Асосий мавзулар
15 декабр 2016

850$ миллион халққа қайтарилсин!

Ўзбек фаоллари бу пулларни коррупция жабрдийдалари бўлган Ўзбекистон халқига қайтарилишини исташмоқда. Электрон петицияни шу ерда имзолашингиз мумкин.

Ўзбекистон телекоммуникация секторидаги коррупция ва Европадаги ҳисоб рақамларида музлатилган 850 миллион долларга оид иш бўйича

САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР

1. Бу 850 миллион доллар қаердан пайдо бўлди?

Бу Ўзбекистонда бизнес юритиш мақсадида лицензия ва радиочастоталар олишда кўмаклашганлик учун учта халқаро мобил оператори томонидан Гулнора Каримовага тўланган поранинг умумий миқдоридир. Бу пуллар мазкур компаниялар томонидан Гибралтар ва Гонконгда Гулнора Каримованинг атрофидаги кишилар номига расмийлаштирилган офшор фирмалар ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Коррупцион тизим қандай ишлаган? Мазкур мобил операторлари Каримова назорат қилган фирмаларга арзимаган маблағга ўз тармоқ компанияларининг акцияларини ажратиб берган. Ўз навбатида, бу тармоқ компаниялар Ўзбекистонда бизнес юритиш ҳуқуқини қўлга киритиб, мазкур офшор фирмалардан жуда катта пулга ўша акцияларни қайтариб сотиб олган.

2. Лицензия ва радиочастоталар бошқа давлатларда ва Ўзбекистонда қандай тақсимланади?

Коррупциянинг олдини олиш механизми мавжуд мамлакатларда лицензия ва радиочастоталар очиқ ва шаффоф тендер натижасида ажратилади, бу эса ёпиқ эшиклар ортида келишувлар бўлишига имкон бермайди. Ўзбекистонда эса частота ва лицензияларни ҳатто рақобатли тендер асосида ажратиш тўғрисидаги қонун ҳам қабул қилинмаган. Шунинг учун халқаро инвесторлар таниш-билишлар орқали нуфузли воситачилар билан келишишдан бошқа яхшироқ ҳеч нарсани топа олишмади.

3. Ўзбекистон телекоммуникация секторидаги коррупция фактлари учун Гулнора Каримова ва мамлакат ҳукуматининг жавобгарлиги нимадан иборат?

Коррупцион битимлар тузиш ташаббуси Каримованинг ўзига тегишли эди. Бироқ офшор компанияларга кейинчалик расман халқаро мобил операторларига сотиш учун частота ва лицензияларни ажратиш ўша вақтда Абдулла Арипов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғи билан расмийлаштирилиши, шунингдек, бунга қатор вазирлик ва идоралар, жумладан, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, МХХ ва ҳатто Бош вазирнинг ўзи томонидан ижозат берилиши керак эди. Келишувга Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ижозат олиниши зарурати радиочастоталар ажратилиши устидан назорат мамлакат хавфсизлигига боғлиқ эканидадир.

Ҳатто штати ва бизнес юритиш бўйича ҳеч қандай тажрибаси бўлмаган офшор компанияларга кейинчалик халқаро мобиль операторларига қайта сотиш учун частота ва лицензияларни ажратишга ижозат бериш орқали давлат идоралари қонунчиликни бузишдан ташқари коррупцион тизимнинг иштирокчилаарига ҳам айланди. Улар нега қонунни бузди? Чунки Гулнора Каримова ўз отаси – президент Каримов номидан иш юритди, ҳужжатларни имзолаган мансабдор шахслар эса қонундан келиб чиқиб эмас, шахсий садоқат нуқтаи назаридан ҳаракат қилди. Бу ўринда шахсий жавобгарлик алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ўша пайтдаги раҳбари, телекоммуникация секторидаги коррупцион можаролар сабабли 2012 йилда бош вазир ўринбосари мансабидан қувилган, жорий йилда ҳукумат сафига тикланиб, 2016 йил 13 декабрда бош вазир лавозимига тайинланган Абдулла Арипов зиммасига тушади.

Ўзбекистонда бу каби қонунни суиистеъмол қилиш нега мумкин бўлди? Чунки Ўзбекистонда ҳокимият бўлиниши, ўзаро назорат тизими йўқ, эркин матбуот йўқ, раҳбарларнинг қонун ва жамият олдида ҳисобдорлиги тизими йўқ, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми мавжуд эмас. Ҳокимият вертикали бўйича шахсий садоқат ҳисси қонунга риоя қилишдан устун туради. Буларнинг ҳаммаси непотизм учун, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва коррупция учун қулай муҳит яратади.

4. Ҳозир телекоммуникация секторидаги 850 миллион доллар миқдоридаги қатор коррупцион келишувлар учун ким жавобгарликка тортилди?

Бугунги кундача ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Ҳар ҳолда очиқ манбаларда кимдир телекоммуникация секторидаги коррупция амаллари учун қонун бўйича, суд тартибида жазога тортилгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқ.

2014 йил майда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Гулнора Каримованинг атрофидаги Рустам Мадумаров, Гаяна Авакян, Елена Клюева каби бошқа қатор шахслар (жами 13 киши) турли муддатларга озодликдан маҳрум этилганди. Бироқ 2014 йил давомида Бош прокуратура сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, бу шахслар бошқа жиноий ишлар, жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Кока-кола ичимлиги – Ўзбекистон LTD», «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» УК активларини ноқонуний ўзлаштириш бўйича жазога тортилган. У ерда халқаро мобиль операторларидан олинган ва офшор компаниялар орқали «ювилган» поралар ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Гулнора Каримованинг ўғли Исломнинг гувоҳлик беришича (унинг Би-Би-Сига берган видеоинтервьюсини қаранг), улар ўз ҳимоячисини танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва суд мажлисларида шахсан иштирок этмаган. Суд фақат қоралов томонини тинглаган ва айбланувчилар иштирокисиз қарор чиқарган. Бу эса процессуал нормаларнинг қўпол равишда бузилганидан дарак беради.

Гарчи Гулнора Каримованинг ўзи, Бош прокуратура маълумотига кўра, тергов давомида гумонланувчи сифатида кўрилган бўлса-да, унга расман бирорта айб қўйилгани йўқ. У бирорта суд мажлисида иштирок этмаган, тергов ва суд давомида унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, ўзи танлаган адвокати ҳам бўлмаган. Бунинг ўрнига у суднинг ҳеч қандай қарорисиз, муддати тўғрисида бирорта маълумот тақдим этилмаган ҳолда уй қамоғига жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири М.Икромовнинг 2015 йил декабрда Нью-Йорк округ судига йўллаган мактубида гўёки Тошкент вилояти суди Р.Мадумаров, Г.Авакян ва бошқа шахсларнинг халқаро мобиль операторларидан пора олганига оид ишни 2015 йил 20 июлда кўриб чиққани ва тегишли ҳукм чиқаргани тўғрисида биринчи марта хабар берилган.

Бироқ 2014 йилдагидан фарқли ўлароқ, бутун 2015 йил давомида Бош прокуратура ўз сайти орқали бу янги иш ҳақида бирор хабар эълон қилгани ва бу мавзуда бирорта пресс-релиз чиқаргани йўқ. Кўринишидан Гулнора Каримова бу иш бўйича айбланувчи сифатида ўтмаган ва суд мажлисларида иштирок этмаган. Бу эса бизни Адлия вазирлигининг 2015 йил июлдаги суд тўғрисидаги хабари ҳақиқатлигига шубҳа билан қарашга ундайди.

Шунингдек, Гулнора Каримованинг атрофидаги шахслардан ташқари бирорта мансабдорнинг жиноий жавобгарликка тортилгани тўғрисида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги собиқ бошлиғи, маҳаллий мобиль алоқа операторларини, шунингдек, тегишли лицензия ва частота спектрларини харид қилиш бўйича коррупцион келишувлар амалга оширилган 2005 йилдан 2009 йилгача бўлган даврда тармоққа раҳбарлик қилган Абдулла Арипов нафақат жиноий жавобгарликка тортилмади, балки 2016 йил 14 декабрда мамлакат бош вазири этиб тайинланди. Частоталар ажратилиши тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаган бошқа идораларнинг мансабдор шахслари ҳам жазоланмади.

Ўзбекистонда суд жараёни омма учун буткул ёпиқдир. Қонунчиликда муайян иш бўйича қораловчи ва судланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат сифатида ким иштирок этаётгани тўғрисидаги маълумотларни, айблов хулосалари ва суд қарорларини очиқ эълон қилиш кўзда тутилмаган. Аммо бу иш улкан ижтимоий қизиқиш уйғотаётганига қарамай, Каримова ва унинг атрофидаги шахсларга оид иш атрофида алоҳида махфийлик муҳити ҳукмрон.

5. Нега пулларни ҳукуматга қайтариш мумкин эмас?

Частота ва лицензияларни офшор компанияларга ажратиш ҳамда уларни халқаро мобиль операторларига қайта сотиш ҳақидаги қарорларни ҳали ҳам ўз лавозимларида ўтирган ҳукумат аъзолари қабул қилган. Ўзбекистон ҳукумати коррупция ботқоғига ботган бўлиб, бугунги кунгача унга барҳам бериш юзасидан бирорта амалий қадам қўйилгани йўқ. Янги президент ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилаётган бўлса-да, улар қачон амалга оширилиши ва бу ислоҳотлар натижасида мамлакатда коррупция билан боғлиқ вазият яхшиланиши масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Бир томондан, янги сайланган президент коррупцияга қарши курашишга чақирса, бошқа томондан, масъулиятли лавозимларга илгари коррупцион тизимларга аралашган шахсларни тайинламоқда.

Илгари, Ислом Каримов даврида ҳам яхши қонунлар қабул қилинган, инсон ҳуқуқлари бўйича, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро конвенциялар имзоланган ва ратификация қилинган. Аммо бу қонунлар қоғозда қолиб кетиб, амалда ҳаммаси аввалгидек давом этди. Мамлакатда қонун устиворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглиги барибир таъминланмади. Агар ҳатто янги президент коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича прогрессив қонунлар қабул қилса ҳам уларнинг амалда ижро этилиши ва Каримов даврида қабул қилинган қонунлар тақдирини такрорламаслигига ҳали ишонч йўқ.

6. Юқорида айтилган 850 миллион доллар ҳозир қаерда?

Улар бир қатор Европа мамлакатлари, жумладан, Швейцария, Швеция, Бельгия, Ирландия ва Люксембургдаги банклар ҳисоб рақамларида музлатилган.

АҚШ Адлия департаменти умумий миқдори 850 миллион доллар бўлган бу пуллар коррупция натижасида қўлга киритилганига шубҳа қилиб, 2015 йил июнда ва 2016 йил февралда Нью-Йорк федерал судига уларни мусодара қилиш бўйича фуқаролик даъволари киритди. Нега айнан АҚШ департаменти даъволар киритди? Чунки юқорида тилга олинган, коррупцион тизимга аралашиб қолган мобиль операторларидан иккитасининг акциялари Нью-Йорк фонд биржасида муомалададир. Шунингдек, бу компанияларнинг ҳаммаси ўз операцияларини АҚШ долларида амалга оширган. Шу асосда улар АҚШнинг аксилкоррупция қонунчилиги таъсир доирасига тушади.

Ушбу коррупцион тизим бўйича жиноят ишлари АҚШдан ташқари Швейцария, Швеция ва Нидерландияга ҳам очилган. Швейцарияда очилганига сабаб шуки, бу пулларни «ювиш» Швейцария банклари орқали амалга оширилган. Швецияда очилганига сабаб эса мобиль операторларидан бири Швеция-Финляндия қўшма корхонаси эканидир. Бошқа бир мобиль оператори Нидерландияда рўйхатга олинган.

7. Пуллар мусодара қилинса, кимга берилиши керак?

Бу масалада айрим ҳуқуқий мужмалликлар мавжуд. Чунки коррупцияга алоқадор маблағларни қайтаришга оид қонунчилик бу мамлакатларнинг барчасида турлича. Лекин кўп нарса ушбу мамлакатлар ҳукуматларининг сиёсий иродасига боғлиқ.

8. Тилга олинган активларнинг тақдири бўйича ташаббус гуруҳи аъзоларининг позицияси қандай?

Гуруҳнинг позицияси шуки, бу пуллар жабрланувчи томонга ва коррупциядан азият чекканларга қайтарилиши керак. Бу ўринда жабрланувчи Ўзбекистоннинг бутун аҳолисидир. Нега? Чунки бизнес юритишнинг халқаро эътироф этилган меъёрлари сақланган тақдирда лицензия ва частоталар учун тўловлар давлат бюджетига келиб тушиши, у орқали эса ижтимоий дастурларни таъминлашга йўналтириши керак. 850 миллион доллар Ўзбекистон давлат бюджетининг 7 фоизи ёки соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланадиган маблағнинг 50 фоизи демакдир. Шу нуқтаи назардан, бу коррупцион амаллар оқибатида, аввало, давлатнинг ижтимоий дастурларидан кўмак оладиган фуқароларнинг нисбатан энг муҳтож қатлами жабр кўрган.

9. Коррупция қандай оқибатларга олиб келди ва ундан жабрланувчилар кимлар?

Коррупциядан жабрланганлар Ўзбекистоннинг бутун аҳолиси, айниқса, унинг муҳтож қатлами ҳисобланди. Аввало, жабрланувчилар мобиль алоқасидан фойдаланувчилардир. Телекоммуникация секторидаги коррупция ва энг етакчи мобиль операторларидан бири МТСнинг мамлакатдан қувилиши оқибатида унинг абонентлари ҳеч қандай товон пули олмади ва бошқа операторлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлди. Бунинг натижасида кўрсатилаётган хизматлар нархи кескин ошди, алоқа сифати эса ёмонлашди. Ўзбекистонда интернет, жумладан, мобиль интернет тезлиги постсовет ҳудудидаги энг пастлардан бири саналади. Мамлакатда абонентлар Skype ва шу турдаги бошқа тармоқларнинг овозли ва видеоли алоқа функцияларидан фойдалана олмайди. Бу туфайли юз минглаб меҳнат муҳожирларининг ўз оилалари билан алоқаси қийинлашди ва қимматлади. Халқаро мобиль операторлари томонидан Гулнора Каримованинг компанияларига пора сифатида тўланган пуллар давлат бюджетига тушиши, у орқали эса ижтимоий дастурларга сарфланиши мумкин эди, аммо бундай бўлмади. Бу эса 850 миллион доллар давлат бюджетига келиб тушмагани сабабли ёш авлод ҳозиргидан кўра сифатлироқ таълим олиш, болалар, қариялар ва беморлар тегишли парвариш ва даволаниш, сифатли ижтимоий хизматлардан баҳраманд бўлиш имкониятидан маҳрум бўлганини англатади.

10. Агар сиз бу пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтаришни истамасангиз, уларни аҳолига қандай қайтариб бериш мумкин?

Бу масалани ҳал этиш (маҳаллий ҳукуматни четлаб ўтган ҳолда пулларни коррупциядан жабр чекканларга қайтариш) прецеденти мавжуд ва бунда АҚШ Адлия департаменти ҳам иштирок этган. 2003 йилда Нурсултон Назарбоевнинг Швейцария банкидаги ҳисоб рақамларида сақланаётган 84 миллион долларига банд солинди. Бу пуллар илгари Америка компанияси томонидан Қозоғистон президентига тўланганди. Мазкур коррупцион можаро «Казахгейт» номини олди. 2007 йилда АҚШ, Швейцария ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида қашшоқ оилаларнинг болаларига ёрдам кўрсатиш мақсадини кўзлайдиган Бот жамғармасини тузиш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Яъни Қозоғистон ҳукумати бу пулларни ўз назорати остига қайтаришни талаб қилмади. Жамғарма уч муассис мамлакат олдида ҳисобдор бўлган кенгаш томонидан бошқарилди. Кенгаш раиси машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис эди. Икки ташкилот – Save the Children ва IREX жамғармани биргаликда бошқариш бўйича очиқ танловда ғолиб чиқди. Ҳар йили Жаҳон банки жамғарма фаолиятини аудит қилиб турди. Бу эса маблағларни сарфлашда суиистеъмолликларга йўл қўйилишига тўсиқ бўлди. Қашшоқ оилаларга ёрдам кўрсатадиган маҳаллий ноҳукумат ташкилотларга юзлаб грантлар ажратиш орқали ўз маблағларини сарфлаб бўлган жамғарма 2014 йилда фаолиятини тўхтатди.

11. Ўзбекистонда шундай жамғарма фаолияти учун шарт-шароитлар борми?

Ташаббус гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги коррупцион тизим маблағларидан ташкил топган ана шундай жамғарма фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар яратишга чақиради. Бу эса пулларни Ўзбекистон ҳукуматини четлаб ўтган ҳолда коррупциядан жабрланганлар эҳтиёжи учун йўналтириш имконини беради.

Аммо мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда ана шундай жамғарма ташкил этишга рози бўлмаяпти. Ҳукумат тилга олинган активларни фақат ўзининг назоратига қайтариш ва улардан ўз хоҳишича фойдаланиш ҳуқуқи берилишини талаб қиляпти.

Агар ҳукумат юқорида тилга олингани каби хайрия жамғармаси ташкил этиш ва унинг мамлакатда жойлаштирилишига рози бўлганида ҳеч бўлмаса Бот жамғармаси ташкил этилган вақтда Қозоғистонда мавжуд бўлгани каби зарурий шарт-шароитлар яратилган бўлиши керак эди. Қандай шарт-шароитлар ҳақида сўз бормоқда?

Биринчидан, мустақил ноҳукумат ташкилотлар фаолият кўрсатиши учун шароитлар мавжудлиги. Бу ташкилотлар орқали аҳолига хайрия ёрдами кўрсатилган бўларди. Ўзбекистонда мустақил ННТларнинг аксарияти 2004-2007 йиллар оралиғида йўқ қилинди. Ҳокимият вакиллари мустақил ННТлар ташкил этилиши, рўйхатга олиниши ва фаолият кўрсатиши учун деярли ўтиб бўлмас маъмурий ва сиёсий тўсиқлар яратди.

Иккинчидан, суиистеъмолликларга йўқ қўймаслик учун жамғарма фаолияти ва унинг маблағлари сарфланиши устидан мустақил мониторинг олиб бориш лозим бўлади. Бундай мониторинг, жумладан, фаоллар, ноҳукумат ташкилотлар ва эркин матбуот кучи билан амалга оширилиши керак. Ҳозирги вақтда мамлакатда бундай мустақил мониторинг ўтказиш учун шарт-шароитлар йўқ. Масалан, мажбурий меҳнат бўйича мустақил мониторинг ўтказишга уринаётган фаоллар ҳокимият томонидан қатағонларга дучор қилинмоқда.

Учинчидан, валюта курслари ўртасидаги жуда катта фарқ боис, ҳукумат жамғармани ўз маблағларини паст расмий курсда сўмга конвертация қилишга албатта мажбурлайди. Бунинг оқибатида бозор ва расмий курслар ўртасидаги фарқ туфайли жамғарма ўз ҳақиқий қийматининг 400 миллион долларгача бўлган қисмини бой беради.

12. Бундай жамғарма ишга тушиши учун Ўзбекистон ҳукумати нима қилиши керак?

 

Аввало, жамғарма ишини назорат қилиш ва маблағларни тақсимлашга аралашиш фикридан қайтиши лозим. Ҳукумат жамғарма кенгашининг ҳамма муассислари, яъни пуллар музлатилган мамлакатлар, шунингдек, АҚШ ва Нидерландия вакилларидан иборат аъзолари билан тенг равишда унинг ишида иштирок этиши мумкин. Мустақил фуқаролик жамияти вакиллари ҳам мазкур кенгашдан жой олиши керак.

Бундан ташқари, ҳукумат юқоридаги саволга жавобда тилга олинган шарт-шароитларни яратиши: уюшмалар ва мутбуот эркинлигини таъминлаши, фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан қатағонларни тўхтатиши, шунингдек, валюталарнинг эркин конвертациясини йўлга қўйиши зарур.

13. Нега пулларни ишочли бошқарув остида музлатиш ҳақида гап бормоқда?

Хайрия жамғармасини ташкил этиш долзарб масала бўлиб турибди ва кун тартибидан тушгани йўқ. Аммо унинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилгунга қадар бу маблағлар тилга олинган иштирокчи мамлакатлар (Швейцария, Швеция, Бельгия, Ирландия, Люксембург, АҚШ ва Нидерландия) назорати остида халқаро ташкилотлардан бирининг шаъфелигида ишончли бошқарувда музлатилиши керак. Ўзбекистон ҳукумати хайрия жамғармаси фаолияти учун шарт-шароитлар яратгандан кейин бу маблағлардан фойдаланиш мумкин бўлади. 

14. Ўзбекистоннинг телекоммуникация секторидаги коррупция иши бўйича ҳақиқат қарор топиши учун фуқаролик жамияти фаоллари, яхшилик томон ўзгаришларни хоҳловчи барча инсонлар нима қила олиши мумкин?

Биринчи навбатда, жим турмаслик керак. Овозингизни Ўзбекистон ҳукумати ҳам, қарийб бир миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активлар тақдирини белгилаб берадиган мамлакатлар ҳукуматлари ҳам эшитиши учун ҳаракат қилиш зарур.

Биз Швейцария, Швеция, Бельгия, Ирландия, Люксембург, АҚШ ва Нидерландия ҳукуматларини қайд этилган маблағни Ўзбекистон ҳукуматига қайтармай, уни хайрия дастурлари орқали коррупциядан жабр чекканлар эҳтиёжлари, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш механизмларини яратиш учун ажратишга даъват этадиган петицияга қўшилишга чақирамиз.

Видео: https://youtu.be/mAWx40N3OTQ
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 май 2017
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу суврат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда Тошкентда яшаëтган Умида Ҳақназар ...
22 март 2016
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ...
19 март 2016
1989 йилнинг 19 мартида Тошкент марказидаги Ленин майдони (Хозир Мустақиллик майдони)да Мустақиллик майдонида норозилик митинги бўлиб ўтди. Митингни Ўзбекистон ...
27 май 2016
«Адолат кўзгуси» газетаси бугунги ўзбек мактабларидаги ачинарли ҳолатлардан бири, яъни таълим муассасаларида сохта диплом билан дарс бераётган ўқитувчилар борлигига ...
Блоглар
28 июл 2017
Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...