Асосий мавзулар
11 феврал 2022

РТдан ваъз: Ҳаммасига Тик Ток айбдор!

Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан самара эмас, зарар кўрган ëки нимадир ўғирлатган бўлсангиз, жудаям умидсизликка тушманг. Биринчидан, иши юришмаган одам битта сиз эмас. Яхшиси тармоқни кузатинг.

Шум бола бозордаги самосудни томоша қилиб зериккач, дорбозлар тарафга қараб кетади. Тармоқ ҳам шундай. Сохибқиронга тил теккизилди, деб энди додлашни бошлашувди. Сал нарида Наргиз чиқиб «Ношуд эрнинг нима кераги бор?» дейиши билан 100 фоиз ношуд эрлардан иборат оломон гувв этиб аши тарапга кееетворди.

Бургут бошқа ғажир бошқа. Ғажир шаклан бургутга ўхшаса ҳам у фақат ўлакса ейди.

Катта ва кичик давраларда интриганлиги билан танилган Комил Алламжонов турли платформалардаги ўз саҳифаларида сўнгги кунларда имоли ва ишорали постлар қолдирмоқда. Бир қарасангиз, тоғлар узра қанот қоқаётган бургут гифи, яна бир қарасангиз, ўз жонини хатарга қўйиб, дорбозлар сингари, ўта эҳтиёткорлик билан юқори вольтли столба ёнида, осма зинадан юриб бораётган одам суратини жойлаштиради. Иккала постда ҳам 2022 йил хэштеги қўйилган. Сўнгги постида эса «Ҳаммаси сиз ўйлаганчалик эмас. Яқинда ҳаммасини тушуниб оласиз» дея фолловерларини сабрга чақиради. Ушбу постлар баробарида сўнгги ҳафтада бир неча машинада тана қўриқчилари билан ўзига қарашли телеканал идорасига икки марта  боргани Алламжоновнинг жуда баланд маррага интилаётганига ишора этади. Буларнинг бари, бир билгичнинг айтишича, ҳокимият корридорларида турли шивир-шивирларни ва олий раҳбариятга яқин қудратли шахслар орасида ғазабни кучайтирган. К. Алламжонов янги пулютгич аппарат ихтиро қилди, ғазаб сабабларидан бир шудир.

Хўш, 3-феврал куни Сергели туманида нима бўлди? Бу аҳоли пулини сўриб супуриб олишнинг «қонун зарқоғозига ўралган» усулларини амалга оширишдан бошқа нарса эмас. Кўринишидан ҳамма нарса чиройли ва олижаноб тарзда жойлаштирилган, жиноят йўқ. Дарҳақиқат, давлат томонидан ҳайдовчилик гувоҳномасининг пуллик имтиҳон топшириш ҳуқуқи хусусий корхонага ўтказилишида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилишига йўл қўйилмаган. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг айнан мана шу қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 7-декабрдаги ПҚ-4913-сон қарори билан аввалдан ўзгартирилган. Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат ҳаммага маълум – айнан у Э-ИЖРО АУКЦИОН тизими орқали тадбиркорлик субъектларига йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этиш жойларини жорий этишни тартибга солган. Хўш, худди шу қарорнинг тўртинчи банди камроқ муаммоли ва анча фойдали бизнесни – ҳайдовчилик мактаблари битирувчилари учун имтиҳонларни шахсий қўлларга топшириш эди. Нега идеал бизнес модели эмас? Чунки, худди шу қарорга кўра, “Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда белгиланади, келиб тушган маблағлар эса тўлиқ ҳажмда уларнинг ихтиёрида қолади”. Бу ажойиб, тўғрими? Агар илгари Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги идорасининг рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимлари тарифлари давлат томонидан тартибга солинган бўлса, эндиликда “Autodriver Study” тимсолида янги ташкил этилган ғайритабиий монополия негадир ўзининг ҳар қандай нархини ясаб қўйиши мумкин.

Жаноблар мана бу жиҳатга эътибор қаратинг! Пул сўрадиган бу ажойиб схема ташаббускорлари орасида кўринишидан, айнан бўлажак фойдани ҳисобга олган ҳолда,  Autodriver Study асосчилари давлат раҳбарига нутқ ëзиб берадурғон муаллифларидан бири билан ақл бовар қилмайдиган тарзда алоқа қилишган. Негаки, хусусий ЭEЦ очилишига  бир ҳафта қолганда Шавкат Мирзиёев том маънода шундай деганини фантастик тасодифдан бошқа нарса тушунтириб бера олмайди: (video) “Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Биз ўқиганимизда 3 йил ҳайдовчиликка ўқитган. Ҳозир дарсга бормай, пул бериб гувоҳнома оляпти. Нимага? Ўзбекистонда қонун йўқми?»

Худди шу гапни кутиб тургандек Алламжоновга оид ЕЭЦ – ягона имтихон маркази очилди.

Бироқ, тасодифни инкор этиб бўлмайди: ОАВ томонидан президентга маслаҳат берганларнинг ҳеч бири унга шундай «ўз вақтида» маслаҳат бермаган бўлиши мумкин. Ва яна бир билвосита тасдиғи, нафақат юқори мартабали амалдорларнинг нутқлари, балки қонун ҳужжатлари ҳам чинакам зўр одамлар томонидан ёзилган. Мазкур фармоннинг яна бир бандида “Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади”, дейилган. Яъни, барча пул – хусусий савдогарларга ва барча масъулият – аввалгидек, давлатгами? Яхши ўйланган! Унда нега имтиҳон жараёнини оддийгина автоматлаштириб, инсон омилини бартараф этиб, имтиҳонларни Ички ишлар вазирлигига топшириб бўлмайди?

Ҳаммаси олам гулистондай кўринади. Аммо. Мустақил журналистлар туфайли бир нечта жуда қизиқ тафсилотлар ошкор бўлди. Биринчидан, “Autodriver Study” филиали ўша  оламга машҳур давлат сигирини соғадиган Автотест автомактаб филиали жойлашган Алишер Навоий кўчаси биринчи уйда жойлашган. Ва иккинчидан  “Автотест” ҳам, “Миллий” ТВ ҳам асосчиси Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг ҳурматли раҳбари Комил Алламжонов эканлигини эслатиб ўтишим керак.

Xaбарлар

Адлия вазири Руслан Давлетов айрим домлаларнинг маърузалари ихтилофга сабаб бўлиши ҳақида гапириб, вазирлик бу масалаларни назорат қилиб боришини таъкидлади. «Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб, ‘У ишни қилса, бундай бўлар экан, бу ишни қилса, бундай бўлади. Бу нарсани ичса, бундай бўлади, бу вилоятликлар бундай’, деган гапига ҳуқуқ нуқтаи назаридан биз чидаб туролмаймиз. Чунки бу, биринчидан, жамиятимизнинг бўлинишига олиб келяпти, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ. Биласизларми нимага? Чунки одамларга тамға босиш ҳуқуқи йўқ. Динга хоҳласа, ишонади, хоҳламаса, ишонмайди. Хоҳламаса, умуман тарки дунё қилиб яшайди. Бу одамнинг конституциявий ҳуқуқи.», — деган Руслан Давлетов.

Таниқли журналист ва юрт ойдини Элдор Асанов: Русланбек Давлетовнинг баёнотига қарши постлар ёзаётган блогерларнинг фикрлари билан танишиб чиқиб, улар нормал, аргументли баҳсга ҳам, кўзгуга қарашга ҳам мутлақо тайёр эмас деган хулосага келганини айтади:

«Озгина холисликка эга, вазиятни четдан баҳолай олган одам Давлетов нимани назарда тутаётганини тушунади. Жамиятимизда агрессив диндор тоифа вужудга келгани, у интернетда (ҳозирча фақат интернетда) ўзгача фикрловчиларга кун бермаётгани, хоразмликлар ва психолог опа мисолида бу агрессия энди реалликка ҳам кўчиб, жиддий ижтимоий ихтилоф келтириб чиқара бошлагани кундай равшан. Фақат Давлетов эмас, жуда кўп фаоллар, экспертлар, блогерлар неччи ойлардан буён буни таъкидлаб келади. Бу муаммони аллақачон пайқаб бўлишган, вазир Америка очгани йўқ. Давлетов шу каби кейсларни назарда тутяпти, умуман динга ёки диний тарғиботга тақиқ қўйгани йўқ.

Мана шу юзада турган ҳолатларга кўз юмиб, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга уринаётган диний блогерлар билан соғлом баҳс юритиб бўладими? Бунга ишончим кун сайин сўниб боряпти.

PS: мен бу каби гапларни ёзганимда баъзи диний фаоллар «бир гуруҳ одамнинг қилиғига қараб бизга айб қўйманг» деган аргументни айтади. Фурсатдан фойдаланиб, яна шу аргумент янграшини билиб туриб, жавобимни айтиб кетсам. Ўша «бир гуруҳ одам» сизга алоқадор бўлмаса, уларни ҳимоя қилманг. Сиз «исломофоб» ва «дин душмани»га чиқараётган фаолларнинг мутлақ кўпчилиги ана шу бир гуруҳнинг қилғилиқларидан хавотирда, сизлардан эмас. Модомики улар билан – психолог опани ёқворишни истайдиган (ва, афтидан, жазосини олаётган), бутун бошли вилоят аҳолисини ҳақорат қилган, эволюция сингари умумэътироф этилган илмий фактлар ҳақида ёзгани учун олим ва фаолларга нисбатан кибербуллинг уюштираётган, «муртад»га чиқараётганларни қўллаб-қувватласангиз, фикрига қўшилсангиз, жабҳадош бўлсангиз, шуни очиқроқ айтинг. Жамиятда қандайдир юксак миссияларга даъво қилувчи одамларда озгина принцип ҳам бўлиши керак.»

Ўзбекистон – дунёвий давлат. Адлия вазири сизларга Конституциядаги гапни айтди холос. Дунёвий тизим ёқмаса, Ҳайратон кўприги очиқ.

+++

Хатто гугл нималигини билмайдиган Каримов ҳам нега битта «Боинг» учоқни тўртта «Боинг» нархига олдинг деб вицепремьернинг юзига кулдон билан солган ва Арслон оғани турмада чиритган эди. Хозирги раҳбарнинг муборак қўлинда Ойпод¸ ойпод ичинда ҳар нарсани билгувчи устод Гугл қори ўтирган бўлса. Нечун бу разолат, сафолат, зироат ва исмат? Youtong электробусларининг ҳар бирини 300 минг доллардан сотиб олишди. Бу автобусларни «Алибобо» сайтидан 70 минг долларга сотиб олиш мумкин. Қолган пул қаерга кетди деб сўрарсиз? Откат. Ўзбек мулозимлари суйган сўз бу. 637 та электробус сотиб олинса, ҳар биридан 230 мингдан даромад қолса, бу 146,510,000 доллар бўлади. алдагани ўзбек яхши

+++

Ўрта Осиёликларга алоҳида муҳаббати билан ажралиб турувчи Россиядаги Либерал-демократлар партияси лидери Владимир Жириновский касалхонага ётқизилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра,  сиёсатчи коронавируснинг омикрон штаммига йўлиққан.  Либерал-демократик партия раҳбарининг ўпкаси 50-75% атрофида яллиғлангани айтилади. Эслатиб ўтамиз,  Жириновскийга COVID-19 га қарши 7 марта эмланган. Жириновский деган бало узоқ бўлсин, деган эди Ислом Каримов

Vıdeo

Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида олиб борилган реставрация ишлари аҳволи ўрганилганида мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида унинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

+++

Январ ойи охирида Американинг AeroVironment компанияси АҚШ Мудофаа ҳамкорлик агентлиги билан Puma 3 АЕ дрон учоқларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.  Шартнома қиймати 8,5 миллион долларни ташкил этади. Шу тариқа Қўшма Штатлар Марказий қўмондонлиги Афғонистондаги вазиятни кузатиш қобилиятини кучайтирмоқчи.

Ушбу Америка компанияси Ўзбекистон билан анчадан буён ҳамкорлик қилади.  AeroVironment  2019-йилда тўртта БЛА RQ-11 Raven (масофадан туриб идора этилувчи учувчисиз мини жосуслик учоқлари) етказиб берганди. Афғонистондаги Толибон ҳаракатини яқиндан кузатиб боришни мақсад қилган Пентагон сўнгги ойларда Ўзбекистонга эътиборини кучайтирди.

+++

Берунийлик 20 яшар қизни  4 февраль куни машинасига босиб олиб қочиб кетган уч киши устидан 7 февралга келиб суриштирув бошланди.

+++

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқовнинг ўғли Мирсоатов Ҳабибулла Қудратуллаевич Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари этиб тайинланди.

+++

Миришкор ҳокимининг ўринбосари 50 минг доллар пора олаётганда ушланди.

+++

АКТ вазири Шуҳрат Содиқов вазир лавозимидан кетиши биланоқ хотини номига 492 900 000 сўмлик KIA Sorento, давлат рақами 10 L 010 SA,  ўғли номига вазирлик балансида бўлган Mercedes-Benz’ (10 T 010 OA) автомобилларини ўзлаштириб олди. Яна бир ўғлига 602 900 000 cўмлик KIA K8 ва Traverse автомобилларини харид қилди. Барча машиналарни рақами 010.

+++

Полша Қрим-татар халқи етакчиси Мустафо Жемилевни Тинчлик учун Нобел мукофотига тавсия қилди.

+++

Бугун кино идораси раҳбарини эринмаган одам танқид қилмоқда. Кино оламан деб давлат пулини «ухлатиш» мавзулари ҳам ўртага чиқди. Энди бу гапларни камина икки йил олдин сатира қилиб ëзувдим. Шунга яна бир кўз югуртирсак.

Фалонийнинг салласи нега йўқ?

Президентга бир саллали одамнинг расми обкирилади. Бу Фалоний саккиз аср олдин Арнасойда яшаган донишманд дейишади. Президент хурсанд бўлиб кино қилинглар бу одам ҳақида дейди.

Муддао шу эди ўзи. Президент молиячиси 500 мингга қўл қўйдириб тўртюзминг долларни саллали расм обкирган одамга беради.

У одам тўрюзмингни юз мингини маслаҳатчи билан бўлишиб олади. Қолган 300 мингни кинонинг каттаси 30 минг откат бериб олади ва дарров 70 мингни чўнтагига уради.

200 мингди 50 мингини беш нафар худсовет аъзоси ўзаро бўлиб олади. Ютган киночи 50 мингни кинонинг каттасига откат қилиб беради. 30 мингини ўзига ойлик қилиб ëзади. 70 мингига кино олади. Кинони президентга кўрсатишади. Президент хайрон. «Фалонийни салласи қани?»

«Бюджет оз бўлгани учун костюмдан пул тежашга тўғри келди. Ўзи бош кийим суннат, кийса ҳам бўлади киймаса ҳам.»

Президент бош ирғаб маъқуллайди.  Эшикда анави одам яна бир саллали кишини расмини кўтариб келган эди.

Бу кеннайимизнинг юрти Ҳўқанди Шарифда яшаган Пистиëний.  Президент мақуллайди ва саллага пул етмай қолмасин деб 800 минг доллар ажратади. Президент молиячиси 800 мингга қўл қўйдиради. Қолган воқеалар юқоридаги тартибда давом этади.

Савол: тақдимотда Пистиëний салла киядими ëки йўқ?

Мажруҳ тўда

Элтуз ютуб каналидаги ваъз тагига руҳшунос Наргиз Сатторовага қарши 135 та изоҳ қолдиришибди. Изоҳлар ўта саводсизларча ëзилган. Ҳарф хатолари ғиж ғиж. Ўзлари маъносини ҳам тушунмайдиган ўрисча сўкишларни хато қилиб чала чулпа ëзишган. Менимча, ўрислар ҳар куни уларни шу сўзлар  билан  сийласа керак. Ҳар холда Наргиз Сатторова ўз фикрини мукаммал ифода қила олди. Тасанно. Бу хоним иншодан беш олгани аниқ. Одам ўз фикрини ифода қила олиши учун мактабда иншо ëздирилади. Булар ўз фикрини ҳеч бир тилда ифода қила олмайдиган тўда. Хатто Кинг Конг ҳам ўз фикрини бир тарзда ифода қила олади. Аммо булар бундан мосуво. Булар менимча ота онаси Россияю Қозоғистон бўйлаб саргардон бўлиб юрганида ўқимай қолиб кетган авлод. Қорни тўйиб овқат емаган, меҳр кўрмаган, егани калтак, эшитгани ҳақорат бўлган сафил тўда. Кўпи импотентлиги ва пул топа олмаслигини билгани учун ҳам руҳий мажруҳликка мубтало. Наргиз уларни замбаракдан тўпга тутди. Нишонга тегди. Улар эса калтакланган қанжиқ ит каби ерларга елкасини ишқаб ғингшияпти холос. Тангри буларни ислоҳ қилмаса бандасининг кучи етмайди.

Ўзбекистонда яна тик токни тақиқлаш чақириқлари янграмоқда. Аслида Тик ток ҳам бир кўзгу. Тик Токни тақиқлаш бу кўзгу ишлаб чиқарадиган заводни бузиш билан тенг.

Уйда бирдан ўчди ток

Айбдордир Тик Ток

Кимдир узар ўқ

Айбдордир Тик Ток

Одамлар бўлади шок

Айбдордир Тик Ток

Тўкилиб кетса сок

Айбдордир Тик Ток

Чалинса жаз ëки рок

Айбдордир Тик Ток

Бензин ошди газ йўқ

Айбдордир Тик Ток

Хасса қилар тўқ тўқ

Айбдордир Тик Ток

Йўл ўртасида бўқ

Айбдордир Тик Ток

Кўзини қилса лўқ

Айбдордир Тик Ток

юз киши оч бири тўқ

Айбдордир Тик Ток

Буни ëзди Рассом Туз

Занжирингни энди уз.

Неваралар бўйнидаги қарз

Хуллас поезд кетаëтганда темир йўл тугаб қолди. Поезд машинисти буйруқ берди. Орқадаги йўлни қўпориб олдинга қўйинг деб. Шундай қилишди ва поезд олға юрди… Бу анекдодни эслашимга сабаб Ўзбекистон олган янги қарз суммаси. Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан  рекорд даражада кўп – 690 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олди. Қарзни келажак авлод тўлайди. Анави машинист орқадаги йўлни қўпориб ташлаган бўлса, бизнинг машинист келажакдаги йўлни қўпормоқда. Қарзни биз оламиз, аммо неварамиз тўлайди деган ғоя келажак нассларга нисбатан инсофсизликдир.

9 февраль – Алишер Навоий таваллуди куни

15 аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилди. У туркий тилни камситишдан қутқаришга бел боғлаган буюк шоир ва давлат арбоби эди.

Алишер Навоийнинг мукаммал асарлар тўплами Ўзбекистонда 1987-2003 йилларда 20 жилдлик китоблар шаклида чоп этилган.

Рассом Туз ўзининг ҳажвий расмида бугунги ёшларнинг китоб ўқимаслигига ишора қилиб, кекса китобхон тилидан: «Навоий айпедда йўқ бўлса, кутубхонада бор. Навоийни ҳам ўқи, болам», дейди.

Навоий ва монологчи

Эски-туски бозорида Раҳматжон акани ҳамма «монологчи» деб атайди. Оддий бир монтëрнинг бундай исм соҳиби бўлишига эски бир радиола сабаб бўлган эди.

(Марҳум журналист Раҳматжон ака Омонов хотирасига бағишлайман)

Раҳматжон ака уйма-уй юриб эски электр асбоблари сотиб олиб юрганда, кимдир уйидан эски радиола олиб чиқиб берди.

Раҳматжон ака радиолани уйига олиб борди. Куйган предохранителини алмаштирган ҳамони сариқ бахмал қоплама бурчагидаги яшил тугма ярқ этиб ëнди.

Раҳматжон ака радиола ичидаги пластинка чангини артиб йилтироқ игнали дастакнинг тумшуғини баркашга теккизиши биланоқ гулдурос овоз янгради.

“Халқимга бўлган муҳаббатим Гулига бўлган муҳаббатимнинг бир учқунудур¸ холос”.

Пластинкада Ҳамза театрида ўйналган Алишер Навоий спектаклининг овози муҳрланган эди.

“Жувонмарг кетган бечора ғунчаний ҳам унутма.” Бу сўзларни эшитган Раҳматжон аканинг кўзига ëш келди. 11 ëшида зотилжамдан ўлган қизи Гулнора эсига тушди. Россияга мардикорликка кетган хотини ва икки ўғлини ўйлаб эзилди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

“Яна кўз ëшими. Кўнглимни бузма. Бу ғам дарëсида кемадай сузма. Бу дарë хавфлидур¸ ғарқ қилгуси бот…

Эссиз тақдир экан қайдин билибмиз¸ Азизим дунëга бевақт келибмиз.”

Раҳматжон ака шу туни ухламади. Радиопостановкани қайта-қайта эшитди. Ëдлаб ҳам олди.

Эртасига Раҳматжон бозорни бошига кийиб Навоий монологини ўқиди. Бозорда изғиб юрган солиқчиларга қарата “Хўтик бирлан кучукни қанчалар қилма тарбият, ит бўлур эшшак бўлур бўлмаслар асло одамиий” деганида¸ бозордагилар хандон отиб кулди.

Раҳматжон ака бора-бора монологни замонга мослаб айтиш ҳадисини олди.

Бир-икки тўйда монолог айтган эди, одамлар тарафидан яхши қаршиланди. Раҳматжон монолог айтаëтган пайтда ҳофизлар тин олиб тушган пулларни тор ғилофига солишар¸ раққосалар эса кўйлак алмаштириб олишарди.

Ўртага тушган пулдан бир-икки сўм Раҳматжон акага ҳам тегадиган бўлди. Боз устига тўйда қорин ҳам тўяди, икки кулча, қанд қурс қийиқчага тугилиб қўлтиққа ҳам урилади.

Хуллас¸ эски-туски бозорининг касодини шоу бизнес ямаб кетадиган бўлди.

Шанба куни эрталабки изғиринда бозорда турган Раҳматжон ака кўнглини кечқурунги тўй умиди илитар эди. Камазчи Аминбой ака икки ўғлини бирданига уйлаëтган эди.

Болалар коляскасига жо бўлган эски-туски темир терсакларга харидор ҳам йўқ эди. Битта наркоман бола келиб насияга паялник сўради. Раҳматжон ака бу болани қувиб солди. Вақт пешиндан ошди. Сотилган нарса йўқ. Тўйга етишиб борай¸ деган Раҳматжон ака аравани уй тарафига қараб итарди.

Тўй бўлаëтган жойни топиш қийин эмас. Карнайдан чиқаëтган бир, бир, бир, деган овоз тарафга қараб юрсангиз ҳеч янглишмайсиз. Тўйни маҳалла оқсоқоли очиб бериб, микрофонни йилтироқ камзил кийган ҳезмижоз ўртакашга узатди.

“Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.”

Ўртакаш тилидан мингинчи бора янграëтган Рудакийнинг бу сўзларидан кейин сўз олган зампрокурор ëшларга бахт тилаб, юртбоши тахтига кўз тикаëтган номаълум террорчиларнинг гўрига ғиштлар қалади..

Кейин заправкачи Шокир бир нарса деб ғудранган бўлди. Суд ижрочиси, райстат бошлиғи табрикларидан кейин микрофон Раҳматжон ака қўлига тегди.

Кўк изолента билаан ўраб ташланган кумушранг микрофонни қўлига олган Раҳматжон ака:

“Мозорим устида очиб гул ғунчалар қилганда ханда “ дейиши биланоқ ўртага жимлик чўкди.

Давранинг xос бурчагида ҳурматли меҳмонлар қаторида ўтирган вилоят замҳокими Эшбўтаев бу жимликдан ҳушëр тортиб монолог ўқиëтган кишига тикилди.

“Сиз ва биз кўра олмаган баxтли ва адолатли, тўқ, фаровон кунлар, албатта, авлодларимизга насиб қилажак”.

Эшбўтаевнинг ëнида ўтирган облкултура бошлиғи тушунтириш берди. “Навоий монологи бу. Алим Хаджаевич ўйнаганлар“.

– Да? – савол аломати билан қаради Эшбўтаев.

Облкултуранинг каттаси ўзининг театр соҳасидаги билимини бошлиқлар олдида намойиш қилиш мавриди келганини англади. “Алим Хаджаевич Ҳамза театрида партком эдилар раҳматлик. Қани ўша кишининг хотираси учун юзта олдик. “

Қадаҳлардаги арақ бошлиқлар ошқозонидан ўрин олгач миядаги хавотирлар ҳам юрт ташқарисига бадарға бўлди.Одатда камгап Эшбўтаевнинг жағи очилди.

“Қирғизистонда Алишер деган бир тирранча журналистни ўлдириб кетишибди. Тили бошига етди бу энағарни.”

“Мавлоно Хондамир¸ олтин қаламингуз бирлан авлоддан авлодга етгувчи тарих саҳифаларига рақам қилингкум¸ Алишер мирзонинг ўлими¸ зулм хонадони бошқараëтган исқирт салтанатнинг инқирозидан даракдур”.

Эшбўтаевнинг яна кайфи қочди. “Бунинг лицензияси борми ўзи, репертуари тасдиқланганми. Бунақа политичиский гапларни айтиш учун разрешенияси борми?”

Облкултура раҳбари елкасини қисди.

Раҳматжон ака эса дунëни унутиб наъра тортар эди.

“Сиз Қуръонга қўл қўйиб қасам ичиб бу қасамга хиëнат қилдингуз. Халқимизни очлик ва ғам дарëсига улоқтирдингиз. Халқимиз орасига нифоқ уруғини сочдингиз. Асл ўғлонларимизни зиндонбанд қилдингиз. Одамларга нон ўрнига тош бердингиз¸ балиқ ўрнига илон тутқаздингиз.

Халқ очликдан қийналаëтган бир пайтда мулозимларингиз мешдай семирмоқда. Мамлакатда порахўрлик авж олди. Эътироз билдирганларни тилини суғурдингиз.”

Эшбўтаев бу гапларни эшитиб кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Шу пайт унинг қўлидаги телефон жиринглаади. “Да. Ест. Конечно. Сайлов арафасида ғиринг этган овоз чиқишига йўл қўймаймиз. Ест. А как же? “

Телефонда гаплашаëтган Эшбўтаев қўли билан шофëри Маратга имо қилди. “Ўчир анавининг овозини“, деди Эшбўтаев.

Марат ўқдай учиб бориб Раҳматжоннинг қўлидан микрофонни тортиб олишга уринди.

“Сиз атрофингиздаги оқил одамларни мамлакатдан қувдингиз. Миллат ва мамлакатни жар ëқасига олиб бордингиз. Сиз….”

Раҳматжон аканинг лунжига келиб тушган Маратнинг мушти монологга нуқта қўйди.

“Заткнис. Тоже мне Наваий”

Кисавурлик қилиб қўлга тушиб Навоийдаги қамоқхонада уч йил жазо ўтаган Марат Навоий деган сўздан нафратланар эди.

Оғзи бурнидан қон оқаëтган Раҳматжон акани тўйхонадан чиқариб юборишди. Тўй эгаси Аминбой ака узр сўрагандай бўлиб, Раҳматжон аканинг қўлига елим халта тутқазди. Халтада тўртта сомса, битта арақ бор эди. Лунжидаги қонни қўлрўмол билан артаëтган Раҳматжон акага Амин аканинг раҳми келди. Чўнтагини кавлаб озроқ пул чиқарди. “Хафа бўлманг ака. Ҳозир вазият чатоқ . Ортиқча гапириб бўлмайди.”

Раҳматжон ака елим халтани қўлтиғига қисиб, пулни чўнтагига солди. Иштонини ҳўл қилган боладай ийманиб, тўй эгасига жилмайиб қараб қараб аста тўйхонадан узоқлашди.

Бу вақтга келиб тўйхонада шоғол базми бошланган эди. Ичиб олган ëшу қари, эркагу аëл ваҳший бир тарзда рақсга тушар¸ улар устида пуллар чирпирак каби учарди.

Ярим яланғоч ашулачи қиз микрофонни олиб қўшиқ куйларди. “Агар сизнинг кўнглингизни ололмасам¸ аразингиз очилмайди¸ аразингиз.”

Қишлоқнинг ой ëруғи тушган ëлғизоëқ йўлида дайди итдай боши эгик кетаëтган Раҳматжон ака Навоий монологининг сўнгги сатрларини айтарди.

“Мен умримга сира ачинмаймен, аммо зое кетган панду насиҳатларимга ачинадурмен. Мен энди халқимнинг миллатимнинг орасига кетдим..”

Раҳматжон ака бу гапларни деярли шивирлаб айтди ва атрофга хавотир билан қараб қўйди. Атрофда эса ҳеч ким йўқ эди.

Aссалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
25 август 2022
Элтуз порталининг бугунги сонидан 5 та шикоят ва битта расмий муносабат ўрин олган. Дастлабки шикоят телеграм мессенжеридаги фирибгарлик ҳақида. ...
2 апрел 2018
Ўзбекистоннинг «Менинг юртим» телеканали 1 апрель куни ёшлар ахлоқи «фош қилинган», яъни уларнинг истироҳат боғларида қўл ушлашиб юргани, ўпишгани ...
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
8 март 2023
Клара Цеткин хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол курашчи эди. Унинг исми Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш билан узвий боғлиқдир. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...