Асосий мавзулар
15 феврал 2024

Бухоро Мухандислик технология институти коррупционерларининг узун қўллари

Бухоро муҳандислик-технология институти ходими Ғолиб Шодиев айни истититут рахбариятини коррупция ва непотизмда айбламоқда. Бироқ унинг аризаси ва унда келтирилган фактлар юзасидан очилган жиноят иши Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ёпиб юборилган.

Шодиев 2023 йилнинг 5 июлида Бухоро вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасига йўллаган аризасида ўз даъвосини асословчи 19 банддан иборат фактлар ва важларни келтирган. Бухоро вилоят прокуратурасининг 2023 йил 13 июндаги хати ва қарори асосида Бухоро муҳандислик-технология институти фаолияти юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасидаги  ҳужжатли тафтиш бу даъволарнинг барчасини йўққа чиқаргани англашилади.

Жумладан, 2023 йилнинг 4 августида ўтказилган сўнгги далолатномада билдирилишича, Шодиев ўз аризасида Институтда бажарилган қурилиш ишларининг аксарияти танловсиз ширкатларга юклатилгани, шунингдек институт балансидаги Давлат активи бўлган спорт соғломлаштириш масканининг хизмат турар жой биносига айлантирилгани ва унгача у ердан собиқ институт ректори турар жойи сифатида асоссиз фойдаланиб келингани ҳақида ёзади.

Бундан ташқари айни маскан биргина ректорнинг яшаши учун 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаб таъмирланган. Шунингдек институт ҳудудидаги бўш турган бинодан молхона сифатида фойдаланилган. Ташкил этилган мебел цехи, савдо дўкони ва ошхона биноси учун институт ҳисобига ижара ҳақлари тўланмаган. Институт ҳудудидаги қарийб уч гектарга яқин майдонда эса бир неча йиллардан бери беда экиб ҳосил олинади, бироқ беда пули ҳам институт ҳисобига кирим қилинмайди.

Ўқув лабароторияси биносининг 1-қаватида жойлашган хоналардан фойдаланаётган “Shoes and Health feet” МЧЖ эгаларидан ҳам ижара ҳақи олинмайди, у ерда институтга тегишли бўлмаган ускуналар сақланади, пойафзал ишлаб чиқарилади, оёқ кийимлари сотуви йўлга қўйилган, дея иддао қилади институт ходими.

Унинг ёзишича, Бухоро мухандислик-технология институтида грант лойиҳаларидан институт собиқ ректори Нусратилла Баракаевнинг турмуш ўртоғи Н. Иброҳимова ва рус тили фани ўқитувчиси Н. Тошпўлатоваларга ноқонуний иш ҳақи ёзилган, уларга қайси вазифалари учун пул берилгани ноаён. Шунингдек, карантин даврида тақиқланган бўлсада, 77 нафар шахсга ва асосан рахбар ходимларга моддий рағбатлантириш пули берилган.        

Шунингдек, Шодиев ўз аризасида Савдо саноат палатасида ярим ставка ишлайдиган, 2 гуруҳ ногирони бўлган шахснинг тўлиқ ставкада ишга олингани ва унга ҳафтасига 60 соат ёзилгани, аслида унинг ўрнига бошқа ўқитувчилар дарс ўтгани, бунинг устига унга устама 250 фоиз ойлик ҳам ёзилгани ҳақида билдиради.

“Аслида 2 гуруҳ ногирони бўлган шахснинг тўлиқ ставкада ишлатиш Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунга зиддир. Бундан ташқари у ўзи қатнашмаган, бошқалар ўтаган дарс соатлари учун ҳам маош олиб келган” дейди Шодиев.

Бундан ташқари у ўз аризасида институт номидан хизмат сафарига жўнатилган бошқа бир ходим Мирали Ҳамроевга бирор марта командировка ҳақи тўланмагани ҳақида ёзади. Унга институт ҳисобидан ҳорижда бўлган вақтида вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида табел асосида иш ҳақи тўланган.

Тафтиш гуруҳи томонидан тўқилган 40 варақ ҳужжатга тиркалган айрим иловалардан Бухоро муҳандислик-технология институтида нафақат этикдўзлик цехи, бедазорлар барпо этилиб, у ерда мол боқилгани, балки талабаларга олий таълим ҳам берилгани аён бўлади.         

Шодиев ўз аризасида шунингдек институт рахбарияти томонидан у ерда ўқиган талабалар ҳақи еб юборилгани ҳақида ҳам ёзади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 824 қарори иловаси билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модул тизимини жорий қилиш” тўғрисидаги Низомнинг 41-бандида “академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади” деб белгиланган.

Бироқ талабалар қўшимча тўловларни амалга оширганидан кейин ҳам институтда ёзги семестрлар ташкил этилмаган. Талабаларнинг пули ҳам уларга қайтарилмаган.

2022-2023 ўқув йили давомида институтнинг умумий ўқув юкламасига ўқув режаларида белгиланмаган фанлар киритилиб ўқитувчиларга дарслар ажратилган. Мазкур ажратилган юкламалар учун (ҳорижий тиллар, жисмоний тарбия ва маданият кафедралари) профессор-ўқитувчиларига институтнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан маош тўланган.

Давлат олий таълим муассассаларида тюторлик лавозими жорий қилинган бўлиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 412-сонли буйруғига асосан камида икки йиллик илмий ва педагогик стажга эга талабалар орасида ҳурмат қозонган ходимлар ишга қабул қилиниши шартлиги белгиланган. Шу сабабли, тюторлик лавозимига ишга қабул қилинганларнинг Низом талабларига мос эмаслиги тасдиқланган. Низом талабларига зид равишда ишга қабул қилинган тюторларга  тўланган маошлар институтнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари мақсадсиз ҳаражат қилинган.

Аризада шунингдек, Бухоро мухандислик-технология институтининг собиқ ректори Нусратилла Баракаевнинг қонунга зид ҳаракати сабабли, яъни Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2017 йил 26 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Тармоқ тариф-малака маълумотномаси” талаблари бузилиб, Алимов Аъзам Анваровични, институт бошқарув бўғинларида камида етти йиллик самарали иш стажига эга бўлмасада, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тавсия қилингани айтилади. Бунинг оқибатида 2023 йил 25 январ куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 14-К сонли буйруғи билан Алимов Аъзам Анварович ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига тайинланган.

У проректор бўлиб то бугунга қадар олиб келаётган ойлик маошлари, унга барча турдаги устама тўловлари ноқонуний тўлаб келинган. Институт бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари эса мақсадсиз ҳарж қилинган.

Шодиевнинг айни аризасида келтирилган жами 19 банддан иборат юқоридаги важлар юзасидан тафтиш ўтказган Бухоро вилоят Давлат молия назорати бошқармаси бош тафтишчиси Д. Жалолов, Бухоро мухандислик технология институти ректори вазифасини бажарувчи М. Шарипов, Бухоро мухандислик-технология институти бош ҳисобчиси М. Ёдгоровлар 30 варақдан зиёд ҳажмдаги далолатнома тузишди ва унга 9 варақдан иборат якуний актни ҳам илова қилиб жиноят ишини ёпишди.

Айни ҳужжатларга кўра, даъвогар иддаолари бирма-бир рад этилиб, институт ректори ҳаракатлари оқланади. Бироқ, ҳужжатларни қунт билан ўрганиб чиққан Элтуз жамоаси барибир ундан қониқарли жавоб топмади.

Чунки, институтнинг текин бедаси ва талабалар ҳақи билан таъминланган молхонаси, ўша мансабдорлар ўзлаштирган давлат маблағлари, ноқонуний ҳаражатлар ва уларни оқлаш учун келтирилган рақамлар, айни ҳужжатлардан ҳам сезилиб турди.

Ўзбекларда бол тутган бармоғини ялар, деган мақол бор. Лекин болга чўзилган ва жиноятни яширмоқчи бўлган қўллар ҳаддан ташқари кўплиги ва узунлиги сезилди. Улар амалга ошираётган олий таълимнинг сифати, талабаларнинг билими ҳақида эса ҳеч ким ўйлаётгани ҳам йўқ.    

Ўз-ўзидан жиноят ишининг   тугатилиш сабабини терговчи Беҳруз Қурбонов ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ходими, мутахассис М. Бурхоновларнинг телефон орқали сўзлашуви аудиозаписидан ҳам билишингиз мумкин.

(аудио)     

Бухоро вилоят прокуратураси тергов бўлимининг қўллари бўлган Жалол Бобоев, Дадахон Рахматов ва Бехруз Курбоновлар шу тариқа Бухоро муҳандислик-технология институти мансабдор шахсларига нисбатан очилган жиноят ишини “ўйин”га айлантириб, аччиқ ичакдек чўзишди.

Терговчининг «кўз ёшлари»дан кейин эса бу иш зудлик билан ими-жимида ёпиб юборилди.

Бироқ, Элтуз бу мавзуни очиқ қолдиради. Бу ҳақда қўшимча фикр айтмоқчи бўлган, ёки бу юзадан эътироз билдирмоқчи бўлган томонларга ҳам минбар беришга тайёр.

Элтуз уйдаги гапни кўчага олиб чиқади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.

Тағин ўқинг
23 сентябр 2019
Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб адолат истаб 22 сентябрь куни Хоразмдан Тошкентга қараб йўлга ...
16 апрел 2017
Муҳолифатдаги “Бирлик” партияси лидери, ҳозир АҚШда яшаëтган Абдураҳим Пўлатов Туркия ватандошларига мурожаат қилиб, якшанба куни Туркияда президент ваколатини узайтириш ...
26 март 2016
Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани муносабати билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун Бишкекка ...
28 декабр 2020
Ўзбекистон ҳукумати ёлғон маълумотлар тарқатилишини жиноий жавобгарликка тортишга уринишни тўхтатиши ва журналистларнинг жазодан қўрқмасдан эркин ишлашини таъминлаши керак.  Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...