Асосий мавзулар
2 феврал 2017

ЎзТВнинг «тили чиқяпти» ёки йирингли яра ёриляптими?

Янги йилдан сўнг январнинг қоқ ярмигача Ватан ҳимоячиларини мадҳ этишга устивор эътибор қаратган Ўзбекистон телеканаллари кейин президентнинг кетма-кет имзоланаётган фармон ва қарорларидан «келиб чиқадиган вазифалар» ҳамда давлат раҳбарининг турли ҳудудларига сафарлари ва учрашувларини ёритиш билан банд бўлди. Шунингдек, деярли барча каналлар ўз дастурларида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳокамасига кенг ўрин берди. Ой охирлаганда эса ўтган мустақиллик байрами кунларида вафот этган «жаҳон миқёсидаги буюк давлат арбоби» тириклик вақтида ҳам тинимсиз айтилган сифатлари билан бирга ёдга олинди.

Муҳокамами ёки савол-жавоб?

Эътибор қаратиш зарур бўлган биринчи жиҳат шуки, ҳаракат стратегиясини муҳокама қилиш савол-жавобларга айланиб кетаётганидир. Муҳокама номини олган бу учрашувларда турли идоралар вакиллари студияда йиғилганларнинг саволларига жавоб қайтариш билан кифояланаётгандек таассурот уйғотди.

Тўғри, муҳокамаларда ўткир масалаларга ҳам тўхталиб ўтиляпти. Лекин масалага чуқур ёндашиш, муаммонинг илдизлари ҳақида фикр-мулоҳазалар кам учраяпти.

Масалан, таълим соҳасига оид муҳокамада иқтисодиёт вазири ўринбосари хорижий университетларнинг Ўзбекистондаги филиалларини тамомлаган ёшларда «мамлакатда қолиш нияти йўқлиги»ни айтди. Аммо нега уларнинг ўз юртидан четга кетишга иштиёқи баландлиги масаласини студиядагилар ҳам, мутасаддилар ҳам чуқур таҳлил қилиб бермади.

Бутун дунёда таълим соҳасида хусусий коллеж ва лицейларга катта ўрин берилаётган бир вақтда Ўзбекистонда ҳам шундай муассасалар ташкил этиш бўйича саволга жавоб эса шунчалик юзакики, энсани қотирди.

Нима эмиш, «хусусий ўқиш жойларида болаларнинг тарбияси қайси томонга йўналтирилиши ноаниқ» эмиш. Ўзбекистонда ягона таълим стандарти бўлса, тасдиқланган таълим дастури бўлса, яна нимадан чўчияпмиз? Ёки турк лицейлари тажрибаси аччиқ сабоқ каби бўлдими бу борада?

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича муҳокамаларда ҳам шу аҳволни кузатиш мумкин бўлди. Хусусан, туғруқхоналардаги таъмагирлик, порахўрлик ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова бу айни пайтда жуда оғриқли масала эканини тан олди.

Маълум бўлишича, «туғруқхоналардаги маънавий муҳитни ўзгартириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида турган асосий мақсад»га айланибди. Шифокорларда шаклланиб бораётган «менинг даромадим» тушунчаси ўрнига «беморлар манфаати»ни биринчи ўринга қўйиш энг катта вазифа эмиш.

Барака топгур (таниш иборами?), «менинг даромадим»ни «беморлар манфаати»га айлантириш учун дўхтирларнинг ойлигини кўтариш баробарида жавобгарлигини оширишга ҳам эътибор қаратиш тўғрисида гапирсангиз бўлмайди, деган фикр чиқмади студиядан.

Бундан рағбат олди шекилли, Э.Боситхонова айбнинг каттасини халқнинг, жамиятнинг ўзига юклаб қўя қолди.

«Айрим ҳолларда одамларнинг ўзи пул бериш ҳолатларини фикри, хатти-ҳаракатлари орқали авж олдиришга сабаб бўлмоқда», деди у.

Фарзандли бўлаётган одамдан дўхтир кўзини лўқ қилиб пул талаб қилиб турса, у нима қилсин? Тегишли органлар бутун шифохоналар таъмагирлик ботқоғига ботганини била туриб, чора кўрмаса, кимга дардини айтсин? Афсуски, бундай эътирозлар янграмади.

ГАИ ходимининг мийиғида сирли кулиши

«Биз учун муҳим» кўрсатувининг бир сони истеъмолчилар ҳуқуқлари, қиёсловдан ўтказиш стандартлари ҳақида бўлди.

Шу кўрсатувда йўл-патруль хизмати (собиқ ГАИ) вакиллари ҳам қатнашиб, Тошкентда ҳозир фақат замонавий фоторадарлардан фойдаланилаётгани ҳақида гапирди. Пойтахтда пистолет радарлар ҳам ишлатилаётгани ҳақидаги савол юзасидан эса бундай мосламалар фақат вилоятларда қўлланилаётганини айтиб, аниқ жавоб беришдан қочди.

Радарлар бир тезликни, машина спидометри бошқа тезликни кўрсатиши ҳақида гаплар қўзғалгандан кейин ҳайдовчилардан бири бундай пайтда ЙПХ ходими билан келишиб кетамиз, деганида ЙПХнинг студияда ўтирган икки вакили сирли қилиб мийиғида кулгани аниқ кўрсатилди.

Операторга балли. Шу ҳолатни аниқ қилиб кўрсатиб бера олди. ЙПХ вакилларининг кўнглидан ўтган «бундай келишиб кетишлар бизни ажаблантирмайди, соҳамиздаги оддий ҳолат-ку бу», деган фикрлари кўринди шу пайтда.

Шунингдек, кўрсатувда қиёсловдан ўтказиб келинган ҳисоблагич нега тез айланадиган бўлиб қолади, деган савол ҳам ўртага ташланди. «Ўзстандарт» ходими барча айбни қиёслов идораларидан олиб қочишга ўринди. Демак ҳисоблагич аввал тўғри ишламаган, кам ишлаган, деган баҳонани қилди. Айбни истеъмолчига юклашга уринди.

Афсуски, даврабоши журналист «нега айбни ҳеч иккиланмасдан истеъмолчига юклаяпсан, балки қиёсловдан шундай тез айланадиган бўлиб чиқар, демади, деёлмади.

Шундай бўлса-да, кўрсатувни кўрганлар радар кўтарган ЙПХ ходимидан унинг сертификатини сўраш ҳуқуқига эга эканини билиб олди. Шунисига ҳам шукур…

Жасорат элексирининг кучими?

«Муносабат» ток-шоусининг таниқли бошловчиси Қуддус Аъзамовдан бунақасини кутмагандек лекин. Шунинг учун унинг ой охиридаги кўрсатувини кўриб, ток ургандек аҳволга тушганлар бўлди, десам ишонаверинг. Мана, айтса бўлар экан-ку! Гапирса бўлар экан-ку!

Нимани гапирибди ўзи, деб ҳайрон бўлманг. «Бомба гаплар» бўлди. Энди булар ҳақида бир бошдан тўхталамиз.

«Муносабат»нинг мазкур сони таълим соҳасига бағишланди. Студияда олиму фузалолар йиғилди. Бошида ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди. Президентнинг илм-фанга, таълим соҳасига қаратаётган «улкан эътибори» билан бошланган муҳокама чоғида даврабоши рейтинг тизими талабга жавоб бермаслиги тўғрисида келган бир саволни ўқиб берди.

Ана шундан кейин студиядаги домлалар ҳам ёрилди. Анча вақтдан бери айта олмаётган гаплари кўплиги билинди шунда. Булар жасорат элексири ичмаганмикин, деган шубҳага ҳам борди одам.

Саволга муносабат билдирган бир домла рейтинг асосида баҳолаш тизими ўзини оқламаётгани, ёки буни такомиллаштириш, ёки янги баҳолаш тизимини ишлаб қилиш кераклигини айтди.

Кейин ЎзМУ профессори бўлган аёл муҳокамага қўшилди. «Талабаларимизнинг ўн фоизигина талабларга жавоб беради», деди у.

Ана холос. Кўпгина томошабинлар кўнглидан: «Демак, ҳатто ЎзМУда аҳвол шу бўлса, таълим тизимимиз чириб кетган экан-да», деган фикр ўтган бўлса ажаб эмас.

Гарчи профессор опа бунинг сабабларини мактаблар, коллежлардаги таълимга боғлаб, иллатнинг асл илдизлари қаерга бориб тақалашини айтмаган бўлса-да, зийрак томошабин дарҳол илғаб олганига шубҳа йўқ.

«Ахир уларни ўзларинг танлаб олгансизлар-ку, кириш балларининг юқорилигини кўрган одамнинг капалаги учиб кетади-ку. Балки ўша ўн фоиз ўз кучи билан, қолганлар пул кучи билан киргандир», деган гапларни айтиб, домлаларнинг айбини очмаслик ниятида бўлса керак, бошловчи дарҳол сўзни бошқага бериб юборди.

Ажабки, сўз олган ЎзФА Сейсмология институти олими ҳам «Искандарнинг шохи борлигини айтмасам, ёрилиб кетаман», деб турганлардан чиқиб қолди.

«Олий ўқув юртларида порахўрлик чуқур илдиз отган. Бу нарса авж олса оляптики, камаймаяпти. Ҳатто мактабларгача етиб борди», деди сейсмолог олим.

Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистон телеканалларида бундай аччиқ, лекин очиқ гаплар йўқолиб кетганига жуда кўп йиллар бўлганди. Балки студияларда бундай гаплар айтилгандир, аммо экранда янграмаганди.

Айниқса, Ўзбекистон ТВдаги бош ток-шоу бўлмиш «Муносабат» кўрсатуви «пахтақўяр»ларнинг асосий майдонига айланиб қолганди.

Айнан унда бугунги кунимизда таълим соҳасининг энг оғриқли нуқталари кўтарилган экан, ТВда эркинлик шамоллари эса бошладими, деган савол туғилиши табиий.

Битта кўрсатувдаги ўзгаришларни кўриб, бу саволга жавоб бериш, хулоса қилиш қийин, албатта. Демак, давомини кутамиз!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 июл 2024
Швециядаги улфатлар таклифи билан якшанба кунги шашликхўрлик ўз ўзидан сиёсий мавзуга кўчди. Ва мен мезбонлар изни билан сухбатни Элтуз ...
9 июл 2018
(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси) Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. Маълумоти ўрта. Шундай бўлса-да, ...
6 апрел 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг молия тизими ва тендер «ўйинлар»ини танқид қилгани ортидан Ўзбекистонда очиқ тендер савдолари бекор қилинди ва давлат ...
25 июл 2017
Тўйтепа шаҳри Тошкент вилояти марказига айлантириларкан, уни smart – «ақлли» шаҳарга айлантириш учун 2 миллиард доллар сарфланади. Президент Мирзиёевнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...