Асосий мавзулар
16 апрел 2018

Жазосизлик ҳокимларни рағбатлантиряпти

Ислом Каримов даврининг ўзига хос рамзларидан бирига айланган сўконғич ва уронғич ҳокимлар бугун ҳам бу мақомини бой бергиси келмаётганга ўхшайди.

Гарчи уларнинг сўкиш ва уришлари ҳақида шов-шувлар кўтарилаётган бўлса-да, тегишлича қаттиқ жазо олмаётгани ҳокимларнинг янада ҳаддидан ошишини рағбатлантирувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўкинишлари билан донг таратган амалдорлардан бири Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевдир.

Унинг халқ таълими ходимларини мактабда дарс ўтиш ўрнига турли жамоат ишларига жалб қилаётганидан норози ўқитувчиларнинг фиғонидан чанг чиқади.

Улар ҳоким ўқитувчиларни эшак қилиб миниб олгани, кўча тозалашга одам олиб чиқмаган директорларни ишдан бўшатаётганидан ёзғиради.

“Биз ҳам нима қилишни билмай қолдик. Бир оғиз гап айтиб бўлмайди. Ўзини хондек ҳис қиляпти. Мажлисларда «мана шунча ёздинг, нима қилдинг, ҳеч нарса қилолмайсан ҳам, ўласан айтганимни қиласан, бўлмаса уруғ-аймоғинг билан йўқотаман, деяпти”, дейди халқ таълими мулозимларидан бири “Озодлик” радиосига.

Эсингизда бўлса, оғзи шалоқлиги, ўқитувчи ва маҳалла раисларини ҳақорат қилгани учун ўтган йили у маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида (5 миллион 167 200 сўм) жарима жазосига ҳукм қилинганди.

Шундан кейин ҳам бу ҳокимнинг турли йиғилишлардаги бўралиб сўкинишлари ҳақида яна хабарлар пайдо бўлди.

Бу хабарлардан ҳоким аввал берилган маъмурий жазодан бутунлай тескари хулоса чиқаргани, яъни шармандаларча ишдан ҳайдалмаганидан рағбат олгани англашилади.

Тўғрида, 5 миллион сўмлик жарима ҳокимга нима бўлибди? Карнайчидан бир пуфда бу сумма унинг учун.

Шунинг учун “ёзганинг билан нимага эришдинг”, дея бемалол ўзини хон, кўланкаси майдон ҳис қилаверади.

Унинг учун дарс ўтилмаслиги, ўқувчилар билимсиз қолиб кетиши фожеа эмас. Унга ўқитувчиларни ободонлаштиришга қулдек ишлатиб, президент олдида очко олиш муҳим.

Тўғрисини айтганда, бу қилмишлари ортидан ҳокимлар мақтов олади, аммо президентнинг имижига зарар етиб бораверади.

Давлат раҳбари буни яхши англаб турган кўринади. Куни кеча у Сирдарёга ташрифи давомида айни шу масалага ҳам эътибор қаратди.

Президент бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлиши ҳақида барча раҳбарларни огоҳлантирди.

Бу огоҳлантиришни эшитиб, бир ишонгингиз келади, кейин эса Андижоннинг оғзи шалоқ ҳокими кабиларнинг жазодан рағбат олаётганини эсласангиз, умидсизликка тушасиз.

Ҳар ҳолда, президентнинг огоҳлантириши амалда ўз исботини топмаса, умидсизликдан қутулиш қийин кўринади.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
11 феврал 2016
Рассом Туз Европадан туриб очиқ жамият фаолларига ҳуруж қилаётган ўзбек режими қўғирчоқларини ҳажв остига олади. «Мен Обидов воқеаси ўзбек ...
8 май 2016
Ўзбек нашрларида чоп этилган ушбу экспресс-сўров натижаларига кўра, «Ўзбекистон аҳолиси ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей саммити мамлакатимиз пойтахтида ўтказилаётгани ...
2 март 2021
“Қизларим қаердалигини билмайман. Хотиним эса кечалари билан ухлай олмайди. Мен ғамга ботдим”. Ўн минглаб одам қатори Хитойнинг “қайта тарбиялаш ...
14 март 2023
Салом қадрли мухлислар бугун 13 инчи март, студияда Қудрат Бобожон, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги сонини тақдим этади.+++Бўкада бир ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...