Дайжест
4 август 2016

Копперфильд издошлари: Маддоҳликни эҳтиромга айлантириб берамиз!

«Адолат» газетаси «йигирма бешинчи довонга ҳам зафарли одимлар билан етиб келган лаҳзалар» ҳақида фикр юритар экан, шу кунларда ҳамманинг оғзидан тушмаётган «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик», деган жумлани (шиорга ҳам ўхшамайди-да) «жуда улуғ ва залвори беқиёс савол», дея таърифлайди.
Мақола муаллифи ҳам бегона эмас – шу газетанинг бош муҳаррири. У Қамчиқ довонида қурилган туннел ҳақида ёзар экан, уни «ҳақиқатга айланган афсона», деб атайди.

«Қаранг, шундоқ поездга ўтирамизу, Қамчиқ орқали ўтиб, водийда пайдо бўлиб қоламиз. Афсонанинг чинга айлангани эмасми бу…», дея риторик савол ташлайди бош муҳаррир.

Бизнингча, у туннел орқали бир давлатдан иккинчи давлатга ёки бир жойдан иккинчи жойга ўтиш афсона эмаслиги билмайдиган даражада билимсиз, ёки пахта босиш устаси.

Европада бундан юз йил олдин ҳам тоғ тешилиб, поезд ва бошқа транспорт воситалари қатнови йўлга қўйилганини ҳисобга олсак, XXI аср одами учун бундан ҳайратга тушиш, соддароқ айтганда, велосипедни кўриб, тараққиётдан жинни бўлиб қолган аборигенни эслатади.

Бу ҳам етмагандек, туннелдан ҳайратга тушган бош муҳаррир «қайси бир пучмоқда беркиниб олиб, биз қўлга киритаётган ютуқлар, мамлакатимиз забт этаётган улкан марралар…га тариқча ҳисса қўшмаётган айрим миллатдошларимиз ҳам борлигига ачиниб кетади» ва уларни «соялар» деб ҳисоблайди.

«Улар ўз туғилган тупроғи, сув ичган ариғи, таом еган дастурхонига тош отаётганидан уялмади», деган муаллиф бу «соялар» отини айтмаётганидан ёзғиради. Улар отини айтса-ю, бу дарров акаларига айтиб, қаматиб юборса, бир «халқ душмани»ни фош этгани учун кўксига медаль тақса.

Кейинги иддаосини бош муҳаррир ўз номидан эмас, устозлари панасида айтишни маъқул кўради: «Улуғ шоирларимиздан бири шундай деган эди: «Биз ҳақиқатни айтишни маддоҳлик деб билмаслигимиз керак! Ота-онага иззат-ҳурмат кўрсатиш, она Ватанни севиб ардоқлаш, жондан ортиқ халқини, беқиёс аждодларини улуғлаб, мўътабар заминимизни обод этаётган Йўлбошчининг хизматини эътироф этиш асло хушомад эмас, балки дилдаги меҳр ва эҳтиромни изҳор этишдир!»

Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Кимдир сенга ўз пулингга битта иштон олиб берса, кўрган-кўрмаган жойингда унга сиғинаверсанг, отангдан ортиқ кўраверсанг, яна йиллаб унга пахта қўяверсанг, бу маддоҳлик эмас, балки эҳтиромдир!

Худди шу бош муҳаррир каби журналистлар ҳали президент «Ким эдигу ким бўлдик?» деган гапини айтмасидан олдин давлат раҳбарининг «Мустақиллик бизга нима берди деб эмас, биз мустақилликка нима бердик», деб фикрлашишимиз керак, деган гапларидан ўзига бўйинбоғ ясаб, газета саҳифаларини сарғайтирган эди.

Ёзувчи «Ободлик симфонияси»ни чалиб берди

Ўзбекистонда анча таниқли бир ёзувчи юртимиз қўлга киритаётан «улкан муваффақиятлар»дан илҳомланиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси орқали «Ободлик симфонияси»ни чалиб берди.

Дастлаб ёзувчи президентнинг Қашқадарёга сафарини эслаб, у ерда давлат раҳбари «сохта ва ёлғон сиёсат асосига қурилган совет давлатининг барча кирдикорларини ёшларимиз билиши, мустақиллик билан мустабид тузум даврини қиёслаши ва холисона хулосалар чиқара олиши лозим»лигини уқтирганини таъкидлайди.

Шундан сўнг ўзи ҳам хотираларига чўмиб, ўша даврда Кармана туманидаги туғилиб ўсган қишлоғи Жалойирнинг муаммолари ҳақида «Ҳамқишлоқларимга мактублар» туркумини яратгани, бу мақолаларида қишлоғининг газ, ичимлик сув, электр, йўл ва ҳоказо муаммолари ҳақида очиқ ёзганини иддао қилади.

Бунинг учун раҳбарлардан аччиқ «раҳматлар» эшитганини, шунча ёзса ҳам бу жиддий муаммолар ўз вақтида ҳал бўлмагани, ҳамқишлоқларининг аҳволи ёмонлашиб борганини ҳам яширмайди.

Мустақиллик йилларида эса қишлоғи «кундан-кунга гуллаб-яшнаб, чирой очиб бораётгани», «жалойирликлар … фаровон ҳаёт кечираётгани», «йўллар равон, қишлоқ газ ва ичимлик сув билан таъминлангани»ни айтиб, «ҳайқиргиси келиши»ни билдиради.

Жаноб ёзувчи, ҳайқиринг! Керак бўлса, бақиринг! Сиз туғилган қишлоқ шунчалик обод бўлгани учун бундан-да ғайриоддий қилиқлар қилсангиз ҳам ярашади.

Аммо бугун қишлоғингизда муаммолар йўқми? Россия, Қозоғистон қилиб тарқалиб кетган қишлоқдошларингиз ҳақида нима дейсиз? Уларга «мактублар» ёзмай қўйдингизми? Ёки улар чет элга дам олгани кетганми? Балки «дангаса»лардир улар?

Совет даврида ёзган экансиз, энди қаламингиз бугунги кунда бор муаммолар (ҳақиқатан ҳам жалойирликлар бугун ҳаммаси жаннатга тушган бўлса, узр) ҳақида ёзишни истамаяптими?

Агар қишлоғингиз шунчалик обод бўлиб кетган экан, атрофдаги қишлоқларга ҳам қаранг, ака! Ҳар ҳолда улар ҳам бегона эмасдир.

Балки уларда газ йўқдир, сув йўқдир, чироқ йўқлигидан дод деяётгандир, йўллари равон эмасдир! Бечора пенсионерлар бутун пенсияси пластикка тушаётганидан додини кимга айтишни билмай юргандир!

Сизнинг муборак «мактуб»ларингиз ортидан зора ҳамма жой Жалойирдек бўлиб кетса!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 март 2017
Фарғона вилоятида шоқоллар тўдаси уч кун ичида 22 та қўйни бўғизлагани ортидан маҳаллий ҳукумат 20 мартдан бошлаб уларни йўқ ...
2 май 2015
Аммо сал фарқ бор. МТС ëпилиб очилиши¸ ГК нинг ота мехридан мосуво қилиниши¸ Россиянинг Қримни аннекция қилиши билан боғлиқ ...
6 июн 2016
Ўтган ой Ўзбекистон телеканаллари «иш»ни 9 май- Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртбошининг уруш фахрийларига кўрсатган «улкан эҳтироми ...
29 апрел 2016
Ўзбек матбуотининг бу жазавасига 12 апрел куни, “Тошкент” телеканалида СТАРТ берилди. Ўша куни бу телеканал, кечки прайм тайм вақтида, ...
Блоглар
18 декабр 2017
«Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, ...
16 декабр 2017
Бундан 31 йил олдин Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди. АҚШ конгресси кутубхонасига ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга ...