Асосий мавзулар
19 ноябр 2021

РТдан ваъз: Чироғи ëниб турган мамлакат ҳақида

Токи ташқарида қор ёғар экан,

Қийин ўзга сўзни ёзмоқ.

Қорга қараб туриб шунчаки,

Мумкин эмас ақлдан озмоқ.

Токи айланаркан миллионлаб нуқта

Қийин бир нуқтага тикилиб қолмоқ.

(Муҳаммад Солиҳ, 1977 йил)

Яна сиз билан юзма-юз, бетма-бет кўришиб турибман. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб илк қор ёғди. Қор – бу барака. Совуқ бўлса-да, кўнгилга илиқ ботади. Худди гўзал бир нотанишнинг самимий табассуми сингари. Табассум ҳақида қуйироқда гаплашамиз. Ҳозир эса қисқа хабарлар.

Хабарлар

Ишдан олинган бош чекист Рустам Расулович Тошкентда. Кайфияти яхши. Ëшига яраша дарди бор. Ëш ҳамширалар игна суқиб турибди.

+++

Андижоннинг эски прокурори Қурбонали Асқаров пора олаётган пайтда шонли ДХХ ходимлари томонидан ушланди. Қурбонали ҳоким бува Шуҳрат Қўшоқбоевичнинг жияни бўлади. Ҳоким бува қутқарармикин ёки шу баҳона у кишиям жойларидан ажралиб қолармикин?

Қурбонали иккита метан заправкаси, бир неча гектар ер ва ҳамда Андижонда кўплаб биноларга эгалик қиларди. Халқ таълими бошқармасида 6 миллиард 700 миллион ортиқча ёзилган ойликлар аниқланган. Шуларни тинчитиш учун 15 минг олаётган пайтда шаппа ушланибди.

+++

Жиззахлик депутатлар кинначи тарафидан қамчи билан савалангани ортидан сайланган, дейишди. Кинначи қамоқда, депутатлар кенгашда.

+++

Москвада мабодо осмондан тош тушса, албатта, ўзбекнинг бошини ëради. Москвадаги ёнғинда тўрт ўзбек ўлди. Ëниб-куйиб яшаш, дегани шуми?

+++

АҚШнинг Гуам оролида Россия номидан аралаш жангларда иштирок этаётган асли ўзбекистонлик Акмал Ҳожиев шифокор Миран Рибатини пичоқлаб ўлдирди. 27 ёшли Акмалбек дўсти бўлган Миранни ўз уйида ковид устида баҳслашиб қолиб, чавақлаб ташлаган. Ўзбекистонлик полвонни олиб кириб қўйишди.

+++

Тошкент вилоятилик депутат опанинг севги онлари акс этган видео тарқалгани қораланди. Биз ҳам қоралаймиз. «Шум бола» киносида айтилгани каби яланғоч аëллардан қўрқамиз.

+++

Тошканди азимда 8-синф ўқувчисини алдаб, бутилка ўйини ўтказиб, зўрлаб қўйган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг дўстлари қамалди.

Суд қарори билан жисмоний тарбия ўқитувчиси тўрт йил, унинг дўстлари икки йил давомида баракнинг парашасини тўлдириб туришади.

Шу йил баҳорда Миробод туманидаги мактаблардан бирида жисмоний тарбия ўқитувчиси, унинг икки ўртоғи ва 14 ёшли мактаб ўқувчиси шиша ўйини ўтказишади. Ўйинда ютқазиб қўйган қизалоқни уч оғайни ботирлар зўрлашган.

Ана шунақа гаплар… Уч оғайни ботирлар қамоқхонада ётирлар. Тўрт йилдан кейин соғ-саломат қайтишади. Эркин Воҳидов таъбирида айтганда, зўрлаганга икки йил, гапирганга йигирма.

+++

1964!!! Бу 10 ой ичида Ўзбекистон йўлларида аварияга учраб ўлганлар сони. Ҳар юз киши ҳисобига автоавариядан ўлганлар сони бўйича Либерия олдинги ўринда. Энг ками эса Швейцария ва Норвегияда.

Ризқингни сот, равшан ол

Қадим замонларда икки аскар тинч ҳаëтда учрашиб қолса, кафтини очиб бир-бирига узатган. Бу қўлимда қурол йўқ, деган маънони билдирган. Учрашганда олқишлаш турли элат ва юртларда турлича кечган. Масалан, икки тибетлик учрашиб қолса, бир-бирига тилини чиқариб кўрсатишади. Бу тилим заҳар эмас, деган маънони билдиради.

Форслар эса илк учрашган одамга сизга қувноқлик тилайман, дея баралла айтади. Туркманлар икки қўлини чакмон енгига яшириб, тўн барини очса, демак билингки, у сизни олқишламоқда. Узоқ йўлдан келаëтган йўлчи қоронғуда деразасидан чироқ ëниб турган уйни кўрса севинади. Катта шаҳар чироқлари нафақат Чарли Чаплин, балки барча мискинлар учун ҳам тасалли ва умид қайноғи бўлиб келган.

Ҳафта давомида Тошкентдаги Адлия вазирлиги мулозимидан тортиб Энамяхши қишлоғидаги Ëхтилиқ опага қадар чироқ йўқлигидан шикоят қилди. Чироқ йўқ. Ток йўқ дейишди. Аммо Тошкентдаги катта бир мажлисда бир семизгина фаол опа чироқ мамлакатнинг барча жойида бор, деди ва мен бу гапга ишондим.

Пул ортиб қолса, совун ол, дейди Оëқ Дўрмондаги донишмандлар. Анави куни кинонинг ëшуллиларидан бири билан учрашиб қолсам, сценарий йўқ, деб нолинди.

Эҳ, азизим. Атрофга боқ. Ҳаëтимиз кино бўлиб ëтибди.

Кино учун синопсис

Давлатободлик Ромео гўзалқишлоқлик Жульеттани севиб қолди. Севгинга ишонтирмоқчи бўлсанг, «мошин олиб бер», деди Жульетта. Ромео бўлса, шартта йилтироқ қўнғиз рангли Malibu-2 калитини Жульеттага тутқазди. Мошиналик бўлган Жульетта намонгонлик ëшроқ болалар билан юришга ҳавасланди. Рашк устида Ромео ўз севгилисининг мошинасини ëқиб юборди. Воқеа 13 ноябрь куни Наманган вилояти Давлатобод туманида содир бўлган. Воқеа жараëнида уй ҳайвонлари ва набототга зарар етмаган.

Яна бир фильм учун сарлавҳа:

«Мачитдаги разолат»

Расмдаги биродар Сергелидаги мачитдан жума намози маҳалида икки телефонни ўғирлаб қочган. Олдин калиш ўмаришарди, энди телефонга ўтишди. Рўмон ва қиссаларда қаҳрамонлар иккига бўлинади. Ижобий ва салбий қаҳрамонлар. Отабек ижобий – Ҳомид эса салбий. Кумуш ижобий, Зайнаб салбийроқ ва ҳоказо. Ўзбекистондаги бугунги жамият эса барча салбий қаҳрамонлардан иборат «ужас» кинога ўхшайди.

Сурхондарëлик мактаб директори журналист камерасини синдирибди. Мабодо, бу ҳолат АҚШ судида кўрилса, суд директорни оқлаб, журналистни жаримага тортади (энг камида жарима, олиб кириь қўйишиям мумкин). Чунки дунëнинг аксар мактабларида изнсиз суратга олиш, хоссатан болаларни суратга олиш жиноят ҳисобланади.

Тасаввур қилинг, сиз Мичегандаги мактаб ҳовлисини суратга олмоқчисиз. Ҳовлида 800 ўқувчи шаталоқ отиб юрибди. Сиз уларни суратга олиш учун камида 1600 та рухсат олишингиз керак. Ҳар боланинг ота-энаси ëки ота-бувасидан.

Майли, буни тушундик. Болалар – бизнинг келажагимиз. Уларнинг биллур қалбига гард юқмасин. Аммо Амстердамда олдида қизил фонар ëниб турган жалапхоналарни суратга олганларни ҳам қамоқ кутади. Нидерландия бошкентидаги «Қизил фонарлар» маҳалласини аканг қарағай рассом Туз роса кезиб, битта ҳам сурат ололмаган.

Запрет дейишди. Ғар ва жаллаблар иштонсиз турадиган бу исловот маҳаллада расмга олсангиз, ўша ердаги барзангилар сизни уриб-уриб ташлайди. Полиция ҳам ўша барзангиларнинг тарафини олади. Жанубий Кореяда эса жамоат жойида эмин-эркин юрган хотинларни суратга олиш тақиқланган. Уларни изнсиз суратга олган камида 5 йилга қамалади.

Итлик қилган тулки

Нуқул бизнинг давлатни гапирасиз, бошқа давлатда муаммо йўқми, деб сўрашади. Муаммо тиқилиб ëтибди. Лима турғуни Марибель Сотело ўз ўғлига зоодўкондан кучук олиб берди. Сал вақтдан кейин унинг ашаддий йиртқич ëввойи тулки экани маълум бўлди. Тулки қўшниларнинг ўрдак ва товуқларини еб битирди. Кучук деб билганимиз итваччалар ичида тулкилар ҳам борлиги Марибель Сотело учун бир умрлик дарс бўлди. Тулки қамоқда!

Бой бўламан деб…

Можаристонлик 54 ёшли Шандор ўз ҳаëтини суғурта қилдираëтиб қоғоздаги рақамлардан кўз уза олмади. Мабодо Шандорнинг бирор тана аъзоси бахтсиз ҳодиса оқибатида лат еса, у ноллари жуда кўп бўлган сумма эгаси бўлади. Бой бўлиш орзусида Шандор яна 14 та суғурта ширкати билан шартнома тузди.

Кейин эса Ньирчашари қишлоғи ëнидан ўтаëтган поезд тагига ўзини ташлади. Шандор тирик қолди, лекин оëқларидан айрилди. Энди суғурта ширкатлари Шандорга 3 миллион 200 минг доллар тўлаши керак эди. Суғурта ширкатларининг диққати поезд машинистининг иқрорига қаратилди.

Машинистга кўра, Шандор ўзини поезд тагига ташлаган. Пешта шаҳри суди ҳам суғуртачилар ëнини олиб қарор чиқарди. Оёғидан айрилган Шандор суд харажатлари учун 6300 доллар тўлади ва яна икки йилга қамалди.

«Халқми шу?…»

Эҳ, Шандор, Шандор. Бой бўламан деб шунча кўргиликка нишон бўлдинг. Шу кунларда ëши бир жойга борган чолларнинг: «Палончи депутатнинг видеосини ташлаб бер, болам», деган илтимосларига кўзим тушиб, кўнглим айниди.

Халқ эмиш, кабобпаз ана «келинг» дер,

Кўзидек қизариб сихда чандири.

Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради,

Уятдан қизариб, чатнаб тандири.

Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,

беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,

сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини,

Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?

Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,

мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида,

Юлдузлар борини билса, қувонса!

Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,

аслга ишонса, сохтадан тонса!

Омон Матжон

Мўйноқ – ўзбек Лас-Вегаси

Ўзбекистонда қимор ўйнашга расман изн берилди. Мўйноқда «Аля Лас Вегас» шаклидаги казинолар очиладиғон бўлди. Маънавият посбонлари доооод дейишди. Зиëлилар валидол ичди.  Аммо шу пайтгача қимор элимизнинг ажралмас қисми эди-ку.

Масалан, лотерея ҳам қиморнинг бир кўриниши. Карта ўйини-чи? Одамлар картада ютқазган одам ўз хотинини сотиши керак, деган ўғри ақидасини муқаддас билишади-ку. «Шум бола» асарида Султон ўғри Келес тарафдаги Яхшиқиз опанинг чойхонасида қимор ўйнайди. Қиморда экс бачча бўлган бир мулла ҳам қатнашади.

Мен билган ҳамманинг Лас-Вегас деса оғзидан суви оқади. Гапнинг қисқаси, эй пипллар, варнингди кераги йўқ. Кончайте базар.  Де факто нарса де юре бўлди. Ўғри паняткасини онаси ва хотинидан ҳам кўп севадиган, Салимбойга сиғиниб унга атаб қўшиқ куйлайдиганлар ваабше қисииииб ўтирсин миллион йил.

Мўйноқдаги «Лас Вегас»ча қимор шаҳри ҳақида яна бир муҳим гап. Шундоқ ҳам ўзбеклар қозоққа ўтиб, қимор ўйнаб келяпти. Шу пул Мўйноқда қолсин. Аувф фи дер зейн Курва кокаин, чао помидорро.

Баракали кун

Эрталаб битта таниш телефон қилиб, «тез пастга туш», деди. Тушсам, бу оғайни мошинадан ҳам тушмай ойнадан пакет узатди. Уч йил олдин олган қарзини қайтарди. 4800 доллар олувди, 4800 қайтди. Қарзни қайтарган таниш дўстга айланади, деган ҳикматли гап мазмунини тушундим. Кун баракали бошланди.

Сергелида кичикроқ участкани сотиш учун эълон бериб қўювдим. Маклер телефон қилиб, «Сиз айтган суммадан каттароққа харидор топдим, тепворайми», деди. Мен майли дедим.

Эрталабдан нотариусга бориб, олди-бердини расмийлаштириб, пул солинган қутини ошхонадаги жавонга қўйиб, новвот чой ичиб ташқарида ëғаëтган қорга деразадан қараб ўтирувдим, телефон жиринглади.  Куала-Лумпурдаги китоб нашриëти мен чизган расмлардан фойдалангани учун ҳақ тўламоқчи экан. Паспорт нусхасини сўради. Пулни бугун кечгача Мирободдаги банкадан олишим мумкин экан. Яхшигина пул.

Бугун 19 ноябрь эканига эътибор қаратдим. Чунки бултур 19 ноябрь куни «Малика» савдо марказида чўнтагимни кесиб кетишувди. Лекин барибир ҳаëт гўзал. Лабимга табассум югурди. Оддий табассум.

Tабассум

Табассум ҳақида ëзмоқчиман. Табассум артиллериядан ҳам, отлиқ аскарлар ва танк дивизиясидан ҳам кучли қурол.

Сизни ғажиб ташламоқчи бўлган одамга табассум қилсангиз, у талмовсираб қолади.

Хохолаб кулиш, тиржайиш ëки кесатиқли илжайиш эмас.

Оддий табассум.

Зотан, олдингизда турган ва ҳаëт машаққатларидан чарчаган¸ умри  хўмрайган шўртумшуқлар орасида ўтган одам учун табассум худди булут  остидан чиққан қуëш каби тансиқ ва иссиқ.

Энг яхши одамлар сенинг юзингга кулги ато қилган одамдир.

Бировнинг иштони тушиб кетса ҳам кулиш мумкин.

Аммо мен айтаëтган нарса бошқа.

Масалан, кеча бир қиз кафедаги стол устида кармонини қолдириб кетди.

Мен кармонни олиб унинг ортидан секин юрдим.

Юз метр юргач, қиз кармони йўқолганини билиб даҳшатга тушди.

Мен унга қараб жилмайдим ва кармонни бердим. Қиз ҳам жилмайди.

 Кўнглим ҳам равшан бўлди.

Агар сиз ғамгин бўлсангиз, мискинларни ўйланг.

Сиз эшитаëтган мусиқани эшитишдан мосуво карни ëки сиз кўраëтган оламни кўриш бахтидан бенасиб кўрни ўйланг.

Иссиқ уйда ўтирар экансиз, бошпанаси йўқларни ўйланг.

Болангизннинг бошини силар экансиз, боласи дарëда чўкиб ўлган ота ë она ичидан нима кечишини ўйланг.

Дарров ўзингизнинг бахтли ва шодмон эканингизни биласиз. Энг катта байрам одамнинг ичидаги байрам.

Табассум қилинг. Дунë биз ўйлагандан кўра яхши.

Балким…

Балким ютуқ чиқар заёмга,

Балким хат оларман кимдандир.

Балким ёмғир ёғар,

Балким зилзила…

Ҳар куни

Ҳар лаҳза

Тинимсиз

Қармоқ пўкагидай сирли ликиллар,

Ер узра “Балким” деган сўз.

(1980 йил, Муҳаммад Солиҳ)

Беҳбудий тирик бўлганида…

Мабодо Беҳбудий бобо бугун яшаган бўлса ва у кишининг фейсбукда саҳифаси бўлса, нима ҳақида ëзар эди? Беҳбудий домла бугун қадимчиларнинг жазавасига истеҳзо билан қараб, «Наҳотки булар 100 йил давомидаям айни жазавадан нарига ўтмай авомлигича қолди-я», деб истеҳзо қиларди.

Ва албатта, у киши графен ҳақида ëзган бўларди. Графен 21-асрда кашф қилинган пўлатдан 200 марта мустаҳкам бўлган материалдир. Уни кашф қилган олимлар Андрей  Гейм ва Константи Новоселов 2004 йилда Нобель мукофоти олишди.

Графендан бўлган ва юпқалиги 0.01 мм бўлган плёнкадан том қилиб, устига энг катта африка филини чиқарсангиз ҳам графен том дарз кетмайди. Графен кашф қилинмаганида қўлимиздаги смартфон бу қадар мукаммал бўлмасди. Яна нима ҳақда ëзар эди Беҳбудий? Менимча, майиблар учун яратилган смарт протезлар ва карбин ҳақида ëзарди. Кабмин эмас, карбин! Карбин – бу графендан ҳам пишиқ материя.

Дарвоқе, жадид деган калима янгилик деган маънони билдиради.

Мен бу чироқни ҳам ўчирдим –

Ўн икки пиликли бир йилни.

Кўзларим ачишди ўчираётиб,

Қўзларим ёшланди,

Чироқнинг охирги дудидан!

(1980 йил, Муҳаммад Солиҳ)

Уйингизда чироқ ўчмасин. Кўзингиз ёшланмасин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
26 март 2023
Ўзбекистонда 1995 йилнинг мартида президент ваколатини узайтириш учун референдум ўтказилган эди. Ислом Каримовнинг президентлик ваколатини 2000 йилга қадар узайтирган ...
22 декабр 2016
«Ҳуррият» газетасида (21.12) босма нашрлар ҳақида чоп этилган мақола сарлавҳасини ўқиб, унда долзарб масала кўтарилган экан, деб ўйлашингиз мумкин. ...
12 август 2019
«Толибон» ҳаракати раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда ошиғич эҳтиром билан кутиб олингани расмий Қобул эътирозига сабаб ...
8 апрел 2022
Мана, ғир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қонхўр рус босқинчиларининг ëш гўдаклар, қизларни зўрлаб ўлдиргани, аëллар, кексалар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...