Асосий мавзулар
23 ноябр 2021

Косонлик фаол ҳокимлик сайти ёлғон хабарлар тарқатаётганини айтмоқда

Косон тумани ҳокимлиги расмий веб сайтига кўра, “сўнгги 2 йил ичида Косон тумани маркази таниб бўлмас даражада чирой очган”. Туман кўчалари асфальт қилиниб, узлуксиз электр таъминоти ўрнатилган. Имконияти чекланган ва кам таъминланган фуқароларга ҳокимлик ёрдамлари берилмоқда.

Сайтда эълон қилинган қатор мақолаларда бунга кўплаб рақам ва фактлар келтирилади. Аммо маҳаллий фаол Наргиза Келдиёрова «Элтуз» билан суҳбатда бу хабарлардаги воқеликлар ҳокимлик матбуот хизмати томонидан бўрттириб кўрсатилаётганини иддао қилмоқда.

«Элтуз» суҳбатдошига кўра,  Косонт.ўз сайти 2019 йилдан фаолиятини бошлаган. Бу нашрга ва туман матбуот котиблигига ёш журналист Дилшод Набиев раҳбар этиб тайинланган.

«Мен унинг тайинланганидан аввалига жудаям ҳурсанд бўлдим. Чунки у фаолиятини бошлаган пайтда халқнинг муаммоларини, халқнинг дардини, камчиликларини ёритди. Тумандаги матбуот фаолиятини жуда фаоллик билан бошқара бошлаган эди», дейди туман фаолларидан бири Наргиза Келдиёрова.

Рахбарга ёқадирган хабарлар

Бироқ, Келдиёровага кўра, олти ой ўтар-ўтмас бу фаолият мутлақо қарама-қарши томонга ўзгарган. Сайтда бир ёқлама ва ёлғон маълумотлар кўпая бошлаган.

“Унга ҳокимлик кабинет ва ускуналар ажратди, шундан сўнг Набиев фақат ҳокимликдагиларнинг қулоғига ёқадиган хабарларни чиқара бошлади”, дейди Келдиёрова «Элтуз» билан суҳбатда.

Унинг айтишича, веб сайтдаги бу каби тенденция кўпинча халқаро матбуотда чиқиб қоладиган, тумандаги камчиликлар акс этган хабарларга раддиялар шаклида кўзга ташланмоқда.

“Ўзимиз кўриб турган, кўзимиз олдида бўлаётган нарсалар инкор этила бошлаганидан кейин биз бу нашрга ишонишга қўрқиб қолдик”, дейди Келдиёрова.

Ҳусусан, Косон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати жорий йилнинг август ойида Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Шоймардон бобо Жумаевга ҳокимлик моддий ёрдам кўрсатгани ҳақида хабар берган. Кейин ижтимоий тармоқларда Шоймардон бобонинг ҳеч қандай ёрдам олмагани ҳақидаги видеомурожаати пайдо бўлган эди.

“Менга ҳеч ким ёрдам пули бермади. Пенсия пулим кам. Ҳокимликка ҳам бордик. Ҳеч бир ёрдам йўқ”, деган эди Шоймардон бобо тармоқда тарқалган видеомурожаатида.

Орадан кўп ўтмай, матбуот хизмати Шоймардон бобо тилидан бошқа бир видео тайёрлайди. Бунда ҳокимлик Шоймардон бобога моддий ёрдам кўрсатгани, ҳар ойда икки мартадан озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам таъминлаб келаётгани ҳақида гап боради.

Шоймардон бобонинг ўзи ҳам энди олдинги гапларини инкор қилиб, унга ҳокимлик ёрдам кўрсатгани, уйларини шифер қилиб бергани ҳақида айтган.

Бироқ Келдиёровага кўра, бунинг барчаси бир товоқ ош ва ароқ устида қилинган кўзбўямачилик бўлган.

“Ҳокимлик вакиллари билан матбуот котиби Набиев унинг уйига бир товоқ палов ва ароқ кўтариб боришган. Халқаро матбуотда чиқиш қилгани учун олдин қўрқитишган.” дейди Келдиёрова.

Айнан шундай бўлгани ҳақида Шоймардон бобонинг ўзи ҳам кейинги видеосида тағин гапирган.

“Маҳалла раисимиз, Набиев ва бошқалар келиб, мени уйга қамаб олиб гапиртиришди. Палов, коньяк олиб келишди. Мажбур қилиб, ичсанг-ичдинг, ичмасанг қамайман, деб мажбур қилди. Ёлғонни ёзиб кетган улар”, дея иддао қилади Шоймардон бобо.

Келдиёровага кўра, ўша пайтда ҳам ва то шу бугунгача Шоймардон бобога ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатилмаган.

Бу пулга йўлни асфальт эмас, қимматбаҳо кафелдан қилиш мумкин эди

«Элтуз» суҳбатдоши туманда бу каби ҳолатлар кўплигини билдирди. “Ҳокимликнинг интернетда пайдо бўлган бирор мақола юзасидан раддия қайтаринглар, деган топшириғини тезгина бажариш учун ёлғон маълумотлар тарқатилган”, дейди Келдиёрова. 

Унинг сўзларини Косон тумани Лолазор маҳалласи турғуни, 2-гуруҳ ногирони Дилшод Отаев ҳам тасдиқлайди ва бунга бир неча мисоллар келтиради.

“Косон тумани ҳокимининг матбуот раҳбари Дилшод Набиев Лолазор маҳалласи асфальт қилинди, дея ёлғон маълумот тарқатди. Келиб кўринглар-чи, асфальт қилинганмикин”, – дейди Дилшод Отаев.

2019 йили 11-13 километр йўл таъмири ва кенг кўламли асфальт ётқизиш учун 1 миллиард 475 миллион сўм пул ажратилгани ҳақида ёзган эди, бироқ маҳаллий фаол Келдиёрованинг сўзларига кўра, йўлнинг атиги 1,5-2 километригина асфальт қилинган.

“Бу пул билан 11-13 километр йўлга асфальт эмас, кафель ётқизиш мумкин эди. Косон кичкина бир шаҳар. Унинг ички йўллари умуман асфальт қилинмаган. Матбуот котибига йўл идоралари ёлғон маълумот берган бўлиши мумкин. Лекин улар бу маълумотни олдин текшириб кўришлари керак эди”, дейди Келдиёрова.

Косонт.уз сайти, шунингдек, 2-гуруҳ ногирони бўлган Дилшод Отаевга Халқ банки ёрдам пули бергани ҳақида ёзган. Отаев эса бу хабарлардаги маълумотлар ҳам ёлғонлигини айтди.

“Ҳокимлик вебсайтида Косон тумани матбуот котиби Дилшод Набиев Халқ банки вакиллари келиб, шароитимни кўриб, менга ёрдам тариқасида тўрт миллион сўм пул бергани ҳақида ёзибди. Буни Дилшод Набиев қандай исботлай олади?”, дейди Отаев.

“Суриштиришга ҳақингиз йўқ!”

Бошқа бир маҳаллий фаол, мактаб ўқитувчиси Дилдора Ҳакимова мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш жараёнида шахсан матбуот котиби Дилшод Набиевнинг қаршилигига дуч келганини айтади.

“Мен аввалига унинг (Дилшод Набиевнинг) бирор суриштирув ўтказмасдан туриб мажбурий меҳнат ҳолатлари бўлгани рад этувчи хабарлар тайёрлагани ҳақида мурожаатчилардан шикоятлар олганимда ҳайрон қолардим. Наҳотки у ҳеч нарсани суриштирмасдан туриб, ташкилот раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига доир мақолаларга нисбатан фақат “ёлғон хабар тарқатилди, бўхтон қилинди” қабилидаги мақолалар чиқарадиган ходим бўлса, деб ўйлардим.

Менинг ўзим ҳам кейин бунга гувоҳ бўлдим. Шу йилнинг 25 августида тумандаги 6-мактабда содир бўлган мажбурий меҳнатни ўрганиш юзасидан у ташкил қилган мажлисга борганимда, қўлимда тегишли ҳужжатларим бўлишига қарамай, “сизга бундай суриштирув олиб бориш мумкин эмас, сизнинг бунга ҳаққингиз йўқ”, деган чекловларни қўйган”, дейди Ҳакимова.

«Элтуз» ўз суҳбатдошининг уйда қалин кийиниб, иссиқ рўмолга ўраниб ўтирганига ва йўталаётганига эътибор берди. Суҳбат мавзуи ўз-ўзидан қишки иситиш тизими ва газ таъминоти масалаларига кўчди.

“Газ ва электр масаласида ҳам яхшигина катта камчиликларимиз бор. Уни ҳам тўлиқ бартараф қилинди, яхши бўлди деган, қулоққа ёқувчи, ширин ёлғонлар билан кўрсатиб келинаётган жойлари ҳам бор. Лекин бундан беш йил олдин чинданам ҳатто шаҳар марказларида ҳам чироқ масаласи жуда ачинарли аҳволда эди. Ҳозирги кунда ўша беш йиллик зулматга нисбатан яхши ўзгаришлар бор. Мен қалин кийиниб ўтирган бўлсам ҳам интернет ишлаб тургани учун сиз билан суҳбатлашяпман, балки ҳаммаси яхши бўлар деган умиддамиз”, деди «Элтуз» суҳбатдоши.

«Элтуз» юқорида билдирилган иддаолар юзасидан мақола чоп этилган сонияга қадар Косон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати телефонларига боғланишга уринди, лекин ҳозирча жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Каримберди Тўрамурод ...
26 июл 2017
Ўзбекистоннинг 8 мингдан зиёд маҳаллаларида «Қайноналар кенгаши» фаолият бошлади. Хотин қизлар қўмитасининг янги қароридан аёллар орасида таассуф билдирувчилар ҳам ...
14 май 2021
Манам Мажнун беҳуддек гадолар бўлмасам бўлмас, Кийиб жанда, кулоҳ, ғамда адолар бўлмасам бўлмас. (Ҳамза) Жадид отамиз Ҳамза Ҳакимзода ижоди ...
12 феврал 2021
Бахтибек тўрт марта уйланган ва ҳар бир хотинидан иккитадан фарзанди бор. У аллақачон ҳеч қайси хотини билан яшамайди. Чамамда ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...