Асосий мавзулар
22 январ 2019

Фермерларни хонавайрон қиладиган мақбуллаштириш

Ҳукуматнинг фермерлик учун ажратилган ер майдонларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори шундай ҳам аҳволи оғир бўлган фермерларни яна бир синов қаршисида қолдирди.

Энди фермерлар ёки ер майдонларини кенгайтириши, ёки ердан воз кечиши, ёхуд янги заминдорнинг қўл остида ишлаши керак бўлади.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонлари 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчиликники 20 гектар, боғдорчилик ва узумчиликники 10 гектар ва сабзавотчилик ва полизчиликники 5 гектардан кам бўлмаслиги даркор.

Бу Ўзбекистонда экин майдонларини навбатдаги мақбуллаштириш тадбири бўлиб, биринчиси фермерларрни хонавайрон қилгани сабабли бекор қилинган.

Илк мақбуллаштириш давомида катта ер участкаларини эплай олмай қолган фермерлар қарзга ботиб, ердан фойдаланиш буткул хароб аҳволга тушиб қолган эди.

Шундан сўнг ҳукумат фермерлик учун белгиланган ер участкаларининг энг кам миқдорини пасайтиришга мажбур бўлганди.

Ҳозир қишлоқ хўжалиги сиёсати бирмунча ўзгарганига қарамай, ҳукуматнинг навбатдаги мақбуллаштириш қарори фермерларни яна қийин аҳволга солиб қўйиши эҳтимоли юқори.

“Ўтган деҳқончилик йили фермерларга жуда оғир келди. Натижада ғалла режаси аранг бажарилди, пахта режаси эса ўлда-жўлда қолди. Шунинг учун ҳукумат ерларни бойларга олиб бериб, муаммо ечимини енгиллаштирмоқчи шекилли”, дейди сирдарёлик фермер Абдувоҳид ака “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир аксарият фермерларнинг янада катта ерни ишлатишга қурби етмайди. Ерлар кенгайтирилгандан кейин эса шу орқали рўзғор тебратаётган жуда кўп фермерлар ишсиз қолади ёки янги бойларнинг хизматкорига айланади.

Қашқадарёга сўнгги ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев Китоб ва Шаҳрисабз туманларида пахта экишни бекор қилиб, боғдорчилик ва узумчилик ривожлантирилишини билдирганди.

Бу сўзлардан илҳомланган Абдулла Россияга бориб мардикорлик қилиб топган маблағига боғ яратиш ниятида 4 гектар ер олганди.

“Энди янги қарор чиқиб турибди. Менинг 10 гектарга боғ қилишга қурбим етмайди. Бу кетишда ерини топшириб, яна Россияга ишлашга боришга тўғри келадиганга ўхшаб турибди. Чунки 2-3 киши келишиб, битта фермер хўжалиги қилсак, эртага пулнинг орқасидан келишмовчилик келиб чиқмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Янги боғни кўкартириб, ҳосилга киритишга кўп вақт керак. Шериклик ош татимайди”, дейди Абдулла “Элтуз” билан суҳбатда.

Яккабоғлик Акбар эса 5 йилдан бери тирикчилигини 2 гектарлик боғининг орқасидан ўтказади.

Унинг “Элтуз”га айтишича, ёнма-ён жойлашган уники каби кичик боғдорчилик хўжаликлари ҳозир ўзаро келишиб, битта фермер хўжалигига бирлашиш ҳаракатида юрибди.

“Шундан бошқа йўл қолмади. Чунки бирлашмасак, бойлардан бери биз шунча йил кўкартирган боғимизга эга чиқиш учун чопиб юрганини эшитдик. Ҳозир ҳамма энди нима бўлар экан, деб боши қотган”, дейди Акбар.

Ҳукумат қарорида яна мақбуллаштириш масаласига қайтилишига сабаб ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилгани сабаб бўлгани айтилади.

Лекин бу сафарги мақбуллаштириш мазкур муаммолардан холи бўлади, деб кафолат бериш учун мамлакатда ҳеч қандай шарт-шароит мавжуд эмас.

“Ҳозирданоқ сувли ва унумдор ерларни олишга умидвор бойлар пул кўтариб, керакли одамларни излаб юрибди”, дейди жиззахлик фермерлардан бири.

Мақбуллаштиришда ер участкалари, биринчи навбатда, пули ва қишлоқ хўжалиги техникалари бор кўп тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга берилиши айтилмоқда.

Бу “бели бақувватлар” унумсиз, сув таъминоти яхши бўлмаган ерларда деҳқончилик қилиб, аввалги фермерлар каби кун ўтказиш учун маблағ йўналтиришга кўнадими?

Мазкур масала ҳам бугунги кунда очиқ қолмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 октябр 2016
Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йил 18 ёшга етмаган болалар пахтага чиқарилганини eltuz.com ўз манбалари ...
2 сентябр 2021
Президент Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримовни хотирлаб, унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Шу куни мамлакат Олий Мажлиси Сенати, ...
6 июл 2016
30 яшар Ўзбекистон ватандоши Муниса Ойхўжаева Туркияга келгунига қадар 128 кило тош босган эди. Семизликни ҳасталик деб билган Муниса ...
16 сентябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Лентада айланаëтган совуқ ҳабарларни ўқиб, Ироқ биздан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...