Асосий мавзулар
26 январ 2017

Яширилган касалнинг иситмаси

Ўзбекистонда Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда табиий газ ва электр энергияси таъминоти абгор аҳволда экани шу вақтгача ҳаммага маълум эди, фақат маҳаллий матбуот оғзига сув олгандек бу ҳақда гапирмасди.

Аммо сўнгги вақтларда бу муаммо маҳаллий ОАВ энг кўп эътибор қаратадиган мавзулардан бирига айланаётгани гувоҳи бўляпмиз. Тўғри, улар масаланинг туб илдизини ҳукуматнинг шу кунгача тутиб келган сиёсатига боғлаётгани йўқ. Шунга қарамай, бу ҳақда очиқроқ ёзишга интилиш бўлаётганининг ўзи ҳам ОАВдаги ижобий ўзгаришдир.

Айниқса, мазкур муаммоларни ёритишда Кun.uz сайти ўзини кўрсатяпти. Яқинда сайт Шаҳрисабздаги электр танқислиги ҳақида танқидий мақола эълон қилгандан сўнг кетма-кет шу мавзуга мурожаат этяпти.

Хусусан, унда бу масалада фуқаролардан келган турли мактублардан парчалар эълон қилинди.

Қашқадарёнинг Нишон туманидан Шуҳрат исмли фуқаро электр йўқлиги тўғрисида ёзар экан: «Мен Тошкентда ишлайман, қишлоққа борган пайтларим худди ўрта асрга тушиб қолганга ўхшайман», деб айтган ва бу қишлоқ газни эсдан чиқарганига анча бўлганини қўшимча қилган.

Самарқанднинг Нарпай туманидан бўлган Баҳодир Турдиев эса электр йўқлиги ҳақида президент қабулхонасига ҳам ёзгани, лекин жавоб йўқлигини билдирган.

Шаҳрисабзлик Рустам эса: “Илтимос, шаҳрисабзликларнинг чироқ масаласини бошқа ёзманглар. Сизлар мақола ёзган кундан бошлаб суткасига 20-10 дақиқа электр беришяпти. Мана шу мақола чиққанидан бери олдингидан минг марта ёмонлашди ҳолат”, деб маълум қилган.

Сайтда кўпгина шикоятчилар ҳатто бу ҳақда очиқ айтилгандан сўнг ҳам ҳеч ким қулоқ солмаётгани, изоҳ беришни истамаётганини ёзган. Шунингдек, баъзи фуқаролар қарздор деб ҳадеб халқни айблайвермасликни талаб қилган.

«Тўғри, қарздорлик бор, лекин нега қарз, дегани ҳеч ким йўқ. Шундай туманлар борки, бирорта ишлаб чиқариш корхонаси ёки ташкилот йўқ, лекин юз минглаб аҳолиси бор.

Улар эрта баҳордан то кеч кузгача тиним билмай ишлайди. Ишлаб топгани 500-600 боғлам ғўзапояси, 5-6 литр ўсимлик мойи ва яна алланималар. Шундай бўлгандан кейин қарз бўлади-да», деб ёзган Марҳамат туманилик Баҳор ишсизлик масаласига ҳам эътиборни қаратади.

“Бизнинг туманда бор-йўғи 5 ёки 7 фоиз ишсиз, деб бонг уради. Аслида-чи, нари борса 10 фоизи иш билан банд», дейди Баҳор.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, мазкур сайт маҳаллий ОАВ тарихида камёб бўлган яна бир мавзу – Ўзбекистон дунёнинг энг коррупциялашган давлатлардан бири экани ҳақида ҳам очиқ ёзди.

Сайт Transparency International ташкилотининг дунё мамлакатларидаги коррупция даражасини акс эттирувчи рейтинги ҳақидаги мазкур мақоласида Ўзбекистон бу рейтингда Камбоджа, Конго Демократик Республикаси билан биргаликда 156-ўринни эгаллаб тургани, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳам бу борада биздан юқорироқда жойлашганини билдиради.

Тўғри, мақолада Ўзбекистон нега рейтингда бунчалик паст ўринда экани масаласида фикр-мулоҳазалар йўқ.

Маҳаллий матбуот сўнгги 25 йил давомида бирор кишига (айрим спортчиларни ҳисобга олмаганда) фуқаролик берилмаган Ўзбекистонда бу борада янги президент томонидан қилинган ўзгаришлар ҳақида ҳам ёзмоқда.

Бироқ улар баъзиларга фуқаролик берилганини президент шаънига миннатдорлик билдириш фонида ёритиш йўлидан боряпти.

Хусусан, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси (24.01) Қорақалпоғистонда Ўзбекистон фуқаролиги берилган 28 кишига паспорт топшириш маросими ўтказилгани ҳақида ёзди.

«Қарийб чорак аср кутган орзу-умидларим амалга ошмоқда. Бунинг учун президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман», деган Ўзбекистон паспортини олган Музаффар Айманов.

Галина Мордовина ҳам ўзига «озод ва обод юрт фуқаролиги берилгани» учун президентдан миннатдор бўлгани ёзилган.

«Правда востока» газетаси (25.01) эса кўп йиллардан буён газ танқислигидан қийналиб келаётган Ўзбекистон халқини «хурсанд қиладиган» бир ихтиро ҳақида маълум қилди.

«Шўртаннефтгаз» МЖЧ ходимлари янги биогаз ускунасини ихтиро қилибди. Ўлчами кичик бўлган бу ускуна кичик чорвачилик хўжаликлари ва хусусий сектор учун мўлжалланган бўлиб, энергия сарфи ва атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириши айтилади.

«У муқобил энергия манбаларини олиш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланилиши мумкин», деб ёзади газета.

Ҳукумат аҳолини табиий газ билан таъминлаш муаммосини ҳал этиб бера олмаётганини эътиборга олсак, янги ускуна анча оммавийлашади, дейишга асос бордик. Чунки газета ускуна ҳақида ёзар экан, у «ҳам газ, ҳам ўғит» эканига урғу берган.

Ҳукумат «аҳоли фаровонлигини ошириш» учун ҳар бир оилани юзтадан товуқ боқишга чорлаяпти. Демак, мамлакатда товуқ гўнги мўл бўлади. Қизиқ, товуқ гўнгидан биогаз олса бўлармикин!?…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 апрел 2017
23 апрел куни Стокголм ҳужумчиси Рахмат Оқиловнинг шериги дея гумон қилинаётган учинчи шахс қўлга олинди. Чечен миллатига мансуб 26 ...
13 сентябр 2024
РТ: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб сиз билан биргаман.  МС: Ничиксизла хўжик брри, мўччи ойбикала. Андижонда  ...
24 март 2016
“Адолат” газетаси интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган тадбир ҳақида хабар ...
9 март 2020
2020 йилдан Ўзбекистон пахтага давлат буюртмасидан воз кечади. Президент Мирзиёев фармонига кўра, 2020 йил ҳосилидан бошлаб вилоятларнинг пахта етиштириш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...