Вазир ва прокурорни чақиришни талаб қилган судланувчи Омбудсманга арз қилди
Апелляция аризаси Тошкент шаҳри судида кўрилаётган судланувчи Шаҳноза Бойқунусова 2018 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Омбудсмани Улуғбек Муҳаммадиев номига ариза берди.
Бойқунусова ўз аризасида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Сергели, Миробод туманлари ички ишлар бошқармаларида ҳамда Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасида унга қарши олиб борилган нохолис терговдан шикоят қилди.
Шунингдек, судланувчи биринчи босқич судида унга нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан ҳам ўз эътирозларини билдирди.
Бойқунусовани нимада ва қандай айблашган?
2017 йил давомида Бойқунусовага қарши пойтахтнинг учта туманида Жиноят кодексининг 168-моддаси бандларида кўрсатилган фирибгарлик айби қўйилган.
Бу айбларга унинг айрим шахсларга берган қарзи, уларни бериш ва ундириш жараёнида пластик карталаридан фойдалангани сабаб бўлган.
Жиноят ишлари ёпилгач, Тошкент шаҳри прокуратураси ишни судга оширган. 2018 йил 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди айбловни тасдиқлаган ва Бойқунусовани 14 ой ва 6 кунлик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган.
“Улуғбек Муҳаммадиев номига ёзган аризамда мени ака-ука ва ҳаттоки эр-хотин терговчилар сўроқ қилгани, улар бир-бирининг нохолис терговларини турли босқичларда қўллаб-қувватлашгани, тергов ҳужжатларини сохталаштиришгани ва ҳаттоки йўқотиб юборишгани ҳақида шикоят қилдим. Шунга қарамай, биринчи босқич суди ана шу нохолис тергов ва айблов хулосасини қўллаб, менга нисбатан ноҳақ ҳукм чиқаргани ҳақида ҳам арз қилдим” – дейди Ш.Бойқунусова.
Судланувчининг билдиришича, Сергели тумани ички ишлар бошқармасида унга сохта айблов хулосасини терговчи Шерзод Меҳмонов эълон қилган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, ўша терговчининг укаси Ҳикмат Меҳмонов ўзи ишлаётган Чилонзор тумани ички ишлар бошқармасида ҳам Ш.Бойқунусовага қарши айнан шундай айблов эълон қилган. “Мен бу ҳолатдан норози бўлиб, прокуратурага мурожаат қилдим. Шундан сўнг менинг терговим Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасига оширилди”, – деди Ш.Бойқунусова.
Лекин судланувчи у ерда ҳам Ўзбекистонда “мода”га айланган қариндош-уруғчилик оқибатларига дуч келган. Шаҳноза Бойқунусованинг ишини Тошкент шаҳри ИИББда Шаҳбоз Сатторов қабул қилган. Ваҳоланки, Ш.Бойқунусовага қарши Чилонзор тумани ички ишлар бўлимида очилган жиноят ишида айнан Шаҳбоз Сатторовнинг турмуш ўртоғи, терговчи Чарос Сатторова жонбозлик кўрсатиб, Бойқунусовани максимал муддатга қамайдиган айбловларни эълон қилган.
“Кўряпсизми?! Менга қарши терговчиларнинг династиялари курашишмоқда”, – дея нолиди Ш.Бойқунусова “Eltuz” билан суҳбатда.
Унинг айтишича, севимли хотини эълон қилган айбловни тасдиқлаш йўлида терговчи Шаҳбоз Сатторов алдов ва ҳужжатларни сохталаштиришгача борган.
“Шу йил 2 апрель куни у мени ҳеч қандай чақирув қоғозисиз ҳузурига чақирди ва ноқонуний ҳисбга олди. Яъни мени алдади. Ўзининг ёлғонини яшириш учун Шаҳбоз Сатторов тергов ҳужжатларини ҳам сохталаштирди. Тошкент шаҳри ИИББ маъмурий биносига расмий рухсатнома билан 2 апрель куни соат 16:57 да кирган бўлсам-да, Чилонзордаги хотинининг айбловларини ерда қолдирмайдиган Ш.Сатторов ҳужжатларда бу вақтни 20:00 деб расмийлаштирган. Мен унинг қабулидан отамга соат 17:30 да телефон қилиб, ҳибсга олинганлигим ҳақида айтганимни тасдиқловчи далилларим ҳам бор. Лекин на тергов, на суд бу далилларни инобатга олмади”, – дейди Ш.Бойқунусова.
Унинг айтишича, Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасининг яна бир терговчиси Мирсаид Ҳайдаров эса янада оғирроқ жиноят – тергов ҳужжатларини йўқ қилишга ҳам қўл урган. “Бу терговчи адвокатим иштирокида ўтказган терговни бизни расман огоҳлантирмасдан видеоёзувга олди. Адвокатимнинг шу видеоёзувнинг бир нусхасини беришни талаб қилиб ёзган расмий мурожаатига Мирсаид Ҳайдаров рад жавоби берди. Ўз жавобида терговчи жаноблари: “Видеоёзув нусхаси адвокатга берилмасин, жиноят иши материалларига қўшиб қўйилсин”, – деган. Лекин видеоёзув нусхасини жиноят ишига ҳам тикмаган”, – дейди Ш.Бойқунусова.
Судланувчи бу ҳолат юзасидан судга шикоят қилган ва ўша видеоёзувни судга тақдим этишни талаб қилган. Лекин Мирсаид Ҳайдаров судда: “Видеоёзув ўчиб кетди”, – деб туриб олган. “Жиноят ишидаги материалларни йўқотиб қўйган, ўчириб юборган терговчига Ўзбекистон қонунларида, президент қарорларида жазо йўқми?! Жазо бор! Лекин бу жазо Ўзбекистонда танлаб қўлланилади. Меникига ўхшаган буюртма ишларда айбдор терговчиларга бундай жазолар қўлланилмайди”, – деди Ш.Бойқунусова.
Унинг айтишича, нохолисликда судьялар ҳам терговчилардан қолишмаган. Масалан, Шайхонтоҳур тумани суди судьяси Тимур Юсупов жабрланувчи кишиларнинг айбланувчи Шаҳноза Бойқунусовадан жабр кўрмагани, уни ҳаттоки танимаслиги ҳақидаги кўрсатмаларини инобатга олмаган. “Бу жаноб жабрланган кишиларнинг пластик карталаридан пул ечган одамларни судга чақиртирмади. Нега? Чунки пул ечганлар ўша пластик карточкаларни уларга аслида қайси “жабрланувчи”лар олиб келгани ҳақида рост кўрсатма беришлари аниқ эди. Мени танимасликларини айтишлари аниқ эди”, – дейди Ш.Бойқунусова “Eltuz” билан суҳбатда.
Ўзбекистон Омбудсманига арз қилган айбланувчининг айтишича, унга қарши асосий даъво қўзғатган Ҳамид Содиқов (“Ўзбекистон” санаторий-курорт акциядорлик жамияти ходими) судда ҳам “Шаҳнозага қанча суммалик банк пластик карточкасини қаерда ва қачон берганимни ҳам, карточкалар кимларга тегишли эканлигини ҳам билмайман”, – деб кўрсатма берган. “Тимур Юсупов “курортчи”нинг кўрсатмаларини жон деб қабул қилди. Ёлғон кўрсатма юзасидан “санаторийчи”га савол ҳам бериб ўтирмади” – деди Ш.Бойқунусова.
Шаҳноза Бойқунусова бу ҳолатдан норози бўлганида Ҳамид Содиқов очиқдан-очиқ: “Мен мартабали “акахон”ларимни курорт йўлланмалари билан таъминлаб қўйганман. Кўрсатмаларимни ўзлари келиштириб ёзишади”, – деган.
Бойқунусова судда қонунларнинг бузилганини айтмоқда
Мамлакат Жиноят-процессуал кодекси учта жиноят ишининг бирлаштирилишни талаб қилса-да, бирданига пойтахтнинг учта тумани – Шайхонтоҳур, Сергели ва Чилонзор туманлари ички ишлар бошқармаларида ишни алоҳида кўриб чиқишган.
13 декабрь куни Улуғбек Муҳаммадиев номига ариза топширган судланувчи Шаҳноза Бойқунусова Ўзбекистон Омбудсмани унинг арзини ўрганиб чиқиб, оқланишига ёрдам беришидан умидворлигини ҳам айтмоқда.
“Чунки менга қарши очилган ишда мендан жабр чеккан ёки моддий зарар кўрган одамнинг ўзи йўқ”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова “Eltuz” нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 4 декабрь куни Тошкент шаҳри судида бўлиб ўтган апелляция маҳкамасида айбланувчи Шаҳноза Бойқунусова маҳкамага Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновни ва Тошкент шаҳри прокурори Шерзод Облоқуловни чақиришни талаб қилган эди.
Шаҳноза Бойқунусова берган апелляция шикояти бўйича кейинги маҳкама Тошкент шаҳри судида 18 декабрь кунига белгиланган.
Элбарсхон Валиев,
«Элтуз»нинг Тошкентдаги мухбири