Асосий мавзулар
2 сентябр 2022

РТдан ваъз: Тушунганлар когортаси

Бундан 31 йил олдин Ўзбекистоннинг оз сонли интелегенцияси мустақиллик тарафдори эди. Аксар авом эса, қачон ароқ яна арзон бўлар, деб қумалоққа қараб фол боққан.

МС: Интелегенция дегани,. нима у?  

РТ: Тушунган ва миллатга нима зарурлигини биров айтмаса ҳам ўзи биладиган ақлли одамга интелегент дейилган.

МС: Ким айтган буни, нердан чиққан гап?

РТ: Қадимги Римда давлатнинг асосий кучи армия эди. Римнинг барча гражданлари бу армияда хизмат қиларди. Агар сиз Рим армиясида хизмат қилмасангиз ёки ишламасангиз, унда сиз Рим ватандоши  деган номга лойиқ бўлмасдингиз.  

МС: Рим давлатининг тизими қандай эди?

РТ: Рим қўшини, ўз навбатида, легионлардан, легионлар когорталардан, когорталар центуриялардан, центуриялар бўлса манипулларидан иборат бўлган.

МС: Шу боис луғатимизга  манипуляция қилиш деган сўз кирган эканда, Туз оға!

РТ: Умуман замонавий давлатчилик учун Рим ўрнак.  Рим давлатини босқинчилардан 5 минг аскар қўриқлаган. Легион таркибидаги жангчилар янги бошловчилар, ўқитилган, тажрибали, фахрийлар ва элиталарга бўлинган.
Янги келганлар одатда биринчи когортани ташкил қилишади, жангда қатнашган жангчилар иккинчи когортада жанг қилдилар, бир неча жангларда қатнашган жангчилар учинчи когортада жанг қилдилар, барча урушларда  қатнашган жангчилар тўртинчи когортада жанг қилдилар. Ва ниҳоят, бешинчи когорта ёки енгилмас когорта. Уни кўп холлларда «сўнгги минг аскар» деб аташган.

МС: Бу нажот қўшиннинг вазифаси нима бўўган?

РТ: Унинг вазифаси давлат мустақиллигини асраб, мутлақ ғалаба қозониш бўлган. Ушбу когорта энг тажрибали жангчилардан, нафақат урушда қатнашган жангчилардан, балки бутун урушларда қатнашиб, фақат ғалаба қилган аскарлардан  иборат эди.  Бу когорта  жангнинг энг ҳал қилувчи дақиқасида жангга кирар ва айнан улар жанг натижасини ҳал қиларди.

Бу когорта  ҳеч қачон буйруқсиз чекинмаган – душманни мағлуб этган ёки ўлган! Шунинг учун уни «енгилмас» деб аташарди, чунки уни мағлуб этиш мумкин эмас эди. Уни фақат йўқ қилиш мумкин эди.

Легионнинг сўнгги когортасини йўқ қилиш дегани – бу, душман бутун легионни йўқ қилганини билдирарди. Чунки легионнинг асосий таянчи айнан улар эди. Легион лочинлари бўлган енгилмас жангчилардир.  Бу ботирлар когортасини қадимги Римда зиёлилар деб номлашган. Интелегенция – яъни тушунган одамлар. Бу зиëлилар легиондаги сўнгги когортанинг мағрур аскарларидир.

МС: Нима учун бу жангчилар зиёлилар, яъни «тушунганлар»деб номланган?

РТ: Бу жуда оддий. Бу одамларга ҳеч нарсани тушунтиришлари шарт эмас эди, улар ҳамма нарсани ўзлари билар эдилар. Ватан бўлинмаслиги ва сотилмаслиги. Ҳар қандай душман рус кемаси тарафга қараб жўнатилиши лозимлигини биров айтмаса ҳам ичдан билардилар.  Улар ватан учун нима қилиш кераклигини ва қачон қилиш кераклигини тушунар эдилар.

Уларга душманга қараб  қачон хужум қилиш кераклигини айтишнинг ҳожати йўқ эди.  Уларга қалқонни қачон кўтариш кераклигини ва қачон кўтарилмаслигини айтишнинг ҳожати йўқ эди.

Улар душман киму, дўст кимлигини раҳбариятдан ҳам яхши билишарди. Мабодо раҳбарлардан кимдир сотқинлик амрини берса, бу когорта ўқлари унга қараб отиларди.

Бу жангчиларнинг ўзлари ҳамма нарсани билар, ҳамма нарсани тушунар едилар ва шунинг учун уларни тушунганлар , яъни зиёлилар деб аташган.

Бу жангчиларда Римнинг даҳшатли кучи тажассум қилганди. Ушбу жангчилар орасидан  император гвардияси ва Сенат когорталари ташкил қилинган  Патрицийлар, сенаторлар, трибунлар, цензорлар, преторлар ва бошқалар. Интеллектуал, яъни охирги когортанинг жангчиси бўлишни  ëки бу жангчининг қўлини қисишни барча легионерлар ўзларига шараф деб билишган.

Сўнгги когортанинг жангчиси бўлиш, яъни зиëли бўлиш  – бу энг юқори синфдаги ҳарбий ишларда профессионал  бўлиш ва Римнинг энг яхши одамлари билан бир қаторда елкама-елка курашишга лойиқ бўлиш ва бу – Римнинг энг яхши халқи вакили бўлиш демакдир.

Шарафли миллат вакили

Зиëли дегани миллатнинг энг шарафли вакилидир.

Зиёлилар Рим империясининг таянчи. Зиёлилар Рим жамиятининг скелетидир.  Зиёлилар бўлмаса давлат оëқда тура олмайди.

МС: Туз оға бундан 31 йил олдин Ўзбекистон мустақиллигини истаган когорта бу – зиëлилар эди. Бугун ҳам шундайми? Лекин қорин оч бўлгандан кўра, ўрисга қул бўлиб, буханка еган яхши эмасми?

РТ: Россия пропагандонлари «биз ўзбек раҳбарларининг тилини қисиқ қилиб, умуртқасини синдириб қўйдик. Ўзбек халқини эса ТВ орқали ўрисқул зомбига айлантирдик. Россия кўчасини супурадиган ўзбек Путинни отасидан ҳам яхши кўради. Икки йил олдин ўрис аскарига ҳайкал ва бутхона қурган Ўзбекистон бизнинг пайтава ювадиган оғилхонамизга айланди» дея астойдил  ўйлашади.

Ўрислар назарида  ўзбеклар ич-ичидан ўриспараст ва ўзбеклар шунчаки хўжакўрсинга гимн, байроқ ва парадлар қилиб ўзини алдайди, аслида улар жон деб ўриснинг шиппагига патак бўлади.
МС: Раҳбарият аллақачон патакка айлангани рост, аммо лекин…

РТ: Ўрислар ўйлашича, ўзбеклар туғилиши билан қўрқоққа айланишади ва ҳеч қачон мустақиллик учун курашмайди.

Ҳатто ўрис антропологлари бешикда ëтавериб, боши пачақ бўлган ўзбеклар калла суратини жисмоний нуқсоннинг руҳий мажруҳликка айланиш ўрнаги ўлароқ, мединститут талабаларига кўрсатишади.
Аммо, ўрис пропагандонлари оз сонда бўлса ҳам  Ўзбекистонда ойдин фикрли зиëлилар борлигини ҳисобга олишмади.

MS: Ўзбек зиëлиси учун Мустақиллик нима?
РТ: Мустақиллик бу – олди ортига қараб ҳуркмай истаган давлат раҳбарини табриклай олиш. Масалан Зеленскийни қутлаш.

Мустақиллик бу – Z харфини кўтарган Абзал Рафиқовни рус кемаси чўккан тарафга бемалол йўллаш эркинлиги.
Мустақиллик бу – агар мабодо ўрислар бостириб келса, шиша ичига бензини тўлдириб босқинчи танкига қарата ирғитиш имкони.
Мустақиллик бу – мамлакатни канадай сўрган ўғри мулозимларга қарамай давлатни сева олиш туйғуси.
Бу шу миллатга (давлатга) мансублик туйғуси, ўзингга ва яқинларингга ишониш.
Ўзбекистонни давлат сифатида йўқ қилмоқчи бўлган ўрисқуллару, умматчи кўкнориҳаëлларни этик билан янчиб хокандоз билан тозалаш ҳам мустақиллик тимсоли.

Мустақиллик муборак, миллат!

MS: Муборак Муборак. Аммо чўнтакда ҳемири йўқ. Қиш келмоқда ўтин йўқ. Мирзиëевнинг кеча мустақиллик байрамида СССРга қарши оҳангда гапиргани Москвага ëқмади. Таги намонгонлик кремл олигархи Усмоновнинг пулига ишлайдиган «Комерсантъ» газетаси Мирзиëевни уриб чиқди. Оддий аҳоли ҳам СССРга қайтамиз, дейди. Ҳали Мирзиëевни чин дилдан мақтаган самимий одамни кўрмадим.
РТ: Эҳ Матчон суқилиш. Сен ўрис матбуотини ўқима. Ўрис матбуотини кўп ўқисанг, зир-зир касалига йўлиқиб, ўлиб кетасан. Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати  Затулин Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги минглаб совет қатағонлари ҳақидаги сўзларига қўпол муносабат билдирди. Затулиннинг сўзларига кўра, СССРда қатағонлар бўлмаган, фақат яхши нарсалар бўлган. Мирзиёев русларни ёки Россияни эмас, совет тузумини айблади. Мана ватандош Отабек Тошев гапларига диққат қил. У падхалим эмас:
«Шавкат Мирзиёев ҳурматга сазовар инсон. Кечаги нутқида Россия босқинчиларининг қатлиомларини, Туркистон озодлики учун шаҳид бўлган боболаримизни  эслади, уларнинг хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб ишлар қилаяпти. Шу вақтгача 1919-йилда ташкил бўлган Туркистон мухторияти, жадидларни эслаш таъқиқланган эди. Давлат раҳбари мустақиллик тантаналарида сўзлаган нутқида мустақил бўлиш осон бўлмагани, нафақат 31 йил олдин, шунингдек юз йилдан ошиқ вақт озодлик учун  курашганимиз, бу йўлда 100 мингларча жасур боболаримиз босқинчилар томонидан қатоғон қилингани, ўлдирилгани ҳақида айтиб ўтди. Шавкат Мирзиёев даврида жадидлар улуғланди, мустақиллик байрами тантанасида ҳатто Туркистон гимни ўқилди.»
МС: Беҳбудий устоз. Тамарахоним. Чўлпон туркистони. Ретро метро. Мустақиллик байрами мамлакат истиқлоли жиддий хатар остида бўлган шу кунларда бир қадар самимий ўтди. Фақат Сирожиддин Саййиднинг маддоҳ шиғири шойи кўйлакка бўз ямоғдай бўлди-да, Туз оға.
РТ: Ҳа, Гўрўғлининг гапини Жалоладдин номидан айттириб очко олиш ҳам ўзини оқламади. Шоу охиридаги Каримовдан суннат бўлган «салом шох» деб ном олган артистлар билан «бай-бай» қилиш саҳнаси бироз чўзилди. Тиржайган Ғулом ва абадий ғижжакчи Абдухошимнинг сийқа башараси гуруч ичидан чиққан курмак каби одамга ëқмади. Ўткан йили ўриспарастлар серкасига айланган тройной хажиананинг яна Ўзбекистонни «Хеч кимга бермайман» деб чиқиши ҳам сиëсий коррект бўлмади. Яхши томони шоуда миллий этник ва замонавий қирралар кўрсатилди. Диний клерикал ментор саҳналар деярли бўлмади. Шоудаги жадидлар иштироки маъқул. Ўзбекистонни Россиянинг орқа ховлиси бўлишига қарши бўлган қуролсиз кучларни байрам билан табриклайман. Улар бир кун келиб кучсизларнинг энг катта қуроли бўлган ҳақиқатни айтиш ва қўрқмаслик каби ҳислатларга эга бўладилар деб умид қиламан. Бизни космополит бангиҳаëллар эмас, балки Туркистон заминидаги муаммоларга ечим излашга интилиш бирлаштирсин. Масалан, нега Самарқанддаги  ўспирин қиз ўз бобосини болта билан чопиб ўлдирди, деган савол жавобини излайлик.

Эркинлик нима?

МС: Эркинлик нима ўзи.
РТ: Менимча эркинлик биров берадиган нарса эмас. Балки сендан тортиб олиб бўлмайдиган нарса.
Жамоат босими ва режимлардан эркин бўлиш – бу доимий фаолликдир.
Ҳамма қирол кийимини мақтаëтган пайтда, унинг яланғоч эканлигини айта олиш учун одам эркин бўлиши керак.
Эрк сўзи ва эркак сўзи  орасида ўхшашлик бор.
Саломлашганда Ассалому алайкум дейдиган нўхча (чечен)лар хайрлашганда «Эркин бўл» дейди.
Сўз эркинлиги. Ифода эркинлиги. Саëхат эркинлиги. Юриш-туриш эркинлиги.
Эркинлик нималигини шоир Пахлавон Махмуд бир жумлага жойлаган.
«Ким агар озоддир – ул шоддир» Пахлавон Махмуд эркинликни севган ва минглаб одамларга эркинлик  берган философ эди.
Пахлавон Махмуд Хиндистонда қулликда бўлган минглаб хоразмликларни озод қилган жувонмарддир.
Эркинликка қовушган бу одамлар миннатдорлик рамзи сифатида  Хива шаҳрини кесиб ўтадиган канал қазиб беришди.
Канал  Пахлавон Махмуд номига қўйилган. «Полвон ëп» деб аталади. Бугун ҳам шу каналдан сув оқиб турибди.
Давронда кўп кўзни мен гирён кўрдим,
Неки бало бўлса, беомон кўрдим.
Нуҳ-ку минг йил яшаб кўрди бир тўфон,
Мен Нуҳ бўлмасам ҳам минг тўфон кўрдим.
Мустақиллик муборак, миллат!!!
МС: Нега бўлмаса ҳамма ëқни ўрисқуллар босиб кетган. Ҳудди бизни Москва бошқариб ўтиргандай. Нега?
РТ: Ўзбекистон ҳукумати 2 йил олдин Рус босқинчилиги рекламаси учун миллиардлаб пул сарфлаб мана бунга ўхшаш павильонлар қурди Тошкентда. (Бутун Шарқий Европада бундай ҳайкаллар онтарилаëтган бир пайтда бунга пул сарфлаш учун супер аҳмоқ бўлиш жоиз. Нега ўриспарастлар кўпайди деган савол жавоби бу. Феълан мустақиллик душманлари ва расман Путин қуллари давлат тепасида.
МС: Кеча ўлган Михаил Горбачевни Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси дейишяпти. У ўзи Ўзбекистонга бирор марта келганми?
РТ: Келган. Ўзим кўрганман. 1988 йилнинг апрель ойида Михаил Горбачев Тошкентга келганди. Мажлис бўлаëтган залда бир муддат свет ўчиб қолганида «Ҳайратоннинг нариги тарафидаги душманларнинг иши эмасми бу» деб ҳазил ҳам қилганди Михаил Сергеевич. Худди шу куни оддий халқ билан учрашган Горбачев ўзбек деҳқонларига қўшимча томорқа ери ва ўқитувчиларга уй қуриш учун ер ажратиш ҳақида ўзбек раҳбариятига топшириқ берганди. Бунгача 600 гектарга яқин колхоз ерлари деҳқонларга томора қилиб берилганди. Ўша пайтда минглаб оддий ўқитувчилар уйли  бўлган ва миллионлаб ўзбеклар томорқа ери олганди. Яхшиликни унутмаймиз.
МС: Нега уни любой ўзбек, ҳатто магзинчи Ғайбулла ака ҳам сотқин дейди. Шундай яхши давлат СССРни онтарди деб ерларга думалаб йиғлашади. Айниқса хожакалар қаттиқ соғинаркан СССРни. Нега?
РТ: Путинпараст ўрисқул авом Горбачевдай улуғ сиëсатчи қадрин не билсин. Тарихий шахсларга бахони биомусорлар эмас, муаррихлар беради. Зар қадрини заргар билар, чилангар нени билар. Горбачев қадрини мана мен биламан. Михаил Сергеевич Горбачёв Нобел мукофоти учун олган миллион доллар пулини, олтита касалхона, жумладан, Оролбўйида битта касалхона қурдиришга ҳайрия қилган. Мана шундай инсон бўлган, Михаил Горбачев.
МС: Шундай яхши ишлар қилган бўлса, нега Тошкентда унга ҳайкал қўймаймиз. Нега Чўлпону Фитарларни оттирган сталинчи жаллод Усмон Юсуповга ҳайкал қўйямиз. Не порядок!
РТ: Германияда охирги СССР президентининг иккита бронза ҳайкали бор. Биттаси Берлинда, яна биттаси Саксониянинг Дессау-Рослау шаҳрида. Саксонияга ўрнатилган ҳайкалда Горбачев қўлида болға билан тасвирланган. Рассом ғоясига кўра, айнан Горбачев боис ГДР ва ФРГ ўртасидаги девор ағдарилиб икки давлат бирлашган. Горбачев 1985 йилда эълон қилган қайта қуриш ва ошкоралик сиëсати боис СССРдаги халқлар, жумладан ўзбеклар ўз мустақиллиги учун кураша бошлади. Айнан Горбачев даврида Тошкентдаги Ленин майдонида юзминглаб одамлар ўзбек тили ва давлат мустақиллиги талаби билан митингларга чиққан эди. СССРпарастлар доим Горбачевни ëмон кўрган. 1991 йил 19 августида сотқин генераллар СССРни сақлаб қолиш учун давлат тўнтариши ташкил қилиб Горбачевни қамаб қўйишганди. Ўшанда Хиндистондан Тошкентга учаëтган Ўзбекистон раҳбари сотқин путчистлар раҳбари Янаевга ҳушомадли телеграмма йўллаб уларга содиқлик изхор қилганди. Горбачев СССРни тарқатмай қурол ëрдамида ўз креслосини сақлаб қолиши мумкин эди. Бош қўмондон сифатида бунга ҳаққи бор эди. Аммо у тинч тарқалиш бўйича сиëсий иродали қарор қабул қилди. Шу тариқа 15 республика мустақил бўлди. Шулар қаторида Ўзбекистон ҳам. Шу омиллардан келиб чиқиб, Тошкент кўчаларидан бирига мустақиллигимиз сабабчилари бўлган Горбачев, Елцин, Кравчук ва Шушкевич номларини бериш ва уларга ҳайкал қўйиш керак деб биламан. Бундан ташқари, ўзбек халқи мустақиллигини ҳимоя қилиб нутқлар сўзлаган улуғ олим Андрей Сахаров, ҳуқуқ фаоли Валерия Новодворская номини ҳам ўзбекистонда абадийлаштириш керак. Агар биз яхшиликни биладиган ва эркинликни севадиган мағрур миллат бўлсак буни қилишимиз керак. Қул ва ўриспараст бўлсак, ëтган ботқоқимиздан қимирламасак ҳам бўлади.

Горбачев сенинг тоғангмас

МС: Туз оға, шу кунда бир қўшиқ  ëмон мода бўлди. Дунë сани акангмас, Дунë сани опонгмас. Дунë сани дойингмас деган. Юзи гўззини бинт билан боғлаб авария бўлған бечорала айтадўн ойдим. Шу сизни гапларингизни эшитиб тунин ўлган Горбачев сизни дойингизми дапам ўйладим лекин.
РТ: Горбачев мен учун ва мен мансуб бўлган миллат учун азиз инсон – Совет Иттифоқининг илк ва сўнгги президенти.  Михаил Горбачёв Ўзбекистон мустақиллигининг асл меъмори.
Айнан Горбачёв берган ҳуррият боис мен, журфакнинг оддий талабаси, мустақил “Эркин сўз” газетасини нашр қилдим, “Эркин ëшлар” уюшмасини тузиб, талабаларни ҳаракатга келтириш ташаббускорларидан бири бўлдим.
Ўшанда совет мафкурасидан мияси бетон каби қотган домлалар сенга бу журъатни ким берди деганида, Михаил Горбачёв деганман.
Айни журъат қанотида Ўзбекистондаги илк мустақил ТВ ташкилотчиси бўлдим. Агар Горбачёв бўлмаганида Ўзбекистон мустақил бўлмас эди. Горбачёвдан миннатдорман. Фақат бу миннатдорлик қатида озгина гина-кудурат ҳам бор.
Бизга демократия, сўз эркинлиги ва энг муҳими, мустақиллик ато қилган Горбачёв бошимизга Каримов каби бир жоҳил мустабидни тикиб кетди. 1989 йил 23 июнь куни Михаил Горбачёв Ўзбекистон Компартияси биринчи котиблигига Каримовни тайинлади.
Инсоф юзасидан айтиш керак, Горбачёв аввал бошиданоқ Каримов номзодига қарши чиқди ва унинг номзодини тасдиқламади. Кадрлар бўйича масъул Егор Лигачёв ҳам Каримовга қарши бўлди. Улар тасарруфидаги маълумотларда Каримов бошқалардан фарқ қилмайдиган жоҳил бир обком котиби эди.
Аммо СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе Горбачёвни кўндирган. Совет Иттифоқи каби улкан мамлакатнинг минг бир ташвиши билан банд Горбачёв шартли тарзда бу нусхани Ўзбекистонга раҳбар қилиб қўйди. У ëғи нима бўлганига тарих гувоҳ.
Барибир Горбачёв боис Ўзбекистон мустақил бўлди  ва у ўзи яратган калтакесаклардан узоқроқ яшади.

Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
16 июл 2016
Ўзбекистонда «тинчликни мадҳ этиш учун» мафкура клипи сифатида тайёрлангани айтилаётган айни клип мусиқаси ўзгармаган, бироқ тасвирларда унинг эски нусхаси ...
26 сентябр 2017
Самарқанд руҳий касалликлар шифохонаси раҳбарияти устидан ёзилган ариза бўйича 22 сентябр куни Кун.уз нашри икки қисмдан иборат ўз суриштирувини ...
3 апрел 2018
Олий Мажлис Сенатида 29 март куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга ҳавф солаётган исломий таҳдид ҳақида ...
9 сентябр 2023
8 сентябр кечки соат 17 лар  атрофида Поп тумани Оқтепа ўрмон бўлими 28 контурига борган Aspekt 24 жамоаси ўзидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...