’даги жонли эфирда ички ишлар ходимлари ҳақида айтган сўзлари унинг устидан маъмурий иш очилишига сабаб бўлганди.
Шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Усмонованинг узр сўраб чиққан видеоси тарқалди.
Марҳум президент Ислом Каримов даврида 11 йил давомида тақиқда бўлган ва мамлакатни бир муддат тарк этган Юлдуз Усмонова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан яна саҳнага қайтди.
Ўз вақтида ҳозир қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримовага атаб “Гулисан” дея қўшиқ куйлаган хонанда яқинда Шавкат Мирзиёевнинг янги туғилган неварасига атаб ҳам қўшиқ ижро этган.
Ишларни тартибга солаётганда санъаткорларга, фоҳишаларга ва мураббийларга тегманг, улар ҳар қандай ҳокимиятга хизмат қилади, деганди ўрис саркардаси Колчак. Хулоса сиздан.
Қадимда боболар одил,
Ўғриларга бераркан жазо.
Бармоқларин кесаркан аввал,
Этишаркан эл аро сазо.
Гоҳ ўйлайман-мана шу қонун
Жорий бўлса бизда ҳам илкис.
Бармоғидан ажрарди кимдир –
Қолар эди қанчаси қўлсиз.
Шундай бўлсин дейман-у, бир зум,
Қўлларимга қарайман ғамгин.
Юрагимни ваҳима босар –
Бармоқларим зирқирар секин…
(Ҳамроқул Асқар)
Ёлғонларга ишонган Ислом Каримов
Журналист Раҳимжон Раҳмат ёзади: Халифа Хорун ар-Рашид жулдур кийим кийиб бозорларни, карвонсаройларни, маҳаллаларни айланган, оддий одамлар билан суҳбатлашган, уларнинг яшаш шароитини ўз кўзи билан кўрган, дейишади.
Нега у шундай қилган, нима мақсадда аҳоли ичига кириб борган?
Бунинг сабаби шуки, вазирлар, мансабдорлар подшоларга аҳолининг ҳақиқий турмуш шароити, қийинчиликлари, машаққатлари тўғрисида тўғри маълумот етказмайди.
Хорун ар-Рашид эса фаросатли, доно халифа, вазирлар уни информацион изолацияда сақлашини, ҳақиқий аҳволни яширишини билади, шу боис фуқароча кийим кийиб, ўзи яширинча халқ орасига кириб борган.
Бир пайтлар марҳум президент Ислом Каримов Россияда ишлаб юрган ватандошларимизни «дангасалар» деб маломат қилган эди.
Ҳўш, нега Ислом Каримов мигрант йигитларимизни айнан дангасалар деди, бошқа сўзни ишлатмади.
Дангаса деб кимга айтилади?
Қиладиган иш кўп, лекин ишлашни хоҳламайдиган инсонларни дангаса деймиз.
Демак, Ислом Каримов тилидан чиққан дангасалар сўзи замиридаги маънони таҳлил этсак, бундай гап пайдо бўлади: ўзимизда сердаромад иш ўринлари етарли, лекин булар ишлагиси келмай, кўча супуришдек енгил иш излаб четга кетяпти.
Ислом Каримов «Ахборот» кўрсатувини кўрарди, дейишади. Давлатга қарашли бу информацион дастурда икки бети лўппи, кети тоғорадай, ҳатто пешонасигача ёғ босган мухбирлар мамлакатимизда ҳар куни юзлаб, минглаб иш ўринлари яратилаётгани, аҳоли тўқ ва фаровон яшаётганлиги ҳақида қип-қизил ёлғон гапларни тарқатарди.
Ислом Каримов ишонарди мухбирлар тарқатган ёлғонларга.
Мен хорижий радионинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган мухбири сифатида мустақиллик тантаналарида кўп бор иштирок этганман ва Ислом Каримовнинг рақсга тушганини кузатганман.
Марҳум президент ростдан ҳам Ўзбекистонда жаннат қура олдим, деб ишонарди ва байрамларда самимияти жўш уриб ўйинга тушарди.
Айрим ўртоқлар менга – хорижий радионинг Тошкент офиси бошлиғига Ўзбекистон ҳақида ижобий эшиттириш беринг, каттага олиб кирамиз, дерди. Мен бир баҳона топиб, йўқ, дердим.
Биз бошдан кечирган қаттол тузумни
Илоҳо, кўрмасин ҳеч ким, ҳеч қачон
Бунчалар ҳам қаттиқ тишлабмиз мумни,
Оғиз очолмасдан юрибмиз ҳамон.
(Эркин Воҳидов)
Ҳар кимнинг ўз имзоси бор
Тошкентдаги “Ҳамар” ва Урганчдаги бадиий галереяларда таниқли ўзбек рассоми ва журналисти Шуҳрат Бобожонов асарларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.
Шуҳрат брат 20 йил аввал сиёсий босимлар туфайли Ўзбекистонни тарк этган эди. Бахтли йигит экан – орадан йигирма йил ўтиб яқинлари билан кўришди, ҳамкасблари билан дардлашди.
Каримов даврида Шуҳрат Бобожоннинг ўнлаб арт асарлари ёқиб юборилишига бир баҳя қолганди.
Шуҳрат Бобожон «Тошкент сити»да туриб Qalampir.uzга интервью бераркан, Ўзбекистонда «замон ўзгаргани» ва «ўзгаришлар Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан боғлиқ» эканини айтди.
Бу, албатта, Шуҳрат братнинг юртбошига нисбатан айтган илк илиқ фикри. Унинг бу сўзлари самимий эканига шубҳа қилмайман. Аммо шубҳа қилганлар кўп бўлди.
Айниқса, сиёсий қарашлари учун уни ёқтирмайдиган ғанимлари “дод” деб юборишди.
Уни сотилди, дейишди, Мирзиёев пиари, дейишди.
Уларга айтар жавобим шу: Шуҳрат Бобожоннинг Ўзбекистонга қайтиши – Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва уни миллион марта танқид қилган рассомнинг жасурлигига исбот.
Мирзиёев Каримов даврида 30 йил давомида Шуҳрат Бобожонга қарата отилган маломат тошлари ва бутун бошли адоват кампаниясини тўхтата олди.
Бутун бошли қатағон машинасини синдириш мумкинлигини амалда кўрсатди Мирзиёев.
Ҳали ватандан ташқарида юрган ойдинлар кўп. Уларга ҳам навбат келиб қолар, деган умиддаман.
Яна бир нарса – Мен, рассом Тузни Шуҳрат Бобожон билан адаштирганлар ҳам кўп экан.
Мошаллоҳ. Шуҳратдай авангард шоир, моҳир журналистга тенглаштиришган бўлса, не аъло. Лекин менинг ўз имзоим, унинг ўз имзоси бор. У мўйқаламда тузлайди, мен сўзда. Фарқимиз шу.
Комилов туширган «қовунлар»
22 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россиянинг бир қанча нашрларига интервью бераркан, ўз таъбирида, хориждаги тизимлашмаган мухолифатга тўхталди.
“Нафақат тизимлашмаган, балки тарқоқ ва алоҳида шахслардан иборат деб айтган бўлардим. Кўп ҳолларда улар бир-бирлари билан ўзаро боғланмаган, ўзларининг орасида хориждаги мухолифат ичидаги биринчилик учун мусобақа кетади”, деди Абдулазиз Комилов.
Ўзбекистондаги энг кекса ва энг қўрқоқ вазирнинг бирдан бундай баёнот беришига сабаб нима?
Бу саволга Лондондан таҳлилчи Алишер Илҳомов самимий ва мантиқли жавоб қайтарди:
«Одатда ички сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикридан ўзини тиядиган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тўсатдан хорижда “пистирма”да турган “мухолифатчилар”дан ёзғирди. У 22 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россиянинг НТВ телеканали журналисти саволига жавоб бераркан, дастлаб тизимли мухолифат нима эканини тушунмади. Кейин эса Ўзбекистондаги ҳукмрон режимни танқид қилаётган ўзбек мухолифатчиларини айблай бошлади.
Келинг, гап нима ҳақида борганини бир бошдан аниқлайлик ва ҳаммасини бирма-бир хотиржам жавонга терамиз.
Гапни “тизимсиз” мухолифатдан бошлаймиз. Аслида Ўзбекистонда шундай нарсанинг ўзи йўқ. Чунки тизимли мухолифат ҳам йўқ. Парламентда ўтиришга рухсат берилган чўнтак партиялар мутлақо тизимли мухолифат эмас. Чунки улар умуман мухолифат ҳам эмас.
«Тизимли» ва «тизимли бўлмаган» мухолифат атамалари, умуман, фақат авторитар режимларга нисбатан қўлланилади, лекин фақат у ерда ҳеч бўлмаганда ҳақиқатан ҳам фаол мухолифат мавжуд бўлган тақдирда. Масалан, Россия Федерациясида тизимли мухолифат – бу ҳақиқий сиёсий партиялар, КПРФ, ЛДПР ва «Яблоко» партияларидир. Уларнинг сайловда қатнашишига рухсат берилган бўлса-да, босим, сохталаштириш ва овоз бериш натижаларини уйдириш йўли билан керакли миқдорда овоз тўплашларига йўл қўйилмайди. Тизимли бўлмагани эса парламентга умуман киритилмагани. Ўзбекистонда ҳалигача бунақаси йўқ. Тахтда фақат хон ва унинг вассаллари бор.
Кейин жаноб Комилов режимнинг барча танқидчиларини «мухолифат» деган атама остига бирлаштириб мутлақо хато қилди. Ахир журналистнинг саволида гап фақат мухолиф партиялар ҳақида бораётган эди. Хорижий диаспорамизда эса бу тоифага фақат «Эрк» билан «Бирлик»ни киритишимиз мумкин. Боз устига, «Бирлик» аллақачон фаолият кўрсатмай қўйган, «Эрк» эса ҳозирча жуда заиф ва фаолияти суст тузилмадир.
Хорижий диаспорада сиёсий мухолифатдан ташқари ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар ҳам бор. Лекин уларни ҳечам мухолифат дея атамаслик керак. Уларнинг ўз кун тартиби ва иш услублари бор. Ҳукмрон тузумнинг қора ишларини танқид қилишлари ёки фош қилишлари бу сиёсий мухолифат дегани эмас.
Аммо Комилов айбловининг марказий нишони хориждаги режим танқидчиларига қаратилган бўлиб, улар гўёки ўзларининг шахсий ғарази йўлида ёки Ғарб донорларидан маблағ олиш умидида режимга душманлик қилишмоқда. У буни қаердан билади?
Аслида эса қувғинда юрган бу омма ичидаги саноқли фаолларгина грант олишади ва буни улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳужжатлаштиришгани учун олишади.
Албатта, танқид конструктив бўлиши керак. Бундай конструктив танқид эса сургундаги фаоллар оғзидан етарлича янграмоқда. Коррупцияга, мажбурий меҳнатга чек қўйиш, фермерлар ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан реал чоралар кўриш чақириқлари аллақачон янграган. Таклиф этилаётган конструктив чора-тадбирлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.
Шу тариқа, жаноб Комилов журналист саволига жавоб бераркан, камида ўзининг лаёқатсизлигини, нохолислигини, ўзи ўйлаб топган нарсани рост деб билишини кўрсатди. Умид қиламанки, ўзбек ҳукумати бундай ёндашувдан воз кечади ва музларни чиндан эритишга киришади».
Алишер Илҳомов,
Cиёсий таҳлилчининг фейсбук саҳифасидан
Гиламларни силкитиш
Дарвоқе, рассом Шуҳрат Бобожоннинг Тошкентдаги кўргазмаси “Гиламда акс этган уруш” деб номланди. Рассом буни ибтидоий аждодининг воқеликни санъатда акс эттириш эҳтиёжига йўяди. Аммо сиёсатда ҳам «гиламларни силкитиш», деган тушунча бор. Бу, бир томондан, физика қонунларига асосланган тушунча бўлса, бошқа тарафдан, сиёсат, уруш ёки бизнес стратегияси ҳамдир. Масалан, кенг бир ҳудудда камроқ ҳаракат, инерция билан катта тўлқинлар, ўзгаришлар ҳосил қилиш, яъни шу йўл билан муайян ҳудудни гилам каби эгаллаган ва нотўғри жойлашган қулоч етмайдиган майдонни ўзгартириш, тозалаш ва тўғрилаш. Масалан, Ўзбекистонда 30 йилдан ортиқ давом этган яккаҳокимлик ва турғунлик даврида қотиб, моғор босган ва оёқ ости бўлиб, шакл- шамойилини йўқотган, буришган эски гилам каби тузумни тозалаш ва тўғрилаш учун аввал уни яхшилаб силкитиб, қоқиш керак.
Эскисин бузмай туриб
қайтадан қуриш керак,
Сўнг эски аробани
Ўнгу – сўл буриш керак.
Оёқларни тушовлаб
олдингга юриш керак,
Мазлумлар бошин силаб
кетига уриш керак.
Гуллаб-яшнашдан аввал
озгина чириш керак,
Тинчликни сақлаш учун
салгина уруш керак…
(Ҳамроқул Асқар, 1989 йил)
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз