Асосий мавзулар
27 август 2018

GM Uzbekistan. Нарх ошди, атроф жим-жит…

Ўзбек жамиятидаги кескин норозиликка қарамай, GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган автомобиллар нархини оширганини эълон қилди.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, айрим автомобиль моделлари нархи ўртача 7,7 фоиз оширилган.

Маълум бўлишича, нархларни ошириш қарори бир қанча вазирлик ва идоралар вакиллари, аҳоли фикри ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда қабул қилинган. Энг оммабоп моделлар – “Спарк”, “Нексия” ва “Кобальт”нинг нархи ўзгаришсиз қолдирилган.

“Ушбу қарорни қабул қилишда “Женерал моторс Ўзбекистон”нинг оғир молиявий ҳолати ва айрим автомобиль моделларини ишлаб чиқаришнинг норентабиллиги ҳисобга олинди. Аммо, аввало, акция солиғи ставкаларини оптималлаштириш ва дилерлик маржасини камайтириш ҳисобига нархлар кескин ўсишининг олдини олишга эришилди”, дейилади компания хабарида.

Таъкидлаш керакки, 30 июль куни “Ўзавтосаноат” раҳбари Шавкат Умурзоқов Халқаро пресс-клуб йиғилишида 1 августдан автомобилларнинг ўртача нархи 14 фоиз ўсишини эълон қилганди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда, ҳатто маҳаллий ОАВда ҳам кескин норозилик тўлқини вужудга келганди.

Айрим журналистлар нархларни сунъий равишда кўтариб олган монополист ташкилот бўлмиш “Ўзавтосаноат” шунча йиллардан буён халқнинг молиявий қудратини сўриб келаётгани, бу эса айрим тўдаларнинг бойишини таъминлаб, иқтисодиёт ўсишига салбий таъсир қилаётганини ёзганди.

Ҳатто Асакада автомобиль заводининг қурилиши Ўзбекистон учун фойдадан кўра зарар келтиргани ҳақида фикрлар янграганди.

GM Uzbekistan автомобилларининг хорижда маҳаллий бозордагидан арзон сотилиши учун нега ўзбек халқи товон тўлаши керак, деган саволлар ўртага ташланганди.

Мазкур норозилик тўлқинидан сўнг “Ўзавтосаноат” нархлар оширилиши вақтинча тўхтатилиши эълон қилишга мажбур бўлганди.

Аммо шундан кейин дилерлар янги нархларни кутиб, аҳолига автомобиль сотишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Натижада маҳаллий иккиламчи бозорда машиналар сезиларли қимматлашди.

Ўшанда кўпчиликнинг эътирози сабаб бўлган ҳолатлардан бири мамлакат антимонополия идораларининг бу нарх ўсишига умуман эътибор қаратмагани бўлди.

Бу идоралар автомобиль нархининг янгидан оширилиши тўғрисидаги сўнгги қарорга ҳам муносабат билдиришни ҳали ҳам ўзига эп кўргани йўқ.

GM Uzbekistan сайтида эълон қилинган янги прайс-листга кўра, энди Captiva 260,4 млн сўм ($33,3 минг), Damas DLX – 62,8 млн сўм ($8 минг), Lacetti SX эса 107,2 млн сўмдан ($13,7 минг) сотилади.

Машиналар нархи оширилгани бу сафар на ижтимоий тармоқларда, на маҳаллий матбуотда жиддий мунозарага сабаб бўлмади.

Буни нархларнинг аввал эълон қилинганидек 14 фоиз эмас, 7,7 фоиз оширилгани, айрим оммабоп машиналар нархи ўзгаришсиз қолдирилгани билан изоҳласа бўлади.

Лекин бу соҳада ҳали жавоби топилмаган саволлар анчагина. Жумладан, нега маҳаллий бозордаги монополист GM Uzbekistan нинг молиявий аҳволини яхшилаш истеъмолчилар, яъни халқнинг ҳисобидан амалга оширилиши керак, деган масала ҳамон очиқ қоляпти.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 январ 2018
15 январь куни Ўзбекистон футбол федерацияси ижроқўми қарорига кўра, Самвел Бабаян «футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод» ...
24 феврал 2022
Ўзбекистон шахмат федерацияси АҚШ элчихонасини Ўзбекистон ҳудудида жосуслик фаолиятини амалга ошираётганликда айблади. @eltuz олиб борган суриштирув АҚШ элчихонасини айблаш ...
13 феврал 2019
Ўзбекистон Олий суди судьяси Ж.Тиркашев хоразмлик журналистлар Бобожоновлар шикояти бўйича 1 февраль кунги суд ажрими билан уларнинг уйларини мусодара ...
30 июн 2017
Ўзбекистон банклари жорий йилда ажратишни мўлжаллаган кредит ресурсларининг туби кўриниб қолди. Шунинг учун мазкур молия муассасалари президентнинг тадбиркорликни ривожлантиришга ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...