Асосий мавзулар
22 апрел 2022

РТдан ваъз: Ташқи сиëсатсиз мамлакат

Азиз дўстлар, ойлар султони  рамазон ойида сизлар билан суҳбат қилиш бахтига мушарраф бўлганимдан севиниб сувутларга чиқиб кетмоқчиман. Мана кунлар исиб, печкага ўтин ëқиш ташвишидан қутулиб ташқари ҳовлига ҳам кўчиб чиқдим. Ëз оҳ қандай соз дейдиган кунлар эшик қоқмоқда.

Матчон Суқилиш: Умумий гаплар одамларга ëқмай қолди. Хабарлардан  эшитайлик. Тошкентда бир маллим ëш бачаларни зўрлабди деган гап эшитдим. Мактабниям абжағи чиқиб кетибди бу вассалистонда.

ХАБАРЛАР

Тошкентдаги мактабда 59 ёшли психолог 9–12 ёшли қизларга уятсиз ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди. Маълум бўлишича, 7 апрель куни Миробод туманидаги 158-сонли мактабда 1963 йилда туғилган, шу мактабда психолог лавозимида ишловчи Азад Гасанов вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят  кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) айби билан жиноят иши қўзғатилган. Азад Гасанов жиннихонада…

Қулупнай воқеаси

видео

Германия статистикасига кўра автобан (катта автомобил йўли)да пиëдаларнинг машина уриб кетгани ҳақида деярли маълумот йўқ. Немиснинг катта йўлида пиëдалар машина тагида қолмайди. Нега? Чунки автомобил юрадиган катта йўлда пиëдалар юриши тақиқланган. Бу йўлда от эшак ëки арава тортиб юрган одамларни кўрмайсиз. Европада урф бўлган автостопчилар ҳам фақат заправка ëнидагина туриши мумкин. Йўл бўйида олма ëки ертути сотиш тақиқланган. (холбуки ертути ва олмалар шиғил пишиб ëтибди йўл ëқалаб) Тўқсонларнинг бошида Германия катта йўлларида въетнамлик ëки руминиялик лўлилар Польшадан келтирилган контрафакт сигарет сотарди. Немис полицияси бу сайëр сотувчиларга қарши аëвсиз кураш олиб бориб уларни катта йўллар бўйидан 100 фоиз сиқиб чиқарди. Ўша йиллари автобанда машинада юрганимда немис полициясининг сигарет сотаëтган въетнамликлар ëки арзон атир, инструмент сотаëтган руминларни қўлга олаëтганини кўрганман. Сотувчиларни ерга ëтқизиб, қўлига кишан солиб олиб кетишарди. Қоидага кўра, немис полициясининг ишига ҳеч ким, ҳатто Германия президенти Штайнмайер ҳам аралаша олмайди. Штайнммаерни ҳам, бошқа вазирларни ҳам йўл ҳаракатига риоя қилмагани учун оддий бедапоя погон гаишник штраф қилиб ташаган. АҚШда яна ҳам қаттиқ. Полиция ишига аралашган одамни пақиллатиб отибам ташашади. Давлат ишлари шундай тақсимланади. Ўзбекистон милицияси Совет давридаги жазо машинасининг давоми бўлиб қолаëтгтани, ИИВ ичида реформа бўлмагани боис нима қилсаям нотўғри бўлиб кўринади. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида йўлнинг серқатнов қисмида, ертути (қулупнай) сотаëтган хотинларнинг милисага қаршилик кўрсатиб, жанжал қилгани видеосини Элтуз тармоғида қўйдик. ИИВнинг оти чиққан, шоғолни «шақал», журналистларни «ғаламис», қамоқда уриб ўлдирилганларни «худобехабар» дейдиган матбуот котиби Бу видеога муносабат акс этган лавҳа тайëрлабди.

«Икки нафар аёлнинг олдига борганимизда, бизнинг огоҳлантиришимизга қарамасдан, ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармасдан, савдо-сотиқни тўхтатмади. Тарозисини машинага олиб қўяётганимизда Элмира исмли сотувчи автомобилимизга ёпишиб, машина калитини олиб қўйди», — дейди лавҳада Юқори Чирчиқ ИИБ ходими Шерзод Аҳмадов.

Лавҳада таъкидланишича, бу орада вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаган бошқа сотувчилар жараёнга аралашиб, ҳолатни тасвирга олган ҳолда уларнинг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган.

ИИБ ходимининг лавҳада айтишича, сотувчи Элмира тарозини олишга борганида, унинг қайнонаси қулупнай турган пештахтага туртилиб кетган ва тўртта идишдаги мева тўкилиб кетган. «Ходимлар томонидан қулупнайларни отиб ташлаш, ерга тепиш ҳолатлари бўлмади», — дейди ички ишлар масъули.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов мазкур воқеани изоҳлар экан, буни ҳодисаларни бўрттириш ва ички ишлар органлари ходимларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга шайланган «жамоатчилик вакиллари»нинг иши дея баҳолаганди.

«Бундай ҳодисаларни бўрттириш ва ички ишлар органлари ходимларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга шайланган ‘жамоатчилик вакиллари’ фаоллашганини инобатга олиб, ҳақиқий жамоатчилик назорати субъектларидан йўл ёқаларидаги тартибсиз савдо-сотиқ билан боғлиқ муаммолар, улар ортидан келиб чиқаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳоказо масалаларга кўпроқ эътибор қаратишларини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — деган у.

Рассом Туз: Йўл бўйида қатновга ҳалақит бериб тоғораларда ертути сотиш нотўғри. Милисаларга шаллақилик қилган хотинлар ҳатти ҳаракати ҳам мақтовга лойиқ эмас. Бир йил ичида 35 миллионлик Ўзбекистон йўлларида ўлганлар сони 82 миллион аҳоли яшайдиган Германиядан ўнлаб марта кўп.

Видео

Матчон суқилиш: Ўзбекистон ҳукумати  халққа германиянинг шароитини қиб берсин. Кейин сиз   ички ишларни оқлаб чиқсангиз бўлади Туз оға.  Ўша аёллар зерикканидан ертути сотишга чиқмаган, рўзғорни тебратиш учун ноилож чиққан. Нима қилсин, уйда ялпайиб ëтган дангаса эрни боқишнинг ўзи бўладими?

Вазирсиз қолган вазирлик

РТ: Рус қўшинлари томонидан босиб олинган Херсон вилоятининг Геническ шаҳрида ўрисқул коллобрантлар рус инқилобчиси Владимир Ленинга ҳайкал ўрнатдилар. Ўрислар келса Тошкентдаги Мустақиллик майдонига ҳам Ленинни қайтаришни истаган ўзбеклар сон саноқсиз.

Матчон суқилиш: Эшитдингизми Туз оға, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тугатилармиш. Чунки, Ўзбекистон ташқи сиëсатини кремль ва босқинчи Путин тоға белгилаб бераркан. Ашинга нима кераги бор, деб конторани ëпишаркан. Ташқи ишлар вазири Комиловнинг гапи Путин тоғага ëқмагани учун Ўзбекистон дунëдаги ташқи ишлар вазири йўқ мамлакатга айлантириларкан.

РТ: Энди Матчонбой, Ташқи ишлар вазири даволанишдан қайтмаëтгани тўғри. Лекин Комилов Путин ғазабига учрагани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тузалиб қайтсалар ўзлари айтиб берадилар.

Икки вазирликнинг бирлаштирилиши ва унга Сардор Умрзоқов раҳбар этиб тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Gazeta.uz журналисти Шуҳрат Латипов ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши, янги вазирликка раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов номзоди кўрилаётгани ҳақида хабар берди. Унинг манбаларига таяниб ёзишича, тегишли ҳужжат президент администрацияси томонидан ишлаб чиқилмоқда, яқин кунларда эълон қилиниши мумкин.

Бу маълумотлар бўйича расмий доирада муносабат билдирилмади, шунингдек рад этилгани ҳам йўқ.

Масалан, davletov.uz телеграм канали вазирликларни қўшиб юбориш бўйича «эксперимент»ларни Ташқи ишлар вазирлигига нисбатан қўлламаслик кераклигини айтиб, бунинг оқибатларидан огоҳлантирган.

«Тўғри, Ўзбекистонда вазирлик тузиш, уларни бир-бирига қўшиш ва ажратишдан осон иш йўқ бўлиб қолди. Бунга 2016 йилдан бери бир неча марта ўзгарган вазирлик ва идоралар, янги ташкил этилиб, тугатиб юборилган агентликлар яққол мисол бўлади.

Лекин назаримизда, Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсий ўрни ва қайсидир маънода мамлакатни ҳимоя қилиб келаётган Ташқи сиёсий фаолият концепцияси принципларидан келиб чиққан ҳолда юқоридаги «эксперимент»ларни Ташқи ишлар вазирлигига нисбатан қўлламаган маъқул. Чунки ҳозирги шароитда ворисийликни таъминлаш, мавжуд ва қимматли контактларни сақлаб қолиш жуда муҳим. Афғонистондаги беқарорлик, Покистондаги сиёсий кучларнинг ўзгариши, Украина уруши ташқи сиёсатда янада эътиборли бўлишни талаб қилади.

Дипломатия сокинликни хуш кўради. Иқтисодий дипломатиянинг ҳозирги ритмини сақлаган ҳолда пухта-пишиқ, оқибатларини инобатга олган ҳолда қарор қилиш керак бўлади. Кейин яна бир нарса борки, дунё тажрибасида Ташқи ишлар вазирлиги қанча ўзгартирилмасин, яна кўп ўтмай эски мақомига қайтиб келаверган. Бизда ҳам худди шундай бўлиши аниқ.

Ва охиргиси, ташқи сиёсат маҳкамасидаги ўзгаришлар сенатдаги баёнот натижаси сифатида тарихда қолмаслиги керак, ҳеч қурса», — деб ёзади муаллиф.

Сурияни истаганлар

ДХХ Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган йигитларни ушлади

Сирдарё вилоятида Суриядаги халқаро террористик ташкилот сафига қўшилишни режалаштирган икки нафар йигит қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ва вилоят Ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Суриядаги «Катибатуль Тавҳид ва Жиҳод» халқаро террористик ташкилоти аъзолари томонидан очилган виртуал гуруҳга аъзо бўлиб, ундаги ақидапарастлик материалларни бошқаларга тарқатиб келган 7 нафар шахслар ушланди.

Гуруҳ Суриядаги жангарилар раҳнамоларининг онлайн дарсларида иштирок этиб келган ва маълум муддат ичида улардан 2 нафари 2001 йилда туғилган M.O. ва 2002 йилда туғилган M.M. радикал ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга чиқиб кетишга тайёргарлик кўрган. Уйда ўтказилган тинтув жараёнида қўлга олинганлардан жиноятга алоқадор ашёвий далиллар расмийлаштириб олинди.

Тўпланган материаллар асосида ДХХ бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган 4 кишини ушлагани ҳақида хабар берилганди.

+++

Учкўприклик эркак хотинини кундага қўйиб, бошини сапчадай узиб ташлади. Хотин гўрда, эр қамағда.

Матчон суқилиш: Туз оға қандай қўрқинчли хабарларни айтиб ташадингиз. Яхши хабарлар борми?

РТ: Учкўприк тумани Палахон қишлоғидан @eltuz – ни ғурурга тўлдирган бир хабар: Самарқанддаги оилавий меҳмонхона босқинчи Россиядан келган келгинди путинпарастларни ўз меҳмонхонасига жойлаштирмаслигини билдирди. Меҳмонхона раҳбариятининг заковатига тасанно. Вассал раҳбарият бошқарувидаги Ўзбекистонда Темурнинг мард авлодлари ҳалиям бор. Меҳмонхонани номи «Антиқа». Ким Самарқандда бўлса, @eltuz номидан раҳмат айтсин. Биз бу меҳмонхонани, немис, инглиз, француз, поляк ва чех туристлари орасида текин реклама қилиб берамиз. Antica меҳмонхонаси гўзаллик ва меҳр тажассуми. Сифатли хизмат ва уйғун нархлар. Самарқандда энг мазали нўхот шўрва шу меҳмонхонада тайёрланади.

Матчон суқилиш: Бале мавлоно. Рамазон ойида ибратли ҳабарларни ҳам айтинг. Ҳазин кангуллар ором топсин.

РТ: Рамазоннинг ўн учинчи кунида Андижондаги хўроз Оллоҳу Акбар дея такбир айтди. Хатто хўроз ҳам иймон келтирган бу муқаддас заминга осмон ҳам таъзим қилса арзийди. Қиëмат куни азон айтадиғон муаззинларнинг бўйлари узун бўлиб тирилар экан. Мавлам уларни издихом орасинда тезроқ таниб сўроқ саволсиз директ фирдавсул иқболдан люкс жой ато этишлик учун. Чунки улар одамларни сахарда номозга турғизгани учун бу мартабага ноил бўлишди. Аммо муаззинларни хўроз уйғотади. Ҳали сўфи азон айтмасидан хўроз сасини эшитамиз. Филҳақиқат тангри таборак яратган бу махлуқда ҳикмат бисëр.

НОЗИМ ҲИКМАТ ЗИНАЛАРИ

Нозим Ҳикмат бир гал Тошкентга келганида нашриётга кириши лозим бўлиб қолди. Лекин бино янги – зиналари битмаган, ўрнига тахталар ташлаб қўйилган эди. Шоирнинг юраги ҳам анча чарчаб қолган пайтлар… Тўртинчи каватга уни қўлда кўтариб чиқдилар.

Уни элтар экан меҳрли қўллар,

оёқлар остида тахта лапанглаб,

хаёллар ичрадир менинг турк оғам,

Хизр бобо янглиғ ўзда нур жамлаб.

Бу зиналар гапми?!

Мовий кўз устоз

азоб йўлларининг ўтган баридан –

турмалар, терговлар, ўч, разолатнинг

турфа қабатлари, зиналаридан.

Оҳ, сенинг тақдиринг!

Озми жаҳонда

шоирга қатағон қилгувчи турқлар?

Озми инқилоб, деб ё озодлик деб

тилидан, элидан қувилган турклар?!

Қайдаки эрксизлик, хиёнат ҳоким,

касофат миршабдир, тулкилар тўра.

Жаҳоннинг жамики сотқинларига

шоир ўт очишдан тинмайди сира.

Ўтмишдан келарми, келажакданми,

лаънат жаҳолатга!

Сенга ҳам лаънат,

шоирнинг қўлини тишлаган кишан,

янгроқ сўзнинг ёви – биққи сукунат!

Рассом Тузга мактублар

Матчон суқилиш. Туз оға сизга хат кебди. Битта девдай эркак ëзибди. Ишсиз ўтирибман. Хотинимга бола пули бермаяпти. Бола пули берса сигарет олиб чекмоқчи экан. Хумори тутиб, сизга хат ëзибди. Олтиариқдан экан. Олтиариқ ҳокимига айтсангиз аши эркакди бола пулини берворсин.

РТ: Кейинги уч кун ичида ўнлаб шикоят мактублари олдим. Ўйдим-чуқур йўллар, турли йиғим ва ўлпонлар, мулозим ва начальниклар ҳақоратидан нолиб, йиғлаб-сиқтанган арзу додлар. Буюк эҳтимолда бу аризаларни ëзганлар – жорий президент учун овоз беришган. Уни сайлашган. Сайловда қарс-бадабанг қилиб, оëғига занг тақиб ўйнашган. Ўша сайлов эртасига ëзган эдим. Энди нолиманг, деб. Ўзи йиқилган бола йиғламайди. Ўзи хоҳлаб эрга теккан қиз, энасиникига йиғлаб келмайди. Йиғласа, ëстиққа йиғлайди. Ўзи пиширган ошни айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичиш жоиз. Ўзларинг овоз бериб сайлаб, танлаган тутум ва тузум ичидасизлар. Яшайверинглар, бовурларим. Чиданглар. Болаларингиз ҳам чидасин. Неваралар ҳам. Сиëсатга аралашмаслик оқибатини тушунгунча чиданг. Сиëсат ва энг муҳими, мавжуд жорий ҳукуматга мухолифат зарурлигини тушунадиган даражага етинг. Сизлар чўпчакдан бошқани билмайдиган¸ ўрис тикиб кеткан кетмон дастасини ҳам худонинг ердаги сояси деб сиғинадиган яратиқсиз. Анавинга яраша манависиз холос. Нега нолийсиз? Нолинмасин. Йиғланмасин.

Товон пули орзуси

Урганчдаги мустақил ТВ АЛСда ишлаганимизда Тўрткўлдаги учоқ авариясини ëритган эдик. Аварияда ўлган йўловчиларга суд қарори билан палон миллион компенсация тўланиши ҳақидаги хабарни берганимизда ғалати реакцияга дуч келдик. Ҳабарни кўрган аксар аҳоли «қанийди менинг эрим (хотиним ëки қариндошим) ҳам ўша самолетда ўлсайди, мен палон миллион компенсация олган бўлардим деган орзу билдирган эди. Бугун Путин Россиясида боласи Украинада ўлган оналар «похоронка» қоғозини олиши билан югуриб бориб ўлик ўғли учун 7 миллион бериладиган касса олдига бориб очередга туришади. Невзоров ëзганидек, Путин даври онажонлари нафақат патриот, ватанпарвар, балки пул саноғини биладиган прагматлардир. Ўз ўғлини уруш мясорубкасига тиққан оналар ўғлининг қиймага айланганидан ҳайрон ҳам бўлишмайди. Бу оналар учун муҳими бу қиймадан каттароқ котлет қилиш. Ўлган боласи учун каттароқ пул ундириш. Ўзбекларнинг бемаза мақоли бор «отамнинг ўлишини билсам сотип кепак олардим» деган. Айтмоқчи бўлганим, Путин Россиясидаги биомусор ватник билан бизнинг гуппи кийган битлиқиларнинг кимëвий таркиби бир хил.

Матчон суқилиш: Ҳа бундай тоифалар бор… 2010 чи йилги Ўш қирғини гувоҳи Иззатилла ака билади бу сорт одамларни. Қирғиз хукумати ўлганларга 1 млн сом ( 27 минг доллар) ва боқувчисиз қолган оилаларга 2-3 хоналик квартиралар берди. Бир товуқмия ўзбек келини – Эримнинг ўлгани яхшила бўлди… ўзи ишёқмас танбал эди, тирик бўлганида бунча пул ва квартира қаёқда эди деди… ФБ.даги Хайрулло Жалолов ҳам гувох шу хотиннинг гапларига.

Популист бўл – инсоф билан бўл!

РТ: Ақли ошиб тошиб кетганлар мамлакатида яшаймиз. Али десанг, Вали дейишади. Шунда мана бу гапни тушунтириб беринглар ақллилар: Президент «Коррупцияга йўл қўйганларни кечирмаймиз,» деди. Коррупция – (лотинча cорруптио — зарар, пора бериш), мансабдор шахс томонидан ўзига мансаб бўйича берилган ҳуқуқлардан шахсий бойиш мақсадида бевосита фойдаланишдан иборат жиноят. Коррупцияни мансабдор шахсларнинг порахўрлиги, уларнинг давлатга сотқинлиги ҳам дейилади. Бу жиноят, доимо Ўзбекистон қонунларига кўра, жазоланиши шарт бўлган оғир қилмиш турига киради.

Президентнинг гапидан нимани тушундим? Шу пайтгача коррупция кечирилганмиди? Кечириш дегани нима? Кичкина бола аталани дастурхонга тўкиб қўйса, кечирим сўрайди. Бу тўғри. Лекин миллионлаб давлат пулини ўғирлаган одам суд қилиб қамалмайдими? Кечириш дегани нима ўзи? Президент риторикасини давом эттириб кўрайлик:

1. Ëш гўдакни зўрлаб ўлдирганлар энди кечирилмайди.

2. Кампирни ўлдириб, ўлимлик пулини олганлар кечирилмайди.

3. Болалар боғчасини ташқаридан тамбалаб, устига бензин сепиб, ëқиб юбориб, 40 та гўдакни тириклай ëққанлар энди кечирилмайди…

Хуллас, популист бўл, инсоф билан бўл, деган фикр менинг «ақлли» миямдан комета каби учиб ўтди.

Майдасини эмас катта ўғриларни тутайлик

Европа ва АҚШдаги супермаркетларда кунига минглаб майда ўғриликлар юз беради. Кимдир бир қисм михни чўнтагига солади¸ кимдир қиммат ширинликни. Дўкон қўриқчилари видеокузатув қилиб ўғриларни тутишади. Европадаги аксар мамлакатларда ўғирланган сумма 200 евродан ошсагина полиция чақирилади. Кўп ҳолларда «ўғри» ўзи ўмарган нарсани қайтариб қўяди ëки пулини тўлаб, «қутулиб қолади». Кўп магазин қоровуллари сурункали майда ўғриларни танишади ва улар дўконга киритилмайди. Мен («Рассом Туз») бир муддат Европадаги дўконлардан бирида қўриқчилик ҳам қилганман. Бир марта бир одамнинг бир буханка нон ва бир юмалоқ пишлоқни қўйнига тиққанини кўриб қолдим. Дарҳол уни ушлаб, махсус хонага олиб кирдим. Дўкондаги бош сотувчи (мудир) келиб «ўғридан» нега ундай қилдинг, деб сўради. «Ўғри» бўлса, «очман», деди. Мудир «ўғри»ни етаклаб касса олдига борди. Ўз чўнтагидан пул чиқариб, нон ва пишлоқ ҳақини тўлади. Ëнига бир юмалоқ туна балиқ консервасини ҳам қўшиб, «ўғри»га берди ва индамай уни чиқариб юборди. Мудир менга чекни берди ва «нон ўғирлаганни ушлаш учун ортиқча ғайрат қилмагин», дея тушунча берди. Европадаги қонун қоидаларга кўра, майда ўғриларнинг магазиндаги ўғрилиги акс этган видеоларни тарқатиб, ўғрини обрўсизлантириш тақиқланади. (Виждон азобига йўлиққан ўғри ўзини ўлдириши ëки кимлардир уни сазойи, самосуд қилиши мумкинлиги ва қатор бошқа омиллар боис).

Бу ëзганларим узун кириш эди. Сабаби «Дайди ўқ» деган ФБ ва ТГ каналида Тошкентдаги дўкондан 20 та шампунни кўйнаги ичига яшириб ўмармоқчи бўлган 30 ëшлардаги ҳижобли хотин видеоси қўйилган. Видеода ҳижобли хотин дўкончининг дашномлари остида кўйлаги ичидан бирин кетин 20 та шампунни чиқаради. «Рўза ойида ҳижобли ўзбек хотин шампун ўмарди,» деган мессеж бор. Биринчидан, ҳижоб кийиш – бу «ўғри эмас» деган униформа эмас. (Ҳозир Қатортолдаги фоҳишалар ҳам ҳижобли форматга ўтган) Эрон, Покистон ва Афғонистондаги ўғри хотинларнинг ҳаммаси ҳижобда. «Рўза пайтида ўғрилаб бўлмайди» деган гап ҳам кулгили. Ўғрига барибир қайси ойда ўмариши. Туркия, Эрон, Покистон ва Афғонистондаги криминал статистика рўза ойида ҳам ўхшаш рақамларда қолади. Айтмоқчи бўлган гапим, ўғри – бу ўғри. Қонунларда ҳижоб кийиб ўғирлаш жазони оғирлаштирмайдиям, енгиллаштирмайдиям. Иккинчидан, майда ўғриларни эмас ҳукумат ичини эгаллаган катта ўғриларни фош қилайлик. Барчамизга икки дунë саодати насиб қилиб юртимизда демократия ва либерализм ғалабасини кўришлик раво бўлсин. Ва ахиру даъвана анил ҳамдулиллаҳи Раббил аламин.

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
11 октябр 2017
Бобомурод иши, нўноқ режиссер саҳналаштирган, бироқ чинакам жаллодлар иштирокидаги қонли театрни эслатади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ мулозими, ҳозирда ...
30 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми, боши ўтган сонларда) Ким кўп гўшт ейди? Бўриими ë Холли? Қарздан қутулган Холли аввалгидай электросетда ...
14 феврал 2017
Тақиқ ва чекловларга қарамасдан ўзбек ëшлари нишонлайдиган «Севишганлар куни» ҳақида мақола ëзган ўзбек журналисти Дармон Ибрагимов бу кунга “байрам ...
4 октябр 2023
Каттақўрғонлик 49 яшар Содиқжон Юсупович Муҳаммадиев тарқатган диний мазмундаги видеоларни  муҳокама қилганлар текширилмоқда. Ҳозир Содиқ Самарқандий тахаллуси билан Туркиянинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...