Асосий мавзулар
14 феврал 2019

Бош прокуратура Гулнора Каримовага босим ўтказилаётганлигини рад қилди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Instagram саҳифасида онасига босим ўтказилаётгани, шифокорлар кўригига киришга рухсат берилмаётганини билдирди.

Мазкур иддао ортидан Бош прокуратура матбуот хизмати вакили маҳаллий нашрлар орқали бу маълумотнинг ҳақиқатдан узоқ эканлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага босим ўтказилаётгани йўқ, унинг шифокорлар қабулига эркин кириши таъминланган», дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

14 февраль куни Гулнора Каримованинг ўғли кичик Ислом Каримов Instagram саҳифасида тергов органлари онасига «гипертоник инқирозга олиб борган шафқатсиз босим» ўтказаётгани ҳамда унинг шифокорлар қабулига киришига рухсат берилмаётганини ёзди.

Бош прокуратура матбуот хизмати вакили бу иддаони изоҳлар экан, жумладан, бундай деди: «Асосланмаган важлар тилга олинди, Гулнора Каримовага ҳар доим, жумладан, ўзи сўраган шифокорлар қабулига эркин кириш имкони берилган. Унга нисбатан босим ўтказилаётгани йўқ».

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова бир қанча жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга эҳтиёт чораси сифатида 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримовага нисбатан телекоммуникацияларга оид уюшган жиноий гуруҳга кўмаклашиш ҳолати бўйича тергов давом эттирилмоқда.

2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят ишида Гулнора Каримова фарғоналик Рустам Мадумаров раҳбарлик қилган жиноий ишга кўмаклашиб келгани аниқлангани билдирилади.

Жумладан, Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001-2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан:

товламачилик йўллари билан катта пул маблағлари, акциялар ва мулкларни эгаллаш билан шуғулланган;

давлатга тегишли акциялар ва мулкларни паст нархларга тушириб сотиб олиш, хусусийлаштириш йўли билан 344,6 млрд. сўмлик талон- тарож қилишган (“Ўздунробита”, “Coca-Cola”, “Rubicon Wireless Communication” ва бошқалар);

даромадни, тушумларни камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш, солиқ базасини камайтириш ва оффшор фаолиятида 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлашган.

Ушбу эпизодлар бўйича Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилингани билдирилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси тарқатган хабарда.

Гулнора Каримованинг ушбу жиноятларни содир этишдаги айби уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъект ва 16 та оффшор компания фаолиятини текшириш асносида тасдиғини топгани айтилади.

Радиочастота ресурслари, мобил операторлари билан боғлиқ фирибгарликлар

Гулнора Каримова устидан айни пайтда давом эттирилаётгани иддао қилинаётган тергов иши телекоммуникация операторлари, радиочастоталарга оид фирибгарликлар билан боғлиқ.

Бунга кўра, у алоқа операторлари мижозларидан асоссиз қўшимча тўловлар ундириш; оффшор ширкатлар ҳисобига “бўнаклар” олиш; радиочастота ва ер участкаларини ноқонуний сотиш; улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш; нақд пул тушумларини инкассация қилмаслик, экспорт қилинган товарлар ва хизматлар тушумидан мажбурий 50% лик сотувни амалга оширмаслик; товарларни сунъий оширилган нархларда импорт қилиш йўли билан жами 1 млрд. 942,8 млн. АҚШ долл. ва 29,1 млн. евро миқдоридаги хорижий валютани яширишда айбланади.

Импорт қилинган товарлар миқдорини тўлиқ кўрсатмаслик ва уларнинг нархини камайтириб кўрсатиш; олиб чиқилган нақд хорижий валютани божхона назоратидан яшириш;

экспорт қилинган маҳсулот қийматини пасайтириб кўрсатиш йўли билан жами 607,6 млрд. сўмга божхона қонунчилигини бузишда айбланади.

Товарларни сотиш, бажарилган ишлар ва хизматлардан тушумларни инкассация қилмаслик, пул маблағларини ноқонуний нақдлаштириш йўли билан жами 572,9 млрд. сўмга савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда айбланади.

Шунингдек, Гулнора Каримовага ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида фойдаланиш; турар ва нотурар объектларни, бошқа мол-мулкларни сотиб олиш, уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги оффшор компаниялар ўртасида сохта контрактлар бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш йўли билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш айблари илгари сурилмоқда.

Ушбу ҳолатлар бўйича унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Гулнора Каримованинг самолёти ва чет элларда қолган мулклари

Ўзбек прокуратурасига кўра, қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Тергов материаллари бўйича ҳозирда 12 та хорижий мамлакат ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 млрд. 394,1 млн. АҚШ долл., 63,5 млн. евро, 27,1 млн. фунт ва 18,5 млн. франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқлангани билдирилади.

Жумладан, Гулнора Каримовага тегишли қимматбаҳо қасрлар, кўчмас мулк ва активлар тарзидаги бу маблағлар Швейцарияда, Швецияда, Буюк Британияда, Францияда, Латвияда, Ирландияда, Мальта оролида, Германияда, Испанияда, Россияда, Гонконгда, Бирлашган Араб Амирлигида экани билдирилган.

Мальта оролида қолган, Гулнора Каримовага тегишли 48,9 млн. долларлик самолёт шулар жумласидан.

Жиноятга давлат идораларининг шериклиги эътибордан четда қолди

Прокуратура ҳужжатларида ҳозирги кунда Гулнора Каримованинг чет элларда музлатилган маблағларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор тергов тадбирлари давом эттирилаётгани билдирилади.

Жумладан, Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига тергов органларининг уюшган жиноий гуруҳнинг юқорида қайд этилган активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилгани айтилади.

Аммо прокуратура маълумотларида Гулнора Каримова юқорида қайд этилган жиноятларини давлат идораларининг бевосита иштирокисиз амалга ошира олмаслиги ҳақида гап-сўз йўқ.

Аслида унинг отаси, президент Ислом Каримов қизининг ҳар қандай инжиқликларига индамай бош эгадиган амалдорлардан иборат тузумни яратгани учун жавобгардир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 март 2017
Президент Мирзиёев 2016 йилнинг 5 октябрида чиқарган фармони жорий йилнинг 1 январдан бошлаб тадбиркорларга нисбатан режадан ташқари ҳар қандай ...
26 июн 2018
Сил касаллиги ташхиси билан «Сангород»га этап қилинган Муҳаммад Бекжон ўзининг соппа-соғ эканини эътироф этишига қарамай, даволовчи врач унга 10 ...
17 январ 2017
Истанбул ҳокими Восип Шоҳин ва Истанбул амният мудири Мустафо Чолишқон 17 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, қўлга олинган одамнинг ...
26 май 2023
«Кел, ҳаëт аждархосига ем бўлишдан олдин бир селфи қилайлик!» – Ярим миллион бола ўқишни битирди. Уларни нима кутмоқда? Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...