Кундалик
2 октябр 2015

Кишанларни севманг!

Каримовнинг мухолифи бўлган Муҳаммад Солиҳнинг машҳур сатрлари бор, – “Озодлик – ҳаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир” деган. Мен бу тушунчага шундан ортиқ таъриф бера олмайман.
Биз озодликни орзу қилдик ва шу орзу йўлида ҳатто ватанни тарк этдик, – мутлақо тушимизга кирмаган юртлардан бошпана топдик.

Ватан эса тобора олис ва қўрқинчли тушга айлана бошлади, чунки биз унинг озодлиги ҳақида орзу қилишдан тўхтадик.

Ватанни озод қилиш ҳақидаги гаплар, тобора бир эртакка, бангиҳаёлга айлана бошлади. Бу бир бангиҳаёлнинг қулига айланмаслик учун, ё ундан воз кечиш, ё устимиздан бир совуқ сув уриб, мақсадни аниқ белгилаб олиш лозим. Ҳақиқатан ҳам биз ватанни озод кўришни истаймизми ёки занглаган кишанларимиз билан қолишними?

Озодлик қаердан бошланади?

Холбуки биз ватанни озод қилиш ҳақида эмас, кўпроқ бу ватанда яшашнинг ёмонлиги, ундаги зулм, қабоҳат, емирилаётган инсон ҳуқуқлари ҳақида тинимсиз ёзаяпмиз. Интернет Ўзбекистоннинг ёвуз ҳукмдори ҳақидаги мақолаларимизга ва атрофимиздагиларнинг бизга қарши айни адоватга йўғрилган мақолалари билан тўлаяпди.

Ватандан анқиётган қулликнинг қўланса ҳиди мақолаларимизга, ундан чиқиб ўқувчиларнинг бурунларига ва ҳужайраларига сингияпди. Ҳолбуки биз ёзаётган нарсалар, Ватандан қочиш истагини, ёки ватандагиларнинг биздан юз ўгириш истагини уйғотмоқда холос.

Ҳолбуки, биз Ўзбекистон турмасининг темир зирҳли эшиги ҳақида қанча кўп ёзсак – бу эшик қалинлашса қалинлашадики, ҳеч емирилмайди. Наҳот биз унинг зулфлари занглагани ва унинг очилишини истаётганлар биз ўйлагандан кўра кўпроқ экани ҳақида ёзмаймиз. Биз бошқаларни эшитишни истамаймиз, аксинча бизга очилган эшикларни ёпамиз, ёмонлик муждаларини тарқатишдан нарига ўтмаймиз.
Ҳолбуки, Озодлик – ватан сарҳадларидан, шу занг босган эшикларнинг очилишидан бошланади!!

Демак, ният қилиш керак!

Мен ватан олис бир тушга айлангани, у ердан қора бошимизнигина олиб чиққанимизни ёздим. Лекин, ишонингки, бу озодлик эмас – бу эришилган неъмат, старт чизиғига келиб тўхтаган учоқнинг ҳолати бўлиши мумкин холос, унинг учиши шууримиздаги ички бир буйруқ, – учиш истаги билан боғлиқ.
Биз келиб тўхтаган шу манзилда қоламизми, ёки “орзуларнинг юксаги ва гўзали” бўлган Ватанни озод қилиш аҳдида давом этамизми – бу ҳам қилишимиз мумкин бўлган ўша аҳд паймонга, ниятга боғлиқ.
Зотан, Ватанни тарк этаркан, ният қилганимиз жонимизни озод қилишга эришдик.
Тақдирнинг гардиши билан бу йўлда етти денгиз оша Америка ва Европа каби қитъалардаги мамлакатларда бўлиб қолишни балки ўйламагандирмиз, лекин озодликни ният қилганмиз.

Ўзга юртларга келиб биз озод бўлдикми?
Яқинда Туркистон радиосида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг қуллик ҳақидаги фикрларини эшитиб, ҳайратим ортди. Гарчи бу ҳақда илгари ҳам эшитгандим.
Толиб аканинг айташича, қуллик шу даражага етарканки, ҳатто қуллар бир-бирларига кишанларини кўрсатиб мақтанишаркан – “менинг кишаним сеникидан чиройли” деб.
Бу бир томондан, бизнинг ҳозирги ҳолатимизни эслатади – гўё биз олис юртларга келиб озод бўлдигу, бошқалар қулликда қолди.
Буюк файласуф Пифагор: “Мен умрим бўйи қулликни ҳужайраларимдан ситиб чиқариш билан шуғулландим”, деган экан.
Балки, ҳамон Ўзбекистон турмасида қолаётган Муҳаммад Бекжон ёки бошқа бирор виждон маҳкуми ўз ниятида биздан кўра озод, биздан кўра илдамроқ йўлдадир!
Лекин ҳеч қачон “унинг кишанлари занглаган” деманг, зотан сизни бегона юртларга боғлаган кишанлар уникидан асло чиройли эмас.

Йўлни юрган енгади

Айтайлик бирор вилоятнинг овлоқ бир туманида чопиқ қилаётган деҳқон нари борса туман марказига бориб чойхона палов еб келишдан катта орзуни тасаввур қила олмайди.
Унинг учун Тошкент у ёқда турсин вилоят марказидаги каттароқ шаҳарга бориш ҳам эришиб бўлмайдиган бир орзу.
Бунинг учун “Йўлкира қилиш керак, автобус, маршрутка – ҳаммаси пул туради. Пишириб қўйибдими менга у ерларда” дея ўйлайди у.
Бу ҳудди Швециянинг Ўмиё ёки Лўлиёсида юрган ўзбекнинг “Тошкентда менга пишириб қўйибдими” деган писандасига ўхшаб кетади.
Ўқувчим чалғимаслиги учун айтаман, – гап Тошкентга эмас Ватан озодлигига олиб борадиган йўл ҳақида кетаяпти. Уни истаган одам қидириб топади. Масала биринчи қадамни қўйишда.
Шу қадам қўйилдими “йўл узоқ” деган фикр ўз мантиғини йўқотади.
Зотан – йўлни юрган енгади.

Қудрат Бобожон,
www. eltuz.com

Тағин ўқинг
21 декабр 2017
Электр энергияси танқислигини бошдан кечираётган ўзбек шаҳар ва қишлоқларида янги йил арафасида чироқдан бошқа яна нимани орзу қилиш мумкин? ...
11 июл 2018
Шу йилнинг 13 июлидан Ўзбекистонда машиналарнинг ойнасини қорайтиришга изн берувчи қарор лойиҳаси муҳокамаси тўхтатилади. Лойиҳага кўра, 90 минимал иш ...
13 сентябр 2018
«Би Би Си»нинг Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматидан иқтибос келтириб ёзишича, собиқ бош прокурор Рашид Қодиров устидан суд бошлангани ...
3 феврал 2016
Мустақил журналист Малохат Эшонқулова навбатдаги видеолавҳасида яқинда ўзбек турмасидан озод этилган маҳкум ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевга микрофон тутади. “Ўзбек ...
Блоглар
24 сентябр 2018
Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумига оид турли ОАВларда эълон қилинаётган хабарлар мамлакатда мажбурий меҳнат ...
21 сентябр 2018
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси маъмурияти Рауф Парфининг 25 сентябрга мўлжалланган юбилейини тўхтатиш ортидан ...
19 сентябр 2018
Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдоайланмасида импорт суръатининг ўсиши экспортникидан қарийб етти баробардан ...