3 июнь – Франц Кафка оламдан ўтган кун
Франц Кафка ўлимидан кейингина кўплаб асарлари чоп этилган ва дунёга танилган 20-асрнинг буюк ёзувчиларидан биридир.
Тириклигида у бир нечта қисқа ҳикояларинигина чоп этишга улгурди. Бироқ бу асарлар Кафка ижодининг камгина қисмини ташкил этган ва ҳаётлигида унга шуҳрат келтирмаган эди.
Кафка 1924 йилнинг 3 июнида Вена яқинидаги шифохонада, 40 ёшида сил касали асорати туфайли оламдан ўтади.
Ўлими олдидан у дўсти ва адабий вориси Макс Бродга барча асарларини ёқиб юборишни васият қилади.
Ёзувчининг севгилиси Дора Диамант ҳақиқатан ҳам унинг бир қанча қўлёзмаларини йўқ қилишга улгуради.
Бироқ Макс Брод ўз дўстининг ўлим олдидаги васиятига амал қилмасликни маъқул кўради. Қатъият билан унинг асарларини сақлаб қолишга ва чоп қилишга киришади.
Кафканинг жаҳон эътиборини қозонган йирик романлари – «Америка», «Процесс» ва «Қўрғон» унинг ўлимидан кейин чоп этилган эди.
Дарвоқе, Кафканинг машҳур «Эврилиш» қиссасини улуғ ўзбек адиби Муҳаммад Солиҳ ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Eltuz.com