Азиза Умарова: Импорт товарлар тақиқидан аввало тиббиёт зарар кўради
Ўзбекистонда 500 дан зиёд товарнинг давлат хариди тақиқланди. Тақиқ рўйхатига хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, масалан, автомобиллар, кондиционерлар, музлатгичлар, телевизорлар, дори-дармонлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, шоколад, гўшт, сут маҳсулотлари ва бошқа товарлар ва хизматлар киритилди.
Бу шуни англатадики, ушбу барча пунктларга солинадиган акцизлар ва божлардан ташқари, давлат ташкилотлари уларни эндиликдан чет элдан сотиб ололмайди.
Шоколад, вафли, телевизор, кондиционер ва ҳаттоки газ / электр ҳисоблагичлар бозори бирдагина нима учун ва ким учун тақа-тақ ёпилганини ёш бола ҳам тушуниб турибди.
Лекин ўзимизда шунчаки етишмаётан гўшт маҳсулотлари нега рўйхатга киритилган? (Қишлоқ хўжалигидаги расво сиёсат туфайли чорва еми етиштириш мумкин бўлган ерлар пахта учун ажратилди).
Ёки болалар ўйинчоқлари? Бизнинг мактабларимиз ва болалар боғчаларига улар фақат четдан келтирилади ва уларни сотиб олиш керак.
Ва энг муҳими – реагентлар ва дори-дармонлар?
Мана, бир мисол. Бугунги кунда саратонга қарши даволашда яроқли бўлган барча дорилар мутлақо четдан келтирилади. Уларнинг аксарияти Фармацевтика қўмитаси томонидан лицензияланмаган ва чет элдан ноқонуний равишда қўлда олиб келинади. Давлат шунчаки беморнинг оиласига дорилар рўйхатини беради, одамлар ўзлари топиб сотиб олишади. Бу ҳолат бошқа жиддий касалликларга ҳам тегишли. Чунки юқори сифатли импорт дори-дармонларгина натижа беради.
Алишер Убайдуллаев тушунтирганидек, тақиқдан фақат ТНВЕД кодларидаги онкопрепаратларгина истисно қилинган. Аммо шунга қарамай, моҳиятини тушунтириб бераман.
Давлат тиббиёти ёмон аҳволда. Беморларни юқори сифатли даволаш мақсадида барча касалликлар учун замонавий халқаро протоколларни қабул қилиш ва чет элдан беморлар учун зарур сифатли дори-дармонларни сотиб олиш зарур. Давлат тиббиёт тизимига дори-дармонлар олиб кирилишини тақиқлаш ҳар қандай кўринишда зарарлидир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бу тарзда қўллаб-қувватлаш ножоиз.
Умарованинг бу фикрига жавобан тармоқ фаоли Умида Ҳақназар мана буни ëзди:
Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш эмас, балки протекционизмдир. Ҳа, давлат харидлари алоҳида мавзу, ҳатто Жаҳон савдо ташкилотининг давлат харидлари тўғрисидаги шартномаси барча аъзолар учун мажбурий эмас ва бундан кўплаб давлатлар фойдаланишади. Айнан давлат харидлари бундан дискриминацияга учрайди. Бироқ ҳатто келишувсиз ҳам ҳар ким учун мажбурий бўлган камситилмасликнинг асосий тамойиллари мавжуд.
Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича тендерларда қатнашиш тартиб-қоидалари мувофиқ бўлиши керак. Ахир биз нафақат чет эл товарлари бўйича камситилмоқдамиз. Жараёнлар муайян бир ширкатларгагина мослаштирилмоқда ва бошқа маҳаллий иштирокчилар априори бундай тоифага киритилмаяпти. Ҳатто мавжуд процедураларга риоя қилинмаяпти, қўпол равишда бузилмоқда ва ҳоказо.
Бошқа мамлакатлар бозорига киришни тақиқлашдан ташқари бу «ўзингникининг оёғидан чалиш» ҳамдир. Масалан, бизнинг тикувчиларимиз Россияда ёки бошқа мамлакатларда ўтказиладиган давлат харидлари тендерларида қатнашиб, тикувчилик қилишлари мумкин эди. Фартуклар ёки, дейлик, махсус иш кийимлари тикиш бўйича… Ёки бизнинг қурилиш компанияларимиз худди шу хизматларни сотиб олиш учун тендерлар ўтказиладиган йирик қурилиш лойиҳаларида субпудратчи сифатида қатнашишлари мумкин. Шундай қилиб, биз келажакда кўплаб имкониятларни бой берамиз… калтабин чора-тадбирларимиз боис.