Асосий мавзулар
16 апрел 2018

Жазосизлик ҳокимларни рағбатлантиряпти

Ислом Каримов даврининг ўзига хос рамзларидан бирига айланган сўконғич ва уронғич ҳокимлар бугун ҳам бу мақомини бой бергиси келмаётганга ўхшайди.

Гарчи уларнинг сўкиш ва уришлари ҳақида шов-шувлар кўтарилаётган бўлса-да, тегишлича қаттиқ жазо олмаётгани ҳокимларнинг янада ҳаддидан ошишини рағбатлантирувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўкинишлари билан донг таратган амалдорлардан бири Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевдир.

Унинг халқ таълими ходимларини мактабда дарс ўтиш ўрнига турли жамоат ишларига жалб қилаётганидан норози ўқитувчиларнинг фиғонидан чанг чиқади.

Улар ҳоким ўқитувчиларни эшак қилиб миниб олгани, кўча тозалашга одам олиб чиқмаган директорларни ишдан бўшатаётганидан ёзғиради.

“Биз ҳам нима қилишни билмай қолдик. Бир оғиз гап айтиб бўлмайди. Ўзини хондек ҳис қиляпти. Мажлисларда «мана шунча ёздинг, нима қилдинг, ҳеч нарса қилолмайсан ҳам, ўласан айтганимни қиласан, бўлмаса уруғ-аймоғинг билан йўқотаман, деяпти”, дейди халқ таълими мулозимларидан бири “Озодлик” радиосига.

Эсингизда бўлса, оғзи шалоқлиги, ўқитувчи ва маҳалла раисларини ҳақорат қилгани учун ўтган йили у маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида (5 миллион 167 200 сўм) жарима жазосига ҳукм қилинганди.

Шундан кейин ҳам бу ҳокимнинг турли йиғилишлардаги бўралиб сўкинишлари ҳақида яна хабарлар пайдо бўлди.

Бу хабарлардан ҳоким аввал берилган маъмурий жазодан бутунлай тескари хулоса чиқаргани, яъни шармандаларча ишдан ҳайдалмаганидан рағбат олгани англашилади.

Тўғрида, 5 миллион сўмлик жарима ҳокимга нима бўлибди? Карнайчидан бир пуфда бу сумма унинг учун.

Шунинг учун “ёзганинг билан нимага эришдинг”, дея бемалол ўзини хон, кўланкаси майдон ҳис қилаверади.

Унинг учун дарс ўтилмаслиги, ўқувчилар билимсиз қолиб кетиши фожеа эмас. Унга ўқитувчиларни ободонлаштиришга қулдек ишлатиб, президент олдида очко олиш муҳим.

Тўғрисини айтганда, бу қилмишлари ортидан ҳокимлар мақтов олади, аммо президентнинг имижига зарар етиб бораверади.

Давлат раҳбари буни яхши англаб турган кўринади. Куни кеча у Сирдарёга ташрифи давомида айни шу масалага ҳам эътибор қаратди.

Президент бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлиши ҳақида барча раҳбарларни огоҳлантирди.

Бу огоҳлантиришни эшитиб, бир ишонгингиз келади, кейин эса Андижоннинг оғзи шалоқ ҳокими кабиларнинг жазодан рағбат олаётганини эсласангиз, умидсизликка тушасиз.

Ҳар ҳолда, президентнинг огоҳлантириши амалда ўз исботини топмаса, умидсизликдан қутулиш қийин кўринади.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
24 феврал 2017
Сўнгги вақтларда ўзбек матбуотида илгари тилга олинмаган мавзулар кўтарилаётганига бир неча марта эътибор қаратгандек. «Оила ва жамият» газетасида (22.02) ...
22 май 2019
Малика Собирова 1942 йилнинг 22 майида ўзбек найчиси Абдураҳим Собиров ва осетиялик шифокор Мадина опа оиласида туғилиб, ëшлигидан нафосатга ...
15 феврал 2022
Элтузга 10 феврал куни тасвирга олиб юборилган видеода Қашқадарё вилоятнинг Қамаши тумани Толли қишлоғининг лойли кўчалари акс этган. «Шу ...
16 феврал 2023
1999 йилнинг 16 февралида Тошкентнинг беш жойида кетма кет портлашлар юз берди. Аввалига Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида бомба ўрнатилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...