Cатира
8 апрел 2019

“Ҳамкасблар”дан эҳтиёт бўлинг!

Сўнгги кунларда ўзбек журналистикаси ҳаётида иккита диққатга сазовор воқеа юз берди. ЎзТВ журналисти Мавжуда Мирзаева бу муассаса ҳақида танқидий фикрлар билдиргани учун раҳбариятнинг қатағонига учради. Кекса журналист Маҳмуд Саъдий эса “XXI аср” газетасида босилган мақоласи учун халқ таълими вазири томонидан судга тортилди.

Бу воқеалар ўзбек журналистикасининг икки юзини кўрсатиш асносида унинг ҳали ҳам қатъиятсиз эканини намойиш этди.

Мавжуда Мирзаевага ўз фикрларини билдириш учун минбар берган AzonTV онлайн телеканали бу иши сабаб O‘zbekiston24 телеканали раҳбариятидан узр сўради. Бунинг устига, унинг интервьюси эфирга узатилишига масъул бўлган ходимларига интизомий жазо берганини ҳам эълон қилди.

Яқиндагина ҳукумат амалдори Наргиза Раҳимова (Саидова)нинг “исломни ҳақорат қилгани учун узр сўраши”га имкон бериш мақсадида минбарини кўтариб чопган телеканал бошқа бир ҳамкасбининг фикрлари учун узр сўраб юрибди.

Худога шукур, Мавжуда Мирзаеванинг ҳимоя қилиб чиқаётганлар уни қоралаётганлардан кўпроқ экан.

Таниқли журналистларимиздан бири ўз ҳамкасби ҳимоясига чиқиб, ЎзТВ раҳбариятига: “Олдин Мавжудадан олган 3 минг долларни қайтариб беринглар, кейин сизлар билан бошқача гаплашамиз”, дея мушт кўрсатди ва “Ҳаммаларингнинг орқаларинг тоза эмас”, деганга ўхшаш дағдаға билан чиқди.

Бу ёқда кимсан вазир саксонни қоралаган журналистни жазолашга жаҳд қилиб ётибди.

Кўпчилик амалдор нишонига тушган журналистни ҳимоя қилиш ҳаракатига қўпган бир вақтда кутилмаган зарба яна ҳамкасбларидан келиб тушди.

Ўзбек сайтларидан бирида “Маҳмуд Саъдий билан турли йилларда бирга ишлаган “ҳамкасблари” номидан” унинг ўзи “одам эмаслиги” ҳақида мақола босилди.

Улар ҳозир гап Маҳмуд Саъдий шахси хусусида эмас, сўз эркинлиги ҳимояси ҳақида бораётганини ёки англамайди, ёки буни истамайди.

Айтмоқчимизки, Маҳмуд Саъдий шахс сифатида қандай одам бўлмасин, унинг айтган фикрлари йўқотган мавқеини эндигина тиклашган уринаётган ўзбек журналистикасининг мавжуд ҳокимият томон бир саси эди, ҳали халқнинг чинқириғига айланмаган бир сўзи.

Бу сасга жавобан амалдор томонида туриб қарсак чалаётган ўша “ҳамкасблар” ким экан? Ислом Каримов кийдирган жўбани ечишни истамаётганлар эмасмикин улар?!

“Ўзбекистонда мансабдор шахслар устидан истаганча иғво қилиш имконини берадиган қонун-қоида йўқ, улардан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳам олиб ташланмаган”, дея иддао қилмоқда “ҳамкасблар”.

Аввало, “ҳамкасблар” ўз ҳимоясига олишга уринаётган вазир Шерзод Шерматов ҳозирги ҳукуматдаги журналистлар учун энг очиқ амалдорлардан бири бўлгани билан “тилло” бўлмаслиги мумкин-ку.

Қолаверса, хорижий сармоядорларни ярим миллион долларга туширган фирибгар тўда ишида ўша вақтда инновацион ривожланиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаган бу амалдорнинг ҳам исми қалқиб чиқмоқда.

Бу иддаолар қанчалик тўғрилигига кафолат бермаймиз, аммо Ўзбекистоннинг коррупция рейтингидаги ўрни, шунча йиллардан буён урчиб келган қонунсизлик тенденциялари, адолатсизликдан ҳайқираётган халқ нидолари кўп нарсалардан дарак беради.  

Айтмоқчи бўлганимиз, ўзбек журналистикаси энди-энди сал-пал қаддини кўтармоқда. Амалдорлар эса осонликча бунга имкон бермайди. Чунки имкон берган сари уларнинг орқаси очилиб бораверади.

Шундай экан, айни пайтда журналистларнинг касбий бирдамлиги биринчи ўринда турмоғи керак. Ҳокимият вакиллари эса ҳар доим ўзини ҳимоя қилиш йўлини излаб топиш қудратига эга.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 сентябр 2016
Вафот этган президент Каримовга сажда қилиш амалиёти тобора куч олаётир. Интернетнинг ўзбек сегментида хизмат кўрсатган артистлар, таниқли журналистлар ва ...
14 декабр 2018
Машҳур ўзбек сатира устаси, актёр Обид Асомов 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида 55 ёшида оламдан ўтди. Бир неча кун ...
22 апрел 2019
Рассом Кирпи Eltuz.com
12 сентябр 2019
“Биздан жиз-з!”нинг бугунги сонида Дўстназар Худойназаров товуқ кабоб қандай тайёрланишини намойиш қилади. Бу галги видео Швециянинг сўлим табиати фонида ...
Блоглар
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...
3 ноябр 2019
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
16 октябр 2019
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин олиб қўйилган ижодий фаолият учун лицензиясини «Ўзбекконцерт» 16 октябрь ...