Кўзқараш
24 июл 2017

Ғафур Раҳимовмас, сиёсий диссидентлар юртга қайтиши керак

Халқ орасида йирик ишбилармондан кўра кўпроқ криминал авторитет сифатида танилган Ғофир Раҳимовнинг туғилган куни муносабати билан интернетда у ҳақда кўплаб мақолалар берилмоқдаки, кампаниябозликнинг ҳиди келади. Фото: 1991 йил, депутат Насрулло Саййид Давлат байроғини тақдим қилиш тадбирида.

Бу мақолалар муаллифлари орасида зиёли, таниқли журналист ва ёзувчилар қаторида ҳатто бир вақтлар Ислом Каримовга, энди эса амалдаги президентга маддоҳлик қилаётган шахсларни ҳам учратасиз.

Ғафур Раҳимовнинг криминал фаолияти ҳақида ABC news канали тайёрлаган филмдан скриншот

Бу мақолаларни бир нуқта бирлаштириб туради. Уларнинг ҳаммасида Ғофир Раҳимов жасур ва мард халқ манфаатини ўйлайдиган, қўли очиқ, адолатли инсон сифатида таърифланади.

Бизнинг бу таърифларга ва таъкидларга эътирозимиз йўқ. Агар мақолалардаги гаплар ҳақиқатан ҳам рост бўлса, бу каби инсонларнинг қадрига етиш, эзгу ишларини тарғиб қилиш ўринли бўлади.

Қолаверса, Ғофир Раҳимов шахси, унинг фаолияти ҳақида турлича қарашлар мавжудки, очиқдан-очиқ «пахтакор»лик қилаётган зиёлиларимиз ҳайбаракаллачилик денгизида сузаётганда тарозининг палласига кўз ташлаб қўйса, фойдадан холи бўлмайди.

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Нега биз халқимиз, ватанимиз учун ундан ҳам кўра фойдалироқ бўлиши мумкин бўлган, айни пайтда муҳожиратда яшаб, юрт ҳавосига, тупроғига зор қолаётган бошқа таниқли шахсларнинг Ўзбекистонга қайтиши талаби билан ана шундай кампаниялар уюштирмаяпмиз?

Исми биз айтмасак ҳам элга машҳур юртдошларимиз ҳисобланмиш мухолифат етакчилари мард, жасурлигини кўрсатмаганми, ватан манфаатини Ғофир Раҳимовдан камроқ ўйлаганми ёки улар шу юрт учун ундан қолишмайдиган ишлар қилмаганми?

Насрулла Саидов ватанга қайтишга рухсат беринг, деб қон йиғлаб юрибди. У юқорида биз ишора қилган шахслар каби катта мавқега эга бўлмаса-да, ўз юрти учун қайғурган, қайғуряпти, халқимга ёрдамим тегсин, деб ўзини ўтга-чўққа урган.

Каримов тахтдан кетса, мен учун ватанга йўл очилади, деб умид қилган Юсуф Жума ҳали ҳам АҚШдан юртига қайта олгани йўқ.

Авторитар режим зуғуми туфайли Ўзбекистонга кела олмаётган машҳуру номашҳур юзлаб, минглаб ана шундай зиёлилар, ишбилармонларимиз бор.

Тўғри, уларнинг ватанимизга қайтишига йўл очиш чақириғи билан бир-иккита мақолалар берилди. Афсуски, улар сони криминал авторитет ва ишбилармон ҳақидаги мақолалар миқдори олдида урвоқ ҳам бўлмайди.

Ўзбекистон ўзгаришларга юз бураётган айни даврда мана шу ватандошларимизни юртга қайтишига йўл очиш чақириқларини ҳам оммавий кампания даражасига чиқариш вақти етмадимикин?!

Ғофир Раҳимов Ўзбекистонга қайтса, иқтисодиётни, спортни ривожлантириш учун балки ёрдами тегар. Лекин унинг сиёсий ўзгаришларга очиқча бош қўшишига ишонадиганлар кам.

Чунки у бошқа тоифадаги инсон. У, кампаниябозликка йўғрилган мақолаларда ҳам таъкидланганидек, ишбилармон. У бизнеси учун ҳар қандай режим билан тил топишиб кетаверади. Бу режимнинг йўриғига юрса бас.

Сиёсий ўзгаришлар ҳақида талаблар қўя оладиганлар эса бошқа тоифа. Бугун Ўзбекистон ана шундай тоифанинг (булар сафига турли радикал қарашдаги, конструктив мулоқотга тайёр бўлмаганларни қўшиш фикридан йироқмиз) қайтишига муҳтож.

Ғофир Раҳимов ҳақида ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайган мақолаларни ўқиб, ана шундай фикрлар уйғонди…

Жасур Сардор
Ўзбекистонлик ҳамкорнинг тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 сентябр 2017
5 сентябрда Ўзбекистонда конвертация очилиши билан, ҳорижий валюта фақат конверсион карточкаларга ўтказиш орқали сотилиши маълум бўлди. Гарчи расман Ўзбекистон ...
25 июн 2021
Техник сабабларга кўра, бугун жума ваъзи эфирга узатилмайди. Аммо азиз муштарийлар учун бир пайтлар Урганчдаги мен ишлаган ТВ АЛС ...
17 июн 2022
Қадрдонларим бормисиз? Омонмисиз? Ўтган хафта касал бўлганлар бугун тузалганидан, пули йўқлар бугун бойиб битиб кетганидан ҳурсандман. Бугун касал бўлиб ...
28 октябр 2016
«Ҳуррият» газетасидаги (22.10) «Журналист сўзи – жамоатчилик эътиборида» сарлавҳали мақола мамлакат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган таҳлилий ва танқидий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...