Асосий мавзулар
28 ноябр 2024

Фермерлар қишлоқ хўжалигини фойда келтирадиган соҳага айлантирамиз дея президентга юзланди

Ўзбекистонлик 28 нафар фермер Ўзбекистон президентининг аграр ислоҳоти ўзбек деҳқонини 100 йиллик моддий ва маънавий кишанлардан озод қилишнинг илк бошланғичи бўлганини айтгани холда ўз таклифларини баëн қилиб мактуб ëзди.

Мактуб 10 ноябрда «Республика фермерлари» каналида эълон қилиниб, унга яна ўнлаб фермерлар қўллаб-қуватлагани ҳақида изоҳлар колдирди.

Подписант фермерларнинг ишонишича, ислохот тўла амалга ошса мамлакатда бой деҳқонлар синфи вужудга келади.

Қишлоқ хўжалигида давлат монополиясига узил-кесил чек қўйилиб, ҳақиқий бозор муносабатларига ўтилиши ортидан давлатнинг қишлоқ хўжалигида ва товар-пул муносабатларидаги иштирокининг камайиши, унинг иштирокидаги низоларнинг, хокимлар, назорат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фермерлар фаолиятига аралашуви деярли тўхташига сабаб бўлади, дейилади мурожаатда.

Лекин булар амалга ошиши учун фермерларга кўра президент қўллови зарур.

2019 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг «2020-2030-йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегияси», ҳамда кўплаб кўрсатмаларига зид тарзда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини йўлга қўйишни, шу жумладан, пахтачиликда давлат буюртмасидан тўлиқ воз кечиш зарурлигини президент кўрсатишига қарамасдан амалда, ҳақиқатда уларнинг амалга ошираётган ишлари бу холатга тўла мос келмаяпти.

Бозор муносабатларига амалда тўлиқ ўтилмаяпти. Давлат буюртмаси йўқолмади: энди бу «мажбурий жойлаштириш» кўринишида давом этмоқда. Бизга ҳали ҳам қайси ерларда пахта етиштиришимиз, қанча пахта топширишимиз ва қандай етиштириш кераклиги айтилмоқда, гарчи ҳозир пахтани давлатга эмас, хусусий бизнес субъектларига (кластерларга) сотаётган бўлсакда. Амалиётда эса бозор муносабатларига тўлақонли ўтиш режаси саботаж қилинаётгандек кўринмоқда.

Президентнинг «ер ижара ҳуқуқини» бошқага ўтказиш, сотиш ва гаровга қўйиш, ресурс етказиб берувчиларни мустақил танлаш ва етиштирган пахтамизни бир қисмини эркин бозорда (биржада)сотиш имкониятлари тўғрисидаги яқинда қабул қилинган қарорини самимий олқишлаймиз.

Фермерлар экинларни мажбурий “жойлаштириш”дан воз кечиш ва фермерларга пахта ҳосилини эркин бозорда, шу жумладан, фьючерс шартномалари орқали сотиш имконини бериш ушбу қарорларнинг мантиқий давоми бўлади, деб умид қилмоқда.

Фермерлар эркин бозор талабига мос равишда нима экиш, қачон ва қандай етиштириш, биржа орқали ва қайси нархда, кимга сотишни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилишини сўрамоқда.

Фермер ва кластер ўртасида шартномавий қонун талаблари асосида мутлақо эркин шартномавий муносабатлар юритилишини таъминловчи, фермерлар ўзи истаган кластер ёки тадбиркорлик субъекти билан шартнома тузиш имконини берувчи тизим яратиш, биржа савдоларида вилоятлар ва туманлар кесимида ўрнатилаётган дислокацияларга бархам берилиши, дастлабки савдо босқичидан бошлаб барча қайта ишловчи тўқимачилик корхоналарига рухсат бериш, фермер маҳсулотининг пули 3 кун ичида тўланиш тартибини назорат қилиш зарур.

Фермерларнинг фаолиятига ва умуман қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг аралашувига тўлиқ чек куйилиши шарт. Бу органлар кластерларнинг ҳимоячисига ва фермерларнинг душманига айланиб қолишмоқда. Ва албатта вилоят ва туман ҳокимликлари, айниқса қишлоқ хўжалигиги бўйича раҳбарларнинг шартнома тузишда ва кейинги барча босқичларда фермерларга турли кўринишдаги босим кўрсатишларини қатъий чеклаш зарур.


Жорий 2024 йилги пахта нархи билан боғлиқ юз берган воқеалар кўпчилик фермерларда ислоҳотларга бўлган умиднинг пасайишига сабаб бўлди.
Президентнинг 2023 йил декабрдаги 205-сонли фармонига асосан пахтачилик кластерлари 2024 йил бошида биржа орқали фермерлар билан пахта хом ашёсини бозор нархида сотиш бўйича фьючерс шартномалари тузган эди.

Аммо хозирги вақтга келиб фермерларнинг кўпчилигига ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг тазйиқи остида, пахтанинг килограми 6800 сўм миқдорида бўлган арзон нархда қўшимча шартнома тузишга мажбурланди. Бу ишлар эса Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 сентябрдаги 574-сонли қарори қабул қилинганидан кейин авжига чиқди.

Ҳукуматнинг мазкур қарори гўёки пахта етиштирувчиларни қўллаб-қувватласа-да, аслида бу кластерларнинг йил бошида фермерлар билан тузилган шартнома мажбуриятларидан воз кечишига асос бўлмоқда.

Фермерлар кластерлар билан қўшимча шартномалар тузиб, пахтани арзон нархда топширишга мажбур бўлиши уларнинг кайфиятларини ўта пасайтириб юборди. Бундай амалиётга барҳам берилиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Фермерлар пахта тўқимачилик корхоналари билан тенг ва икки томонлама манфаатли шерикликда ишлаши учун, республикадаги айрим пахта тозалаш заводларини, янги қонунга асосан тузиладиган ва муваффақиятли фаолият кўрсатаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларига пулини 5-10 йилда тўлаш шарти билан ўтказиб берилишини, бу кооперативлар базасида фермерларга техник ва консалтинг хизмат кўрсатадиган, пахта хомашёсини қайта ишлаб берадиган марказлар ташкил қилишни таклиф қилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашадиган фермер ҳўжаликларини молиявий ва ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни сўраймиз. Чунки ҳозирда мавжуд кооперативларга бирлашиб ишлаб келаётган фермер ҳўжаликларига бўлаётган чекловлар ва босимлар таъсири остида улар ўта оғир аҳволда ишлаб, пахта ва ғаллани ўз маблағлари ҳисобидан етиштиришга, шунда хам бу ҳосилни ўроқда йўқ, машоқда йўқ айрим пули йўқ кластерларга маҳаллий ҳокимликлар босими остида улар айтган нархда сотишга мажбур бўлишмоқда.

Шу сабабли кластерларга берилган барча имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини барча кооперативларга ва уларга аъзо бўлган фермерларга хам жорий қилинишини сўраймиз. Кластер ва фермернинг тенг ҳуқуқли экани амалда таъминланиши лозим.

Кластерлар фаолиятини доимий назорат қилиш имконини берувчи, фермер хўжаликлари билан хамкорлик ва шартнома мажбуриятларини бажаришлари натижасидан келиб чиқиб бахоланадиган онлайн рейтинг тизими ишлаб чиқиб, онлайн рейтингда кластерлар фаолиятини бахолашда фермерлар хам овоз беришини, шунингдек фермерларни хам адолатли бахолаш тизими жорий қилиниши лозим.

Пахта-ғалла ҳосилига давлат буюртмаси тугатилгани сабабли фермерлар учун “йўналиш” деган тушунча бекор қилиниши, бунинг ўрнига кўп тармоқли фермерлик фаолиятини ташкил қилиш, фермерларга йиллик жами пахта-ғалла хосилдорлигини ва сотиш миқдорини камайтирмаслик шарти билан мавжуд экин майдонларининг 30-40 фоизига чорва экинлари экишга қонун билан рухсат берилишини сўраймиз. Гарчи Ҳукумат қарорига асосан фермерларга экин майдони 10 % га чорва экини алмашлаб экишга рухсат берилган бўлсада, амалда 1 гектар ҳам экишга рухсат берилмаяпти.

Ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш учун ипакчиликда юқори натижаларга эришган илғор хорижий давлатлар тажрибасини ҳам ўрганиб, яхши натижа берадиган янги тизим ишлаб чиқишни сўраймиз. Чунки айнан пилла сабабли асосий экинлар (пахта-ғалла) эътибордан четда колиб, пахта-ғаллага ишлов бериш ва айрим агротехника чоралари оқсаб қолмоқда, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фермерларнинг охирги йиллардаги молиявий ночор аҳволга тушиб қолгани, замонавий янги техникаларга эҳтиёжи юқори экани сабабли пахта терим машиналаридан тортиб, ҳайдаш-ишлов бериш техникалари билан таъминлашнинг хорижий тажрибаларидан фойдаланиш чораларини жорий қилишни сўраймиз. Шунингдек, хосилнинг пули кузда тушгани сабабли солиқ, лизинг (кредит) ва бошқа тўловларнинг муддатини фермерлар учун куз ойларига белгиловчи тартибни, солиқ ва бошқа ҳисоботларни камайтириб, ҳар 3 ёки 6 ойда берадиган норма киритилишини, ҚҚС миқдорини илғор хорижий давлатлардаги каби 5 % миқдорида белгилашни сўраймиз. Ҳаттоки, АҚШ, Канада ва Европа иттифоқида ҳам фермерларга жуда катта миқдорларда дотация ва субсидиялар ажратиш орқали қўллаб-қувватлаш давом этиб келмоқда.

Эски Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги бошқарувининг ёмон меросхўри бўлишда давом этиб келаётган, гўёки фермерларнинг номидан вакиллик қиладиган ташкилот – Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фаолиятини тубдан ўзгартириш ёки янгидан тузишга ёрдам беришингизни сўраймиз. Бу ташкилот “Фермер ва деҳқон хўжаликлари вазирлиги” каби ишламоқда, амалда фермерларни эмас, маҳаллий амалдорлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда холос. Бу ташкилотнинг ҳозирги ҳолатда мавжудлиги Ўзбекистон прзеиденти амалга ошираётган ислоҳотларга соя солмоқда, давр талабига умуман мослаша олмаяпти. Унинг ўрнига кооперативлар ва фермерлар уюшмаси тузилиши, раис ва раҳбар органлари фермерлар томонидан эркин сайланиши лозим.

Республикада мавжуд бўлган тўрт миллион гектар ердан суғориладиган ерларнинг катта қисмидан аёвсиз фойдаланиш, хусусан, алмашлаб экиш қоидасига амал қилмасдан ерларга мунтазам ғалла-пахта экиш натижасида касалманд ҳолга келиб қолган.

Бу мактубга имзо қўйган 28 нафар фермер бу масалаларни батафсил ва ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон президенти билан учрашиш сўралган.

Тағин ўқинг
1 январ 2020
Ўзбек ҳукуматининг Россия қарамлигига интилиши фонида мамлакатда газ тақчиллиги 2019 йили ҳам давом этди. Россиянинг «Лукойл» компаниясидан Ўзбекистоннинг 600 ...
30 апрел 2019
«2006 йилнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистондаги ҳамма зоналар бошлиқлари биринчи ёрдамчиси этиб МХХ вакиллари тайинланади. Бунга 2005 йил май ойида ...
23 ноябр 2016
2016 йил 19 ноябрь Ўзбекистонлик мустақил журналист Жамшид Каримов 2012 йил январидан бери шу кунгача Самарқанддаги психиатрия касалхонасида мажбуран ...
6 ноябр 2018
Фарғона вилояти нотариал идораларининг бир гуруҳ собиқ ходимлари ўзларига нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) томонидан уюштирилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...