Пахта теримига оид мажлисни ёритмоқчи бўлган журналист қамалди
«Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари, 47 яшар журналист Давлатназар Рўзметов 29 октябрь куни Қўшкўпир тумани ҳокимлиги биносида пахта сафарбарлигига бағишланган мажлисни ёритмоқчи бўлган пайтида ҳибсга олинди.
«Қўшкўпир тумани ҳокимлиги ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб қилиш юзасидан мажлис ўтказмоқчи эканлиги ҳақида журналистга бир кун олдин ўтган тўйда хабар қилишган эди. Шу куни видеокамераси билан кетганича қайтиб келмаган», дея воқеани изоҳлади Давлат Назарнинг дўстларидан бири «Элтуз» нашрига.
Воқеани ёритмоқчи бўлган Рўзметовнинг яна бир ҳамкасбига кўра, мажлисга ҳатто диктофон олиб киришга ҳам рухсат этилмаган. Бу юзадан савол бермоқчи бўлган журналистни шу заҳоти милиция ходимлари олиб кетишган.
Унинг тағин «Элтуз» нашрига билдиришича, журналистга «безорилик» айби қўйилган, аввалига у 15 суткага қамалган, кейин эса 29 октябрь куни ўтган судда жазо 7 суткага туширилган.
Давлатназар Рўзметов Томск миллий тадқиқот университетини тугатган. Ижтимоий тармоқда ўзининг либерал қарашлари ва долзарб чиқишлари билан танилган ўзбек журналистидир.
Eltuz.com