Асосий мавзулар
27 ноябр 2018

Сустлашаётган сиёсий ирода

Ўзбекистоннинг бош расмий ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов ҳозир анча ўзгарган. Мамлакат Инсон ҳуқуқлари миллий марказий раҳбари соҳада кўтарилган оғриқли масалаларга ҳам босиқлик ва мулоҳаза билан жавоб беришга ҳаракат қиляпти.

Ҳатто унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги саъй-ҳаракатларини очиқда эътироф этганлар ҳам топиляпти.

Хусусан, яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Осиё инсон ҳуқуқлари форуми ишига баҳо берган Ўзбекистон шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси, шу билан бирга, Германиядаги Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти котибияти бош котиби Марат Зоҳидов Акмал Саидов шаънига мақтов ёғдирди ҳам.

“Таъкидлаш керакки, бўлиб ўтаётган форум Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ва жамоасининг ютуғидир. Мен унинг фаолиятига салбий баҳо бериб жудаям адашган эканман”, деди соҳа вакиллари орасида ҳукуматга муросасозлиги билан танилган М.Зоҳидов.

“Иш услуби ва шакли, шунингдек, ўтган икки йил давомида Ўзбекистоннинг кўриниб турган ютуқлари мамлакатнинг муносиб келажагига ишонч уйғотади”, деб ёзди у.

Ҳа, Ўзбекистонда сўнгги икки йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди.

Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқдан чиқарилди, ўз эътиқоди учун таъқибга учраганларга нисбатан босимлар камайди.

Акмал Саидовнинг Европада бўлиб ўтган халқаро анжуманда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича танқидларга жавобан стол муштлагани воқеасини ҳам кимлардир унутди.

Бугун эса ўша пайтда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши фактларини тан олмаган бу шахс бўлаётган ўзгаришлар ҳақида оғиз кўпиртириб, яна саҳнада бош ролни ўйнамоқда.

Юз берган ижобий ўзгаришлар ҳукуматнинг сиёсий иродаси бўлса, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш имкони борлигини кўрсатмоқда.

Шунга қарамай, сўнгги вақтларда ҳуқуқ ҳимоячиларини назоратда ушлаш ҳаракатлари яна кучаяётгани ҳақидаги хабарлар бу сиёсий ирода ҳали анча суст эканидан дарак беради.

Жумладан, ўша мақталган Осиё инсон ҳуқуқлари форумида ҳукумат позициясини тутмаётган, ҳақсизликка қарши муросасиз турган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилмади.

Аксинча, баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари ҳуқуқ-тартиботорганлари томонидан ушланди, бошқаларини ўз уйидан чиқармаслик чоралари кўрилди.

Умуман, инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол яна изига қайтаётгани ҳақидаги бу каби хабарлар анча хавотирларга сабаб бўлиши керак.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, ҳуқуқ ҳимоячилари устидан назоратни кучайтириш фикри ҳам яна ўша юқоридан келиб чиққан.

Лекин бу фикр хато эканини ўтган яқин тарихимиз тўла кўрсатиб берди. Энди хатолардан хулоса чиқариб, тўғри йўлни танлаш фурсати етди.

Зеро, инсон ҳуқуқлари ишончли таъминланмаган давлатда тараққиёт ҳам, фаровонлик ҳам бўлмаслигини тушуниб етишимиз учун етарли хатолар қилиб улгурганмиз.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
23 феврал 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими 23 февраль куни телефонда «Элтуз» мухбирига собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олинмаганини, ...
7 декабр 2017
1 декабр куни Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари – Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси ва Ўзбек-герман инсон ҳуқуқлари форуми Вашингтонда ...
6 апрел 2018
1899 йилнинг 6 апрелида Москва йўлларида электр билан юрадиган трамвай пайдо бўлди. Бу трамвай от тортиб юрадиган кўнка аравалар ...
11 декабр 2018
Ўзбекистонда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида қолаётган бир пайтда давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик компанияси қарз ботқоғига ботиб бормоқда. ...
Блоглар
18 декабр 2018
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни ...
18 декабр 2018
Бундан роппа роса 32 йил олдин 1986 йилнинг 17-18 декабрь куни Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг ...
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан ...