Тезак жангги ва кетмон билан ўлдирилган ўзбек
Россияда портлатилган ҳарбий омбор. Нигерияда исён. Покистонда ҳудкуш ҳужуми, Ҳиндистонда тезак жанги. Хотинини кетмон билан чопиб ўлдирган ўзбек ва БУ 600 СЕКУНД
Ҳиндистонда анъанавий тезак жанги бўлиб ўтди. Пидакала уруши деб номланган фестивалда одамлар бир-бирига мол тезакларини отади. Маҳаллий аҳолининг фикрига кўра, бундай урф-одатларда қатнашиш инсонни саломат қилади, бойлик ва серёмғир фасл олиб келади. Ҳиндистон нисбатан иссиқ мамлакат, агар қиш фасли Ўзбекистондагидек бўлганида эди ҳиндилар мол бўқини бунчалик увол қилмас эди дейишмоқда интернетнинг ўзбек фойдаланувчилари.
***
Курск вилояти урушнинг ҳал қилувчи нуқтасига айланиши мумкин. АҚШнинг навбатдаги президенти Доналд Трамп ҳали ҳукумат бошига келмади. Кремл эса Оқ уйдаги шу ноаниқлик давридан максимал даражада фойдаланиб қолмоқчи. Бир томондан Россия Украина билан музокараларга тайёрлигини таъкидласа, бошқа томондан музокарада ўз позициясини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилмоқда. Россия Курск вилоятини эгаллаш учун ҳатто Шимолий Кореялик аскарларни таклиф қилди. Украина Россиянинг Курск вилоятини забт этган эди, бу эса Кремлни ғазаблантирувчи уятли фактга айланди.
***
Ўз навбатида Украина ҳам Россия ҳудудига ҳужумларни давом эттирмоқда. Подмосковега 22 дона дрон ҳужум қилди. Ҳужум натижасида икки кўп қаватли уйда ёнғин чиққан. Айни пайтда ғарб Укранинага ўз қуроллари орқали Россия ҳудудларига ҳужум қилишга изн бермаяпти.
***
Украина айни пайтда ўз ҳарбий қурол ишлаб чиқариш саноатини ривожлантирмоқда. Мамлакат 2024 йилда юздан ортиқ ракета ишлаб чиқарди. Президент Зеленский ҳарбий саноатнинг бу йўналишини ривожлантириш давом этишини таъкидлади. Бугунги кунга келиб мамлакатда 800 та ширкат Украина мудофааси учун қурол ишлаб чиқармоқда.
***
Украина мудофаа кучлари Брянск вилоятидаги қурол Заҳира омборини портлатди. Россиянинг Брянск вилоятидаги омбор 1060-рақам билан тартибланган эди. Заҳира омборида камида 8 марта портлаш бўлган.
***
Россияликлар урушни ёмонлаган ватандошларини полицияга чақиб беришмоқда. Москвада урушга қарши фикр билдирган 68 яшар шифокор Буянова Украинанинг босиб олинишини қоралаган, руслар қардош украинларга қарши курашаётганидан норозилигини билдирган эди. Бу фикрни эшитган шифокорнинг мижозлари полицияга шикоят қилишган. Натижада 68 яшар шифокор урушга қарши фикр билдиргани учун 5 ярим йилга қамалди.
***
Покистонда йирик теракт содир бўлди. Камида 24 киши қурбон бўлгани хабар қилинмоқда. Тан жароҳати олганлар сони 46 киши. Худкуш террорчи Кветта шаҳридаги вокзал бекатида ўзини портлатган. Портлаш учун жавобгарликни “Белужистоннни озод қилиш армияси” номли сепаратист гуруҳ бўйнига олди.
***
60 миллион нафар аҳолиси мусулмон бўлган Нигерияда суд намойишларда иштирок этган 29 нафар болани озод қилди. Нархларнинг кескин ошгани ва очарчилик август ойида исёнга сабаб бўлган эди. Натижада 20 нафар фуқаро қурбон бўлди. Намойишларда қатнашган 29 нафар ёш бола августдан бери ўлим жазосини кутаётган эди. Суд залига олиб кирилган 29 боладан 4 нафари очлик ва ҳолсизлик сабаб судя қаршисида ҳушидан кетган. Дунё оммавий ахборот воситалари бизнинг муаммоларни ёритмайди дейди Абубакир исмли фаол.
***
АҚШ Сомали давлатига берган 1,1 миллиард доллар миқдоридаги қарзидан кечди. Бу маблағ мамлакат умумий қарзининг тўртдан бир улушини ташкил этади. Қарзнинг асосий қисми 1990 йилларда президент Сиад Барре диктатураси даврида тўпланган эди. Мамлакатнинг амалдаги президенти Ҳассан Шайх Маҳмуд давлат қарз юки ҳаддан зиёд ортгани, фоизларни тўлаш имконсизлиги ҳақида баёнет берди. Бу ҳолатга жавобан АҚШ Сомалининг қарзларидан кечишга қарор қилди. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи эса шу йилнинг ёзидаги айрим ҳисоб китобларга кўра 37 миллиард доллардан ошган.
***
Жанубий Корея президенти Ён Сук Еол АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп билан учрашиш учун гольф ўйинини машқ қилмоқда. Буни президент администрацияси вакиллари тасдиқлади. Ён Сук Еол охирги марта гольф майдонига 2016 йилда бориб шуғулланган. Трампнинг ғалабасидан кейин Жанубий Корея президенти у билан учрашувга астойидил тайёрланмоқда. Бу учрашув Вашингтон ва Сеул муносабатларини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
***
Жанубий Осиёда Мянманинг Ракҳин штати аҳолиси очлик ёқасида қолди. Мамлакатдаги кескин диний низолар ва савдо блокадалари сабаб буткул иқтисодий инқироз юзага келди. Бангладешга чегарадош Ракҳин штатида шоли етиштириш ҳосилдорлиги тушиб кетди, ҳарбийлар савдо-сотиқни чекламоқда, гиперинфляция авжида. Айни дамда 2 миллион аҳоли озиқ-овқат тақчиллигини бошдан кечирмоқда.
***
Самарқандда хотинини кетмон билан чопиб ташлаган эр 19 йилга қамалди. Шу йилнинг 14 июль куни Ургут туманида содир оилавий келишмовчилик сабаб келиб чиққан жанжал ўлим билан якунланган. Марҳума 23 ёшда эди, у 2 нафар фарзанинг онаси бўлган. «Билмай, бехосдан қилган жиноятим учун ҳаммадан узр сўрайман. Кечиринглар», – деган судланувчи cуд залида йиғлаб юборди. Аммо одил суд унинг кўз ёшларга ишонмади. Эркак ЖКнинг 97-модда 2-қисми «ж» банди билан айбдор деб топилиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.
***
Фарғона «ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи вилоятдаги туманлардан бирининг электр идораси бош муҳандисидан, 9 ойлик фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун ишдан ҳайдалмаслик эвазига, 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга АЖнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадор эканлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур икки шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
***
Ноябр ойи бошида БМБА раҳбарлигида ўтган Ўзбек тили ва адабиёти фанидан тест синовлари чоғида, имтихондан ўтишнинг «Х вариант» бизнеси авж олди. Катта сумма бадалига тайёр жавобларни ёдлаган талабгорлар, ўз билими орқали тестга тайёрланганларни ортда қолдириб, имтиҳонда ҳам «яхши» натижа олиб чиқишди. Суратда кўраётганингиз 28-30 октябрь кунларида қўлма-қўл бўлиб кетган нусхалар. Имтиҳонга ким кириб чиққан бўлса, шу саволлардан тушганини тасдиқлади.
***
Тошкент шаҳар суди жиҳодчи Абдуллоҳни узил-кесил 21 йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд мажлисида айбланувчи икки вояга етмаган боласи борлигини айтиб енгилроқ жазо сўради. Тошкентлик 26 яшар Шокиржонов Абдуллоҳ Зокир ўғли радикал ғоялардан илҳомланиб, шаръий тузум жиҳодчисига айланган. Уйланган ва икки боланинг отаси бўлган Абдуллоҳ 2021 йил Қирғизистон орқали Туркияга бориб «мушкиамбар сотиш билан шуғулланувчи» аслида эса Тавхид ва Жиҳод катибаси халқаро террористик ташкилоти аъзоси Абу Муҳаммад билан ишлади. Сўнг Туркия орқали Сурияга ўтиб, Тавхид ва жиҳод катибаси ташкилотида 40 кун давомида жанговор тайёргарликдан ўтган. Тайёрлов мобайнида портловчи қурилмаларни ишлатиш, қурол-яроқдан фойдаланиш, захарловчи моддаларни қўллашни ўрганган. Ушбу «тинчликпарвар илмлар»ни эгаллагач бир ҳафта давомида катиба ташкилотининг қўриқчиси бўлиб хизмат қилган Шокиржонов 2024 йил 13 март куни у қўлга олиниб Ўзбекистонга депорт қилинганди.
…ва бу унинг секунд эди. Айни пайтга келиб Элтузнинг ютуб каналидаги обуначилари сони 692 мингдан ошди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг. Агар каналимизни қўллаб қувватламоқчи бўлсангиз, спонсорлик тугмаларини босинг. Соғ бўлинг!