Асосий мавзулар
1 март 2023

Ғассоллик касбми ёки ҳунар?

Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин¸ ўликни ювғучи ювиб¸ гўрков кўмсин. Бу мақолларда ҳар бир ишни ўз мутахассиси қилиши зарурлиги урғуланади. Дунёда шундай касб-кор эгалари борки, уларга кўпчиликнинг иши тушса ҳам касб эгалари ҳақида кўп гапирилмайди. Улардан бири гўрковлар бўлса, яна бири – ўлик ювадиган ғассоллар. Айрим маҳаллаларда бу савоб юмуш билан шуғулланувчи алоҳида кишилар бор. Аммо, ғассол йўқ пайти хотин қизлар ўлигини ювиш ва кафанлашни асосан отинойилар бажарадилар. Элтуз мухбири Андижондаги кафандўз отинойи масканида бўлди.

– Дунё шундай бир кўприк-ки, ундан ҳамма ўтадир,
Ўлим шундай бир шарбат-ки, уни ҳамма тотадир.
Кафан шундай бир либос-ки, уни ҳамма кийодир,
Қабр шундай бир макон-ки, унга ҳамма киродир.
Ла -илаҳа-иллаллоҳ…
Вафот этган инсонларга кафан бичаётиб Ойтожи опа ҳар доим мана шундай марсия айтади.
– Ла – илаҳа-иллаллоҳу Муҳаммадур Расулиллоҳ…

Туғилмоқ бор жойда албатта, ўлмоқ ҳам бор. Ойтожи опанинг тақдирига эса инсон дунёга келганида кутиб олиб, дунёдан ўтганида кузатиб қўйиш битилган экан. 

-Ёшлигимда – қувончу шодликлар билан, дунёга келган чақалоқларни кутиб олиб, поклаб, йўргакка ўраган бўлсам, ёшим ўтганида – охиратга рихлат қилаётганларни яна поклаб, кафанга ўраб, сўнгги манзилига кузатаяпман. Яратган шундай масъулияти, савоб ишни бажаришни тақдиримга битибди, алҳамдулиллаҳ! – дейди у.
Узоқ йиллар туғруқхонада доя бўлиб ишлаган Ойтожихон Ҳамроқулова мана 10 йилдирки, отинойилик қилиб келади. Аёлларга динимиз йўл-йўриқларини кўрсатиб, турли маслаҳатлар беради, маърака-маросимларда бош бўлади. Энг асосийси, аза чиққан хонадонларда майитни ювиб, кафанлайди.
-Инсон вафот этгач, уни шариатга мувофиқ ювиб-кафанлаб, охиратга кузатиш фарзу кифоя саналади, – дейди отинойи. – Ўлим ҳақ, у эшик тақиллатиб, олдиндан хабар бериб келмайди. Шундай бўлгач, майит ювиш, кафанлашни ҳар бир мусулмон киши билиши, билмаса ўрганиши шарт! Она вафот этса қизлари ё келинлари, ота ўтса ўғиллар ювиши керак. Аммо, баъзи бир одамлар майитдан қўрқадилар. Шу сабаб, хонадон эгалари дарров ғассол чақирадилар. “қўрқиш керакмас, майит ҳам одам, фақат руҳи чиқиб кетди холос, яқинроқ келинг, у ҳозир сизга муҳтож” дея, уларга ювиш сирларини, қонун-қоидаларини ўргатамиз.
-Илк марта майит ювганингизда нималарни ҳис қилгансиз?
-Фақат қайғу бор эди, чунки, илк марта онам раҳматлини ювишга кирганман. Оилада беш қиз эдик. Онам “Агар вафот этсам, ювгани фақат ўзинглар кирасизлар”, деб васият қилган. Яна, “руҳим ажралиши билан кўзимни уқалаб-уқалаб юмиб қўйгин, одамларнинг кўзига қўрқинчли кўриниб қолмайин, жағимни танғиб, чиройли қилиб ясантириб қўйинглар, ювинтираётганингларда сувга райҳонлардан солиб қўйинглар хушбўй бўлиб турсин!”, деб айтарди.
-Майит ювишда қандай амаллар бажарилади?
-Аввало, ният қилинади. Ювишдан олдин майитни нажосатлардан холи қилиш учун бир оз ўтиришга мойил қилиб, қорни силанади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, майитни усти очиқ ҳолатда ювишлик, кўз ташлашлик макруҳ саналади. Майитни усти барча авратлари беркитилган ҳолда, мато билан ёпилган бўлиши керак. Сўнг мустаҳаб қилдирилади.
Ғассол қўлига қўлқоп кийиб(кафанликдан ошган матодан тикса ҳам бўлади, тиббиёт қўлқопи ҳам ишлатиш мумкин), у билан аврат аъзоларини сув қуйган ҳолда ювиб чиқади. Қўлқопсиз, қўл билан ушлаш – харом. Сўнг инсон тириклигида қандай таҳорат олса, шундай таҳорат қилдирилади, лекин оғиз-бурнига сув олдирилмайди. Негаки, ичига сув кириб кетса, уни чиқариш қийин. Қўлқопни хўллаб, маййитнинг лаби ва бурнининг атрофларини ювиб чиқади. Мато остидан чиқариб, аввал ўнг қўлини, сўнгра чап қўлини тирсаклари билан қўшиб ювилади. Оёқлари ҳам шундай тартибда, тўпиқлари билан ювилади.
Таҳорат қилдирилгач, совун билан аввало маййитнинг боши, юзи ювилади. Сўнгра маййитни чап ёни билан ётқизилади ва босиб ётган жойларигача сув борадиган қилиб ўнг елкасидан бошлаб, оёғигача сув қуйиб, совунлаб, ишқаланади.Сўнг сув қуйиб, чайилади.
Кейин эса ўнг тарафига ёнбошлатиб, худди шундай қилинади. Мана шундай тартибда ўгириб ювиш уч марта такрорланади. Ювиб бўлингач, кафан ҳўл бўлмаслиги учун маййитнинг бутун бадани тоза латта билан артиб, қуритилади.
-Ғассолликнинг қандай шартлари бор?

Ғассол – ювиш ишларини яхши биладиган, таҳоратли (таҳоратсиз бўлса ҳам жоиз), ишончли, тақводор бўлгани афзал. Майит эркак бўлса, эр киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари “киши ўз хотинини ҳам ювиши мумкин эмас”, дейдилар. Чунки, аёл вафот этиши билан ўрталаридаги никоҳ узилади ва  хотин эрига номаҳрам бўлиб қолади. Аммо истисно тариқасида хотин ўз эрини ювиши мумкин. Балоғатга етмаган ўғил ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин. Ғассол ёлғиз ўзи ювишга қийналса, бошқани ёрдамга таклиф қилиши дуруст. Майитни ювганда авратига қараш мумкин эмас. Шунингдек, ғассол майитнинг баданидаги айб ва нуқсонларни бошқаларга айтмаслиги шарт. Ювинтириладиган сув қайнатилган бўлиши, иссиқроқ бўлиши лозим.
-Кафанни олдиндан бичиб қўйса бўладими?

Баъзилар, “менга олдиндан бичиб беринглар, сақлаб қўяман”, дейди. Баъзилар эса, “вафот этганимда, кўпчилик бўлиб, ҳислатларимни гапириб ўтириб, тайёрлайсизлар”, дейди. Ҳар кимнинг ўз хоҳиши. Унисиям маъқул, бунисиям. Аввалдан бичиб қўйсаям, зарари йўқ. Ана шу кунда бичилсаям нур устига аъло нур.
-Кафанлик учун неча метр мато керак бўлади?
-Агар эни энлик сурп матоси бўлса, 25 метр, эни энсиз бўлса, 30 метр кетади. Уни ҳаммасиям ўраш учун ишлатилмайди. Бичаётган пайтимизда ёнидан ёндамалари чиқиб қолади. Ана шулардан фартук, қўлқоп тикилади. Сочлари, баданларини артиб қуритиш учун ҳам ана шу қийқимлари ишлатилади. Эркак киши ва аёл кишининг кафанлигида фарқ бор. Эркакларга уч, аёлларга беш қаватлик кафанлик буюрилган.

Ойтожи опа илми, ҳаётий тажрибаси, жамоатчилик ишига меҳри сабаб Жалақудуқ туманига бош отинойи этиб тайинланган. Унинг қўл остида 30 дан зиёд отинойилар фаолият кўрсатадилар. Уларга “Сўфиқишлоқ” жоме масжиди биносидан хона ажратиб берилган.

– Туман бўйича 63 та маҳалла бор. Тан олиш керак, отинойиларимиз етишмайди. Шу сабаб маҳалланинг келинлари, қизлари орасидан ўзлари хоҳиш билдирганларини шогирдликка оламиз. Уларга Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан берилган қўлланмалар, китоблар асосида дин аҳкомлари, шариатимиз мезонларини ўргатамиз. Отинойи ё ғассол эмас, ҳар бир аёл билиши ва бажариши лозим бўлган вазифаларни тушунтирамиз, – дейди у.

Инсон – моддий таъминот учун ишлайди. Меҳнатига яраша ҳақ олади, тирикчилик ўтказади. Аммо, отинларнинг ойлик маошлари йўқ. “Бепул қандай ишлайсиз?” деб берган саволимга, Ойтожи опа “савоб учун ишлайман”, деб жавоб берди:

– Ғассоллик – касб ё ҳунар эмас, отинойининг елкасидаги вазифа. Ҳар бир отинойи ғассол топилмаганда ғассоллик вазифасини, кафанловчи бўлмаса кафанлаш ишини бажариши лозим. Лекин, унга ҳақ олмаслиги керак. Бу – ҳар бир отинойининг виждонига ҳавола. Холис хизмат қилаётганда гўрков ҳам, ғассол ҳам ҳақ олмаса, Яратган унга бошқа томондан ўз мукофотини етказиб қўяди.
Суҳбат асносида отинойи шу кунларда жаноза кўплиги, ҳатто ёшлар орасида ҳам тасодифий ўлим ҳолатлари кўп кузатилаётганини айтиб қолди. Шогирдларидан бири маҳалладаги ёши улуғ онахоннинг қазо қилганини айтиб кирганида эса:

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Биз Аллоҳникимиз ва бир кун унга албатта қайтамиз!”, – дея юзига фотиҳа тортиб, ўз вазифасини бажариш учун отланди.

Муаззам СОБИРЖОН қизи

@eltuz

Тағин ўқинг
13 апрел 2023
Буюк Чингизхоннинг узилмас 23-авлоди саналган 106 ёшли Насим Мирзо Чингиз (Naseem Mirza Changez) 2018 йилнинг 12 апрелида Эски Деҳлида ...
19 март 2019
Ўтган ҳафтада ўзбек ижтимоий тармоқларида энг кўп баҳс-мунозараларга Наргиза Раҳимова (Саидова) бош сабабчилардан бири бўлди. У “қадимчи”ларнинг шундай зарбаларига ...
12 май 2017
11 май куни БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад Аль-Хусейннинг ташрифи якунланди. Ташрифнинг бош натижаси 15 йиллик ...
20 январ 2020
Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир. Бундан аввалроқ Ўзбекистон президентининг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...