Асосий мавзулар
10 май 2017

Андижонда ўқитувчилар хонадонлардаги текин мардикорга айланди

Андижон вилоятидаги туман мактаблари ходимлари йўл бўйида жойлашган аҳоли хонадонларини тозалашга бириктирилган. Ўқитувчиларнинг маълумот беришича, бу юмушларнинг барчаси хокимият топшириғи билан амалга оширилмоқда.

“Янги президент ҳали Андижонга келгани йўқ. Унинг қайси хонадонга киришини олдиндан билиб бўлмайди. Шу сабаб ҳоким эҳтиёт чораси сифатида бир ойдан буён президент ўтиши мумкин бўлган кўча ва хонадонларни “ёғ тушса ялагудай” қиласан, деб буйруқ берган”, дейди шаҳар халқ таълими бўлимида ишловчи ходим.

“Мен сенга Каримов эмасман!”

Маълумки, президент вилоятларга сафари чоғи кутилмаган жойларга, хонадонларга киришни одат қилган.

Самарқандда бўлганида, унга рўкач қилинган жойларни эмас, ўзи истаган жойларни бориб кўриб, ҳокимни бўшатганидан сўнг, бошқа рахбарлар қўрқиб қолишганини айтишади.

Ўқитувчиларнинг тағин айтишича, президент ҳокимга “Мен сенга Каримов эмасман, тайёрлаб қўйган хонадонингга бормайман, ўзим хоҳлаган хонадонга кираман”, дебди.

Шу тариқа, таълим тизими ходимларини оддий фуқаролар уйларини тозалашга сафарбар қилиш Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ноу-хаусига айланди.

Ҳудди “Темур ва унинг командаси” каби

Муаллима ўзига бириктирилган хонадон томорқасини бегона ўтлардан тозаламоқда

Андижондаги қаровга эҳтиёжи бор хонадонларга кириб, ҳовли тозалаётган ўқитувчилар педагоглик касбини танлаганларидан пушаймон бўлишмоқда.

Ҳар куни эрталаб, хонадон эгалари уйғонмасларидан бурун ўқитувчилар уларнинг эшиги тагида сув сепиб, супираётган бўлишади.

“Ҳудди бир пайтлар Аркадий Гайдарнинг “Темур ва унинг командаси” асаридаги отряд каби текин ишлаяпмиз”, дейди уларнинг бири.

Унинг сўзларига кўра, хонадонлар мактабларга бўлиб берилган, ўқитувчилар чекига ҳафтада биттадан хонадон тушган.

“Навбатимиз келганда бизга бириктирилган маҳалладаги хонадонларга бориб, ҳовли супурамиз, томорқасини бегона ўтлардан тозалаймиз. Куни кеча бир ҳонадоннинг деразаларини артиб, пардаларини ҳам тутиб бердим. Уйдаги юмушларга ҳам вақтимиз қолмаяпти”, дейди Олтинкўллик мактаб муаллимаси.

“Қулликка ўқиганимни билмаган эканман”

Ўқитувчи аёл ўзига бириктирилган хонадон деразасини артмоқда

Олий тоифали ўқитувчи эканини айтган Мансур (исм ўзгартирилган. Таҳр.) бу мутаҳассисликка беш йил қийналиб ўқиганини айтади.

“Афсуски қулликка ўқиганимни билмаган эканман. Ҳатто мардикорлар ҳам кунлик меҳнати эвазига 20-25 минг сўм пул олади…”

Унинг Элтуз мухбирига айтишича, хонадонма хонадон юриб, текинга нимаики қора иш бўлса қилишмоқда. Айрим хонадон эгалари ҳатто тушлик қилиб беришга ярашмайди.

“Бу қандай гап ахир? Биз одамларнинг фарзандларини ўқитишимиз керак, уйида мардикорлик қилиш эмас!” дея ғазабланади у.

Баҳор – ўқитувчилар учун ҳар йилгидан оғир

Ўқитувчиларнинг, шусиз ҳам баҳорда ҳар йилги дала ишлари, ягана ва чопиқдан боши чиқмай келаётган эди.

Энди бунга хонадонлар ва қурилишларда текин мардикорлик вазифаси ҳам келиб қўшилди.

“Барча мактабларнинг директорлари тегишли кўрсатма олишган. Хозир аэропорт олдиларидаги гул кўчатларини хам ўқитувчилар экишяпти”, дейди шаҳар халқ таълими бўлими ходими.

Шунингдек унинг маълум қилишича, бу кўчатларини ўқитувчилар ўз хисобидан сотиб олишяпти.

Ўзини меҳнат таълими ўқитувчиси деб таништирган муаллим, кўчатларнинг ҳар донаси қўшни Намангандан 1,5 минг сўмга келтирилиши ва бунга ҳар ўқитувчидан 10 минг сўмдан пул йиғилишини айтади.

“Яқиндагина мактабимизга мажбуран лимон кўчатлари эккан эдик. Ўшандаям ҳаражатни ўқитувчи ва ўқувчиларга сочишга тўғри келган эди. Энди Тошкентдан комиссия келади деб тағин пул йиғаяпмиз”, дейди у.

“Эркак ўқитувчилар бузади, аёл ўқитувчилар тозалайди!”

Айни кунларда шаҳардаги кичик даҳалар худудида ноқонуний қурилишларни бузиш ва кўп қаватли уйлар олдини ободонлаштириш ишлари кетмоқда.

Бунга ҳам биринчи галда ўқитувчилар жалб этилган. Туман мактабларидан бирида директор ўринбосари бўлиб ишловчи муаллима аёлнинг айтишича, эркак ўқитувчилар бузиш ишларини якунлангач, аёл муаллималар тозалаш ишларига жалб этилади.

Таъкид жоиз, Андижон вилоятида 741 та умумий ўрта таълим мактаблари бўлиб, уларда салкам 31 мингдан зиёд ўқитувчилар мехнат қилади, шундан 6,5 – 7 минг нафарга яқини эркак ўқитувчилардир.

“Кеча дарсимни ташлаб келганман, ўрнимга тарбиявий соат дарси ўтилибди. Шомдаям тугата олмадик ишни. Кечқурун бурнимдан тортса йиқилгудек бўлиб уйга келдим. Бугун 6 соат дарсни қандай ўтдим, билмайман”, дейди тарих фани ўқитувчиси.

Вилоят Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси ходимларидан бири ноқонуний қурилишларни бузишга фақатгина ўқитувчилар ишлатилаётгани йўқлишини билдиради.

“Бу ишларга ёрдам сифатида давлат ташкилотлари ишчи-ходимлари жалб этилган. Шаҳарда ноқонуний гараж қурганлар, уйнинг биринчи қаватида яшовчилар томонидан қўшимча бино қуриб олганлар жуда кўп. Уларни бузиш жуда катта ишчи кучини талаб этяпти. Шунинг учун бюджет ташкилот ишчи-ходимларининг ёрдамидан фойдаланиляпти” дейди у.

Хадемай мактабларда ўқув йили якунига етади. Битириш имтиҳонлари бошланади. Ўқитувчиларни эса бир савол қизиқтирмоқда. Бу йил ўқитувчилар ёзги таътилда дам олишармикан, ёки ўтган мавсумдаги сингари яна далада ишлашармикан?

Хозирча бу саволга хеч ким аниқ жавоб бера олмаяпти, чунки олдинда пилла ва ғалла, пахта чопиғи каби долзарб вазифалар кутиб турибди.

Халқ таълими ходимларининг таъкидлашларича, хокимият буйруғига кўра мактаб рахбарлари фермерлар билан шартнома тузганлар. Демак бу йилги ёз ўқитувчилар учун бахор ва куз каби серюмуш бўлиши мумкин.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 феврал 2017
Янги йилдан сўнг январнинг қоқ ярмигача Ватан ҳимоячиларини мадҳ этишга устивор эътибор қаратган Ўзбекистон телеканаллари кейин президентнинг кетма-кет имзоланаётган ...
16 феврал 2019
Пул ҳамма нарсани ҳал қилади, дейишади. Менимча, сиëсат ҳамма нарсани ҳал қилади. Вақтида берилган ваъда ва одамларни ишонтириш санъати. ...
1 июн 2022
АCCА.media ёзишича, “Очиқ чизиқ” ташаббус гуруҳи ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбуслар учун посилкаларда маҳсулотлар ноқонуний олиб қўйилиши ва маънавий камситилиши билан ...
18 август 2020
«Мен бармоқларим кўкаргунига қадар ҳокимиятга осилиб ўтирмайман» деган эди журналистларга Беларусь президенти 2019 йилнинг ноябрида. Бироқ бугун бутун мамлакат бўйлаб Лукашенко ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...