Одамларни қўрқитган воқеа «учение» бўлиб чиқди (видео)
17 май куни ижтимоий тармоқда одамларни ваҳимага солувчи видео пайдо бўлди.
Йўл-йўлакай машина ойнасидан олинган тасвирда, милиция кийимидаги шахс оқ «Нексия» русумидаги машинани тўхтатишга ҳаракат қилади.
Машинадан қора ниқоб кийган, автомат қурол ушлаган ва қуролсиз фуқаролик кийимидагилар тушиб келишади.
Улардан бири милиция формаси кийган шахсни йўлнинг ўртасида, асфальтга босиб, ётқизиб, ҳайдовчиларга бақира бошлайди:
«Ҳайда устига машинани, ҳайда!»
Тасвирда машинадаги йўловчиларнинг тўхтаб, воқеага гоҳ лоқайд қараб туришгани, гоҳ сигнал бериб ўтишаётганини кўриш мумкин.
Телеграм ва Инстаграм тармоғида пайдо бўлган ва Элтуз кўчириб олишга улгурган ушбу видео 18 май куни ғойиб бўлди.
Элтуз нашрининг ўрганишича, одамларни қўрқитган видеода акс этган воқеалар 15-16 май кунлари ИИВ ходимларининг Бухоро шаҳрида ўтказган ўқув машғулоти бўлиб чиқди.
Аҳоли яшайдиган ҳудудларда аксилтеррор тадбирларига бағишланган бундай ҳарбий машғулотлар ўтказилиши Ўзбекистонда илк бор кузатилаётгани йўқ.
МХХ ва ИИБ ҳарбийларининг жамоатчилик жойларида, кўчаларда ҳақиқий зўровонликка жуда ўхшаш машғулотларни ўтказишига тинч аҳолининг анча кўникиб қолишганини ҳам сезиш мумкин.
Видео: https://youtu.be/sWJ-8a7YZEM
Eltuz.com