Асосий мавзулар
19 апрел 2020

19 апрель – шоир ва олим Баҳодир Содиқов туғилган кун

Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилди.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган.

Баҳодирнинг илк ижод намунаси 1976 йил 7 февралида Шовот тумани газетасида чоп этилган эди.

Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

rasm1179
Баҳодир ҳаётининг сўнгги даврини тасаввуф илмини ўрганишга бағишлаган

Унинг шеърларидаги “озодликнинг денгизи” ичра “қуллик қоясига сачраган” тўлқин мисоли ёрқин руҳ бугун ҳам мустақил фикр, ўзгача ғоялар, инсон эрки қатағон этилган Ўзбекистонда долзарб оҳанг касб этади.

Хуршид Давроннинг эътирофига кўра, “Баҳодир Содиқов 80-йилларда ўзбек адабиётшунослиги майдонида пайдо бўлган салоҳияти баланд, зукко олим бўлган”.

Унинг ҳам мумтоз, ҳам замонавий адабиёт йўналишида ёзган мақолалари ўша даврда жуда катта қизиқиш уйғотган, адабий жамоатчилик ёш олимнинг келажагига катта умид билан қараган.

Баҳодир Содиқов мумтоз адабиётни чуқур билишга интилган, бу соҳадаги мавжуд муаммолар, хусусан, мумтоз адабиёт намуналарини нашр этишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида ҳозиржавоблик билан муносабат билдиришдан қочмайдиган, ўз фикрини дадил ҳимоя қила оладиган мунаққид эди.

Шоирнинг фожиали ва сирли ўлими

1980 йилда у 21 ëшида фожиали ҳалок бўлди. У сувга оқиб кетган. Тўғрироғи, бир болани сувдан қутқариб, кейин ўзи дарёга ғарқ бўлган…

«Унинг фожиали ўлимида ўз жонини қурбон қилиш эвазига ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишдек камдан-кам инсон журъат эта оладиган буюк инсоний жасорат намоён бўлганини асло хотирамиздан чиқармаслигимиз керак”, дея ëзди Хуршид Даврон.

Афсуски, ёш олимнинг фожиали ўлими адабиётимизни зукко билимдондан, бизни покиза қалб эгаси бўлган инсондан жудо этди.

Унинг шеърлари гўё унинг ўлимини башорат қилгандай янграйди:

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда…

Баҳодир ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди.

Вафотидан сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» альманахларида босилди.

Баҳодир Содиқов шеърларидан

Дардларингни дарёга,
Сирларингни самога,
Тўкма, сочма, севгилим,
Сирларингни сев, гулим.
Дардинг билан дилбарсан,
Сирлар билан суюкли.

Дарёларнинг денгизи,
Самоларнинг юлдузи.
Сенга бўлса, мен ўзим
Борман ахир, кундузим.

Дарёлардан дилбарсан,
Самолардан суюкли.
Суйдириблар суймасанг,
Куйдириблар куймасанг,
Энг бахтиёр туйғу бўл!

Тоғсиз, чўлсиз оҳу бўл!
Куймагандан дилбарсан,
Суймагандан суюкли.

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда,
Фалакларим юракда.
Фалаклардан юракда.
Фалаклардан дилбарсан,
Юрагимдан суюкли.


Эса бошлар ишонч шамоли,
Ва кўпирар кураш тўлқини.
Ҳам озодлик денгизи узра,
Кўринади бахтлар ёлқини.

Ҳали кўпдир қуллик қояси,
Озодликнинг денгизи ичра.
Эй, шамоллар, довулдек эсинг,
Ва сен, тўлқин, қояга сачра!

Шамол ҳамда тўлқин, бирлаш ва
Қояларнинг қирғоғин кемир,
Эй сен, денгиз, қуллик оролин,
Қаҳр ила қаърингга симир!

Шунда қоя ўсмоғи учун,
Хунта бўлиб отилмас вулқон.
Замондошим озодлик учун,
Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

1980 йил.
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 октябр 2015
Милиция: -Жосусларни ушладик. Теримга мажбурлаш тақиқланган, дейишаяпти. МХХ ходими: (телефонда) – Бизда мажбурий меҳнат тақиқланган? Наҳотки? Рассом: Туз www.eltuz.com
12 июн 2017
Аҳолини паррандачилик, чорвачиликка кенг жалб этиш, томорқаларда иссиқхоналар яратишга ундаш Ўзбекистонда эндигина ҳукмронликни қўлга олган Шавкат Мирзиёевнинг илк ташаббусларидан ...
30 январ 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 40-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) “Эркни истаган руҳ ...
22 ноябр 2022
Жорий йилнинг 9 ноябр куни Токиодаги император саройида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...