Асосий мавзулар
18 август 2018

Фаоллар Гулноранинг пуллари бирламчи шартларсиз қайтарилишига қарши

Швейцария федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова адвокатларининг унга тегишли, мазкур мамлакат банкларида музлатилган юзлаб миллион доллар пулини мусодара қилиш тўғрисидаги ордер юзасидан норози бўлиб берган шикоятини рад этди.

Айрим манбалар бу қарор Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган музлатилган 800 миллион швейцар франкининг Тошкент ҳукуматига қайтарилишини тезлатиш йўлидаги муҳим қадам эканини айтмоқда.

Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари эса бу активларни расмий Тошкент ихтиёрига қайтариш жараёнига масъулият билан ёндашув зарурлигини билмоқда.

Уларнинг Швейцария олий федерал органларига юборган мактубида мазкур репатриация давлат коррупциясининг ҳақиқий қурбонлари бўлмиш Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига хизмат қилиши, мамлакатда коррупция тизимини йўқотишга кўмаклашиши кераклиги таъкидланади.

Ўзбекистонлик фаолларнинг билдиришича, Г.Каримова пулларининг мамлакатга мазкур шартларсиз қайтарилиши бу маблағларнинг қайтадан ўғирланиши эҳтимолини оширади.

“Агар активларни сақлаб турган давлат коррупциядан олинган даромадларни қайтариш шартлари бўлажак жиноятларнинг олдини олувчи омил бўлишини кафолатлай олмас экан, унда бу реституцияга масъулиятсиз ёндашув ҳисобланади, ҳатто активлар ўғирланган мамлакатдаги коррупцияни мустаҳкамлашда ҳамкорликка олиб келади”, дейилади мактубда.

Фаолларнинг фикрича, активларни қайтариш жараёни очиқлик ва ҳисобдорлик стандартларига мос келиши, Ўзбекистонда коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши кўламини камайтиришга ҳам хизмат қилиши керак.

Фаоллар реституция жараёнини антикоррупцион ислоҳотларни ўтказишда эришилган бирламчи муваффақиятлар учун мукофотлаш тамойили асосида босқичма-босқич амалга оширишни таклиф этади ва бу пировардида активлар яна ўғирланмаслигига бўлган ишончни мустаҳкамлашини қайд этади.

Мактубда активларни қайтариш учун бирламчи шартлар сифатида ислоҳ этилиши керак бўлган соҳалар ҳам санаб ўтилган.

Улар орасида частота ва лицензияларни тақсимлаш, товар ва хизматларнинг давлат хариди соҳаларида очиқ ва рақобатли тендерлар тизимини яратиш, бу тендерлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш, суд органлари ва адвокатуранинг мустақиллигини амалда таъминлаш кабилар бор.

Шунингдек, фаоллар давлат хизматчиларининг ўз раҳбарларига шахсий садоқати эмас, давлат балки қонунга риоя қилган ҳолда давлат манфаатлари йўлида ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш учун давлат хизматини ислоҳ қилиш таклифини ҳам илгари сурган.

Бундан ташқари, давлат ва корпоратив маблағларнинг шаффофлигини, жумладан, нуфузли халқаро аудиторлар томонидан мажбурий аудит ўтказиш ва унинг натижаларини эълон қилиш орқали таъминлаш, барча юридик шахслар, компаниялар ва уларнинг бенефициар эгалари киритилган давлат реестрининг очиқлигига эришиш талаби ҳам билдирилган.

Фаоллар Ўзбекистон ҳукуматига давлат органлари устидан мустақил жамоатчилик антикоррупция агентлигини ташкил этиш ҳамда фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот  воситаларига (улар таъқиб ва репрессиядан чўчимаган ҳолда журналистик суриштирувлар ўтказа олиши учун) чекловларни бекор қилиш йўли билан тегишли назоратни таъминлаш мажбуриятини юклаш кераклигини ҳам таъкидлаган.

Фуқаролик жамияти фаоллари бу соҳалардаги ислоҳотларни халқаро индикаторлар асосида баҳолаш лозимлигига алоҳида урғу берган.

“Активлар реституциясига босқичма-босқич, аниқ натижаларга асосланган бундай ёндашув  мамлакат ҳукуматининг ислоҳотлар ўтказиш ваъдасига, жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мос келади”, дейилади Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг Швейцария олий фудерал органларига юборилган мактубида.

(Мактубнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишинг)

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 январ 2016
Қудрат Бобожон Eltuz.com Элтуз манбаларига кўра жанозада ортиқча гап сўз бўлмаслигини МХХ зобитлари махсус назорат қилган. Ўз ТВ диктори ...
8 апрел 2020
17 йилдан буён Британияда истиқомат қилаëтган қишлоқ хўжалиги фанлари доктори¸ профессор¸ агрокимёгар, тупроқшунос олим Аҳмаджон Хоразмий (Аҳмад Ҳасанов) 5 ...
8 ноябр 2023
Боёвут Ички ишлар идораси бошлиғи ўринбосари профилактика инспекторини ноинсоф, ифлос, эшшак, чўчқа дея ҳақорат қилди. Қадрли муҳлислар бугун 8 ноябр ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...