Ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов Швецияда вафот этди
Швециядан қочқинлик мақомини олган ўзбек фаоли Муҳиддин Қурбонов 2 февраль куни саратон касаллигидан вафот этди.
Бу ҳақда Элтузга хабар берган Швециядаги ўзбек диаспораси вакили Аваз Охунов, Қурбоновнинг жасади ҳозирда Стокгольмдаги касалхонада қолаётгани, жаноза қачон ўқилишини маълум қилишини айтди.
“Олдинги икки хотини билан ажрашган Қурбонов кейинги кунларда Тенста шаҳарчасидаги уйида ёлғиз яшаётган эди. Унинг ягона орзуси Ўзбекистонга қайтиш эди. Охирги кунларида унинг ёнида бўлдим”, деди Охунов Элтуз мухбирига.
Муҳиддин Қурбонов 2018 йилнинг 23 майида охирги бор Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганида Тошкент аэропортидан қайтарилган, воқеа тафсилотлари ҳақида Элтузга батафсил интервью ҳам берган эди.
Ўша йилнинг 4 декабрида Стокгольмда учрашув ўтказган Ўзбекистоннинг Германиядаги консули Азимбой Озодовнинг тавсияси билан у ватанига қайтишга аҳд қилган эди.
2006 йили Швециядан бошпана сўраган Қурбонов, шу пайтгача ватанга қайтиш умидида швед ватандошлигини олмасдан келаётган эди. Элтуз Муҳиддин Қурбоновнинг яқинларига таъзия билдиради.
Eltuz.com