Асосий мавзулар
5 январ 2024

Уйингдан олтин чиқса давлатники бўладими?

Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб, сиз билан биргаман. Янги йилда сизларнинг юзингизга қараб, табассум қилиш имконига нойил бўлганимдан баҳтиëрман.

МС: Ина амдолли тозо йилда гўришип дурипмиз сизла билан. Ничикизла хўжик брри мўччи ойбикала?

РТ: Матчон суқилиш сен гапирсанг одамлар тушунмаяпти. Лекин Ўзбекистон шоу бизнесида Хоразм лапарларининг ўрни бор. Бу лапар ва термаларни аксар халқ тушунади. Сенам ўртага суқилганда лапар айтиб туравер

МС

Аласа гармонни алима олийн. 

Учиб бороди қорғо

Бориб қўноди қойғо…

Довоий солом ойтинг

Ўзимизни Режапбойо…

Яша Матчон суқилиш… 

Қозоғистонда Россиянинг 10 дан ортиқ телеканаллари эфирдан олиб ташланди.

Қозоғистон миллий телерадиоэшиттириш оператори “Казтелерадио” Акциядорлик жамияти ҳамкори “ТVCОМ” бир қатор Россия телеканалларини сунъий йўлдош ва интернет-телевидениеси – “МДҲнинг Биринчи канали”, “Дом Кино”, “Победа” ва бошқа телеканалларни трансляция қилишни тўхтатди. Компания раҳбарияти “хорижий каналлар улушини аста-секин камайтираётганини” маълум қилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат ҳукумати қарори билан Россия Федерациясининг асосий тарғибот каналларини эфирга узатувчи “Спутник24” портали ва “Сарград” сайти блокланган эди.

МС Ўрисни минг мохтосонгом гўззи гўк. 

Қақрада қумри ин атар чипра далли далли,

Ушлаб олсам на атар чипра далли далли.

Отиз дадим чэл дадим, чипра далли далли,

Катман дадим бел дадим, чипра далли далли.

Ай далли далли даллияй, чипра далли даллиии.

Тошкент марказида уй қуриб сотаман деб ўртага чиққан жаллобларнинг томири тепага туташган мафияси эски тошмидаги «кадет корпуси» дея аталадиган қадимий ғиштин бинони бузиб ташаш учун экскаватор олиб келди.

Ким бу герастрат, варвар, ëм ëмлар тўдасиги кишт дейди?  Ким?

МС: Сиз кишт дисиз охир. Оғо, дам соз дам сўбат ўлсин. Сиз бир қиззиқ гап ойтинг инди.

Жуғропия маллими

Оқбўта Кимсанбойевич Турсунов Деҳқонободдаги мактабда географиядан дарс беради. 

Биология, табиатшуносликданам кираверади дарсга. Ярим ставка завхозлик ҳам қилади. 

Ëмон болларни «уриб бериш» ҳам Турсунов зиммасида. Чунки у мактабдаги ягона эркак маллим.

Бир пайтлар ëвуз СССР даврида  саккизни битириб мактабга завхоз бўлиб жойлашовоганди.

Кейин давлат истибдоддан қутулиб мустақил бўгач, Ғузорга бориб қамашилик апрстдан 300 доларга фейк диплом сотволиб ўқитувчилик қилишни бошлаворганига ҳам яқинда 30 йил бўлади. 

Боллар унга «жуғроп» деган лақаб тақишган. Чунки у географияни жуғропия дерди. Барча ўқитувчи хотинлар «доскага чиқ» деса, Турсунов «тахтага чиқ» дерди. 

Бир марта Қаршидан келган текширувчи билан айтишиб қолиб давлат тилида доска бу тахта эканлигини «доказат» қиган.

Муфаттишнинг олдига ўзбекча ўрисча луғатни қўйиб «мана» деган. Ëнига Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили экани ҳақидаги қонун ëзилган брашюрани ҳам қўйиб пишган калладай тиржайган ҳам ўша жуғроп маллим.

Лекин ўша текширувчини тандир гўшти билан тўйдириб денов арағи билан чанқоғини қондирган ҳам ўша.  Боллар айтмакчи жуғроп маллим.

Кейинги 30 йил ичида бу мактабда 60 марта директор, 120 марта завуч алмашди. Мактабни илгариги номини рақамга айлантиришди «рақамлаш» йилида. 

Аммо шу 30 йил нмобайнида мактабда икки нарса ўзгармади. Унинг чакка ўтадиган лўмбоз лой томи ва жуғроп маллим. 

Жуғроп маллим 45 минут давомида бачаларни оғзига қаратиб ўтиришни эплайди. 

Мабодо кимда ким дарсда тилипон кавласа ëки қизларнинг кўтини чуқаласа жуғроп маллим белидаги юлдуз тўқали солдат камари билан соларди.

Жуғроп маллим 32 йил олдин СССР армиясининг Воронеждаги энинчи қисмида хизмат қилганида шу камар белида эди.

Дарс бўляпти. Жуғроп маллим «Жовлининг ули тахтага чиқиб картадан Германияни кўрсат» дейди.

Жовлининг бир бало мусаннип деб арабча исм қўйилган сап сариқ ули картага қараб бақрайиб қотиб қолган. 

Икки кўзи жуғроп маллим белидаги юлдуз тўқали камарда.

«Ўтир. Отанг Жовли  хеч бўлмаганда карта нималигини биларди. Сен энанг Тошхонга тортгансан. Тошхон ғирт дебил эди.»

Жуғроп маллим қўлига указка олиб картага ниқтади:

«Бу – Германия. Экономикаси зўр. Нега зўр.

Чунки Германиядаги ҳар бир одам, даже президент  ҳам товоғидаги овқатни охиригача ялаб еб қўяди. Суякни яхшилаб кемириб охирида ташамай халадес қилади. Бизачи биза. Тандир гўштни чала еб қоғанини итга берамиз. Шунга аҳволимиз итдан баттар.»

Яқинда Тошкентдан бориб Деҳқонободдаги мактабни «финландия» тизимига ўтказаман деган вазирлик ходимини том босиб қолганда уни лўмбоз лой уюми тагидан судраб олиб чиққан ҳам жуғроп маллим.

Жуғроп маллимнинг Америка ҳақидаги дарсини эшитиб кўрамиз:

«Американи ким очган. Эгамбердининг ули. Тур ўрнингдан ким очган деб сўрадим.

Эгамбердининг ули қўрқиб  «Маллим мен очмадим.» дея «жилаб бошлади» 

«Қани ким айтади. Американи ким очган?. Калий зовут дирктирини қизи, сен ойтчи бачам?

«Американи Христофор Колумб очган» деди қизгина бидир бидир қилиб.

«Қизим мени кўрмади деб ўйлама. Телефонингда гугл қилдинг. Вот и неправилно. Колумб очмаган. Ўзимизди ўзбекди ули Беруний очган. Мана қашқадарëлик шаир нима деб ëзганди? Колумбда бор аламим манинг деб ëзган. Биннаса биладики ëзган шу герой шаир.

 Сен ўтир қизим. Отангга айт, пардага пул берворсин.

Хуллас Берунийнинг усти лой билан қалин бостирилган айвони бўлган. Мен ўзим кўрганман шундай айвонни Хоразмга борганда. Қақра уй дейди буни.

Айвоннинг лой томида ўт ўлан ўсади. Берунийнинг қўшниси торвуз ўғирлаб, томди тепасига обчиқиб еган. Торвузниннг уруғи томда қолган. Ëмғир жовиб шу торвуз томда кўкарган. 

Бундан Берунийнинг ховариям йўқ. 

Бир куни Беруний илими билимини кўпайттириб, президент қорарларини ўқиб ўтирса тап этиб томдан торвуз узилиб тушибди.

Юм юмалоқ торвуз. 

Буни кўриб Беруний вай билат деворди. 

Ернинг юмалоқ экани ҳақидаги қоннунни яратди ўша куни. За одно ернинг тортиш кучи ҳақидаги қоннунни ҳам яратиб ташади. Так чтў Нютонда ҳам аламим бор. 

Беруний торвузди олиб, орқа олдини ойлантириб қораб дунëда америка деган давлат борлигини билиб қолди. 

Бориб келай деса денгиз йўли йўқ. 

Шарт ўрнидан туриб Испанияга бориб учта кемани аренда қилиб йўлга тушди. 

Кемани пластмасса тароқ, ойна, ва мунчоқлар билан тўлдирди. Лўх индейцлардан олтинга алмаштириш учун.  

Ўктабр ойи эди. Океанда  сузиб  кетаëтса бир тахтанинг устига битта одамни скочлаб қўйишганини кўриб қолди.

Беруний рахмдил одам бўган. Ўша одамни қутқариб кемага чиқарган. 

Бу одамни исми Христофор памиласи Колумб экан.

Битта кемада овқат ўмариб крисалик қигани учун тахтага скочтлаб ташаворишган акулага ем бўсин деб. 

«Сани қўлингдан нима келади бачам» деб сўради Беруний бово. 

«Навигаторни ўннини босаман. Карталарни кўчириб сотардим¸Лиссабонда. Карта кўчиравериб миямда карталар ўрнашиб қолган» деди Колумб.

Беруний бово синаб кўрибди. Шу атрофда қоя бор, айланиб ўтайлик деди Колумб. 

Гапи рост чиқди. Беруний бово Колумбни ëнига помошник қилиб оволди. 

Ноябр келди. Беруний бово қўлидаги дурбин билан Американи кўрди. Колумбга қараб «мана Америка. Энди пластмасса мунчоқларни олтинга алиштириб, лох индейцларни кидат қиламиз» деди.

Колумб ичи қора одам эди. Бахил эди. Берунийни кемадаги капитан мостигидан очиқ океанга итариб юборди.

Беруний рахмаллининг акулаларга ем бўлишини томоша қилиб турди иплас.

Шундан кейин у «Америка» деб бақириб ўзини янги ерлар очганини эълон қилди. 

Кема коллективининг Беруний бово ҳақидаги саволига «Бобойни акула еб ташади. Хозир началник менман» деб жавоб берди. 

Мана тушундингларми энди «колумбда бор аламим менинг» деган шиғирди мағносини.

Қани тур Эгамбердининг ули. Американи ким очған? Туври! Беруний очган. Бўлди дарс тамом. Эртага ҳар бир бола бир баклашкага қайноқ сув солиб келсин. Дераза подоколнигига қўямиз. Синф хонаси сал бўлса ҳам илийди. Финландияда 100 йил олдин шунақа қилиб уйди иситишган. Фин усули бу.

Жингл

МС 

Бўён ўрдим отизингнан-челингнан,

Ман айнанин ориққино  белингнан.

Патир олиб, сувчи борса қайтарма,

Ничча йиллар ёниб-гўйдим алингнан.

Ўзи бир кичкина қиз гунда илон ўлдиради

Қош қоқиб гўззин сузип олтин чирвон ўндиради

Раҳматли энамда Николайнинг олтин червонлари бўлгич эди. Уйда тўй маърака планланса ëки мошин олмоқчи бўлсак ўша олтин червонлардан биттаси сотиларди.

Зовутчи бойнинг қизи бўлган энам  уруш пайтида бу олтин червонларни расман «олтин дўкон»га топшириб, оқ нон сотиб олиш учун талон олган. 

Яъни СССР ҳукумати ҳам одамларда Чор давлатининг олтин червонлари бўлишини жиноят деб билмаган. 

Шу кунда европанинг заргар дўконларида бемалол Николай олтин червонини сотиб олиш мумкин.

Аммо мустақил ва яппа янги Ўзбекистонда Николайнинг олтин червонини сотиш жиноят экан. Нега? Бу яқин ўтмишда муомалада бўлган валютаку? 

Мана Сурхондарëда икки эркак 1899 йилги Николай червонларини юз минг долларга сотмоқчи бўлгани учун қамоққа олинди деган хабар.

Уларнинг жинояти нимада? Бу олтинни улар бонкадан ўмардими? Ëки бу олтин танга қадимий осори атиқа бўлиб музейдан ухлатилганми? Ëки олтиннни долларга сотиш жиноятми?

Ватанни ўрисларга сотиш жиноят ҳисобланмайдиган юртда олтин червон сотган одам жиноятчи бўлдими?

Кимдир тушунтира оладими?

МС: Ўйингнан тиргак чиқса саники, олтин чиқса давлатники. 

Кисама солибман бир сўлқим узум,

Сўзимни қайтарма эй қора гўззим,

Сўзимни қайтарсанг эй қора гўззим,

Ҳаққингнан чиқаман бир бориб ўзим.

Йигирма доллар

(Бу 2023 йилдаги сўнгги ҳикоям.)

Эркин 33 ëшда. Бизнесмен. ТГда онлайн қурилиш моллари сотади.Асосан уй томини ëпадиган таги оқ усти қизил тунука сотади. Гап тунука ҳақида эмас.

31 декабр куни Эркин машинани ховлига киритдию аммо тушмай  анчагача телефон титиб ўтирди.

Банк ҳисобидаги олги бергиларини текширди. Қўнғироқларга жавоб берди. Эсемес ëзди. Овозли мактубларни эшитди. Машина кабинаси Эркиннинг  иш кабинети эди. 

Телефон жиринглади.  Машина дисплейида «Келинбийи» деган ëзув кўринди. 

Телефон қилаëтган акаси Ботирнинг беваси Турдихон эди. Эркиннинг акаси Ботир икки йил олдин аварияда ўлган. Уч боласи етим, хотини бева қолганди. 

– Раҳмат бийи. Сизга ҳам қутлуғ бўлсин.

– Эркинжон раҳмат иним. Кеча Йўлдош олиб келган конвертдаги 220 долларни олдим. Байрамда дастурхон тўшадим. Жиянларингиз хурсанд. Келинг.

– Майли бийи. Вақтим бўлса ўтарман

Эркин кеча кечқурун ëрдамчиси Йўлдошни қўлига конверт бериб Турдихон бийисини уйига бозорлик юборганди. Аммо конверт ичига икки юз доллар солганди. Тўртта элликталик. Йигирма долларни ким қўшди?

Эркин тугмани босди. Гудок кетди. 

Йўлдошга телефон қилаëтганди Эркин.

-Оға энди қандай тушунтирсам сизга. Етимни кўрсам ичим увишади.  Иккита боламга қараб мен ўлсам шулар ўлиб хор бўлиб қолса деган фикрни ўзидан қўрқиб кетаман. Сиз берган конверт ичига 20 доллар солиб қўйдим. Жиянларингизга мендан падарка.

Эркиннинг ичи ëришди. Йўлдош  исмига яраша яхши бизнес йўлдош эди Эркинга. 

Эркин кеча эшитган  гапни эслади. 

Кеча Тўлқин дойи уйида шоғол базм қилиб берди. Милисаларга форма тикиб бойиган Тўлқин дойи ҳар йили 30 декабрда лазур гуручдан сузма палов пишириб  ўзи айтмоқчи «шоғол базм» қилиб берарди.

Дойининг Қорақамишда хоразмча қилиб қурилган уй долони одам билан лиқ тўларди. 

Дойи тўйхона ва ресторанларни тан олмас. Эски услубда уйига чақирарди меҳмонларни. 

Бир пайтлар номи чиқиб «хизмат кўрсатган» мақомини олган аммо хотинларининг алимент жанжалларидан кейин назардан қолган мижғов ашлачи амаки Эркинни олдига қўлида қирмизи шароб солинган қадахни кўтариб келди.

-Оға раҳмат. Дойим поддержка қиласиз. Ўткан хафта дружбадаги  концертда менга гул билан конверт жўнатдингиз. Кам бўлманг оға.

Ашлачиларнинг кўзи снайпер дурбинидан ҳам яхшироқ ишлашини Эркин биларди. Аммо саҳнадаги артист учинчи қаторда ўтирган мухлисининг конверт ичига қанча пул солганини аниқ кўра олганидан Эркин ҳайратланди. 

-Оға сизга қараб турдим саҳнадан. Ëнингиздаги Йўлдош деган апрс сизга конверт берди. Сиз конверт ичига тўртта элликталик доллар солдингиз. Аниқ кўрдим. Кейин кам бўлмасин деб яна йигирма доллар солдингиз. Саҳийсиз¸ жўмардсиз оға. Лекин анави апрс Йўлдош конвертни ичидаги 20 долларни олиб чўнтагига солиб қўйди. Оғо шу апрс Йўлдошни жавобини берворинг.

Эркин бу гапни эшитиб кўнгли ҳижил бўлган бўлса ҳам ëрдамчиси Йўлдошни тергаб дакки бермаганди.

Турдихон бийининг айтган гапидан кейин Эркиннинг кўнгли жойига тушди. 

Эркин қопчиғини очиб 20 доллар чиқариб ëруғга тутиб қаради. Бармоғи билан силаб ғадир будирини ҳис қилди.

АҚШнинг еттинчи президенти  Эндрю Джексон сурати туширилган 20 долларлик  банкнотни Эркин ҳали студент пайтидан бери яхши кўрарди. 

Майда чуйда хизматлар учун миннатдорлик белгиси ўлароқ бериладиган  яхши купюра. 

Эркин пулни қопчиққа қайтариб солдида¸ машинадан тушиб байрам пақилдоқлари саси остида тўкин дастурхон тўшалган ичкари уйга қараб кетди. 

Янги йилда ҳаммага ҳам яхшилар  йўлдош бўлсин.

МС

Дўрт зомча олибман дўртисам сори,

Шу кунлар бўлибман кадини зори.

Ойбикажон  меҳмон бўлсанг бир оқшом,

Гўйган ерларингга бўламан дори.

Ўйим алди Шовот ёпни кўпири,

Диздан галар рошларини тўпири,

Эй ëронлар топиб баринг ёримни

Мани ёрим шу элларни қўқири.

Қани сенинг дўмбиранг?

Йигирма йилларча олдин Манғит тарафларда бир ҳикматли гап эшитувдим. Дўмбираси йўқ бир киши одамларни ўзига қаратиб, «Мен дўмбирани  бундай ушлайдирман¸ бундай чаладурман» деб ярим соат гапирибди.

 Ўшанда одамлар орасидан бири чиқиб «Барча шаънинг келишди, қани сенинг дўмбиранг?» деб сўрабди. 

Саккиз йилдан бери айтилаëтган гапларни эшитиб шу ҳикматли гап эсимга тушди.

МС: Оннопли боғлара чия сопаман,

Жиззиқ солиб ёғли патир ёпаман,

Жиззиқ солиб ёғли патир ёпғанда,

Мўчи кади  сани нердан топаман.

Қора сочинг қойим дарап – ўрмака,

Нердан ишқим тушди саннин бирмака,

Ичи-бағрим ўт олади гўрганда

Ярамадинг бир сархум сув бармака.

Хотираларимдан бирида кранчи бўлиб ишлаганимни ëзсам кимдир шубҳа билдирибди. Бунга изоҳ бериш асносида  Совет даври ўрта таълим тизимидаги самарали тажрибага эътибор қаратсам.

1974 йили СССР Министрлар совети ўрта мактабларда УПК ( Учебно-производственный комбинат) ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилди. 

Бу қарорга кўра ўрта мактабни битирган ўқувчи бирор касбни ўрганиб чиқиши керак эди. 

Мактаб ўқувчиси 8 синфдан то 10 синфгача хафтада бир марта алоҳида бинога эга бўлган УПКга бориб 4 соат касб ўрганарди.

Токарь, слесарь, швея секретарь-машинист, тракторчи ва шофер касбларидан бирини танлаш керак эди.

Мактабни битирган вақтда шўпирлик праваси олиш имкони эди бу. 

Мен юк машинаси ҳайдовчиси деган курсга қабул қилиндим. Икки йил давомида ГАЗ 51, ЗИЛ ва МАЗ юк машинасини бошқариш ва моторида майда ремонт қилишни ўргатишди. 

Шу билан бирга айни модификациядаги машиналарга ўрнатилган кранни бошқариш бўйича ҳам дарс олдим.

Ўнинчи синфни битирган пайтда, устида кўтарма крани бор МАЗ-500 юк  машинасини ҳайдаб имтихон топширдим.

Мактаб аттестати билан бирга юк машинаси ва кран бошқариш бўйича шўпрлик праваси олдим. Қўлимдаги европа праваси ҳам шу 18 ëшимда олган правага асосан берилган.

Хозир ҳам юк машинаси, трактор ва кран бошқаришга ҳужжатим бор.

Яъни совет ўрта таълим тизими самарасидан хозир Европада яшаб ҳам баҳраманд бўлмоқдаман.

Мактабни битириб институтга кириб рассомлик йўналишида кетдим.

Аммо мен ўша пайтда таксомоторда такси ҳайдашим¸ автобазада юк машинаси шўпри бўлиб ишлаб яхши пул топа олардим.

Тошкентдан таътилга келганимда Урганчдаги 167 қурилиш трести бошлиғи раҳматли Йўлдош ака мени бир ой кранчи вазифасида ишлатиб ойлик берганди.

Кранчилик билан бирга трестни бадиий безаш билан ҳам шуғуллангандим.

Вақт ўтиб 1994 йили Урганчда мустақил ТВ канал очиб ток шоу олиб бордим. Бамбр шоу эди номи, кимдир эсласа. Ўша шоулардан бирида қўшиқчи Бобомурод ака Ҳамдамов билан суҳбатлашдим. 

Бобомурод ака ҳам қурилишда кранчи бўлиб ишлаган экан. Ўшанда икккита «кранчи»нинг суҳбати роса қизиганди.

Навоий бобомиз нима дегандилар?

Бир йигитга қирқ хунар оз.

МС

Сизни айвон бизни айвон амасми, ўртосинда чиний нарвон амасми. Оғо уринг потяни.

Ассалам Узбекистан, Жума Муборак!

Тағин ўқинг
20 сентябр 2023
Кеча 19 cентябр куни Шайхонтоҳур тумани судида прокурор Human.uz сайти асосчиси ва раҳбари Хуршид Далиев ва “Ўзбекнефтгаз” ширкати матбуот ...
25 сентябр 2023
Жонибек деган овқат элтувчининг АҚШда клиент хотинниг эмчагини эзғилагани учун қамалиб, 20 минг дўллар иштрап тўлагани ҳақида ëздим. Тагидаги ...
6 декабр 2022
“Қонунлар тугаган жойда зулм ва тирания бошланади”, деган эди 17-асрда Британия бош вазири бўлган давлат арбоби ва ҳуқуқшунос Уилям ...
11 январ 2024
Қирғизистон парламенти кеча, яъни 10 январда кўпчилик овоз билан депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди. Мазкур қарорни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...