Президент интервьюсининг «расшифровкаси»
«Миллий тикланиш» газетаси Ўзбекистон президентининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хотира майдонида ОАВ вакилларига берган интервьюсига шарҳ эълон қилди.
Эсингизда бўлса, бу интервьюда Ислом Каримов «Улуғ Ватан уруши» иборасини қўллагани ва бошқа гап-сўзлари айрим таҳлилчилар томонидан Россияга ён босиш сифатида талқин қилинган эди.
«Миллий тикланиш» партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси аъзоси Акмал Саидовнинг шарҳи эса бунинг тескарисини кўрсатади.
«…теварак-атрофимиздаги айрим давлатларда ўтказилаётган парадлар, ҳарбий техника ва қурол-яроғ намойишлари каби ҳолатлар замирида, биринчидан, урушнинг туб моҳиятига юзаки қараш, иккинчидан, жанговар кучни кўз-кўзлаш, содда қилиб айтганда, бошқаларни қўрқитиш сиёсати ётгани ачинарлидир», дейилади шарҳда.
Айрим давлатлардаги номигагина ўтказилган парадларни назардан соқит қилганда юқоридаги сўзлар Россия шаънига қаратилгандек таассурот уйғотади.
Мақолада «Бизга тинчлик ва омонлик керак» деган «эзгу даъват» ҳақида ҳам сўз борадики, яқин орада худди шу шиор остида навбатдаги ташвиқот тадбирлари бошлаб юборилса ажаб эмас.
Eltuz.com