Асосий мавзулар
14 май 2022

15 май – шоир Боту туғилган кун

1938 йил 9 май куни 34 ëшида Москвада халқ душмани дея отиб ўлдирилган Боту (Маҳмуд Ҳодиев) Туркистон модерн шеъриятининг ëрқин вакилларидан бири эди.

Сталин жаллодлари қўлида ўлишини ҳис қилган шоир 1929 йилда “Эй, муаррих, ушла ëзғич, бизни эсла шон билан”, дея хитоб қилган эди.

Боту ўзбек ëзувчи ва шоирларининг чақувига асосан 1930 йили қамоққа олиниб, Соловки оролларига сургун қилинди.

Боту “миллатчиликда” айбланади.

8 йил мобайнида қийноқлар ва ноинсоний муносабат билан юзма-юз бўлган Боту руҳан синмади¸ бошқалардан фарқли ўлароқ, чақув ҳужжатларига имзо чекмади.

Шоирнинг рафиқасига кўра, 1936 йилдан кейин Ботудан хат-хабар келмай қўйган.

«Элтуз» тасарруфидаги тарихий ҳужжатларда Ботунинг 1938 йил 9 майда Москвада халқ душмани сифатида ноҳақ айбланиб, трибунал ҳукми билан отиб ташлангани ëзилади. Айни пайтда шоирнинг олдин отиб ўлдирилиб, кейин ҳукмнинг расмийлаштирилгани ҳақида ҳам иддаолар бор.

Ҳар ҳолда 1938 йили ëзувчининг оиласига қатл ҳақида ҳабар берилмаган.

1941 йили шоирнинг рафиқаси ҳам қамоққа олиниб, 10 йил сургунга юборилади.

1942 йили шоирнинг ўғли Эркли “миллатчи халқ душманининг ўғли”, деган айб билан 4 йилга қамалади.

Шоирнинг отиб ўлдирилганлигини унинг қизи Наима опа Соловки лагерига отасини излаб борганида КГБ архивларидан билиб олади.

Шоир Боту 1958 йили реаблитация қилинган бўлса ҳам Ўзбекистон ССР ëзувчилар уюшмаси уни адиб сифатида оқлашга шошмайди.

Туркистонни уйғотмоқчи бўлган жувонмарг шоир

1904 йилнинг 15 майида Тошкентда туғилган Боту 1914 йилдан то 1917 йилгача рус-тузем мактабида ўқиди.

1921 йилдан то 1927 йилгача Москва давлат университетининг иқтисод факультетида таҳсил олган Боту ҳали талаба бўлган 1925 йилда «Умид учқунлари» номли шеърлар китобини нашр қилдирди.

Бу китобида ëш шоир Туркистон элини уйғоқликка чорлайди:

Бутун оғочлар чиқарди япроқ,
Улуғ Тангрининг қудратига боқ.
Қушлар сайрашур оғочга қўниб,
Ҳар кимни кўрсанг юрар шодланиб.
Ғир-ғир шамоллар юзга урарлар,
Кўнгилга қандай шодлик берарлар.
Қиш ўтди эмди, эй туронликлар,
Битсин ялқовлик, туркистонликлар!

Аммо туркистонликларнинг ялқовлиги ëш шоирнинг нидоси билан тугамагач¸ Боту шеърларида ҳузун ишоратлари кўрина бошлайди:

Сўрма, ўртоқ, кўзларимда
ўтли ёш қайнашганин,
Сўрма ҳеч бир юзларимда
қайғулар ўрнашганин,
Сўрма бу мажнун кўнгилнинг
дард ичида ёнганин,
Сўрма бу маҳзун хаёлнинг
қай очунда юрганин.
Бу сўроқларга жавоб қўнгил
сирин очмоқ, демак,
Дардли қалб вулқонларидан
лавалар сочмоқ, демак,
Лавалар сочмоқ бутун борлиқни
йўқ этмоқ, демак,
Марҳамат йўқ, тўғрилик йўқ
дунёдан кечмоқ керак.
Дардлилар дард англатолмас
дардсиза сўзлов билан,
Кўрсатиб бўлмас қуёшни
кўзсиза мақтов билан.

Ботунинг илк сўзи ҳам, сўнг сўзи ҳам УМИД ҳақида бўлди. Қамалишидан олдин ëзган шеърларидан бири “Умид сўзлари” дея номланган:

Юракда умидлар, амаллар…
Тўзимсиз қирғоқни босаркан,
Нега мен чақмокдай югурмай?!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 май 2023
Бухоро вилоят ИИБ тарқатган билдиргида жиноят тафсилоти ҳам келтирилади. Бироқ терговга халақит бермаслиги учун журналистлардан бу маълумотларни ошкор этмаслик ...
20 май 2022
«Менинг мактаб аро булдур муродим, хатимдек чиқса имлою саводим.» Демократ шоир Фурқат бу мисраларни ëзганида 9 ëшида эди. Фақат ...
23 май 2023
Дин ишлари қўмитаси “ҳажга юбораман” деган «апрслар» гапига ишонманглар, деб, “лўхлар”ни огохлантирди. Аммо лўх ва аксар қашшоқлар тўғри гапга ...
7 июл 2017
Ўтган ҳафта Санкт Петербургдан Хоразмга қайтган Shuxdil канали блогери Шуҳрат Машарипов жонли видеолари билан машҳур бўлди. Қисқа вақт ичида ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...