Cатира
17 сентябр 2018

Нон нархи ошди, камбағалнинг ақли шошди

Бир вақтлар Ислом Каримов ноннинг нархини оширмаймиз, деб катта ваъда берган, лекин кейинчалик кўп бора кузатилганидек, ўз ваъдасининг устидан чиқмаган эди.

Шавкат Мирзиёев ноннинг нархини оширмаймиз, деб ваъда бермади, лекин унинг даврида қолипли нон, яъни буханканинг нархи бозор талаби асосида эркин белгиланадиган бўлди.

15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда шу пайтгача 650 сўмдан сотилаётган буханканинг нархи 1200 сўмга чиқди. Баъзи жойларда эса бундай нон 1100 сўмдан сотилмоқда.

Шу пайтгача ҳукумат ноннинг нархини субсидиялаб келаётган эди. 650 сўм қилиб 2014 йилда белгиланган нарх шу кунгача ўзгармай турганди.

Ҳукуматнинг янги қарорини шарҳлаган айрим нашрлар фермерлар арзон буханкани омихта ем ўрнида ишлатиб, молга беришгача бориб етгани ёзди.

Энди эса ҳукумат субсидиялашнинг янги шаклига ўтди. Яъни нон нархи ошишидан ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламни ҳимоялаш учун уларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида пулли компенсация тўланади.

Бу пул ёшга, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганликка доир ва бошқа айрим сабабларга кўра нафақа олувчиларга берилади.

Бундан ташқари, ҳукумат нарх-наво ошишининг олдини олиш мақсадида бир кг буғдой уни учун 1400 сўм миқдорида ягона нарх белгилади.

Аммо бу ҳам вақтинча. Мамлакат нон сотишнинг янги тартибига мослашув давридан ўтганидан сўнг ун ҳам эркин бозор нархида сотиладиган бўлади.

Албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарори эркин бозор иқтисодиётига ўтиш зарурати билан изоҳланса-да, аҳоли ўртасида нон нархи ўсишидан норозилик пайдо бўлгани табиийдир.

Биринчидан, асосан, шаҳарларда камбағалларнинг асосий егулиги айнан буханка нондир. Ҳар куни нонвойлар ёпадиган нонни сотиб олишга уларнинг қурблари етмайди.

Иккинчидан, буханка ноннинг қимматлашуви ортидан ёпган ноннинг ҳам нархи ошишини кутиш мумкин.

Зеро, шу пайтгача буханканинг арзонлиги ёпган ноннинг ҳаддан ташқари қимматлашиб кетиши олдини олиб турган “жиловловчи омил” вазифасини бажариб келаётган эди.

Албатта, аҳоли ҳукуматнинг янги қароридан очиқчасига норозилик билдириш даражасига бориб етмайди. Чунки буни “бўлари бўлди” қабилида, яъни юз бериб бўлган, энди унинг олдини олиш мумкин бўлмаган ҳолат сифатида қабул қилади.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда буханка нон нархининг ошиши кишиларда ички норозилик уйғотмай қолмайди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва турк дунёси имкониятлари ҳақида. ...
15 апрел 2016
Мақолада ёзилишича, хитойлик журналистлар «Фарғона шаҳрининг қиёфаси, ям-яшил майдонлар, каштанлар хиёбони, янги бунёд этилган иншоотлар, сув спорти саройини кўриб, ...
20 апрел 2019
2019 йилнинг 19 апрелида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) вакиллари Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 42-(собиқ №14) ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...