Юлдуз Усмонова судда ютқазди. У шоирга 185 миллион тўлаши керак
29 октябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Юсмоновага қарши даъво аризаси юзасидан суднинг якуний мажлиси бўлиб ўтди.
Бу гал ҳам суд хонанда иштирокисиз ўтди. Йўлчи Рўзиевнинг “Хаста бўлма” шеъри муаллифлиги бўйича даъво аризасида кўрсатилган ваъжлар томонларнинг ишончли вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Судда даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, Юлдуз Усмоновадан шоир Йўлчи Рўзиев фойдасига етказилган маънавий зарар учун 50 миллион сўм ҳамда БҲМнинг 500 баравари миқдорида маблағ ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Суд қароридан норози бўлган томон 10 кун ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилиши мумкин.
Йўлчи Рўзиев ва унинг адвокати Равшан Мардиевнинг “Элтуз”га маълум қилишича, ўтган ҳафта давомида жавобгар томонидан ўзаро келишиб олиш учун шоирга 30 миллион сўм миқдорида пул таклиф қилинган. Шоир буни рад этган ва ҳукмни суд ихтиёрига қолдирган.
Шоир Йўлчи Рўзиев суддан икки шеърини қўшиқ қилиб куйлаган Юлдуз Усмоновадан қалам ҳақини ундириб беришни сўраганди.
Шоирнинг сўзларига кўра, бундан бир неча йил аввал қўшиқ қилинган шеърлари учун хонанданинг маъмурлари унинг номидан қалам ҳақи ваъда қилган. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетган.
Яқинда эса Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ орқали мазкур судлашувга оид ҳолатга шахсий муносабатини билдириб, шоир Йўлчи Рўзиевга “Ахлатий” дея таъриф берганди.
Eltuz.com