“Вақтинча ижара”га олинган арчалар президент кетгач эгаларига қайтарилди
Самарқанднинг Қорасув массивидан ўтувчи йўл чеккасига “экилган” арча кўчатларини маҳаллий ҳокимлик президент ташрифидан кейин эгаларига қайтарди.
“Элтуз”га Самарқандда пластик қопга солинган кўчатлар йўл четида кавланган чуқурларга ташлаб қўйилгани акс этган видео ва расмлар жўнатилди.
“Хайрият, бу сафар ҳокимликдагилар инсоф қилиб кўчатларни эгаларига қайтаришибди. Одатда қайтаришмасди”, дея изоҳлади тармоқ юзерларидан бири воқеани.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Самарқандда бўлган, жумладан, Имом Бухорий мажмуаси қурилишини бориб кўрган эди.
“Вақтинча ижарага олинган арчалар” воқеаси маҳаллий ҳокимликларнинг президент келиши муносабати билан қўллайдиган кўзбўямачиликларига бир мисол, холос.
Бу каби ишлар Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов даврида анъанага айланган эди.
Қуриган арчалар, майсаларни яшилга бўяш, дарахт новдаларига сунъий гул қадаш, даладаги бўш чаноқларга пахта елимлаб чиқиш, ишламайдиган сунъий иссиқхоналар қурилиши воқеалари ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлганди.
Eltuz.com