Асосий мавзулар
26 март 2019

26 март референдуми – Каримовнинг илк сиёсий найранги

Ўзбекистонда 1995 йилнинг мартида президент ваколатини узайтириш учун референдум ўтказилган эди.

Ислом Каримовнинг президентлик ваколатини 2000 йилга қадар узайтирган бу референдум кунларидаги сиëсий кайфиятни ўша давр расмий матбуотидан излаймиз.

Қўлимизда референдум кунлари чоп қилинган ва каримовпараст чақириқлар билан тўла “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари.

“Халқ сўзи” газетасининг 25 мартдаги сони “Эртага умумхалқ референдуми куни” деган сарлавҳани манжетга чиқарган.

Газетанинг илк саҳифасида италиялик дипломат Карло Унгаро (Carlo Ungaro) тилидан “Ўз вақтида ўтказилаëтган муҳим тадбир” деган “мақола” эълон қилинган.

Айни саҳифада Каримовни “Тинчлик ва осойишталик кафолати” деб атаган тожикистонликнинг мактуби эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 1995 йилда Тожикистон Ўзбекистон ҳукумати учун одамларни қўрқитадиган ва яшашидан шукр қилишга чорлайдиган “ўрнак” давлат эди.

Бугунги матбуот ўзбекларни Сурия билан қўрқитса, ўша пайт матбуоти Тожикистон билан қўрқитган.

Айни варақда референдум воситасида лавозимдаги умри узайтирилаëтган Ислом Каримов шаънига мақтовлар ëғдирган мақолалар ўрин олган.

“Порлоқ келажак сари”, “Тўла қўллаб-қувватлаймиз” каби мақолалар риторика ва мадҳиябозлик намунаси каби туюлади.

Газетада ўша пайтда ўзбек парламенти спикери бўлган Эркин Халиловнинг Мадридга сафари ҳақида ҳам билги берилган.

Айни газетанинг 23 мартдаги сонида эса умумхалқ референдумидаги овоз бериш варақасининг намунаси берилган.

Варақада “Сиз Ўзбекистон президенти ваколатларини 1997 йилдан 2000 йилга қадар узайтиришга розимисиз?” деган савол қўйилган. Тартибга кўра, бу варақага қалам текизмай қутига ташланса, розилик аломати бўлар экан.

Норозилар бу матнни ўчириб ташлашлари талаб қилинган.

Ўша пайтда мухолифатнинг Туркияда нашр қилинган “Эрк” газетасида ëзилишича, сайлов хоналаридаги ручкаларнинг ичидаги запаси олиб қўйилган экан. Бюллетень устини чизганлар ҳуқуқбузар сифатида милиция суҳбатига олиб кетилган.

Яна газеталарга қайтамиз. “Халқ сўзи”нинг 24 март сонида келеслик мактаб директори Халиловнинг расми референдумда Каримов тарғиботчиси сифатида тақдим қилинган.

Айни саҳифада Каримовга бағишланган “Келажагимизнинг ишончли кафолати” деган каттагина мақола чоп қилинган. Газета муаллифлари референдумни “Демократиянинг олий маҳсули” дея тарифлашган.

Референдум ўтиб бўлганидан кейин 28 март куни чоп қилинган “Халқ сўзи” Каримовнинг фотосини чоп қилиб, “Эл ишончи – олий мукофот” деган сарлавҳани манжетга чиқарган.

Газетанинг ички саҳифасидан эса референдумнинг “зўр уюшқоқлик билан ўтгани” ҳақидаги лавҳалар елпиғичи ўрин олган.

Рус тилидаги “Народное слово” газетаси “Народ сказал свое слово” сарлавҳаси остида референдумни мақтовчи мақолани эълон қилган.

1995 йил 26 мартида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига мувофиқ, Каримовнинг президентлик ваколатлари 2000 йилгача узайтирилди.

Шундан бери ўтган ва муқобил сайлов экани иддао қилинган президентлик сайловларида Каримов яна осонлик билан ўз курсисида қолишга муваффақ бўлди.

Халқаро кузатувчилар бу сайловларнинг биронтаси ҳам эркин ва демократик сайловлар бўлмаганини айтишади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, бир шахс президентлик лавозимига икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 феврал 2019
Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев “Элтуз”га берган интервьюсида шаҳар ҳокимлиги унга қарши даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилгани ...
8 июн 2019
Иккинчи жаҳон урушида инсоният қозонган ва нишонлаган ғалаба куни аслида 8 июнь эканини кўпчилик билмайди. 1946 йил 8 июнь ...
17 ноябр 2016
“Ҳуррият” газетасида (16.11) “Талаба-журналистга мактублар” рукнида чоп этилган мақолада муаллиф бўлажак ҳамкасбларига “Журналистнинг таянч нуқтаси”ни топиб беришга уринади. У ...
11 декабр 2018
Ўзбекистонда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида қолаётган бир пайтда давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик компанияси қарз ботқоғига ботиб бормоқда. ...
Блоглар
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек ...
27 ноябр 2019
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқда тарқалгани аудиоёзувидаги ҳолатларни текшириш юзасидан ...
19 ноябр 2019
Матбуот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаси бўйича таҳлиллар рукнимизнинг янги сонига катта эҳтиёж пайдо ...